Янгиликлар: Ўзбекистон ва Марказий Осиё бугун Россия таҳдиди қаршисида нима қила олади? Podkast O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Putin

Сурат манбаси, kremlin.ru

Ўқилиш вақти: 21 дақ

Россия нимани кўзлаяпти? Янги саволлар ўртага чиқмоқда...

Алоқадор мавзулар:

Rossiya va Markaziy Osiyo prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Украина уруши фонида Марказий Осиё атрофида геосиёсий тангликнинг қанчалик кучайиб бораётгани четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, бугун халқаро аҳамиятга молик воқеъликка айланган.

Янги саволлар

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Марказий Осиё икки йирик давлати президентларининг сўнгги кунлардаги устма-уст баёнотлари янги саволларни пайдо қилди.

Яна минтақага ташқи таҳдиднинг кучаяётганига оид баҳо, талқин ва таҳлилларга замин яратди.

Сўнгги бир неча куннинг ўзида Тоқаевнинг Ўзбекистонга қилгани бўладими, Мирзиёевнинг Тожикистонга ёки Жапаровнинг Қозоғистонга - Марказий Осиё давлатлари президентлари ўзаро ташрифларининг қанчалик фаоллашгани ҳам бу каби фикру мулоҳазаларни янада кучайтиришга хизмат қилди.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг "муҳим минтақа"га ташрифи чоғида Марказий Осиё давлатларининг "қийинчилик билан қўлга киритган суверенитетлари"ни қўллаб-қувватлашга оид янги чораларини эълон қилишига оид расмий хабарлар Россия таҳдиди кучайяптими, деган саволларнинг яна бир бор кун тартибига чиқишига сабаб бўлди.

Ташқи ишлар вазирининг сафари арафасида британ ҳукуматининг минтақа давлатлари суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида келаси уч йил учун £50 миллион фунт стерлинг ажратиш ниятида экани маълум бўлди.

Нима бўлди?

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президенти 3 апрель кунги чиқишида "дунёдаги мураккаб вазият, Яқин Шарқ ва Ўзбекистоннинг "асосий ҳамкорлари" ўртасидаги можаронинг, айниқса, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига таъсирига ўзининг эътиборини қаратди.

Аввалига Шавкат Мирзиёев 22 март куни Россияда юз берган "мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётгани"дан огоҳлантирди.

Ўзбекистон президенти 3 апрель кунги чиқишида "дунёдаги мураккаб вазият, Яқин Шарқ ва Ўзбекистоннинг "асосий ҳамкорлари" ўртасидаги можаронинг, айниқса, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига таъсирига ўзининг эътиборини қаратди.

Шавкат Мирзиёев бунинг "салбий таъсирини камайтириш - муҳим вазифа ҳисобланиши"ни алоҳида қайд этди.

140 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган ва масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олган, Америка томони эса, ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қанотига нисбат берган Москвадаги қонли ҳужум билан алоқадорликда қўлга олинган ўндан ортиқ шахснинг барчаси Марказий осиёлик меҳнат муҳожири бўлиб чиқди. Улардан аксариятининг Тожикистон фуқаролари эканликлари кўрилди, ораларида яна бир қирғизистонликнинг ҳам борлиги айтилди.

Xarita
Сурат тагсўзи, Марказий Осиё Россия, Хитой ва АҚШ геосиёсий рақобатда бўлган, учовлон ўз таъсирини кучайтириш ва манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган ҳудуд.

Геосиёсий жойлашуви муҳим, йирик табиий энергия захиралари ва турли қимматбаҳо маъданларга бой, аммо аксариятининг тузумлари қисман ёки тўлиқ авторитарликда танқид қилинувчи, коррупция улар қаршисида турган энг жиддий муаммолардан бири сифатида кўрилувчи минтақа давлатлари ичидан айнан Тожикистон ва Қирғизистон энг камбағаллари сирасига киритилади.

Икки ўртада виза тизими амал қилмайдиган Россия, йилларки, уч минтақа давлати - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун дунёдаги энг йирик меҳнат бозори вазифасини бажариб келади.

Россияда меҳнат қилаётган Марказий осиёликлар сони миллионларга етади, улардан кўпчилиги, айнан минтақада аҳолиси энг каттаси эмасми, (36 миллиондан ортувчи - таҳр.) ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келади.

Россия, бундан ташқари, уларнинг энг йирик иккита савдо-иқтисодий шеригидан биттаси, энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори.

