Саломатлик: Соч тўкиляптими? Ғам еманг, сандал дарахтини тўйиб ҳидланг...

Лысеющий мужчина

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Николай Воронин
    • Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир

Манчестер Университети олимлари соч тўкилишига қарши янги истиқболли кураш усулини таклиф қилмоқдалар. Маълум бўлишича, сандал дарахтидан тараладиган ифорни доимий ҳидлаб юриш соч ўсишига туртки берар экан. Фақат бир нозик жиҳат мавжуд - бундай ароматерапия учун ҳақиқий сандал дарахти тўғри келмайди, унинг ҳидини такрорлайдиган парфюмерик хушбўй зарур.

Сандал - ўзидан хушбўй таратувчи тропик дарахтлар синфи. Бу синфга мансуб дарахтлардан олинган мой парфюмерия, косметика ва тиббиётда қўлланилади.

Олимларга кўра, ҳид билувчи рецепторлар нафақат бурнимиз, балки тананинг бошқа қисмлари, хусусан, соч фолликуллари атрофидаги терида ҳам жойлашган экан.

Бу ерда жойлашган ҳужайралар ҳид билиш реакциясини ишга туширувчи OR2AT4 оқсилини ишлаб чиқаради. Бу оқсил, шунингдек, бошқа физиологик жараёнлар, масалан, жароҳатларнинг битишида ҳам иштирок этади.

Тадқиқот раҳбари Ралф Пауснинг айтишича, олинган маълумотлар янги сочларнинг пайдо бўлиш жараёнида жароҳатланган тери қисмидаги янги тўқималарнинг ўсиб чиқишига таъсир ўтказувчи айни моллекуляр механизмлар қатнашишини кўрсатмоқда. Жаноб Паус OR2AT4 рецепторларига таъсир ўтказиш орқали соч ўсишини тезлаштириш мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Бу тахминни текшириб кўриш учун тадқиқотчилар юзни торттириш мақсадида косметик операцияни бошдан кечирган кўнгиллиларнинг бош териси қисмини текшириб кўрдилар. Улар бош териси парчасини олти кун давомида сандал дарахти ифорини такрорловчи косметик хушбўй билан бирга сақладилар. Олимлар айнан шу хушбўй OR2AT4 рецепторларига алоҳида кучли таъсир кўрсатишини айтмоқдалар.

Натижада соч ўсиши учун масъул гормонларнинг ишлаб чиқарилиши 25-30 фоизга ошгани аниқланди.

Стружка сандалового дерева

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сандал - соч тўкилишига даво

Бундан ташқари ҳид билиш рецепторларини фаоллаштириш соч пайдо бўлиши жараёнида иштирок этувчи ҳужайралар умрини ҳам узайтирар экан.

Тадқиқотчилар кузатилган фаоллашув айнан сандал дарахти ифорига боғлиқлигини аниқлаш мақсадида OR2AT4 рецепторларининг бу ҳидни қабул қилиш хусусиятини беркитиб қўйдилар ва бош терисидаги гормоннинг ишлаб чиқариш даражаси олдинги ҳолга қадар пасайди, соч фолликуллари ҳужайралари эса яна аввалгидек тез нобуд бўла бошлади.

"Биз биринчилардан бўлиб косметикада кенг қўлланилувчи ароматик модда одам танасида рўй бераётган жараёнларни бошқара олишини исботладик," таъкидлайди Ралф Паус. У сочларнинг мақбул даражада ўсишини таъминлаш учун ҳид билиш рецепторлари доимий равишда сандал ифори таъсирида бўлиши лозимлигини маълум қилади.

Агар бу усул кенг эътиборга тушса, таъкидлайди тадқиқотчилар, тиббиётда бутун бошли «ифор терапияси» (ароматерапиядан фарқли тарзда) йўналишига асос солиниши мумкин ва у шу вақтга қадар мавжуд бўлган соч тўкилишига қарши усуллардан анчайин самарали бўлади.

Сунъий сандал ароматизатори косметика саноати ва атирлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Ралф Паус соч ўстириш терапиясида табиий сандал дарахтидан фойдаланиш бефойда эканини алоҳида таъкидлайди: унда молекулалар бироз бошқача кўринишга эга ва улар ҳид билиш рецепторларига фаол таъсир қила олмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek