Украина уруши: Россия ҳолдан тоймоқдами?

Сурат манбаси, Reuters
Россия қўшинлари Украина мудофаасида заиф нуқта қидирмоқда. Аммо мутахассислар уларнинг ҳужум салоҳияти сусайиб бораётганини пайқаган.
Сўнгги ҳафталарда Россия армияси муваффақиятга эриша олмади. Бироқ, у Торецк яқинида янги фронт очди ва Украина Қуролли кучлари мудофаасида бўшлиқ топишга уриниб, бир қанча ҳудудларда кичик ҳужумларни давом эттирди.
Алоқадор мавзулар:
- Ғарб Украинага янги қуроллар беради
- Россиянинг Украинадаги ҳужуми режа бўйича кетаяптими?
- Таҳлил: Байден дебатда ўзини тушунарсиз тутиши, унинг ёшига нисбатан хавотирларни кучайтирди
- Путин Украина урушига тўлиқ дастак олди, босқин Россия ва Шимолий Кореяни қанчалик яқинлаштирди?
- Ўзбекистонга 'хатар' ортдими, энди фақат Россиянинг айтгани бўладими ёки Путин ниманинг режасида?
Ҳарбий экспертлар таъкидлашича, ҳужум суръатини сақлаб туриш учун Россиядан қўшимча захиралар керак бўлади. Руслар ўт очиш кучини йўқотаётгани аломатлари ҳам бор.
Озарбайжонлик ҳарбий таҳлилчи Агил Рустамзода бунга эътибор қаратади. Унинг маълумотига кўра, Украина қўшимча артиллерия снарядлари олгач, унинг русларга жавоби бирга бешдан (бир артиллерия ўқига Россия бешта ўқ билан жавоб бериши) бирга учга ўтган.
"Фронтдаги вазият ўт очиш кучи бўйича Украина фойдасига ўзгара бошлади. Шунга қарамай, Украина армиясининг тўйинганлик динамикасига қараб, бу жараён бир ҳафта ёки бир ой давом этиши мумкин. "Россия армиясининг ҳужум тезлиги қандай пасаяётгани аллақачон сезилиб турса ҳам", дейди эксперт.
Россиянинг энг кучли қуроли бошқариш мумкин бўлган ҳаво бомбалари бўлиб, у кунига юзлаб шундай бомбаларни ташламоқда.
Украина армияси шахсий таркиб билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда, Ғарб ваъда қилган барча ёрдам, жумладан, ўқ-дори ва учоқларни ҳали олмаган. Бу эса Киевнинг ўз қарши ҳужумларини бошлашига тўсқинлик қилмоқда.
Торецкка ҳужум

Сурат манбаси, EPA
Июнь ойидаги рус қўшинларининг асосий муваффақияти Торецкка ҳужум бошлангани эди. 19 июндан бошлаб улар шаҳар чеккаси - Северное ва Шуми қишлоқларини эгаллаб, тахминан 2 км масофани босиб ўтишга муваффақ бўлишди.
Руслар 2014-15 йилдан бери мудофаа учун тайёрланган майдонни босиб ўтганини ҳақиқатан ҳам ютуқ деб ҳисоблаш мумкин.
Украина Қуролли Кучлари муваффақиятсизлиги сабабларидан бири бўлинмаларнинг нотўғри ротацияси бўлиб, душман бундан фойдаланган. Торецкка ўтказиб юборилган ҳужумдан сўнг, Бирлашган кучлар қўмондони генерал Юрий Содолга қарши танқидлар кучайди. Натижада, 24 июнь куни у ўз лавозимидан кетди.

Сурат манбаси, .
Аммо икки ҳафта давом этган фаол жанговар ҳаракатлардан сўнг рус қўшинлари Торецкнинг шаҳар ҳудудларига кира олмади. Ҳозир улар шаҳар чегараларидан 1,5 км нарида жойлашган.
Ҳужумнинг паст суръати бу ерда рус армиясининг нисбатан кичик гуруҳи ҳаракат қилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Украина мудофаа стратегиялари маркази эксперти, полковник Виктор Кевлюкнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу тахминан 10 минг жангчидир. Унинг таъкидлашича, Россия ҳали бу секторда захираларни жангга солмаган.

