Ўзбекистонга ‘хатар’ ортдими, энди фақат Россиянинг айтгани бўладими ёки Путин ниманинг режасида? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, kremlin.ru
Қўрқув ва хавотирлар кучаймоқда...
Бунақаси эса, шу пайтгача бўлмаган.
Бугун Ўзбекистон Россияга шунчалик керакми?
Ўзбекистонга-чи, Россия шу қадар муҳимми?
Воқеаларнинг сўнгги ривожи худди шу каби саволларни пайдо қилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон энди "хатар", "босим" ва "шантажлар"га юз тутиши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам оширди.
Ўзбекистоннинг Россияга "тобеъ"лиги, "қарам"лиги ортиб, мамлакат мустақиллиги "савол остида қолади", деган қўрқувларни кучайтирди...
Алоқадор мавзулар:
- Россия энди тўғридан-тўғри пўписа қилдими ёки Ўзбекистон, Марказий Осиё лидерлари нимани билишади?
- Янгиликлар: Ўзбекистон ва Марказий Осиё бугун Россия таҳдиди қаршисида нима қила олади?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди
Нима бўлди?

Сурат манбаси, Rasmiy
Ҳаммасига Россия Президентининг Ўзбекистонга қилган "тарихий" ташрифи сабаб бўлди.
Путин шу йилнинг 26-27 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган.
Ўзбекистон Россия президенти этиб қайта сайланиши ортидан Путин сафар қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.
Бошқа томондан, икки кунлик экани расман эълон қилинган ташриф учинчи кунига ҳам ўтгани ва ўзаро мулоқотлар Ўзбекистон президентининг уйига ҳам "кўчгани" маълум бўлган. Икковлоннинг саҳар учга қадар юзма-юз мулоқот қилишгани, кейин яна бирга нонушта қилишгани ҳам айтилган.
Путиннинг матбуот котиби буни "мутлақо ўзаро ишонч руҳидаги мулоқот" ва "ростмана дўстлик", деган таъриф билан изоҳлаган.
Минтақанинг бу яқин тарихида кўрилмаган бу каби тафсилотлар эса, Россия томони баҳосига таянилса, давлат ташрифини Путиннинг "сўнгги тўрт йил ичида дунёнинг бир хорижий мамлакатига амалга оширган энг узоғи"га айлантирган.
Агар, Путин матбуот котибининг сўзларига иқтибосан айтилса, Россия президентининг Ўзбекистонга шу пайтгача мисли кўрилмаган катта ҳайъат билан келганлиги ҳам унинг Ўзбекистонга сўнгги ташрифини яна бир бор "тарихий"лаштирган.
Томонлар худди шу ташриф доирасида минтақа тарихида бўлмаган келишувга ҳам эришишган, улар шу ёздаёқ Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланишини эълон қилишган.
Россиянинг атом электр станцияси каби геоиқтисодий лойиҳаси эса, айниқса, постсовет ҳудудида унинг геосиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутишига оид жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади, Украина уруши эса, бу каби қўрқувларни янада кучайтирган.
Худди шу манзарада янги лойиҳа тафсилотларининг кенг жамоатчиликка эълон қилинмагани ҳам кўпчилик ўзбекистонликлар орасида бу яқин йилларда кўрилмаган эътироз, танқид, қўрқув ва хавотирларга сабаб бўлган.
Ўзбекистонлик таниқли зиёлилар бунинг Ўзбекистон учун "сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик хатар" экани, "давлат мустақиллигини сўроқ остида қолдириши"ни ошкора айтишгача боришган, ўз ўрнида, улар ўзларининг "Ўзбекистондан бошқа захира ватанлари йўқ"лигини ҳам таъкидлашган.
Бошқалари эса, "ушбу АЭС келажакда кимларнингдир қўлида Ўзбекистонга босим ўтказиш ва шантаж воситасига айланиб қолиши"дан хавотирларини билдиришган.
