Саломатлик: Шовқин соғлиғимизга қанчалик зарар беради?

- Author, Жеймс Галлаҳер
- Role, BBC World Service
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Биз кўзга кўринмас қотил қуршовида яшаймиз. У шунчалик кенг тарқалганки, ҳаётимизни қисқартираётганини деярли сезмаймиз.
Бу қотил юрак хуружлари, 2-тур қандли диабетга сабаб бўлмоқда, тадқиқотлар уни ҳатто деменция билан ҳам боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Сизнингча, бу нима бўлиши мумкин?
Жавоб – шовқин. Унинг инсон танасига таъсири эшитиш қобилиятига зарари билан чекланмайди.
"Бу одамлар саломатлигига хавф солувчи инқироз. Кундалик ҳаётда жуда кўпчилик унга дучор бўлмоқда," дейди Лондон университети профессори Шарлотта Кларк.
Бу биз гапирмайдиган инқироздир.
Шу боис шовқин қачон хавфли бўлишини ўргандим, соғлиғи ёмонлашаётган одамлар билан суҳбатлашдим ва шовқинни енгиш имкониятини қидирдим.
Ишни профессор Кларк билан сукунат овоз лабораториясида учрашишдан бошладим. Бу ерда танам шовқинга қандай реакция қилишини текширдик, менга катта ақлли соатга ўхшаш қурилма беришди.
У юрак уришим тезлигини ва қанчалик терлашимни ўлчайди.

Менга энг ёқмагани дунёдаги энг шовқинли шаҳар номини олган Бангладешнинг Дакка шаҳридаги транспорт шовқини – ўзимни улкан, асабийлаштирадиган тирбандликда тургандек ҳис қиламан.
Сенсорлар эса ҳаяжонимни қайд этмоқда – юрак уришим тезлашиб, терим кўпроқ терлаяпти.
"Транспорт шовқини юрак саломатлигига таъсир қилиши ҳақида жуда ишончли далиллар бор," дейди профессор Кларк кейинги товуш тайёрланаётганда.
Фақат болалар майдонидаги қувноқ товушларгина тинчлантиради. Эрта тонгдаги итларнинг вовуллаши ва қўшнининг базми эса салбий таъсир кўрсатади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Лекин нима учун товуш жисмимга бундай таъсир қиляпти?
"Товушга ҳиссий жавоб қайтарасиз," дейди профессор Кларк.
Товуш қулоқ орқали қабул қилиниб, мияга узатилади ва миянинг бир қисми – бодомсимон тана уни ҳиссий баҳолайди.
Бу тананинг "кураш ёки қоч" реакциясининг бир қисми бўлиб, бу реакция бизга буталар орасидан келаётган йиртқич товушидан тезда ҳушёр тортишга ёрдам беради.
"Шунда юрак уришингиз тезлашади, асаб тизимингиз фаоллашади ва стресс гормонлари ажрала бошлайди," дейди менга профессор Кларк.
Буларнинг барчаси фавқулодда вазиятда фойдали, аммо вақт ўтиши билан зарар етказа бошлайди.
Bu yer juda shovqin... bu 24 soatlik shovqin. Uyim ishdagi stressdan orom maskani boʻlishi kerak edi, lekin shovqin asabiylashtiradi, yigʻlagim keladi.
"Агар бир неча йил давомида шундай яшасангиз, юрак хуружи, юқори қон босими, инсульт ва 2-тур қандли диабет каби касалликлар ривожланиш хавфини оширади," дейди профессор Кларк.
Қизиғи шундаки, бу ҳатто чуқур уйқуда бўлганимизда ҳам давом этади. Сиз шовқинга мослашдим деб ўйлашингиз мумкин. Аэропорт яқинидаги ижарада яшаганимда шундай деб ўйлагандим. Аммо биология бошқача кўрсатмоқда.
"Сиз ҳеч қачон қулоқларингизни ўчиролмайсиз; ухлаётганингизда ҳам атрофни тинглаб ётасиз. Демак, юрак уришингиз тезлашиши каби реакциялар уйқуда ҳам содир бўлади," дея қўшимча қилади профессор Кларк.
Шовқин – бу кераксиз товуш. Транспорт – автомобиллар, поездлар ва самолётлар асосий манбадир, лекин биз вақтни чоғ ўтказаётганимизда чиқадиган товушлар ҳам шундай. Бировнинг зўр базми бошқа бировга чидаб бўлмас шовқин бўлиши мумкин.
