Ўзбекистон ва дунё: Пардозингиз қанчалик хавфли?

Дўконда ойнага қараб лабини бўяётган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Нозанин Мўътамидий
    • Role, BBC World Service
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ростини айтинг: охирги марта қачон пардоз маҳсулотларингизнинг яроқлилик муддатини текширгансиз? Муддати ўтган пардоз воситалари терингизга зарар етказиши ёки ҳатто саломатлигингизни хавф остига қўйиши мумкинми?

Пардоз чўткаларингизни қанчалик тез-тез ювасиз? Дўстингизнинг киприк бўёғини қарзга олганмисиз ёки дўконда лаб бўёғини синаб кўрганмисиз? Пардоз сумкангиздаги қайси буюм энг кўп бактерияни ўзида сақлайди – киприк бўёғи, кўз қалами, губка ёки чўткаларми?

Тан олишим керак, пардоз воситаларимни тозалаш ёки яроқлилик муддатини текширишга унчалик эътибор бермаганман. Шу сабабли, уларни синовдан ўтказишга қарор қилдим – Буюк Британиядаги Лондон Метрополитан университети тадқиқотчиси микроскопи остида.

Тадқиқотга Инсонни ўрганиш илмлари мактабининг Биология фанлари бўйича катта ўқитувчиси доктор Мария Пилар Боти-Сало раҳбарлик қилди. У 70 дан ортиқ муддати ўтган кўз қаламлари, киприк бўёқлари, лаб ялтиратгичлар, помадалар, шунингдек, пардоз чўткалари ва губкалар (жумладан, меникини ҳам) устида лаборатория таҳлилини ўтказди.

Намуналар ажратиб олиниб, агарли пластинкаларга жойлаштирилди. Кейин уларда яширинган нарсаларни ошкор қилиш учун инкубация қилинди.

Доктор Боти Сало кўк халатда, Нозанин Мўътамидий оқ халатда ва кўк қўлқопларда компютер экранида катталаштирилган ҳужайрага қарамоқдалар
Сурат тагсўзи, Доктор Боти-Сало(чапда) айтишича, яроқлилик муддати ўтган косметика маҳсулотларида бўладиган стафилококк тери инфекциясига ва кўз яллиғланишига олиб келиши мумкин

Менинг пардоз воситаларим қанчалик ифлосланган экан?

Намуналаримдан олинган агарли пластинкалардаги бактерия колониялари ҳайратланарли даражада катта эди.

"Кўз қаламингиз энг ифлосланган намуна бўлиб чиқди. Унда бошқа пардоз воситаларингизга қараганда анча кўп бактериялар аниқланди," – деди доктор Боти-Сало. Унинг айтишича, бу қалам теридан бактерияларни, жумладан, стафилококкни, қовоққа текканда йиғиб олиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мен, одатда, пардоз сумкамни ваннахонада сақлайман ва кўпинча кўз қаламини ишлатганимдан сўнг, бир неча дақиқа давомида қопқоғини ёпмасдан қолдираман.

"Ҳа, сабаби шу бўлиши мумкин, – деди доктор Боти-Сало. – Агар у атроф-муҳитдан намлик олса, бу микроорганизмлар кўпайишини тезлаштириши мумкин. Шунингдек, тадқиқотдаги бошқа намуналарда, жумладан, чўткалар, губкалар ва киприк бўёқларида ҳам стафилококк топдик."

Стафилококк бир қатор касалликларга сабаб бўлиши мумкин – енгил таъсирланишдан тортиб, конъюнктивит ва импетиго каби жиддийроқ инфекцияларгача.

Хўш, нега кўз қаламидан кўп марта фойдаланганимга қарамай, бу касалликларнинг ҳеч бири менда кузатилмаган?

Доктор Боти-Сало тушунтирди: "Агар терингиз бутун бўлса, бу кучли тўсиқ вазифасини ўтайди ва ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин. Бироқ, агар сизда кесик, кўкариб қолган жой ёки терингизда яра бўлса, айнан шу жойга бактериялар кириб, зарар етказиши мумкин. Агар кимнингдир иммунитети заиф бўлса, бу [ҳам] хавф туғдириши мумкин."

Лаборатория идишини ушлаб турган қўл ва идиш ичидаги ўсиб улғайган инфекциялар
Сурат тагсўзи, Британиядаги олимлар муддати ўтган 70 дан ортиқ пардоз жиҳози намуналарини олиб лабораторияда ўстириб кўришди

Қўлни ювиш муҳим

Пардоз қилишдан олдин қўлингизни ювасизми? Қўллар инфекция ташувчи бўлиши мумкин ва гигиена қоидаларига риоя қилинмаса, бу микроблар гўзаллик маҳсулотларига ўтиш хавфи бор. Бу, айниқса, кўз сояси, лаб малҳамини тўғридан-тўғри қўлларимиз билан қўллашда кузатилади.

Доктор Боти-Сало ҳайратланарли маълумотларни аниқлади. "Баъзи маҳсулотларда одатда ичакларда учрайдиган Enterobacter cloacae бактериясини топдик, – дейди у. – Бу қўллар яхши ювилмагани ёки ҳатто ҳожатхонадаги сувнинг сачраши натижасида нажас билан ифлосланиш белгисидир."

Тадқиқотлар кўрсатишича, унитазда сув оқизилганда бир неча сония ичида баландлиги 2 метргача етадиган аэрозоль томчилар чиқиши мумкин. Бу томчиларда ана шу бактериялар бўлиши эҳтимоли бор. Шунинг учун, агар сизнинг пардоз маҳсулотларингиз бу масофада бўлса, улар бактерия билан ифлосланиши мумкин.

