Соч тўкилишига қарши дори кашф қилиндими?

кал эркак

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Иэн Уэстбрук
    • Role, Би-би-си мухбири

Олимлар кутилмаган ҳолатда соч тўкилишини олдини олувчи янги дорини кашф қилган бўлишлари мумкин: остеоперозни даволаш учун мўлжалланган янги препаратнинг синовдан ўтиш жараёнида унинг ўзига хос хусусиятлари маълум бўлди.

Лаборатория тажрибалари жараёнида аниқланишича, ушбу препарат соч фолликула (қовзоқ)ларига фаол таъсир кўрсатиб, сочнинг ўсишини таъминлар экан.

Препарат таркибида соч ўсишига халақит берувчи ва калликнинг сабабларидан бири сифатида кўриладиган оқсиллар миқдорини камайтирувчи модда борлиги айтилмоқда.

Манчестер университетидан бўлмиш лойиҳа раҳбари доктор Нейтан Ҳокшоунинг сўзларига кўра, эндиликда препарат юзасидан алоҳида тиббий синовлар ўтказилиб, унинг калликка қарши курашувчанлик хусусияти ҳамда хавфсизлигига ишонч ҳосил қилмоқ зарур.

Бугунги кунда каллик (андроген алопеция)нинг олдини олишда қўлланиладиган атиги икки дори тури мавжуд:

  • Миноксидил - эркаклар ва аёллар учун;
  • Финастерид - фақат эркаклар учун.

Ушбу икки дорининг бирортаси Британия шифокорлари томонидан даво чораси сифатида тавсия қилинмайди ва, бундан ташқари, улар ҳар доим ҳам самарадор эмас ҳамда ён таъсирлар, яъни кутилмаган кўнгилсизликлар келтириб чиқариши мумкин. Оқибатда аксар беморлар соч эктириш амалиётини ўтказишга шошилади.

кал эркак

Сурат манбаси, Getty Images

Натижалари PLOS Biology журналида эълон қилинган мазкур тадқиқот соч эктириш амалиётини кечирган қирқдан ошиқ эркакнинг бош териси соч фолликулалари намуналари асосида лаборатория шароитида ўтказилган.

Аввалига олимлар гуруҳи эътиборини бир неча ўн йиллардан бери соч трансплантациясидан сўнг донор аъзосини кўчиб кетишдан сақлашда қўлланилувчи ва аутоиммун касалликлари симптомларини юмшатувчи циклоспорин А иммунодепрессанти ўзига жалб этди.

Тадқиқотчилар турли тўқималар ўсиши жараёни, жумладан, соч фолликулаларини назорат қиладиган SFRP1 номи билан маълум оқсил фаоллиги препарат таъсири остида пасайганлигини пайқаб қолдилар.

Бироқ бу дори ён таъсирлар туфайли соч тўкилишини даволаш жараёнида қўлланишга мос келмади.

Шундан сўнг олимлар айни оқсил фаолиятини янада самарали пасайтирадиган WAY-316606 номли бошқа бирикмага эътибор қаратдилар.

Доктор Ҳокшоу ушбу препарат соч тўкилишидан азоб чекаётган одамлар ҳаётини жиддий ўзгартириб юбориши мумкин, дейди.

Presentational grey line

Нега сочлар тўкилади?

Сочлар кунига маълум миқдорда тўкилади ва бу ташвишланарли ҳол эмас. Калликнинг икки тури мавжуд: вақтинчалик ва доимий.

Қуйидаги ҳолатлар юз берганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим:

  • Кутилмаганда сочлар тўкила бошласа;
  • Тангадек-тангадек жойларда соч тўкилиб қолса;
  • Сочлар тутам-тутам бўлиб тўкилса;
  • Бош териси давомий қичишса;
  • Сочларингиз тўкилаётганидан хавотирингиз ортиб кетса.
Presentational grey line

Британия дерматологлари ассоциацияси вакили Би-Би-Си билан суҳбатда бу жуда қизиқарли тадқиқот эканлигини қайд этди.

«Соч тўкилишидан кўплаб одамлар азоб чекади. Аксар ҳолларда каллик одамнинг ҳиссий ҳолатига салбий таъсир қилади ва ўзига бўлган ишончини сўндириб юборади. Албатта, ушбу препаратни беморларга тавсия қилишдан олдин унинг устида қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур,» дейди у.

"Ҳозирда калликка қарши қўлланиладиган оммабоп дори мавжуд эмас. Даволаш давомида турли хил, баъзида беқарор натижалар юзага чиқиши мумкин. Шу сабабли ушбу касалликка қарши ишлаб чиқилган ҳар қандай янги даволаш услуби катта қизиқишга сабаб бўлади: у зарурий натижага эришиш йўлида одамларга янада кўпроқ имконият ҳадя қилади."

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek