Гўзаллик глобал иқтисодий кучга айланиши мумкин – Жанубий Корея буни эплади
- Author, Суранжана Тевари
- Role, Осиё бўйича бизнес мухбир
- Reporting from, Сеул, Жанубий Корея
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Жанубий Корея қилган бу иши билан жаҳон гўзаллик бозорида йирик ўйинчига айланди.
Шиллиққурт муцини, яъни улар ажратадиган ёпишқоқ модда қўшилган зардоблар бутун дунё бўйлаб тери парваришининг одатий қисмига айланишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?
Зардобни тарғиб қилувчи TikTok челленжига кўра, ёпишқоқ эластиклик энг муҳими. Бу Жанубий Кореядаги кичик бир марка – CosRX'ни глобал миқёсга олиб чиқди. Ҳозирда у мамлакатнинг энг йирик косметика компанияси Amorepacific'га тегишли.
Ушбу ёпишқоқ зардобнинг тез тарқалгани К-beauty'нинг (корейсча гўзаллик) қанчалик муваффақиятли бўлганини кўрсатади. Юқувчан контент ва трендлар билан тарғиб қилинган бу саноат Жанубий Кореядаги йирик тармоқлардан бирига айланди. Бу мамлакатдаги юқори рақобатли жамиятда деярли бенуқсон кўринишга талаб доимо кучли бўлган.
2024 йилда ички бозорнинг ўзи тахминан 13 миллиард доллар қийматга эга эди, баъзи маҳсулотлар савдоси икки хонали рақамларда ўсиши кутилмоқда. Дунёнинг қолган қисми ҳам К- beauty'га шунчалар қизиқиши бежиз эмас, чунки у К-поп ва К-драмаларни глобал ҳодисага айлантирган Корейс тўлқини – Ҳальюнинг бир қисмидир.
K- beauty брендлари ҳозир Sephora'дан тортиб Boots ва Wаlmart'гача бўлган глобал чакана сотувчиларнинг бутун пештахталарини эгаллайди. 2025 йил биринчи ярмида Жанубий Корея замонавий косметика ватани бўлмиш Францияни ортда қолдириб, гўзаллик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринга чиқди.
TikTok, Instagram ёки Youtube'да "Корейсча тери парвариши" деб қидирсангиз, баъзилари юз миллионлаб обуначиси бўлган инфлюенсерларнинг контент тўфонига дуч келасиз. Улар маҳсулот ингредиентлари рўйхатини таҳлил қилади, қадоқдан чиқариш жараёнини тасвирга олади ва "шиша тери", ниқоблар ва, албатта, шиллиққурт муцини каби ғоялар атрофида қурилган "Мен билан тайёрланинг" мавзуларини ёритади.
"Маҳсулотлар ва брендлар жуда кўп, кўпинча истеъмолчи сифатида миллионлаб маҳсулотларга дуч келасиз – бу жуда тўйинган ва рақобатли бозор", дейди гўзаллик инфлюенсери ва АҚШда жойлашган K-beauty бренди Krave Beauty асосчиси Лиаҳ Ю.
Юксалиш ортидаги формула
К-beauty'нинг юксалиши замирида инновацияларнинг тўхтовсиз суръати ётади. Ҳар бир неча ойда янги формулалар пайдо бўлади, улар кўпинча навбатдаги онлайн қизиқишни қўзғаш учун мўлжалланган.
Ўн босқичли терини парвариш қилиш тартиблари, тунги "нам уйқу ниқоблари" ва лосос спермаси каби эътибор тортар ингредиентлар бир пайтлар тор доирада қизиқиш уйғотган ёки жозибадор ҳисобланмаган эди. Бугунги кунда уларнинг кўпчилиги Лондондан Лос-Анжелесгача бўлган ванналардаги жавонларнинг доимий қисмига айланди.
Ижтимоий тармоқлар бу ўзгаришлар марказида эди. Сеулда чиқарилган маҳсулотлар TikTok ва Instagram ленталари орқали АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон ва Австралияда дарҳол пайдо бўлади.