Айнан Россияда меҳнат қилаётган фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағ ишсизлик ва камбағаллик ҳануз анчайин оғир муаммолигича қолаётган бу уч минтақа давлати иқтисодида муҳим ўрин тутади, улар Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмининг салмоқли қисмини ташкил қилади ва ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб, уларнинг иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаб келаётган энг муҳим воситалардан бири бўлади.

Migrantlar
Сурат тагсўзи, Жорий пайтда айнан Россия меҳнатга лаёқатли аҳолиси малакасининг қанчалик замон талабларига мос экани бўладими ёки икки ўртада амалда бўлган қатъий виза тартиблари - турфа объектив ва субъектив омиллар боис, ўзининг ташқи меҳнат бозорларини ҳали тўлиғича турфалаштиришга улгурмаган мазкур мамлакатлар учун худди шуниси билан ҳам беқиёс ўрин тутади.

Ташқи меҳнат миграцияси, шу боис, ишсизлик бўладими ёки камбағаллик - кўпчилик Марказий Осиё давлатлари учун улар ҳали-ҳануз тўқнаш келиб турган энг долзарб ижтимоий, иқтисодий муаммоларнинг энг имконли, энг самарали ва энг амалий ечими вазифасини бажариб келади.

Жорий пайтда айнан Россия меҳнатга лаёқатли аҳолиси малакасининг қанчалик замон талабларига мос экани бўладими ёки икки ўртада амалда бўлган қатъий виза тартиблари - турфа объектив ва субъектив омиллар боис, ўзининг ташқи меҳнат бозорларини ҳали тўлиғича турфалаштиришга улгурмаган мазкур мамлакатлар учун худди шуниси билан ҳам беқиёс ўрин тутади.

Яқин-яқингача турли жангари гуруҳлар фаол ва узоқ йиллик урушлар ичида бўлган, ҳозир эса, қарийб уч йилдирки, муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмай келинаётган Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга чегарадошлиги ҳам минтақа давлатлари ҳукуматлари учун бу каби барқарорликнинг аҳамиятини янада урғуловчи рад этиб бўлмайдиган фактор бўлади.

Айнан Афғонистон дунёнинг яқин-яқингача Ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган асосий ва саноқли давлатларидан бири саналган.

Москвадаги қонли ҳужум ортидан кечган саноқли кунларнинг ўзида эса, Россияда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши кайфият яна кескин ўзгарди.

Moskvadagi hujum

Сурат манбаси, Reuters

Ҳужумни Киевга боғлаётган бўлса-да, мазкур масалага шахсан Россия президентининг ўзи эътибор қаратди, Путин мамлакатнинг миграция сиёсатини назоратга олишни топширди, Давлат думасида, ҳатто, Марказий Осиё давлатларига виза тартибини киритишга оид даъватларгача янгради, визасиз давлатлардан келганларнинг Россияда бўлиш муддатини 3 ойга тушириб ташлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳукумат муҳокамасига ҳам юборилди, рейдлар, текширувлар янада кучайди, Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, айниқса, тожикистонликларни катта сонда ортга депортация қилишлар бошланиб кетди, ксенофобия ва ирқчилик ҳоллари кучайгани, худди шу фонда ўз ихтиёри билан Ватанларига қайтишга қарор қилганларининг сони ҳам ортиб бораётганига оид хабарлар олинди.

Қисқа вақтнинг ўзида юзага келган бу каби вазият минтақада яна Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан ялпи чиқарилиши ва оммавий равишда ортга қайтишига оид қўрқув ва хавотирларни уйғотмай қолмади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Россия ҳар йили амалда четдан ўн миллиондан зиёд ишчи кучига эҳтиёж сезиши ва уларнинг салмоқли қисмининг айнан Марказий Осиё фуқаролари ҳисобига тўғри келиши, ўзининг учинчи йилига кириб бораётган Украина уруши расмий Москва учун бу муаммони янада актуаллаштираётгани факти манзарасида рўй бераётгани билан ҳам янада жиддийлик ва долзарблик касб этди.

Тожикистонлик мухолифат лидери Би-би-си билан суҳбатида буни президент Раҳмон учун "унчалик ҳам секин ишламайдиган соатли бомба"га қиёс берди.

Муҳиддин Кабирий "Тожикларнинг Россиядан ростмана оммавий чиқиши Тожикистоннинг амалдаги раҳбари учун инқироз" эканини айтди.