Худди шу музокаралар чоғида томонларнинг кенг жамоатчилик орасида Ўзбекистоннинг Россияга "сиёсий қарамлигини кучайтириши"га оид жиддий хавотирларга сабаб бўлган ўтган йилги газ шартномасини кенгайтириш, яъни Россиядан Ўзбекистонга газ таъминотини бир неча баробар ошириш масаласи ҳам муҳокама қилингани маълум бўлган.
Путин ўзининг давлат ташрифи якунлари бўйича пойтахт Тошкентда берган матбуот анжумани чоғида Ўзбекистонни "Марказий Осиёдаги энг катта давлат", деб тилга олган.
Бунинг ўша пайтда ҳудуди жиҳатдан минтақанинг энг йирик давлати саналувчи Қозоғистонда муҳокамаларга сабаб бўлганига Ўзбекистондаги айрим йирик интернет нашрлари ҳам ўзларининг эътиборларини қаратишган.
Россия президентининг худди шу ташрифи манзарасида россиялик айрим етакчи экспертлар "Ўзбекистон аҳолиси туфайли Марказий Осиёда муҳим роль ўйнаши"ни таъкидлашган.
Хавотирлар қанчалик асосли?

Путиннинг давлат ташрифи Россия Украинага очган уруш кучайиб бораётган, россиялик шовинист сиёсатчилар Ўзбекистоннинг ҳам ҳудудий яхлитлиги ва миллий ўзлигини савол остига олишга ўтган бир манзарада амалга ошган.
Россия минтақа давлатларини Ғарб, Ғарб эса, Россия таҳдиди билан огоҳлантиришга зўр бераётган, расмий Москва Ғарбнинг таҳдиди изоҳида ўзининг минтақадаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш ҳаракатида бўлган, бу икковлонга илова минтақага қўшни Хитой ва аксарият давлатларига тилдошу диндош Туркия ҳам Марказий Осиё мамлакатлари суверенитетлари ва мустақилликларини қўллаб-қувватлашга оид баёнотларини кучайтираётган бир пайтга тўғри келган.
Ўзбекистон бўладими ёки Қозоғистон, шахсан етакчи Марказий Осиё давлатлари президентларининг ўзлари ҳам Украина уруши манзарасида минтақа тобора кучайиб бораётган глобал геосиёсий танглик оқибатларини ҳис қилаётгани, ўзларининг глобал қудратлар томонидан бугун ким томон эканликларини аниқлаб олиш борасида босим остида қолишаётганидан расман ва ошкора шикоят қилишга ўтишган.
Аммо, шундай деркан, улардан аксарияти глобал қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг "миллий манфаатларига содиқ" қолишларини баён қилишган, аммо ҳеч бир гал бу билан айнан нимани назарда тутаётганликлари тафсилотларига ойдинлик киритишмаган.
Аксарият Марказий Осиё давлатлари Украина масаласида расман "нейтрал" мавқеъни намоён этиб келишади, яъни Россия очган урушни ҳам ва худди шу уруш боис, Ғарб Россияга қўллаб келаётган жазо чораларини ҳам на-да ошкора ёқлашади ёки қоралашади.

Сурат манбаси, Getty Images
Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи, бошқа томондан, Украина уруши масаласида Женевада бўлиб ўтиши кутилаётган Тинчлик саммити арафасида амалга ошган.
Тинчлик саммити шу йилнинг 15-16 июнь кунларига режаланган, Украина президентининг "Тинчлик формуласи" ҳам муҳокама этилиши айтилаётган мазкур йиғинга ҳукуматлар ва президентлар даражасида дунёнинг 160 давлати вакиллари таклиф қилинган, уларнинг орасида Путин ва Россия делегацияси йўқ.
Шу боис, Кремль саммитни "маънисиз", деб атаган, Украина президенти эса, Россия ва Хитойни уни йўққа чиқаришга уринишда айблаган.