Мен Коко билан Испаниянинг Барселона шаҳридаги тарихий Вила де Грациа ҳудудидаги тўртинчи қаватдаги квартирасида учрашдим.
Унинг эшигига қўшниси совға қилган янги узилган лимонлар халтаси илиб қўйилган, музлаткичида бошқа қўшниси пиширган тортиля бор ва у менга қандолатчиликни ўрганаётган учинчи қўшниси тайёрлаган ширин кулчаларни таклиф қилади.
Балкондан шаҳарнинг машҳур ибодатхонаси Саграда Фамилия кўриниб турибди. Кокога бу ерда яшаш ёқишини тушуниш осон, аммо бу жуда қимматга тушади, шунинг учун кетишга мажбур бўляпти.
"Бу ер жуда шовқин... бу 24 соатлик шовқин," дейди у менга. Эгалари "кечаси соат 2, 3, 4, 5 да вовуллайдиган" итларини сайр қилдириши учун итлар боғи бор. Ҳовли эса болаларнинг туғилган кунларидан тортиб, мушакбозлик билан тугайдиган концертларгача ўтадиган жамоат майдонига айланган.
У телефонини олиб, дераза ойналари титратадиган даражада баланд янграётган мусиқа ёзувларини эшиттиради.
Унинг уйи ишдаги стрессдан ором маскани бўлиши керак эди, лекин шовқин "асабийлаштиради, йиғлагим келади" дейди у.
У "кўкрак қафасидаги оғриқ туфайли икки марта касалхонага ётқизилган". Шовқин унинг соғлиғига зарар етказадиган стрессга сабаб бўлаётганига "мутлақо" ишонади. "Жисмоний ўзгаришни ҳис қиляпман, бу танангизга албатта таъсир қилади," дейди у.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти буюртмаси билан шовқин бўйича тадқиқотлар қилган доктор Мария Форастернинг маълумотига кўра, Барселонада фақат транспорт шовқини туфайли йилига тахминан 300 та юрак хуружи ва 30 та ўлим кузатилади.
Европа бўйлаб шовқин йилига 12 000 эрта ўлим, миллионлаб жиддий уйқу бузилиши, шунингдек, руҳий саломатликка таъсир қилувчи безовталикни оширади.
Мен доктор Форастер билан Барселонанинг энг гавжум кўчаларидан биридан кичик боғ билан ажратилган қаҳвахонада учрашдим. Товуш ўлчагичим бу ерда олисдаги транспорт шовқини 60 децибелдан сал ошганини кўрсатди.
Бу даража шовқинда овозимизни кўтармай бемалол гаплаша оламиз, лекин бу барибир соғлиқ учун зарарли даражадир.
Доктор Форастернинг айтишича, юрак саломатлиги учун меъёрий кўрсаткич 53 децибел бўлиб, бу кўрсаткич ошган сари соғлиқ учун хавф ҳам ортиб боради.

"Бу 53 децибел шуни англатадики, биз анча тинч муҳитда бўлишимиз керак," дейди доктор Форастер.
Бу фақат кундузги вақт учун, уйқу пайтида эса янада пастроқ даражалар талаб этилади. "Тунда бизга мутлақ сукунат керак," дейди у.
Гап фақат товуш баландлигида ҳам эмас. Товушнинг қанчалик безовта қилиши ва уни қанчалик бошқара олишимиз шовқинга бўлган ҳиссий муносабатимизга таъсир қилади.
Доктор Форастер таъкидлашича, шовқиннинг соғлиққа таъсири "ифлосланган ҳаво таъсирига тенг", аммо уни тушуниш анча мушкул.
"Биз кимёвий моддаларнинг соғлиққа таъсир қилиши ва заҳарли бўлиши мумкинлигини биламиз, аммо шовқин каби жисмоний омил таъсирини тушуниш унчалик осон эмас," дейди у.
Шовқинли зиёфат кимдир учун завқ, бошқалар учун эса чидаб бўлмас азоб бўлиши мумкин.
Транспорт шовқини саломатликка энг катта таъсир кўрсатади, чунки жуда кўп одамлар унга дуч келади. Аммо транспорт шовқини – ишга бориш, харид қилиш ва болаларни мактабга олиб бориш овози ҳамдир. Шовқинга қарши курашиш одамлардан ҳаёт тарзларини ўзгартиришни талаб қилади – бу эса ўз навбатида янги муаммоларни келтириб чиқаради.