У, "Агар улар(мигрантлар - таҳр.)нинг камида ярми уйга қайтса, қўшимча иш ўринлари, таълим муассасалари, умуман, ижтимоий ва тиббий инфратузилмасиз Тожикистон бу юкка бардош бера олмаслиги"ни таъкидлади.

Iqtibos

Ўзбекистон президенти эса, "мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётгани"дан огоҳлантирган ва бунинг "салбий таъсирини камайтириш муҳим вазифа" эканини таъкидлаган чиқишидан бир кун аввал ўзининг эътиборини яна айнан ташқи меҳнат миграцияси ва мигрантлар масаласига қаратган.

Шавкат Мирзиёв Ўзбекистон фуқароларининг ташқи меҳнат бозорларига чиқишларини осонлаштириш ва меҳнат миграциясидан қайтганларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган яна бир йиғин ўтказган.

Худди шу йиғин фонида Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлашга оид қатор таклифлар илгари сурилгани, бу хусусда янги чора-тадбирларнинг қабул қилинганига оид хабарлар олинган. Асосий эътиборнинг бу гал ҳам ўзбекистонликлар учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштиришга қаратилгани кўрилган.

Toqayev va Mirziyoyev

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Минтақанинг энг олд иқтисоди ва табиий энергия захираларига бой Қозоғистон ҳам, йилларки, Россия каби катта сондаги ўзбекистонликларни қонунан ва ноқонунан ишлаб билан таъминлаб келаётган энг йирик ташқи меҳнат бозорларидан бири.

Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда, Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддатининг 5 кундан 30 кунгача узайтирилишига йўл очувчи баённомани ратификация қилиш тўғрисидаги қонуннинг имзоланиши эса, президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Хивага 5 апрель кунги бир кунлик амалий ташрифи чоғида матбуотнинг эътиборини ўзига тортган энг муҳим хабарлардан бирига айланган.

Минтақанинг энг олд иқтисоди ва табиий энергия захираларига бой Қозоғистон ҳам, йилларки, Россия каби катта сондаги ўзбекистонликларни қонунан ва ноқонунан ишлаб билан таъминлаб келаётган энг йирик ташқи меҳнат бозорларидан бири.

Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлмиш Қозоғистон, бундан ташқари, Ўзбекистоннинг минтақадаги энг муҳим стратегик шериги ва иккита иттифоқчисидан биттаси ҳамдир.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентининг ташрифидан ҳафта ўтиб, бир ойнинг ўзида иккинчи бор эътиборини яна халқаро вазиятга қаратган.

Ўзбекистон президенти 13 апрель куни "халқаро майдонда мувозанат бузилгани, қонун-қоидалари мутлақо ўзгаргани" ҳақида сўз юритаркан, "ҳатто дўстим, деб юрган давлатлар орасида ўзаро ишонч йўқ бўлди, дейилса - бу ҳам адолат"дан бўлишини айтган.

Шавкат Мирзиёев бунинг ортидан "эртага дунёда бу нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини ҳеч ким билмаслиги", "ташқарида қандай таҳлика бўлишидан қатъиназар, одамларни рози қилишса, ўша таҳдидга тайёр бўла олишлари"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбари бунинг ортидан "мамлакатда тинчликни сақлаш, одамларни даромадли қилиш, уларга муносиб шароит яратиш учун ўзларига барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиёт, юқори даромадли янги иш ўринлари ва экспорт кераклиги"га тўхталган.

Буларнинг барчаси учун эса, "фидойилик ва ватанпарварлик лозим"лигини урғулаган.

"Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим", деркан, Ўзбекистон президенти буларнинг барчасини "барибир қилдириши"га ишонч билдирган.

Шавкат Мирзиёев бу гапларни нима учун айтаётгани сабабини "бу мусаффо мустақилликнинг қадрига етаяпмизми-йўқми?", деган сўзларининг аҳамияти, залвори ва долзарблиги билан тушунтиргани кўрилган.