Ўзбекистон илова бирор бир Марказий Осиё давлати ҳозирча ўзининг саммитдаги иштирокини расман тасдиқламаган.
Шу йил апрель ойида Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Киев Тошкентни ҳам тинчлик саммитига таклиф қилишини маълум қилган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари шу кунларда "Немис тўлқини"га берган суҳбатида мазкур саммитга бормасликларини маълум қилган.
Эдил Байсалов бунинг сабабини айнан аввалбошдан нейтрал - Россия ва Украинага бирдек мавқеъда бўлиб келаётганликлари билан изоҳлаган.
Хабарларга кўра, қозоғистонлик расмийлар ўз вакилларининг Тинчлик саммитида иштирок этишлари эҳтимолини ҳозирча буткул истисно этишмаган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили мамлакатининг "мазкур саммитдаги иштироки халқаро тадбирлар жадвали ва Қозоғистоннинг бу борадаги расмий мавқеини инобатга олган ҳолда кўриб чиқилиши"ни маълум қилган.
Ойбек Смадияров ҳам ўзларининг Россия ва Украина билан "бирдек яқин" алоқаларни сақлаб келишаётганликларини таъкидлаган, аммо "ҳамиша барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, БМТ Низоми тамойилларига риоя қилиш позициясидан келиб чиқиб иш тутишлари"ни қўшимча қилган.
Яқинда Харьковда Марказий осиёлик журналистлар билан гаплашган Украина президенти эса, минтақа давлатлари мувозанатга риоя қилишмаётганини таъкидлаган.
Володимир Зеленский Марказий Осиё етакчилари "ҳозирги Кремлдан қўрққани сабабли" Россия томон оғишаётганини иддао қилган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (расман 36 миллиондан ортувчи - таҳр.), иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган ва ҳозир ҳам энг кўп пахта етиштирувчи давлати бўлади.
Россия эса, Қозоғистон ва Тожикистон билан бирга Ўзбекистоннинг учта иттифоқчисидан энг биринчиси ва энг йириги саналади.
Қолган барча минтақа давлатлари мисолида бўлгани каби Россия, йилларки, Ўзбекистоннинг ҳам энг муҳим ва анъанавий стратегик шериги, савдо-иқтисодий, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори ва инвесторларидан бири сифатида кўрилади.
Катта сондаги ўзбекистонликлар учун ҳозир ҳам энг йирик меҳнат бозори.
Шу йилнинг март ойида Москванинг Крокусида юз берган қонли ҳужум ортидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳам Россияга шу пайтгача кўрилмаган бир миқёсда киритилмаётганига оид хабарлар олинган, уларнинг ёппасига ортга қайтиши эҳтимоли эса, Ўзбекистонда президент даражасида аҳамиятга молик масалага айланган.
Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи худди шу каби қўрқув ва хавотирлар Ўзбекистонда ҳали аримаган бир пайтга тўғри келган.
Россияга ташқи меҳнат миграцияси ва мигрантлар муаммоси пойтахт Тошкентда икки давлат президентлари ўртасида "нозик" ва "муҳим" масала сифатида муҳокама этилгани айтилган.
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, Ўзбекистон ҳукумати учун эҳтимолий ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган муҳим амалий ва имконли восита вазифасини бажариб келган ва келади.
Ўзбекистонда бугун ҳам нисбатан долзарб экани кўрилувчи ишсизлик ва камбағаллик муаммосининг самарали ечимларидан бири бўлади.
Якунида Путин Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларни муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлашга ваъда берди, унинг ваъдаси бир зумда Ўзбекистон ва минтақадаги йирик нашрларнинг диққат-эътиборларига тушди, сарлавҳаларига ҳам чиқди.
Аммо бу хусусда томонларнинг қай бир шартлар ёки таклифлар асосида бир тўхтамга келишгани тафсилотлари ноаён қолди.
