Ислом Тараққиёт Банки Тошкентга кредит ажратади

35 миллион долларлик кредит пойтахт канализация тизимини яхшилаш лойиҳасига сарфланиши айтилмоқда.
Бу ҳақдаги келишув Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Ислом Тараққиёт Банки ўртасида имзоланган.
Банк шунингдек, Ўзбекистонда мактаб қурилиши ва жиҳозлаш лойиҳаси, энергетика ва нақлиёт тизими билан боғлиқ лойиҳаларга ҳам маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқаётгани хабар қилинган.
Ўзбекистон 56 давлатни ўзида бирлаштирган Ислом Тараққиёт Банкига 2003 йилда аъзо бўлган.
Ҳозирга қадар банк Ўзбекистондаги турли лойиҳаларга 280 миллион доллар ажратган.
Айни маблағлар қишлоқ хўжалиги, ўрта ва кичик бизнес лойиҳаларини молиялашга сарфлангани айтилади.
Бу Ўзбекистоннинг сўнгги пайтларда Осиёдаги молия жамғармаларидан қўлга киритган навбатдаги кўп миллион долларлик кредитидир.
Шу ой бошида Тошкентда ўтган Осиё Тараққиёт Банкининг йиллик анжуманида ОТБ Ўзбекистонга 350 миллион доллар қарз бериши эълон қилинган.
Ушбу қарз Ўзбекистонинг кўп миллиард долларлик Таллимаржон тоза энергия лойҳасини молиялашга сарфланади.
Лойиҳага мувофиқ, Таллимаржонда Марказий Осиёдаги биринчи газ турбинаси ишга туширилади.
Мутахассисларга кўра, ушбу лойиҳа амалга оширилгани тақдирда Ўзбекистон сезиларли миқдордаги энергияни тежаш ва ўзида ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини камайтиришга эришади.
Минтақавий ҳамкорлик
Душанба куни шунингдек, Тошкентда савдо ва сармоя бўйича АҚШ ва Марказий Осиё ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган.
Мажлисда Марказий Осиёдан 30 дан ортиқ иш одамлари иштирок этган.
Мазкур лойиҳа АҚШ билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида савдо ва сармоя соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутади.
Хабарларга кўра, АҚШ томони маҳаллий ширкатларни Марказий Осиё орқали Афғонистонга юклар олиб ўтувчи "Шимолий таъминот тармоғи"га жалб этиш ниятида.
АҚШ томони бу борада маҳаллий таъминотчиларни хабардор қилишга қаратилган илк анжуманнинг Тошкентда ўтишини маълум қилган.
Ўзбекистон ўтган йили Афғонистонга электр узатишни кўпайтирган ва Ҳайратондан Мозори Шарифга узанган биринчи темир йўли қурилишини бошлаган.