Барселона глобал соғлиқни сақлаш институтидан доктор Натали Мюллер мени шаҳар марказида сайр қилдирди. Биз гавжум кўчадан бошладик – товуш ўлчагичим 80 децибелдан юқори кўрсаткични қайд этди – сўнгра шовқин даражаси 50 децибелларга тушган, дарахтлар билан қопланган сокин хиёбонга бордик.
Аммо бу кўчанинг ўзига хос жиҳати бор – у илгари гавжум йўл эди, ҳозир эса пиёдалар, кафелар ва боғлар бор. Гулзорлар шаклидан эски чорраҳанинг изларини кўриш мумкин. Бу ерга транспорт воситалари киради, фақат секин ҳаракатланишлари шарт.
Айтганча, лабораторияда баъзи товушлар танани тинчлантириши мумкинлигини аниқлаганмиз.
"Бу ер мутлақ жимжит эмас, балки товуш ва шовқинни бошқача идрок этиш имконини беради," дейди доктор Мюллер.

Сурат манбаси, Getty Images
Дастлаб 500 дан ортиқ шундай ҳудудларни яратиш режалаштирилган эди. Улар шаҳарнинг бир нечта кварталларини бирлаштириш орқали яратилган пиёдалар учун қулай "суперблоклар"дир.
Доктор Мюллер ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, шаҳарда шовқинни 5-10 фоизга камайтириш ҳар йили фақат шовқин туфайли юз берадиган "150 га яқин бевақт ўлим" олдини олиши мумкин эди. Бу эса соғлиқни сақлаш бўйича эришиладиган натижаларнинг "айтсберг учи" бўларди.
Аммо амалда атиги олтита суперблок қурилди. Шаҳар кенгаши бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортди.
Урбанизация
Шовқин хавфи эса тобора ортиб бормоқда. Урбанизация туфайли шовқинли шаҳарларга кўпроқ одамлар тўпланмоқда.
Бангладешнинг Дакка шаҳри дунёдаги энг тез ривожланаётган мегаполислардан биридир. Бу ҳолат кўпроқ тирбандликни келтириб чиқарди ва шаҳарни машиналар сигналлари босди.
Рассом Мўминур Раҳмон Роял ўзининг тинч намойишлари билан шаҳардаги шовқин муаммосига эътибор қаратгани учун "ёлғиз қаҳрамон" номини олган.
У ҳар куни тахминан 10 дақиқа давомида гавжум кўчалар чорраҳасида катта сариқ плакат билан туриб, сигнал чалувчи ҳайдовчиларни безовталик келтириб чиқаришда айблайди.
У бу ишни қизи туғилгандан кейин бошлади. "Мен нафақат Даккада, балки бутун Бангладешда сигнал чалишни тўхтатишларини истайман," дейди у.
Agar qushlarga, daraxtlarga yoki daryolarga qarasangiz, odamlarsiz hech kim shovqin chiqarmayapti, demak bunga insonlar javobgar.
"Агар қушларга, дарахтларга ёки дарёларга қарасангиз, одамларсиз ҳеч ким шовқин чиқармаяпти, демак бунга инсонлар жавобгар."
Лекин бу ерда сиёсий ҳаракатлар бошланиши ҳам кўзга ташланмоқда. Бангладеш ҳукуматининг атроф-муҳит бўйича маслаҳатчиси ва вазири Седа Ризвана Ҳасан менга шовқиннинг соғлиққа таъсиридан "жуда хавотирда" эканлигини айтди.
Шовқин даражасини пасайтириш учун сигнал чалишга қарши курашилмоқда – хабардорлик кампанияси ўтказилмоқда ва амалдаги қонунлар янада қатъийроқ ижро этилмоқда.
"Буни бир ёки икки йил ичида амалга ошириш иложи йўқ, лекин шаҳарда шовқинни камайтириш мумкин, деб ўйлайман. Одамлар буни ҳис қилганларида, шовқин камайганини сезганларида ўзларини яхши ҳис қилишади ва ишончим комилки, уларнинг одатлари ҳам ўзгаради", дейди у.
Шовқин муаммоларини ҳал қилиш қийин, мураккаб ва жиддий вазифа бўлиши мумкин.
Мен ҳаётимизда шовқиндан қочиш учун бироз жой топиш аҳамиятини тушуниб етдим, чунки Бангладеш Профессионаллар университети профессори доктор Масрур Абдул Қуадернинг сўзларига кўра, шовқин "сокин қотил ва секин таъсир қилувчи заҳар".