Худди шу манзарада Путиннинг ўзбекистонлик мигрантларга оид пойтахт Тошкентнинг ўзида расмий ва ошкора янграган ваъдасини Ўзбекистонда қуришга келишилган АЭС лойиҳасига боғлаганлар ҳам бўлди.
Россияга ташқи меҳнат миграциясининг аҳамиятини назарда тутаркан, аксарият минтақавий таҳлилчилар буни Ўзбекистон илова кўпчилик Марказий Осиё давлатларига босимини ўтказишда Кремль қўлидаги энг самарали воситалардан бири сифатида кўриб келишади.
Аммо, бошқа томондан, айнан Путиннинг давлат ташрифи ортидан Ўзбекистон томони алоҳида урғулаган рақамларга таянилса, ҳозирга келиб Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони бор-йўғи бир миллионга тушиб қолган.
Шундай экан, бугун Ўзбекистон Россияга шунчалик керакми? Ўзбекистонга-чи, Россия шу қадар муҳимми?
Би-би-си Ўзбек хизмати воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида худди шундай саволлар билан қатор экспертларга мурожаат қилди:

Алишер Илҳомов
Сиёсий таҳлилчи, Лондон
Алишер Илҳомов: Путин Ўзбекистон ва Мирзиёев билан алоқаларни устиворлаштириш орқали бир неча вазифани ҳал қилмоқда.
Биринчиси - анчайин глобал контекстдаги вазифа. Ўзбекистон бошқа Марказий Осиё давлатлари каби глобал жанубнинг бир қисми ҳисобланади. Айниқса, ҳозир, Швейцариядаги Тинчлик саммити арафасида Россия бу жабҳада ўзининг тарғибот ишларига зўр берган. Бу билан, биринчидан, глобал жануб вакилларининг саммитга қатнашишларига йўл қўймоқчи эмас ёки уларнинг иштирокини камайтирмоқчи. Саммитни мутлақ Ғарбники, деб кўрсатиб, унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини пасайтирмоқчи. Ўзбекистон эса, Россия шу тариқа йўл тутмоқчи бўлаётган давлатлардан биттаси. Чунки, юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон қолган минтақа давлатлари каби глобал жанубнинг бир қисми бўлади. Ҳам ўзининг иқтисодий мавқеи ва ҳам алоқалари нуқтаи назаридан. Сизга яхши маълумки, Ўзбекистон Ҳиндистон билан яқин алоқаларга эга. Яқинда Покистон билан ҳам шундай муносабатларни ўрнатди. Бунгача Ислом дунёси мамлакатлари билан ҳам ҳамкорликка борган. Шу боис ҳам, бир томондан, Ўзбекистон ўзининг бу саммитга қатнашмаслиги ва шу йўналишда иш олиб бориб, бошқа давлатларни ҳам шундай қилишга ундайди, деган умид. Шунга ўхшаш вазифа.
Иккинчи вазифа, Ўзбекистоннинг ҳозиргача Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо эмаслиги билан боғлиқ. Бу каби ҳолатда Россияда босим ўтказиш воситаси, ташқи сиёсатни манипуляция қилиш имкони кам бўлади. Ўзбекистон эса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти баробарида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига ҳам кирмайди. Шунинг учун ҳам, барча имконли бўлган воситаларни ишга солиб, ҳеч бўлмаганда, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши учун Ўзбекистонга босим қилиш вазифаси бўлиши мумкин. Шунинг учун, улар ҳозир минтақаларни ҳам тортишмоқда. Бу нисбатан янгича воқеълик. Чунки ўз минтақалари раҳбарларини бу қадар ёппасига жалб этилиши шу пайтгача бўлмаган. Яъни, нафақат Олий раҳбарият даражасида иш олиб борилмоқда, балки-да, босим кўлами, миқёси ҳам кенгайтирилмоқда. Бу иш ҳамкорликдаги қандайдир иқтисодий лойиҳалар ёки шунга ўхшаш нарсаларга қизиқтириб кўриш йўли билан амалга оширилаётир.