Компютерда ясалган Кандид замбуруғлари. Бу замбуруғлар косметика маҳсулотларида топилган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Компютерда ясалган Кандид замбуруғлари. Бу замбуруғлар косметика маҳсулотларида топилган

Бу бактериянинг баъзи турлари хавотирли, чунки улар сийдик ва нафас йўллари инфекциялари, остеомиелит ва эндокардит каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Олдинги тадқиқотлар кўрсатишича, нажас билан ифлосланиш билан боғлиқ ичак таёқчаси (E. coli) пардоз маҳсулотларида яшаб қолиши мумкин. Бу маҳсулотлар юз ва кўзга яқин жойда ишлатилишини ҳисобга олсак, жуда хавотирли ҳолат.

Метрополитан университети тадқиқот гуруҳи косметика маҳсулотларидан Кандида деб номланган замбуруғни ҳам топишди. Агар бу замбуруғ терига ўтса, қин кандидози ёки оғиз кандидози касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳридаги Астон университетида 500 га яқин косметика маҳсулоти устида қўшимча тадқиқотлар ўтказилди. Ушбу тадқиқот кўрсатдики, одамлар фойдаланадиган косметиканинг 79-90 фоизида қандайдир паразит, бактерия ёки замбуруғ тури мавжуд. Улар хавфи кам бўлган бактериялардан тортиб, ўлимга олиб келиши мумкин бўлган ичак таёқчаларигача бўлган турлардир.

Етакчи тадқиқотчи доктор Амрин Башир шундай дейди: "Ишлатилган косметика воситалардаги бактериялар ифлосланишни кўрсатса-да, улар сезиларли инфекция хавфини туғдирмайди. Инфекция юқиши учун кесиклар, шиллиқ пардалар ёки ютиш каби йўллар ҳам бўлиши керак. Яхши гигиена, жумладан, буюмларни ювиш ва дезинфекция қилиш, яроқлилик муддати ўтган воситаларни йўқ қилиш ҳар қандай эҳтимолий хавфни янада камайтириши мумкин."

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Яроқлилик муддати аҳамияти

Яроқлилик муддати муҳим, чунки у маҳсулот таркибидаги консервантлар қанча вақт давомида микроблар кўпайишига самарали тўсқинлик қила олишини кўрсатади. Таркибида сув миқдори юқори бўлган маҳсулотлар очилгандан сўнг айниқса тез ифлосланади, чунки улар бактерия ва замбуруғлар ўсиши учун қулай муҳит яратади.

Маҳсулотга қараб, яроқлилик муддати очилгандан кейин 3 ойдан 12 ойгача бўлади.

"Агар маҳсулотнинг яроқлилик муддати кўрсатилмаган бўлса, уни уч ойдан кейин ёки ифлосланиши мумкинлиги маълум бўлиши биланоқ, масалан, полга тушиб кетганида ёки бошқалар фойдаланганида, ифлосланиш хавфини камайтириш учун ташлаб юбориш керак," дейди доктор Башир.

"Агар истеъмолчилар пардоз воситаларининг муддати ўтган-ўтмаганини аниқ билолмаса, маҳсулотни алмаштириб қўйган маъқул," дея қўшимча қилади у.

Лондон Метрополитан университетида синовдан ўтказиш учун тайёрлаб қўйилган пардоз анжомлари
Сурат тагсўзи, Лондон Метрополитан университетида синовдан ўтказиш учун тайёрлаб қўйилган пардоз анжомлари

Энг хавфли воситалар ва улардан қандай сақланиш керак?

Лондон Метрополитан университети тадқиқотларига кўра, ифлосланиш даражаси ва микроорганизмлар хилма-хиллиги юқори бўлган воситалар туш ва тонал асос бўлиб, энг хавфлилари суюқ тонал асосни қўллаш учун ишлатиладиган чўтка ва губкалардир.

"Сув миқдори юқори бўлган буюмлар, масалан, губка ва чўткаларда микроорганизмлар кўпроқ яшайди, – дейди доктор Боти-Сало. – Бизнинг тадқиқотимиз фақат муддати ўтган пардоз маҳсулотлари ва ишлатилган аппликаторларга асосланган."

Доктор Боти-Сало эҳтимолий ифлосланиш олдини олиш учун қуйидаги маслаҳатларни беради:

– Пардоз қилишдан олдин қўлларингизни ювинг.

– Дўконлардаги намуна пардоз воситаларидан фойдаланманг. Бу воситалардан фойдаланган одамлар қўлларини олдиндан ювган-ювмаганини билмайсиз.

– Губка, чўтка каби буюмларни иссиқ сув ва совун билан мунтазам тозалаб туринг, уларни албатта яхшилаб қуритинг. Қимматбаҳо воситаларга ҳожат йўқ. Бактерия ва аэрозоллар таъсири олдини олиш учун уларни алоҳида кичик халтачада сақлашдан олдин ҳавода тўлиқ қуритинг.

– Пардоз воситаларини сақлаш учун энг ноқулай жой – ваннахона, чунки у нам ва қоронғи.

– Тонал асослар, туш ва кўз қалами қопқоғи ёпилган ҳолда сақланиши керак. Бу ҳаводаги микроблар ва чанг зарралари буюмларга ўтириб қолиши олдини олади.

– Яроқлилик муддатига эътибор беринг. Ҳар бир пардоз маҳсулотини қачон ташлаб юбориш кераклигини эслатиб туриш учун унга эслатма ёпиштиринг.

– Пардоз воситаларингизни бошқаларга берманг.

Агар иммунитетингиз заифлашган бўлса, янада эҳтиёткор бўлишингиз керак, дейди доктор Боти-Сало.