Дунёни илк бор велосипедда кезган одам нималарни кўрган? У Марказий Осиёга ҳам келганми?

Сурат манбаси, Corbis/Getty Images
Жюл Верннинг машҳур "Дунё бўйлаб 80 кун" романи нашр этилганидан ўн йил ўтгач, бир инглиз сайёҳи дунё бўйлаб саёҳатга чиқди.
Бироқ Жюл Верннинг китобидаги поезд ва кемада саёҳат қилган қаҳрамондан фарқли ўлароқ, Томас Стивенс велосипедда йўлга чиқди.
Унинг саёҳати 1884 йилда бошланиб, икки йилдан ортиқ давом этди. Уйга қайтгач, у "Велосипедда дунё бўйлаб" номли китоб ёзди.
Жаҳон миқёсида катта эътибор қозонган ушбу китобда у Шимолий Америка қитъаси, Европа ва Осиё бўйлаб босиб ўтган йўлида кўрганларини батафсил тасвирлаб берган.
Биринчи манзил – Шимолий Америка
Англияда туғилган Стивенс 1871 йилда 17 ёшида АҚШга кўчиб борган.
У спортчи эмас эди, лекин ўша пайтда зодагонлар эрмаги ҳисобланган велосипед спортига жуда қизиқарди.
Америкалик ёзувчи ва кинорежиссёр Роберт Исенбергнинг айтишича, Стивенсни бу қадар машҳур қилган нарса шундаки, "у оддий одам эди, ишни шунчаки давом эттириш ва битказиш учун етарлича ғайратли эди."
Дастлаб Стивенс беш ойда Шимолий Америка қитъасини Сан-Франсискодан Бостонгача велосипедда босиб ўтди.
Ушбу саёҳатдан сўнг, машҳур велосипед журнали Стивенсга ҳомийлик таклиф қилди ва у дунё бўйлаб саёҳатини давом эттиришга қарор қилди.
У 1884 йил апрелида Чикагодан Англияга сузиб кетди. Континентал Европага ўтгач, у Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва Япония бўйлаб велосипедда саёҳат қилди.
Стивенснинг велосипеди ҳозиргидан анча фарқ қиларди. Бу олд ғилдираги жуда катта ва орқа ғилдираги анча кичик бўлган "Пенни-фартинг" деб аталадиган оғир модел эди.
Айтишларича, у фақат ички кийим, тўппонча, чодир вазифасини ҳам ўтайдиган ёмғирпўш ва қўшимча ғилдирак каби нарсаларни олиб юрган.

Сурат манбаси, Prisma/UIG/Getty Images
Истанбулдаги учрашувлар
Стивенс 1885 йил ёзида Истанбулга етиб боради. Рамазон ойи шаҳарнинг тарихий қисми бўлган Галатадаги меҳмонхонада қўноқ бўлди.
У Истанбулни дунёдаги "энг космополит шаҳарлардан бири" деб таърифлаб, унинг аҳолиси, кўчалари ва модаси хилма-хиллигини таъкидлайди. Ён кўчаларни фақат қаҳвахоналар ёритиб турар, одамлар қўлларида чироқлар билан юрарди, дея тасвирлайди у шаҳардаги ёрқин тунги манзараларни.
Шунингдек, у аёллар трамвай ва паромлардаги махсус бўлмаларда юзларини очиб, тамаки чекишлари ҳақида ҳам ёзган.
Стивенс шаҳарда ўзи тузган қўлланма бўйича сайр қилди:
"Йўлбошловчи билан Истанбул бўйлаб тушдан кейин қадимий ёдгорликлар музейи, Ая София масжиди, либослар музейи, Минг бир устун, Султон Маҳмуд мақбараси, дунёга машҳур Катта бозор, Кабутар масжиди, Галата минораси ва Султон Сулаймон I мақбарасини зиёрат қилдим."
Унинг асарида сўфийларнинг рақс маросимлари, шаҳарнинг бадавлат оилалари турар-жойлари ҳақида ҳам сўз боради. У Рамазон сафари чоғида Усмонли империяси меъморчилигидан, масжид миноралари орасига осилган байрам чироқларидан ҳайратини яширмайди.

Сурат манбаси, Abdullah Freres/Buyenlarge/Getty Images
Йўлда Стивенс ўша пайтдаги султон Абдулҳамид II полкига ҳам дуч келди – бугунги кунда Абдулҳамид II Туркия тарихидаги энг зиддиятли шахслардан бири ҳисобланади.
"Султоннинг юзини кўрдим, лекин бу бир лаҳзалик кўриниш эди, холос."
Туркиянинг етакчи саноат ҳудудларидан бири бўлган Измит кўрфазида у "оқ рангга бўялган қишлоқлар қош қорайганда гўзал манзара ҳосил қилади" деб ёзади.
Марказий Онадўли вилояти йўлларида у кўчманчи курдлар қароргоҳига дуч келди. У ердаги одамлар ўзининг саховати билан уни ҳайратга солди.
У ўзини кутиб олган курд жамоаси оқсоқолини "чилим чекадиган виқорли шайх" деб таърифлайди. У ўзига берилган таомлар ҳақида ҳам ёзиб, сўрамаса ҳам унга жой қилиб берганларини қайд этади.
Туркиядаги одамларнинг хилма-хиллиги ҳақидаги фикрларини давом эттириб, Стивенс бир арман руҳонийси унга Инжил совға қилганини ҳам эслайди.