Яна Украина уруши билан боғлиқ мутлақ амалий вазифалар ҳам бор:
Биринчидан, Украинанинг дрон ҳужумлари натижасида Россиядаги қатор нефтни қайта ишлаш корхоналари ишдан чиққан. Россия ҳозир, таъбир жоиз, ўзлари дўстона муносабатда бўлган давлатлардан бензин, дизель ёқилғиси импортини оширишга қаратилган дипломатиясини кучайтирган. Биринчи навбатда Беларусь бўлса, кейин Қозоғистон ва энди Ўзбекистон ҳам бу бўғинга қўшилмоқда. Чунки Бухорода ҳам нефтни қайта ишлайдиган корхона бор. Яқинда, постсовет даврида қурилган. Бундан бир неча йил аввал чиққан маълумотларга таянилса, корхонага юк унча катта эмас. Россияда бензин ва дизель ёқилғисига бўлган кучайиб бораётган етишмовчилик ўрнини тўлдириш учун Ўзбекистондаги шунга ўхшаш ресурсларни ҳам ишга солишга уриниб кўрилиши мумкин. Чунки бу каби тақчиллик Россиянинг соя иқтисодига салбий таъсир қилиш баробарида жанг жабҳасидаги Россия ҳарбийларининг таъминоти ишларини ҳам қийинлаштиради.
Ва ниҳоят энг сўнгги вазифага келсак, ҳозир Украина уруши ресурслар уруши, деб ҳам кўрилиши мумкин. Бир томондан Россия, бошқа тарафдан эса, Ғарб дастаклаётган Украина турибди. Яъни, ҳарбий-саноат комплекслари ўртасида рақобат кетмоқда. Сўз томонларнинг етарли миқдорда ўқ-дори ишлаб чиқаришга қанчалик қодир эканликлари ҳақида бормоқда. Ўқ-дори ишлаб чиқаришда эса, пахтага ўхшаш хом-ашё ҳам муҳим. Шу боис, Россия ҳарбий-саноат соҳасини кейинчалик порох олинувчи пахта билан таъминлаш масаласига келганда, Ўзбекистоннинг аҳамияти кескин ортади. Ғарб эса, ўқ-дорилар ва хусусан, порох ишлаб чиқариш ҳажми бўйича анча орқада. Менимча, Путиннинг олдида мана шундай вазифалар турибди.
Савол: Ўзбекистонга-чи, Россия бугун қанчалик керак?
Алишер Илҳoмов: Бу, биринчи навбатда, мигрантлардан келаётган даромад билан боғлиқ узоқ йиллик ришталар. Уруш бошланганидан кейин Россия иқтисоди пастга қулаб, мигрантларга эҳтиёж камайиши кутилганди. Аммо аксинча бўлди. Дастлабки башоратлар ўзини оқламади. Мигрантларга талаб кучайди, ишчи кучига харажат ҳам ортди. Чунки Россия бюджетининг катта қисмини ҳарбий саноатга йўналтиришга киришди. Бу эса, нафақат ҳарбий саноат соҳасида, балки-да, унга тегишли бошқа тармоқларда ҳам талаблар занжирини пайдо қилади. Шунинг учун ҳам, меҳнат миграциясига бўлган талаб сақланиб қолаверади. Россия яна ўзининг ишчи кучини ҳам йўқотаяпти. Бир қисми мамлакатни тарк этаётган бўлса, бошқаси Украинада, жанг жабҳасида ҳалок бўлаяпти. Ўзбекистон эса, мигрантларни иш билан таъминлаш учун ҳали ҳам иқтисодини мустаҳкамлай олмаяпти. Шунинг учун ҳам бу Ўзбекистон учун икки томонлама фойдадек бўлаяпти. Биринчидан, бу Ўзбекистон иқтисодига келаётган пуллар