Украина: Россия энг ҳалокатли зарбаларидан бирини берди – Трамп уни "даҳшатли" деб атади, Москва эса жим

Россиянинг Сумига ҳужуми

Сурат манбаси, rasmiy

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Хабарларга кўра, Россия баллистик ракеталарини ишга солган. Қурбонлар сони ўнлаб экани айтилмоқда.

Якшанба кунги ҳужум

Хабарларга кўра, Россия баллистик ракеталарини ишга солган. Қурбонлар, яраланганлар сони ўнлаб экани айтилмоқда.

Ҳужум кеча, якшанба куни амалга оширилган, Россия Суми марказига зарба берган.

Россиянинг "Искандар" русумидаги икки ракетаси Суми Давлат университети ва унинг конгресс маркази атрофидаги ҳудудга келиб теккан.

Украина томонига кўра, Россиянинг ҳужуми камида 34 кишини ўлдирган, юздан ошиғини яралаган, қурбонлар ва тан жароҳати олганлар орасида болалар ҳам бор.

Ҳужум оқибатлари акс этган тасвирларда ракеталар урилган сатҳ атрофидаги кўчаларда қонга беланиб ётган жасадлар сочилиб ётгани хабарларда алоҳида эътибор топган нуқтага айланган.

Украина президенти яраланганлар орасида шу йил туғилган қизчанинг ҳам борлиги, шифокорлар имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётларини асраб қолиш учун "қўлларидан келгани"ни қилаётганликларини айтган.

Муносабат

Trump
gettyimages
Menimcha, bu dahshatli. Menga ular xato qilishganini aytishdi. Lekin, menimcha, bu dahshatli. Menimcha, barcha urushlarning o‘zi dahshatli...
Donald Tramp
AQSh Prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Расмий Москва ҳозирча якшанба ҳужумни шарҳламаган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп эса, Сумига қилинган ҳужумни "даҳшатли", деб атади, аммо Россияни тўғридан-тўғри тилга олмаган.

"Менимча, бу даҳшатли. Менга улар хато қилишганини айтишди. Лекин, менимча, бу даҳшатли. Менимча, барча урушларнинг ўзи даҳшатли", деб айтган у президент самолёти бортида Вашингтонга кетаркан.

"Хато" билан нимани назарда тутганига ойдинлик киритиши сўралганида эса, Трамп: "Улар хато қилишди [...] улардан сўранг", - деб жавоб берган. Трамп кимни назарда тутгани номаълум, деб ёзди "Франс-Пресс".

Мазкур агентлик қайд этишича, на Трамп ва на Оқ уй ўзларининг баёнотларида Россияни ҳужумда айбдор, деб аташган, бироқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио "Россиянинг Сумига берган даҳшатли ракета зарбаси қурбонлари"га ҳамдардлик билдирган.

Украиналик масъулларнинг Би-би-сига тасдиқлашларича, ҳужум натижасида таълим муассасалари, қаҳвахоналар, дўконлар ва кўп қаватли турар-жойлар илова ўнлаб бино зарар кўрган. Машиналар ва трамвайларга ҳам шикаст еган.

Зеленский бошқа давлатларни бунга "кескин" жавоб беришга чақирган.

Ҳужум нишони

Sumidagi hujum

Сурат манбаси, Ukraina favqulodda vaziyatlar xizmati

Sumidagi hujum

Сурат манбаси, Ukraina favqulodda vaziyatlar xizmati

Sumidagi hujum

Сурат манбаси, Ukraina favqulodda vaziyatlar xizmati

Sumidagi hujum

Сурат манбаси, Ukraina favqulodda vaziyatlar xizmati

Sumidagi hujum

Сурат манбаси, Ukraina favqulodda vaziyatlar xizmati

Би-би-сининг Украина хизматига кўра, университет конгресс марказидан кўпинча болаларнинг турли кўринишдаги таълими учун фойдаланилган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу жой "бутун шаҳар учун таълим маркази" вазифасини ўтаган, "турли курслар, клублар ва маҳорат дарслари учун кўп ижарага берилган".

Сумилик расмийлар баллистик ракеталар катта ҳудудда дуч келган одамни ўлдиришга қодир кассетали ўқ-дорилар билан тўлдирилган бўлганини айтишмоқда.