Rossiya harbiylari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украина уруши эса, минтақадаги геосиёсий рақобатни янада кучайтириши, рақобатга энди Хитой ва Туркия каби янги ўйинчиларнинг янада кучлироқ қўшилишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Россиянинг, таъбир жоиз, миграцион кайфиятидаги сўнгги ўзгаришлар, бир томондан, Украина уруши сабаб, Ғарб томонидан устма-уст турли санкциялар остида қоларкан, халқаро изоляциядан чиқиш, худди ана шу жазо чораларини четлаб ўтиш учун Марказий Осиё давлатларига ҳар томонлама янада яқинлашиш, бу урушга энди Марказий осиёлик мигрантларни ҳам турли йўллар билан сафарбар этиш ҳаракатларини фаоллаштираётган, бошқа тарафдан, сиёсатчиларининг шовинистик руҳдаги оҳанглари янада кучаяётган, ҳудудий яхлитлиги ва миллат сифатидаги мавжудияти устма-уст савол остига олинаётган, бу каби ҳолат мустақил Ўзбекистон бўладими ёки Қозоғистон, минтақа давлатлари ҳукуматлари, жамоатчилигининг турли кўринишдаги эътирозларига сабаб бўлаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд катта сондаги фуқаролари, йилларки, Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий босимини ўтказишда расмий Кремль қўлидаги энг унумли воситалардан бири бўлиб келади.

Украина уруши фонида Марказий Осиё атрофида геосиёсий тангликнинг қанчалик кучайиб бораётгани эса, бугун четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, халқаро аҳамият касб этган воқеъликка айланган.

Хитой бўладими, Ғарб ёки Туркия - дунёнинг глобал қудратлари ўртасидаги худди ана шу кураш сўнгги пайтларда минтақада Россиянинг узоқ йиллик гегемонлигига дарз етказиши мумкинлиги оид қарашларни кучайтирган.

Марказий Осиё эса, постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик минтақа, аммо бошқа томондан, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси, мудофаа саноати учун муҳим кўплаб ҳарбий иншоотлари жойлашган ҳудуд бўлади.

Iqtibos

Путиннинг кейинги нишони қай бир постсовет давлати бўлажагига оид савол ва хавотирларга замин яратган ва ўзининг учинчи йилига кириб бораётган сўнгги Украина уруши фонида аксарият Марказий Осиё лидерлари ҳам "кескин геосиёсий зиддиятлар" ҳақида каттаю кичик минбарлардан ошкора гапиришга ўтишган, минтақа шу пайтгача "мисли кўрилмаган геосиёсий кескинлик таҳдидини ҳис қилаётгани"ни расман эътироф этишгача боришган.

Ўзбекистон президенти шу йил бошида эътиборни "илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтгани"га ҳам тортган.

Шавкат Мирзиёев ўшанда "афсуски" деркан, "бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркиби қисми бўлган Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётганлиги"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбари, ўз навбатида, "ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаётгани"ни ҳам тан олган.

Ўзларининг "дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётганликлари"ни айтганди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев эса, ўзининг Ўзбекистонга сўнгги амалий ташрифи чоғида "Қозоқ-Ўзбек тандеми - ҳаётий зарурат" эканини таъкидлаган.

Расмий хабарларга кўра, у шу муносабат билан Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида келаси 10 йилга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинишини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Қозоғистон президентининг Хивада қилган айни мазмундаги баёноти ўшанда минтақа ичкариси ва ташқарисида кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган, катта сондаги ўзбекистонликларнинг ҳам эътиборига тушган.

Акс-садолар

Ijtimoiy tarmoq

Сурат манбаси, Getty Images

Ижтимоий тармоқлардаги фикрларидан хулоса қилинганида эса, кўпчилик буни айнан "Россия таҳдиди"га қарши иттифоқ сифатида қабул қилгани кўрилган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида айни хабарга оид пости энг кўп ёқтирилган ва шаҳрланганларидан бири бўлган, қолдирилган коментларнинг сони бир неча юздан ортган.

Жумладан, улардан бири бу каби тандем "айнан ҳозир Қозоғистон учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам албатта ҳаётий зарурат" эканини таъкидлаган.

Бунинг сабабини эса, "Россиянинг феъли жуда кескин даражада ўзгариб бормоқда Марказий Осиёга нисбатан (Яратганнинг ўзи асрасин), хуллас, Туркий давлатлар бирлашмас, ҳарбий-техникавий ривожланмас экан, бу - ЭНГ катта хатоимиз бўлади", - дея изоҳлаган.

Бошқаси эса, "Яшасин, дўстлик!", деркан, "Бешта қўшни бирлашиши керак ҳозирги таҳликали вақтда", дея ўз коментига Ўзбекистон, Қозоғистоннинг давлат байроқлари ва сиқишиб турган қўл эможиларини қўшиб қўйган.