бўлса, иккинчидан, мамлакатдаги ижтимоий танглик юмшаяпти. Чунки ишсизларнинг сони кўп бўлса, бу бутун тизимга катта босим ташлайди. Сўнгги пайтларда яна битта таъсир воситаси пайдо бўлди. Бу Ўзбекистондаги энергия, айниқса, газ секторидаги коллапс билан боғлиқ. Ўзбекистон, умуман, ҳайратланарли даражада газ экспорт қилувчи давлатдан импорт қилувчига айланиб қолди. Вазиятдан чиқиб кетиш учун эса, энди Россия гази қўл келади. Томонлар яқинда газ шартномасини ҳам имзолашди. Путиннинг Ўзбекистонга сўнгги давлат ташрифи манзарасида тарафлар Россиядан газ таъминоти бир неча баравар оширилиши ҳақида ҳам гапиришди. Ўзбекистоннинг ўз энергия соҳаси эса, кўп жиҳатдан Россиянинг айнан парда ортидаги ҳаракатлари туфайли коллапсга юз тутди. Булар иккита асосий таъсир воситалари бўлади. Кейин яна, албатта, Россия бозорларига Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини ошириш имконияти ҳам мавжуд. Ғарб Россия бозоридан чиқиб кетаётган бир манзарада бу ҳам Ўзбекистон учун аҳамиятга эга. Энг сўнггиси эса, Россиянинг турли таъсир воситаларидан фойдаланиб, махсус хизматлар йўналишидаги аралашувига ҳам йўл қўймаслик. Сўнгги пайтларда негадир Тожикистон Россия томонидан ана шундай босимга учраяпти. Бу Тожикистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирса-да, тожикистонлик мигрантларга нисбатан муносабат ўзбекистонликларга қараганда ҳам ёмонроқ эканида кўринади.
Савол: Ўзбекистон ўз мустақиллиги, суверенитети билан таваккал қилаяптими?
Алишер Илҳомов: Қаранг, Россия яна Ўзбекистоннинг иккита муҳим сармоячисидан биттаси бўлади. Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳам Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Бу омил ҳам бор. Шунга ўхшаш Россия ихтиёридаги таъсир воситаларининг кўлами, умуман олганда, Ўзбекистоннинг суверенитетини жуда чеклайди. У ёки бу қадамини кўпинча Россия ёки Кремлнинг қош-қовоғига қараб, анчайин эҳтиёткорлик билан қўйишига тўғри келади. Шунинг учун ҳам, бу борада, умуман олганда, яна бир жиддий муаммо бор. Яъни, Ўзбекистон ҳукумати мустақил қарор қабул қилиш ва ўзининг кўпқутбли ташқи сиёсат йўналишини давом эттиришга қодир бўладими?.. Россия эски ва янги таъсир воситаларидан фойдаланиб, ўзининг босимини кучайтиргани боис, сўнгги пайтларда бу борада ташвиш ва хавотирлар кучайган. Бунинг қанчалик тўғри эканини энди Ўзбекистоннинг Швейцариядаги Тинчлик саммитида иштирок этиши-этмаслиги кўрсатади. Зеленский ўзининг сўнгги суҳбатида барча Марказий Осиё давлатларига таклиф юборилганини айтди. Агар, саммитда қатнашишмаса, бу уларнинг мустақил қарор қабул қилишга қодир эмасликлари, Кремлнинг буйруғи асосида иш юритишларига далолат қилади.