Кўринишича, айнан улар катта сондаги одам қурбон бўлган жойларда уловларга ўти кетиб, дарахтларнинг эгилиб қолишига сабаб бўлган.

Якшанба кунги ҳужум дунё етакчилари томонидан кескин қораланган.

У АҚШ махсус вакили Стив Виткофф ва Россия Президенти Владимир Путиннинг Санкт-Петербургда бўлиб ўтган жума кунги учрашуви ортидан амалга оширилган.

Кремлнинг маълум қилишича, мазкур учрашув тўрт соатдан кўпроқ давом этган ва унда асосий эътибор Украина можаросига ечим топиш масаласининг турли жиҳатларига қаратилган.

Бу жорий йил ҳисобидан АҚШ махсус вакилининг Путин билан учинчи учрашуви бўлган.

Россия махсус вакили Кирилл Дмитриев уни "самарали", деб атаган.

8 апрел. Тасдиқланди: Украина қўшинлари Россиянинг Белгород вилоятига бостириб кирган
harbiy

Сурат манбаси, Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский ўз қўшинлари Россиянинг Белгород ҳудудида ҳаракат қилаётганини илк бор очиқ тан олди. Март ойида украин аскарлари бу вилоят ҳудудига киргани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

18 март куни Украина қўшинлари Белгородда фаол жанговар ҳаракатлар олиб бораётгани маълум бўлган эди.

Бироқ бу борадаги хабарлар Украина томонидан тасдиқланмай келаётганди.

"Бугун бош қўмондон Александр Сирский фронтдаги вазият, Курск ва Белгород вилоятларидаги ҳаракатларимиз ҳақида алоҳида ҳисобот берди", маълум қилган Зеленский душанба куни.

Reuters
Biz dushmanning chegaradosh hududlarida faol harbiy amaliyotlar olib boryapmiz. Bu mutlaqo adolatli: urush qayerdan boshlangan boʻlsa, oʻsha yerga ham qaytishi kerak.
Volodimir Zelenskiy
Ukraina prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Биз душманнинг чегарадош ҳудудларида фаол ҳарбий амалиётлар олиб боряпмиз. Бу мутлақо адолатли: уруш қаердан бошланган бўлса, ўша ерга ҳам қайтиши керак," қўшимча қилган у.

Бу – Украинанинг Белгород вилоятида ҳарбий қисмлари борлиги ҳақида энг юқори даражадаги илк расмий тасдиғи.

Украина президентининг сўзларига кўра, бу ҳаракатларнинг асосий мақсади мунтазам ўққа тутилаётган қўшни Суми ва Ҳаркив вилоятларидаги украин аҳоли пунктларини ҳимоя қилишдан иборат.

Душанба куни кечқурун қилган видеомурожаатида Зеленский Белгород ҳудудида ҳаракат қилаётган 225-ҳужум полкига миннатдорчилик билдириб, "Баракалла, йигитлар! Украина учун жанг қилаётган барчадан фахрланаман!" деган.

У бошқа тафсилотларга тўхталиб ўтмаган.

18 март – илк маълумот

Украин қўшинлари чегарадош Белгородга ҳужум қилгани ҳақида илк хабарлар март ойи ўртасида ҳарбий ҳаракатларни ёритиб борувчи россияпараст блогерлар – воэнкорлар томонидан тарқатилган.

18 март куни Россия Мудофаа вазирлиги бундай хабарларни тасдиқлаган.

Ўшанда вазирлик Украина Қуролли кучлари Белород вилоятининг ғарбий қисми – Демидовка ва Прилесе қишлоқларига "кириб бориш уринишлари"ни амалга оширганини маълум қилган.

Ўша куниёқ журналистлар Зеленскийдан Украина ҳақиқатан ҳам Белгород вилоятида амалиёт олиб боряптими, дея савол берган.

Украина етакчиси мазкур саволга аниқ жавоб бермаган. Умуман олганда, Украина Қуролли кучлари ўз ҳаракатларини жуда ҳам мужмал изоҳлаб боради, Белгород масаласида кўтарилган хабарларга эса мутлақо изоҳ бермаган ҳам.