Яна бир коментда:

"Ўзбекистон+Қозоғистон+Қирғизистон+Тожикистон+Туркманистон бирлашиб, бир-бирини тортиб, дўст бўлиб, фақат ривожланишни ўйлаши керак. Россияга суяниб қолмаслик керак. Ўрта Осиё давлатлари бирлашиб, бирга ривожланса, анча катта кучга эга. Агар бирлашмаса, Россия ва Хитой Ўрта Осиёни эзаверади", дейилган.

Бошқа бир интернет фойдаланувчиси эса, "Туркий давлат тузилиб, Ўзбек, Қирғиз, Қозоқ, Тожик, Туркман ва Туркия бирлашса, бир бўлсак, ҳеч қайси бир давлатнинг "духи" етмайди ҳамла қилишга, шунинг учун шу давлатлар бирлашиб, буюк Туркий давлат тузишимиз шарт, деб ўйлайман", - дея комент қолдирган.

Яна бирига кўра, "Россия таҳдидига қарши Ўрта Осиё давлатлари ва Афғонистон ҳарбий иттифоққа бирлашиши керак".

Орада, "Ҳозир Туркистон халқи яшаб қолиши учун биринчи навбатда Ўзбек-Қозоқ бирлиги худди ЕВРОИТТИФОҚ(Туркистон Иттифоқи) кўринишида бўлиши керак...Қанча вақтдан буён АҚШ ва Ғарб бекорга 5+1 деб айтаётгани йўқ, бирлаш демоқда... Бу ўрис ва Хитой балосидан қутулиш ва яшаб қолишнинг энг афзал йўли", деган фикрлар ҳам кўзга ташланган.

Бошқа интернет фойдаланувчисининг фикрича, "Туркистон халқларининг тарихи бир бўлган, келажаги ҳам бир бўлажак".

Mirziyoyev va Rahmon

Сурат манбаси, RASMIY

Пойтахт Душанбеда икки давлат президентларининг Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолашганига оид хабар эса, Шавкат Мирзиёевнинг шу кунларда Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи манзарасида сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланган.

Худди шу манзарада Остонада экан, Қозоғистон ва Қирғизистон президентларининг ҳам иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги шартномага имзо чекканликлари маълум бўлган.

Айрим нуфузли британ нашрларининг ёзишича, шу кунларда Марказий Осиё ва Мўғулистонга беш кунлик ташрифини айнан Тожикистондан бошлаган Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ҳам сафари арафасида минтақани "биз тўқнаш келиб турган айрим йирик муаммоларнинг ўчоғи", дея тилга олган.

Дэвид Кэмерон уларнинг "қийинчилик билан эришилган суверенитетлари"ни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирларни эълон қилиши ҳам айтилган.

Iqtibos

Британия Ташқи ишлар вазирининг пойтахт Тошкентда баён қилишича, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдан "ҳамкорлари ўртасида танлов қилишни сўрашмайди".

"Ҳамкорлик ўрнатиш учун минтақада бўлишни хоҳлашади".

Ўзбекистондаги айрим етакчи интернет нашрларининг ёзишича, Дэвин Кэмерон бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувидан сўнг журналистларга гапирган.

Британ Ташқи ишлар вазири, "Марказий Осиё - дунёнинг муҳим минтақаси. Минтақада жуда кучли қўшниларингиз бор, улар билан ҳамкорлик қиласиз. Бу ерда шуни айтмоқчиманки, биз сиздан бу шериклар ва Буюк Британия каби давлатлар ўртасида танлов қилишингизни сўрамаяпмиз", - дея баён қилган.

Айнан Буюк Британия Америка Қўшма Штатлари билан бирга Россияга қарши урушида Украинани ҳар томонлама дастаклашда фаоллик ва илғорлик кўрсатиб келаётган икки йирик Ғарб давлатидан бири бўлади.

Украина уруши билан кечаётган сўнгги уч йилча вақт ичида Америка Қўшма Штатлари ҳам Вашингтонда бўладими ёки минтақанинг ўзида - Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашларига оид баёнотларини кучайтирган.

Dushanbedagi uchrashuv

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Айрим нуфузли британ нашрларининг ёзишича, шу кунларда Марказий Осиё ва Мўғулистонга беш кунлик ташрифини айнан Тожикистондан бошлаган Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ҳам сафари арафасида минтақани "биз тўқнаш келиб турган айрим йирик муаммоларнинг ўчоғи", дея тилга олган.