Фарҳод Толипов
Сиёсатшунос, Ўзбекистон
Фарҳод Тoлипов: Россия ҳозир бутун дунёда Украинада бўлаётган уруш туфайли анча ёлғизланиб ва бегоналашиб қолган. Дунёда, айниқса, мана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасида Украина масаласи бўйича овоз беришнинг ўзи ҳам, ўша резолюциянинг қабул қилинишида, кўрсатдики, Россиянинг ростдан ҳам иттифоқдошлари, дўстлари деярли қолмаган ва бармоқлар билан санаб чиқса бўладиган оз сондаги, яъни бир нечта унинг тарафини олган давлатлар қолган, холос. Шунинг учун ҳам, Россия ҳозир қўлдан келганча дунёга ҳам, қўшниларига ҳам кўрсатишга ҳаракат қилаяптики, у ёлғиз эмас, унинг жаҳонда дўстлари, тарафдорлари ва иттифоқдошлари бор. Мана, биринчиси Хитой бўлса, яна қолганлари собиқ Совет маконида жойлашган, деб. Чунки узоқроқ ўлкаларда дўст қидириш умиди қолмади. Фақатгина шу ўзининг атрофида бўлган Беларусга ўхшаган иттифоқдошларидан бошқа умиди қолмаганлиги учун ҳам ҳар қанақа шу яхши муносабатни ўрнатиш Россия учун ҳаёт-мамотдек муҳим. Яъни, Ўзбекистон бўладими, бошқаси бўладими... Шу нуқтаи назардан ҳозир, менимча, ёндашиш керак. Аслида ўзи Россия доим Ўзбекистоннинг ташқи савдосида доим ё биринчи, ё иккинчи ўринни Хитой билан алмашиб, алмашиб эгаллаб турган эди. Шунинг учун, Ўзбекистон Россия учун шундоқ ҳам доим муҳим шерик бўлиб келган. Гап ҳозир бунда ҳам эмас, айнан мана шу Украинада бўлаётган уруш контекстида ҳамма нарсани таҳлил қилишимиз керак, деб ўйлайман ва мана шу нуқтаи назардан, Россия учун ҳар қанақа йўллар билан шу эски дўстларини ҳам йўқотмаслик ва ришталарини сақлаб қолиш ҳаёт-мамот бўлиб қолаяпти. Лекин фақатгина бундай эмас. Россия учун, албатта, дунёда ҳам ўзининг нуфузини йўқотаётган, иқтисодий салоҳиятини йўқотаётган давлат учун бизнес нуқтаи назаридан, иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан ҳам бундай алоқалар, Ўзбекистондек давлат билан бўлган алоқалар жуда катта аҳамият касб этади. Хусусан, мана, ўзингиз эслатдингиз, сафар чоғида жуда катта лойиҳага асос солинди, туртки берилди. У ҳам бўлса, Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш бўлиб, мана шундай катта даромадли десак ҳам бўлади ва ўзига боғловчи, Россияга боғловчи лойиҳа бўлиб қолди. Албатта, бу Россия учун жудаям манфаатли лойиҳа бўлди. Қисқача мана шундай таъриф берган бўлардим Ўзбекистон нечоғлик Россия учун муҳим эканига.
Савол: Ўзбекистон учун-чи, айнан бугун Россия нега муҳим?