Бироқ, гўзаллик идеалларининг ижтимоий таъсири, айниқса, ёшларга таъсири ҳақида хавотирлар ортиб бормоқда. Мутахассислар огоҳлантиришича, интернетда терини парваришлаш бўйича контентга доимий эътибор бериш ҳаловатсизлик ва ортиқча исрофни келтириб чиқариши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ижтимоий тармоқлардан ортиқча ёки нотўғри фойдаланиш қарши кайфиятга сабаб бўлиши мумкинлигини тушунамиз," дейди Amorepacific компанияси бош ижрочи директори Ким Сеунг-ҳван, брендлар онлайн платформалардан фойдаланишда мувозанатни сақлаши кераклигини қўшимча қилди у.
Саноат кенгайиб, унга Ғарб компаниялари ҳам қўшилар экан муаммо янада ортади.
L'Oréal 2024 йил охирида Dr.G брендини ўз ичига олган Жанубий Корея конгломератини сотиб олди. Компания бу келишув самарали, аммо ҳамёнбоп К-beauty маҳсулотларига ортиб бораётган талабни қондиришга ёрдам беришини айтди.
Бошқа глобал ширкатлар ўз линияларига корейс брендлари билан боғлиқ машҳур ингредиентларни, масалан, центелла асиатика ва гуруч сувини тобора кўпроқ киритмоқда.
Жанубий Кореянинг кўплаб йирик гўзаллик брендлари мамлакатнинг қудратли конгломератлари ёки чеболларининг бир қисмидир.
Amorepacific ички бозорнинг тахминан ярмини эгаллайди. Унинг портфолиоси Sulwhasoo каби премиум брендлардан тортиб Laneige каби глобал оммавий бозор номларигача, Innisfree каби атроф-муҳитни асрашга йўналтирилган ва тез ривожланаётган мустақил брендлардан иборат.
Janubiy Koreyaning ko‘plab yirik go‘zallik brendlari mamlakatning qudratli konglomeratlari yoki chebollarining bir qismidir.
Аммо чебол бўлишига қарамай, Amorepacific янги ғоялар учун кичикроқ мустақил брендларга мурожаат қилишини айтади.
"Асосчиси ва CosRX жамоаси орқали биз уларнинг формула инновациясига ёндашувини ва истеъмолчилар эҳтиёжларига қандай тез жавоб беришни ўргандик", дейди Amorepacific'дан жаноб Ким. "Бу сабоқлар кейинчалик бизнинг бутун ташкилотимизга жорий этилди."
2024 йилда Amorepacific'нинг даромади тахминан 3,2 миллиард долларни ташкил этди. Яна бир йирик конгломерат – LG Household & Health Care 2,1 млрд долларлик маҳсулот сотган. Саноатнинг кўлами Жанубий Кореянинг экспорт кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда.
Экспорт 2025 йилнинг биринчи ярмида 15 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 5,5 миллиард долларга етди. Бу асосан АҚШ ва Европадаги сотувлар билан боғлиқ бўлиб, мамлакатнинг йиллик гўзаллик экспорти ҳажми 10 миллиард доллардан ошишига олиб келди.
Жаноб Кимнинг айтишича, барча мижозлар ҳам бир хил эмас.
"Япония, Корея ва Хитой каби мамлакатларда нуқсонсиз терига қизиқиш кўпроқ. Европада атир-упалар асосий тоифа ҳисобланади, АҚШда эса пардоз воситалари кўпроқ оммалашган," дейди у.
"Аммо, вазият ўзгармоқда", дея қўшимча қилди у. Унинг таъкидлашича, Ғарбдаги истеъмолчиларда, айниқса, иқлим ўзгариши ва ультрабинафша нурлар таъсири ҳақида хабардорлик кучайиб бораётгани сабабли ёш кўринадиган тери ва қуёшдан ҳимояланишга қизиқиш ортиб бормоқда.
Рақобатда бўш келмаслик
Тобора ўсиб бораётган талабни қондириш учун Жанубий Кореянинг 30 000 га яқин гўзаллик брендлари ўта мураккаб саноат экотизимида яшайди.
Уларни минглаб номдаги маҳсулотлар учун тадқиқот, формула ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган оригинал ишлаб чиқарувчилар ёки ODMлар қўллаб-қувватлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
2024 йилда у Жанубий Кореянинг 10 миллиард долларлик косметика экспортининг чорак қисмидан сал кўпроғини ташкил этди.