Олинаётган хабарларга кўра, ташқи меҳнат миграцияси ҳам Британия Ташқи ишлар вазири билан минтақа давлатлари пойтахтларида кечган музокаралар чоғида кун тартибидаги масалалардан бири бўлган.

Аммо, бошқа томондан, айнан Россия дунёнинг Иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома имзолаган биринчи давлати ҳам бўлади.

Агар, расмий ҳужжатларга таянилса, мазкур иттифоқчилик "бирор давлат ёки бир гуруҳ давлатлар тарафидан томонлардан бирига қарши тажовузкорлик ҳаракати содир этилса, бунга иккала томонга қарши содир этилган тажовузкорлик ҳолати", деб қаралади.

Шундай экан, Москвадаги сўнгги қонли ҳужум ва унинг оқибатлари мисолида Россия ва глобал дунёдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун нимани англатади? Геосиёсий танглик шунчалик кучайиб, минтақага Россия таҳдиди янада ошдими, у нималарда намоён бўлмоқда ва бўлади? Ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам ижтимоий жиҳатдан олганда, Марказий Осиё ҳозир бу каби хавфга тайёрми?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан қатор етакчи минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Iqtibos

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Бу бир сиёсий, геосиёсий босимми?

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда Россия бу ерда бир вақтнинг ўзида бир қанча мақсадларни кўзлаяпти. Терактларни этник тожикларнинг номи билан расмийлаштириш ва бу терактни Украина билан боғлаш орқали ўзининг асосий геосиёсий нишони бўлмиш Украинага босимни оширмоқчи. Ҳарбий сафарбарлик учун маънавий, яъни ахборот ташвиқоти маънавий асосларини кучайтирмоқчи. Лекин параллел равишда Марказий Осиё, яъни, Россия жуда ҳам яхши тушунадики, постсовет ҳудудида Россиянинг таъсири юқори бўлган ва аксилРоссия бўлмаган макро ягона ҳудуд бу - Марказий Осиё. Украина Россиянинг таъсиридан чиқиб кетиб бўлди. Болтиқбўйи давлатлари Европа Иттифоқи ва НАТОнинг аъзоси. Беларусь билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай муаммо қолмади. Яъни, Беларусь тўлиқ Россиянинг назоратида. Демак, Кавказдаги вазият ўта зиддиятли. Озарбайжон бамисоли Россия билан икки томонлама муносабатларда ижобийдек кўринади, лекин у Россиянинг лойиҳаларига қўшилмайди. Арманистон аразлаган. Грузия ҳам шундай ва иккита ҳудудида бўлгинчиликни қўллагани учун унинг асосий мотиви Россияга қўшилмаслик, унга қарши ҳам бўлмаслик. Демак, Марказий Осиё, бешта республика постсовет ҳудудида Россия билан ижобий ёки салбий бўлмаган муносабатларни сақлаб қолаётган ягона макро ҳудуд. Россия демографик сўниб бораётганини яхши англайди. Россияга колоссал ишчи кучи керак. Мана шу фонда, бир томондан, Украинага босимни кучайтириш, Украинага сафарбарликни ошириш ва параллел равишда, яъни, мана шу бўлиб ўтган воқеаларни этник тожиклар ва мигрантларни номи билан боғланиши Россияга ҳамма жиҳатдан қулай. Чунки Марказий Осиё давлатлари демократик давлатлар эмас, таъбир жоиз, Россия билан суришмайди, Россиянинг версиясини тўлиқ қабул қилишди ва унга ҳаттоки ўзларининг ҳиссасини ҳам қўшаяпти. Агар, фараз қилинг, Тожикистон демократик давлат бўлганида эди, Тожикистон фуқаролик жамияти ёки сиёсий тизими Россия версиясига шубҳа билдирган бўлар эди. Тожикистон жудаям бир оҳиста шаклда "қийноқлар қўлланмасин", деган бир позицияни, яна терактлардан анча вақт ўтиб, икки-уч ҳафтадан кейин айтди. Лекин Раҳмон режими ташқи дунёда Россия