Фарҳод Тoлипов: Менинг ўйлашимча, Украина контекстида бўладими ёки йўқми, аслида доим, юқорида ҳам айтганимдек, Россия Ўзбекистон учун жуда муҳим ташқи савдо шерик ҳисобланади, биринчи ёки иккинчи ўринда турган. Ва, албатта, уруш контекстидан қатъиназар, ҳар қанақа савдо алоқаларини ошириш, кенгайтириш, иқтисодга инвестицияларни жалб қилиш, барибир, манфаатли, албатта. Хусусан, мана шу ташриф чоғида, худдики келишиб олингандек, иккита томон ҳам бундан буён энди меҳнат муҳожирларимиз масалалари яхши, пухта кўриб чиқилади ва Россия тарафи Ўзбекистондан борган мигрантлар шароитлари яхшиланади, деб ваъда бергандек бўлди. Бунга, албатта, ишониш қийин. Чунки фақатгина битта президентнинг хоҳиш-истагига боғлиқ бўлмаган масала бу. Лекин, қандай бўлмасин, шундай ваъда ҳам берилди. Бу жуда муҳим муаммо. Биламиз, мана, 3-4 миллион Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожирларининг шароитлари, албатта, жуда яхши эмас шу пайтгача. Ва, умуман, уларнинг мана шу шароитларини яхшилаш учун ваъда берди. Мана шу орқали ҳам биз Россиядан, албатта, кўп ижобий силжишларни, ўзгаришларни кутишимиз мумкин. Лекин бунинг ўзига яраша зиддиятли томонлари ҳам бор. Масалан, бизга атом электр станциясини қуриб берса ҳам, Ўзбекистонда ҳозир олимлар бўлсин, физиклар, экологлар ёки, умуман, жамоатчилик - унинг қурилишига қарши турган қатлам жуда катта. Шунинг учун ҳам бизга мана шундай лойиҳалар бўйича шаффофлик керак, деб ўйлайман. Доим қанақадир катта контрактлар бўлса, мана, газ контрактлари ҳам анча-мунча сирли, махфий бўлиб сақланиб келаяпти. Жамоатчилик фикрида ҳозир бу контрактлар, бу шартномаларнинг шарт-шароитлари қандайлиги бўйича халқимиз учун, албатта, очиқлик, шаффофлик бўлиши керак, деган ёндашув жудаям кенг тарқаляпти. Шунинг учун ҳам, ҳалиги айтганимдек, қанчалик кўп пакет шартномалар имзоланди демайлик, ўзига яраша шубҳалар туғилаверади, қаршилик ҳам бўлаверади, уларни танқид қиладиган қатламлар ҳам, одамлар ҳам кўпаяверади.
Савол: "Россияга боғловчи" худди ана шу "зиддиятли" АЭС қурилиши лойиҳаси Ўзбекистондаги зиёли қатлам орасида мамлакат мустақиллиги ва суверенитети тақдиридан жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилгани кўрилди. Сизнингча, бу каби хавотирларда қанчалик жон бор?
Фарҳод Тoлипов: Ҳали юқоримда айтган фикрларимда шу фикр ҳам яширинган, мавжуд. Яъни, ҳа, токи, шаффофлик йўқ экан, бу шартномалар шартларини ҳеч ким ўқимагани, билмагани туфайли турлича шубҳалар ҳам, танқид ҳам кўпаяверади, деганимда сиз айтган маъно ҳам мавжуд. Яъни, бу қанчалик адолатли шартномалар, адолатли келишувлар, ҳамкорлик бўлаяпти, деб ҳам, барибир, шубҳаланишимиз ҳам мумкин ва ҳоказо. Ҳозир жамоатчилик онгида жуда ҳам кенг тарқалган тасаввур бўлаяпти, худдики, Ўзбекистон Россияга жуда ҳам боғлиқ бўлиб, тобеъ бўлиб қолгандек. Мана шунақа фикрлар кўп жаранглаяпти. Шунинг учун ҳам, бу шубҳаларни йўққа чиқариш, нотўғри эканлигини исботлаш учун, Ўзбекистон том маънода мустақил, деб кўрсатиш учун мамлакат раҳбарияти, албатта, шунга яраша чоралар кўриб, исботлари билан жамоатчиликка кўрсата билиши керак, бу шартномалар, бу алоқаларнинг ҳаммаси ўзаро манфаатли, Ўзбекистон қарамликка ёки тобеъликка тушиб қолмаган, дегандек, мана шундай сиёсатни очиқ қилиб, албатта халқимизга кўрсата билиши керак. Токи шаффофлик йўқ экан ёки токи, мусобақа бўлиб, ҳалиги тендерга ўхшаган жараён, дейлик, ҳеч бўлмаганда, атом электр станцияси масаласида бўлмаган экан, демак, шубҳалар ҳам пайдо бўлаверади ва бундай шубҳалар, албатта, ўзимда ҳам мавжуд.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













