Қирғизистонда имомларга $200 долларга яқин маош берила бошлайди

Сурат манбаси, Getty Images
Қирғизистонда март ойидан бошлаб мамлакат бўйлаб 4 мингдан ортиқ масжид имомларига ҳар ой 15 минг сом (тақрибан $170) миқдорида иш ҳақи тўлана бошлайди.
Уларга ойлик маош муфтият ҳисобидан тўланади.
Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов 27 февралда, президент Садир Жапаров иштирокида ўтаётган республика кенгашида маълум қилди.
Диний соҳада ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталар экан, Байсалов Қирғизистон ўз тарихида илк бор ўтган йили 235 та қишлоқ ҳукумати имомларига 8 минг сомдан (тақрибан $90) ойлик тўлаганини эслатиб ўтди.
Бу масала охирги Қурултойда ҳам кўтарилган эди. Президент Садир Жапаров кейинроқ "Кабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида диний соҳа ходимларига иш ҳақи қайси маблағлар ҳисобидан ажратилишини тушунтириб берганди:
"Март ойида ҳар бир қишлоқ мулласига 8 минг сомдан берила бошлайди. Йил якунига бориб эса, ҳар бир қишлоқ мулласи 20 минг сомга (тақрибан $230) яқин ойлик ола бошлайди. Бу маблағлар бюджет маблағлари эмас. Илгари муфтият томонидан эътибор қаратилмаган маблағ манбаларини масжидлар томонга, аниқроғи муллаларга йўналтиришга ёрдам беряпмиз. Биз дунёвий давлат сифатида динга аралашмаймиз. Дин соҳаси ҳам давлат ишларига аралашмайди. Шу боис давлат бюджетидан маблағ ажрата олмаймиз. Бироқ биз, давлат сифатида, қўлимиздан келганча бошқа масалаларда муфтиятга ёрдам беришга тайёрмиз".
Президентнинг таъкидлашича, мамлакатда диний хавфсизлик масаласида ҳуқуқ-тартибот органларининг жазолаш усулидан кўра, муфтият ва жойлардаги муллалар орқали олдиндан тушунтириш ишларини олиб бориш самаралироқ бўлади.
Қирғизистонда ўтган йили виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун янгиланди. Мамлакатда 2,6 мингга яқин масжид, 100 дан ортиқ мадраса ва 10 та ислом институти фаолият юритмоқда.






