Сурат манбаси, 24 ОМБР ВСУ
«Ахборий қаршилик» гуруҳи ҳарбий таҳлилчиси Константин Машовец ҳам худди шундай рақамларни келтиради. Унинг таъкидлашича, Россия армияси Торецк йўналишида 10-11 минг ҳарбий хизматчини жамлаган, уларнинг ярми илғор бўлинмаларда ҳаракат қилади.
Бу ердаги танклар 50-60 тадан, бронетехника эса 110-120 тадан ортмайди.
Иккала эксперт фикрича, келажакда Торецк Россиянинг "ёзги ҳужуми" учун асосий нишонларидан бирига айланиши мумкин.
Покровск трассасига ўтиш
Русларнинг "катта ёзги ҳужуми"нинг асосий нишонига айланиши мумкин бўлган жой - Покровск.
Рус қўшинлари Украина Қуролли Кучларининг Донбасс ғарбидаги сўнгги асосий пости бўлган шаҳардан сезиларли масофа олисда - тахминан 30 км. Улар Покровск-Константиновка автомагистралига 6-7 км.га яқинлашишган. Ҳозир трассадан унча узоқ бўлмаган Новоалександровка қишлоғи учун жанглар давом этмоқда.
Афтидан, яқин ҳафталарда Россия бўлинмалари Малиновка-Новая Полтавка участкасида ушбу йўлни тўсиб қўйишга ва Украина бўлинмаларининг Покровский, Торецкий ва Краматорск йўналишларидаги логистика алоқаларини бузишга ҳаракат қилишади.

Сурат манбаси, DEEPSTATE
Украинанинг DeepState таҳлил марказининг 23 июнь куни хабар беришича, руслар Новоалександровкани аллақачон эгаллаб олган - шу тариқа Покровск трассаси олдида фақат битта қишлоқ - Воздвиженка қолган.
Тўғри, бу маълумотни ушбу йўналишни мудофаа қилаётган Украина Қуролли Кучларининг 110-алоҳида механизациялашган бригадаси қўмондонлиги рад этади. Бригада баёнотида айтилишича, руслар Новоалександровка қишлоғининг фақат бир қисмини эгаллаган.
"Душман бостириб кирган аҳоли пункти қисми бизнинг ўт очиш имкониятимиз доирасида жойлашган. Босқинчиларни у ердан қувиб чиқариш учун барча чоралар кўрилмоқда. Жанглар давом этмоқда, вазият Украина Қуролли кучлари бўлинмалари назорати остида".
DeepState таҳлилчилари бу баёнотга шубҳа билан қарамоқда ва фронтнинг ушбу қисмида муаммо 110-механизациялашган пиёдалар бригадаси қўмондонлигининг уқувсизлиги туфайли юзага келганлигини таъкидламоқда.
"Афсуски, душман бригадани унинг "муваффақиятли" бошқаруви туфайли Мудофаа кучларини қишлоқдан ҳайдаб чиқарди. Улар душман аллақачон эгаллаган позицияларга ротация қилиш учун жўнатилган экан", дейилади таҳлил маркази хабарида.