Сурат манбаси, ullstein bild via Getty Images
Шарққа саёҳат
Эронда Стивенс бир муддат Теҳронда шоҳ Носириддиннинг меҳмони бўлди.
Теҳрон чеккасида у зардуштийларнинг "Сукунат миноралари"ни томоша қилиш учун тўхтади – бу қадимий жойда майитларни калхатлар еб кетиши учун қолдиришган, чунки уларни кўмиш тупроқни булғайди, деб ишонишган.
Унинг таъкидлашича, Зардўштнинг гулханлари аллақачон ўчган ва миноралар бу қадимий диннинг қолдиғи сифатида сақланиб қолган, бу ерларда бир вақтлар абадий оловлар "кеча-кундуз ёниб турарди."

Сурат манбаси, EDUCATION IMAGES/ GETTY IMAGES
Эрондан сўнг Стивенс Афғонистонга йўл олади. Бироқ, у мамлакатга кира олмайди ва Каспий денгизини кемада кесиб ўтиб, ҳозирги Озарбайжон пойтахти Бокуга, у ердан эса поездда ҳозирги Грузиянинг Батуми шаҳрига боради.
Сўнг кемада Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрига йўл олади.
Ҳиндистонда у Тож Маҳал ёдгорлигини юксак баҳолайди. Иссиқдан шикоят қилса-да, бу ердаги манзара ва ранглар унинг саёҳатидаги энг ёқимли таассуротлар эканлигини таъкидлайди. У ердан Ҳонконгга, кейин эса Хитойга йўл олади. Унинг сафарининг сўнгги манзили Япониядаги Йокогама шаҳри бўлади.
У ерда Стивенс "хулқ-атвори нозик" ва "қувноқ" қишлоқ аҳли билан учрашган. У шундай деб ёзади: "Улар бошқа ҳар қандай миллатга қараганда қандай бахтли яшаш йўлини топишга яқинроқ". У болаларнинг билимга иштиёқидан ҳайратланади.
Стивенс 1886 йилда жами икки йилу саккиз ой давом этган саёҳатини шу ерда якунлайди.
Ўз ҳисоб-китобларига кўра, у 22 000 км масофани велосипедда босиб ўтиб, велосипедда дунё бўйлаб саёҳатни якунлаган биринчи инсон бўлди. У дастлаб ўзининг саёҳат қайдларини журналда серия кўринишида, кейин эса 1887 йилда китоб шаклида нашр эттирди.
"Ориентализм таъсири" ва танқид
Стивенс ўзи дуч келган жамоаларни ҳайрат билан тасвирлаган бўлса-да, ўша давр қолипларидан тўла чиқа олмаган. У кўпинча учраган одамларни "ярим маданиятли", "ифлос" ва "жоҳил" деб таърифлайди.
Ҳатто у Туркиянинг Сивас шаҳрида бўлганида шундай ёзган: "Ўртача арман қишлоғи аҳолисининг онги чуқур ва қуюқ жаҳолат ва ахлоқий тушкунликдан иборат."
Стивенснинг Туркияга саёҳатларини ўрганган турк ёзувчиси Айдан Челикнинг фикрича, у – ўша даврнинг кўплаб сайёҳлари сингари – "ориенталистик", яъни Шарқдаги маданиятлар ва одамларга стереотипли нуқтаи назардан қараган.
Бироқ, ёзувчи Роберт Исенбергнинг таъкидлашича, Стивенснинг қараши саёҳат давомида ўзгара бошлаган: "У қатъий маданий нуқтаи назардан гапиради. Унинг қўлида викторианча ўлчов "асбоби" бор эди, – дейди жаноб Исенберг. – Аммо у Тож Маҳалга етиб боргач ва ундан чиндан ҳам ҳайратга тушгач, архитектура ва санъатдан шунчалик таъсирланадики, уни ҳеч нарса билан таққосламайди. У фақат шунга маҳлиё бўлади".

Сурат манбаси, Around the World on a Bicycle
Велосипедда дунё бўйлаб саёҳат қилган биринчи инсон сифатида Стивенснинг ҳикоялари Англия ва АҚШда жуда машҳур эди. Олимлар фикрича, унинг ҳикоялари ўша пайтда кўплаб америкаликларнинг дунёнинг қолган қисми ҳақидаги тасаввурини шакллантирган.
Стивенснинг ҳаёти ёш америкалик сайёҳлар Уильям Сахтлебен ва Томас Алленни илҳомлантирди, улар ҳам Истанбулга велосипедда саёҳат қилишди.
Булардан ташқари, жаноб Челикнинг фикрича, Стивенснинг энг муҳим мероси унинг "велосипед инқилоби" – икки ғилдиракли саёҳатни оммалаштиришга қўшган улкан ҳиссасидир.