Ҳозир Белгородда вазият қандай?

xarita

Сурат манбаси, Screenshot/Deep State

Сурат тагсўзи, Deep State маълумотларида, 7 апрель ҳолатига кўра, Украина Белгороддаги Демидовка аҳоли пунктини ўз ичига олувчи 13 квадрат километрга яқин ҳудудни назорат қилиб турган бўлиши мумкинлиги айтилади.

Айни дамда ҳудуддаги мавжуд вазиятни мустақил баҳолаш учун тасдиқланган маълумотлар етарли эмас.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина ҳарбий бўлинмалари ҳужуми тўлиқ қайтарилганини билдирган бўлсада, март ойи охирида BBC Белгородда ҳарбий ҳаракатлар кучайиб бораётгани ҳамда томонлар жанг майдонига кўпроқ куч сафарбар қилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда маҳаллий расмийлар жанглар бораётган Краснояружский туманининг деярли барча аҳолиси эвакуация қилингани тўғрисида баёнотлар билан чиққан эди.

Ўтган ойнинг сўнгги ҳафтасида турли норасмий манбалар Белгород ғарбида оғир жанглар кетаётгани ҳамда украинлар чегарага яқин икки аҳоли пунктини эгаллаб олишга муваффақ бўлганини ёзган.

Украинанинг Deep State мониторинг лойиҳаси бераётган маълумотларда, 7 апрель ҳолатига кўра, украин ҳарбийлари Белгород вилоятидаги Демидовка аҳоли пунктини ўз ичига олувчи 13 квадрат километрга яқин ҳудудни назорат қилиб турган бўлиши мумкин.

Бироқ BBC бу маълумотларни уруш ҳолатида зудликда мустақил тасдиқлаш имконига эга эмас.

Белгород Украинага нега керак?

Украина томони ўз мотивларини ҳозирча расман изоҳламаган.

Американинг Урушни ўрганиш институти 25 март куни тақдим этган геолокация маълумотларида Украина ҳарбий қисмлари Белгород ҳудудига у қадар чуқур кириб бормагани қайд этилган.

Бундан келиб чиқиб, Украинанинг мақсади Россиянинг яна бир ҳудудини эгаллаб туриш бўлмаслигини тахмин ҳам қилиш мумкин.

Белгород вилояти ғарбида – Курск вилоятидан фарқли ўлароқ – Украина учун эгаллаб олиш устунлик берувчи бирор йирик аҳоли пункти ёки муҳим объект мавжуд эмас.

majlis

Сурат манбаси, Telegram/@V_Zelenskiy_official

Сурат тагсўзи, Аввалроқ Зеленский ва унинг қўмондонлари, Курскни мисол келтирган ҳолда, чегара оша бундай амалиётлар Россияни Донетск вилоятидаги қўшинларини қайта жойлаштиришга мажбур қилганини таъкидлаган.

Ўтган йил август ойида Украина қўшинлари Курск вилоятига бостириб кирган ва бир неча йирик аҳоли пунктлари, жумладан, атом электр станцияси бор Курчатов шаҳри ҳамда вилоят маркази таҳдид остида қолганидан Россия қўмондонлиги зудлик билан катта кучни сафарбар қилишга мажбур бўлганди.

Бироқ Курскдаги воқеалар Россия томонига, ҳатто, битта туман марказининг эгаллаб олинишининг ўзи ҳам ҳарбий ва обрў нуқтаи назаридан нақадар жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Бундан ташқари Украина Қуролли кучлари катта хавфга бормаётганга ҳам ўхшамоқда – Белгороддаги амалиёт муваффақиятсиз тугаса ҳам, Россия ҳарбийларининг тезкорликда ҳудудга етиб келиш эҳтимоли унча катта эмас.

Бунинг сабаби чегаранинг нариги томонидаги Украинанинг ўзида очиқ ҳудудлар жуда кам, йўллар эса ҳар икки тарафда ҳам унчалик кўп эмас.

Эҳтимол, Украина қўмондонлигининг режаси Россия армиясини иккинчи даражали йўналишларда жанг қилишга мажбурлаш бўлиши мумкин.

Аввалроқ Зеленский ва унинг қўмондонлари, Курскни мисол келтирган ҳолда, чегара оша бундай амалиётлар Россияни Донетск вилоятидаги қўшинларини қайта жойлаштиришга мажбур қилганини таъкидлаган эди.