Сурат манбаси, Украина президенти офиси
Шуни таъкидлаш керакки, Россия ўзининг энг катта зарба берувчи кучларини айнан Покровск йўналишида тўплаган. Очиғи, бу Кремль учун фронтнинг ушбу сектори бўйлаб илгарилаш устувор вазифа эканлигидан далолат беради.
Володимир Зеленский ўзининг ҳарбий қўмондонлиги билан 26 июнь куни фронтнинг ушбу қисмига борди. Президент девони Зеленскийнинг Покровск йўналишида мудофаа кучлари учун қўшимча дронлар ажратиш ҳақидаги буйруғини эълон қилди.
Вовчанск ва бошқа йўналишлар
Харков вилоятидаги Вовчанск ва Липцов яқинида рус қўшинлари узоқ вақт давомида ҳужумда эмас, балки мудофаада туришди. Улар Украина кучларининг қарши ҳужумларини ушлаб туришга мажбур бўлмоқда ва зарбалар асосан ҳаводан, бошқарилувчи бомбалар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Айнан шу ерда Липци қишлоғида, эҳтимол, эркин тушадиган бомбадан бошқариладиган бомбага айлантирилган ўта кучли ФАБ-3000 бомбасидан фойдаланилгани биринчи марта қайд этилган.
Ушбу уч тонналик бомба маҳаллий касалхона биносига жиддий зарар етказган, Россия ОАВлари бу касалхонани Украина ҳарбийлари жойлашган пункт деб атаган.
Аммо, умуман олганда, Харкив вилояти шимолидаги вазият Украина Қуролли кучлари фойдасига бўлмоқда. Бунга Ғарбнинг ўз қуролларини Россия ҳудуди ичкарисига 100 км.гача қўллашга рухсат бергани қўл келмоқда. Ижтимоий тармоқларда Белгород ва Курск вилоятларида рус армиясининг ўқ-дори омборлари, қўшинлар жойлашган жойлари ва штаблари йўқ қилингани тасвирлари пайдо бўлди.
Ҳатто Владимир Путин русларнинг Харкив вилоятидаги босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетишига рухсат бермоқда. У 20 июнь куни бу йўналиш Россия учун умуман стратегик эмаслигини айтди.
"Европаликлар ва америкаликлар украиналикларни, бизнинг бўлинмаларимизни давлат чегарасига ҳар қандай йўқотиш эвазига бўлсин, такрорлайман, ҳар қандай йўқотиш эвазига бўлсин суришга уринмоқда, улар буни 2024 йилдаги катта муваффақият сифатида кўрсатишни режалаштирмоқдалар, яқинлашиб келаётган НАТО саммитида, кейин эса АҚШ сайловларида", дейди у.
Украина қуролли кучлари захираларини Харкив вилояти шимолидан чиқариб юбориш учун сўнгги ҳафталарда руслар Купянск ва Боровая яқинида фаоллашди. Бу узоқ вақтдан бери Украина қўшинлари томонидан ушлаб турилган Оскол дарёсининг шарқий қирғоғидир.
Бу ердаги рус армияси мақсади аввало Купянскдан 7 км шимоли-шарқда жойлашган Синковка қишлоғи яқинидаги мудофаани ёриб ўтиш, шунингдек, Украина қўшинларини магистралдан ғарбга, босиб олинган Сватовога суришдир. Урушни ўрганиш бўйича Америка институти бу ҳудудда Россия бироз илдамлаганини тасдиқлайди.
Лиман йўналишидаги фронтнинг ушбу қисми жанубида Украина мудофаа кучлари аллақачон муваффақиятга эришмоқда. Хусусан, улар Тернов ҳудудида ва Серебрянский ўрмон хўжалигида руслардан айрим позицияларни қайтариб олишди.
Украина қўмондонлиги, шунингдек, Россия бўлинмаларини Часив Яр шаҳридан ҳайдаб чиқаришганини хабар қилди. Бир неча ҳафта олдин улар шаҳарнинг шарқий чеккасига киришди.
"Украиналик ҳимоячилар Донецк вилояти Часив Яр шаҳридаги Канал микрорайонидан Россия кучларини сиқиб чиқарди. Ҳозир у ерда ҳеч қандай душман армияси йўқ", дейди «Укринформ» агентлигига «Хортица» қўшинлари гуруҳи спикери Назар Волошин.
Часив Яр чеккасидаги жанглар деярли тўрт ойдан бери давом этмоқда.
Северский ва Угледартизмалари

Сурат манбаси, UNIAN
Уруш зонаси харитасида сиз Украина Қуролли Кучлари томонидан ушлаб турилган ва русларга тўсқинлик қиладиган учта катта тўсиқни кўришингиз мумкин. Булар Торецк, Северск ва Угледар тизмаларидир. Баъзан уларни плацдармлар деб аташади, яъни айнан шу позициялардан Украина қўшинлари Россия назорати остидаги ҳудудга ҳужум операцияларини ўтказиши мумкин.
Россия қўшинлари 19 июнь куни Торецкк ҳужум бошлади ва ой охирига келиб Северск ва Угледарга ҳужумлар кучайди.
Россия армияси Северскка жанубдан ва шарқдан ҳужум қилишга уринмоқда, чунки шаҳар шимолдан сув тўсиғи - Северский Донец дарёси билан ҳимояланган. Жанубдан руслар Раздоловка қишлоғига кириб, Северскдан 10 км узоқликда жойлашган Виимкага яқинлашишга муваффақ бўлишди.
Угледар тизмаларида янада қийин вазият юзага келган. 2023 йил қишда бу шаҳарга қарши ҳужум рус қўшинлари учун муваффақиятсиз якунланди. Украина мудофааси душман танк колонналарини мағлуб этди.
Аммо ҳозир Россия армияси Угледардаги Украина позицияларини айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
Бу жорий йил апрель ойида Новомихайловка эгаллангандан кейин мумкин бўлди. Руслар Угледар-Константиновка трассасига яқинлаша бошладилар ва ҳозир ундан атиги 2 км узоқликда туришибди.
Логистика линиялари йўқотилиши Украина кучлари учун фронтнинг ушбу секторида ҳаётни мураккаблаштиради. Бундан ташқари, рус бўлинмалари Угледардан 5 км шимолда жойлашган Водяное қишлоғини эгаллаб олишга уринмоқда, унинг ёнида Южнодонбасская кони чиқиндихонаси жойлашган. Бу ҳудудда тепаликни назоратга олиш жуда муҳим бўлиши мумкин.
Агар рус қўшинлари ўз режасини амалга оширишга муваффақ бўлса ва Украина Қуролли Кучлари Угледар гарнизонини айланиб ўтса, у ерда позицияларни сақлаб туриш имконсиз бўлади.
Агар Украина кучлари Жанубий Донбассни тарк этса, Кремль учун муҳим бўлган Қримга элтувчи қуруқлик коридорини узиб қўйиш имконияти камаяди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