Бу маҳсулот ғоясидан сотувгача бўлган жараённи атиги олти ой ичида амалга оширишга имкон беради, кўплаб Ғарб брендлари учун бу бир йилдан уч йилгача давом этиши мумкин.
Автоматлаштириш харажатларни камайтиришга ёрдам беради. BBC мухбири Жанубий Корея пойтахти Сеул ташқарисида жойлашган йирик Amorepacific заводига борди, у ерда атиги бир нечта ишчи Laneige компаниясининг "Water Sleeping Mask" ва CosRX компаниясининг "Vitamin C 23 Serum" маҳсулотларини тўлиқ автоматлаштирилган ишлаб чиқариш линияларини назорат қиларди.
Бироқ, тезликнинг ҳам ўз бадали бор. Кучли рақобат фойда маржалари пастайишига ва бизнес муваффақиятсизликлари ортишига олиб келди. Ҳукумат маълумотларига кўра, сўнгги йилларда 8800 дан ортиқ косметика бренди фаолиятини тўхтатган.
"Жанубий Кореяда брендни тезда яратишга ёрдам берадиган ажойиб инфратузилма мавжуд, аммо муваффақиятли брендни ўстириш бошқа масала, – дейди Ю хоним. – Бу сизнинг бренд фалсафангиз, шахсиятингиз ва маҳсулотларингиз бозорда қанчалик фарқлилигига боғлиқ."
Рақобат кучайган сари брендлар шаффофроқ бўлиш ва машҳурлар рекламаларига эмас, балки ингредиентлар ва маҳсулотларининг самарадорлигига эътибор қаратиш босимига дуч келмоқда.
"Ҳозир биз нафақат йирик брендлардан харид қиляпмиз, балки ингредиентлар, уларнинг манбаси ва таъсири ҳақида гаплашмоқдамиз," дейди таниқли гўзаллик инфлюенсери Миа Чен. "Кўплаб корейс тери парвариши воситалари табиий ингредиентлардан олинади ва биз теримизда ножўя таъсирлар бўлмаслигини истаймиз."

Сурат манбаси, Getty Images
Саноат ўзгариб бораётган бозор таъсирида ҳам шаклланмоқда.
Хитой ҳозир чет элдаги энг йирик харидор эмас, чунки унинг ўз брендлари бор ва улар бир пайтлар Япония ва Корея импорти эгаллаб турган ўринни эгалламоқда.
80 йил ичида биринчи марта ўтган йили Amorepacific'нинг Шимолий Америкадаги бизнеси Хитойдаги бизнесини ортда қолдирди, деди жаноб Ким ва ширкат Япония, Европа, Ҳиндистон ва Яқин Шарқда ҳам ўсиш бўлишини кутаётганини қўшимча қилди.
АҚШ асосий бозор бўлиб қолмоқда, у Жанубий Кореядан бошқа жойларга қараганда кўпроқ гўзаллик маҳсулотларини импорт қилади. Аммо президент Доналд Трампнинг Кореядан импортга қўйган 15 фоизлик бож бироз ноаниқликни келтириб чиқарди.
Жорий йилда АҚШда ўзининг биринчи дўконини очишни режалаштираётган Жанубий Кореянинг энг йирик косметика чакана сотувчиси Olive Young Америкадаги буюртмалар учун 15 фоизлик божхона тўловини ҳам қўшишга мажбур бўлди. Amorepacific нархларни оширишни фақат Sephora ва Walmart каби чакана ҳамкорлар билан муҳокамалар асосида, ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида кўриб чиқишини айтди.
Аммо ширкатларни Жанубий Корея ҳукумати қўллаб-қувватламоқда, ҳукумат декабрь ойида К-beauty саноатини стратегик миллий актив сифатида белгилаб, ишлаб чиқариш ва экспортни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Бу юқувчан тенденция сифатида бошланган ва ҳозирда иқтисодий кучга айланган соҳага бўлган ишончнинг ёрқин ифодасидир.
Жалтсона Акканатха Чуммара ва Жуна Мун мақолани бирга ёзишган.