билан кўпроқ боғлиқ. Айтайлик, коллектив Ғарб, Европа Иттифоқи ёки Хитой билан у қадар боғлиқ эмас. Ва мигрантлар орқали Марказий Осиёга босим қилиш самара беради. Чунки Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистоннинг жамиятларидаги иқтисодий ҳолат, юборилаётган пул маблағлари ва ижтимоий барқарорлик Россиядаги мигрантларга жудаям боғлиқ, айниқса, кейинги икки ўн йилликда. Буни Россия яхши билади. Россия шундай давлатки, бир томондан, миграциядан жудаям унумли фойдаланади. Арзон ишчи кучи, яъни, ижтимоий ҳимоясиз ишчи кучи, маълум бир муддатдан кейин бу мигрантларга пенсия тўлаш керак эмас, ижтимоий нафақалар тўлаш керак эмас, суғурталар тўлаш керак эмас, яъни давлатга ҳеч қандай ижтимоий, иқтисодий босими мавжуд эмас. Иккинчи томондан, бу ҳолат орқали, аксинча, Марказий Осиё давлатларига ҳам босим қилиш мумкин, қулай босим воситаси, ричагларидан биттаси. Россияда мана шундай бир қанча босим воситалари мавжуд. Оммавий ахборот воситалари, ҳукуматлари билан шаклланган катта-катта иқтисодий лойиҳалар, ҳарбий алоқалар ва жумладан, миграция, иммиграция масалалари. Лекин, ўйлайманки, бирламчи, биринчи нишон, албатта, Марказий Осиё давлатлари эмас. Россия ҳар доим миграция орқали Марказий Осиё давлатларига сигнал бериб келган, вақти-вақти билан босим ҳам қилган. Бу биринчиси ҳам эмас, охиргиси ҳам эмас. Ва шундан хулоса қилиш мумкинки, йўқ, бирламчи нишон бу Марказий Осиё давлатларига қандайдир бир геосиёсий босим қилиш эмас, лекин параллел равишда Россия мана шундай босим воситасидан воз кечмайди. Яъни, Россия миграция орқали минтақага ўзининг сигналини, ўзининг босимини янгилаб қўйяпти, холос. Россиянинг босими ҳар доим кучли бўлган. Агар, эътибор берсангиз, Россия ва Путинга нисбатан ҳаттоки Тоқаевнинг риторикаси юмшаб қолди. Чунки Россия таҳдиди, Россия хавфи ошиб бораяпти. Украина ғалаба қозона олмаяпти. Демак, коллектив Ғарб, Америка Қўшма Штатлари Украинага ёрдам бериш масаласида анчагина толиққан. Яъни, Ғарбдаги геосиёсий чарчоқлик Путиннинг, Россиянинг энг катта иттифоқчиси бўлиб улгурди. Ва мана шу фонда ҳатто Қозоғистон, Тоқаев ҳам ўзининг оҳангини анча юмшатган. Ва бу ҳолатда Марказий Осиё Россияга қарши яширинча ёки ошкора у, бу лойиҳалар қилмайди. Минтақанинг асосий мотиви жон сақлаш ва Россия билан тўқнашмаслик. Ва Россия миграция орқали минтақага ўзининг сигналини, ўзининг босимини янгилаб қўйяпти, холос. Лекин сифат жиҳатдан янги бир нуқтага ошириб, кейинги нишон сен бўласан деяётгани йўқ ҳозирча.

Россия бугуннима истаяпти?

Камолиддин Раббимов: Путиннинг гапига эътибор берсангиз, Россия кўпмиллатли, кўп таркибли давлат ва ксенофобия, миллатчилик бизга зарар ҳам келтиради, яъни, национализм бу - империализмнинг тескариси, радди, деган позицияда турди. Бу - биринчиси. Иккинчиси, Украинага сафарбарлик фонида Россияга арзон ишчи кучи ва сиёсий нуқтаи назаридан ноль қийматдаги аскарлар, ҳарбийлар керак. Ўйлайманки, мигрантларга, иммигрантларга босим орқали бепул бўлган ёки сиёсий, мисол учун, Москвадан ёлланаётган аскарларнинг сони жудаям кам. Россиянинг қанча Москвадан узоқ бўлса, шунчалик, Ханти-Мантийск, Доғистон ёки бошқа ҳудудларидан ёлланган ва ҳалок бўлган ҳарбийлар, аскарларнинг улуши кўп. Чунки бунинг Путин режими учун хавфсиз эканлиги ҳаммага маълум. Энди энг ижтимоий нуқтаи назардан, сиёсий нуқтаи назардан ҳимоя қилинмаган ёки қиймати энг паст бўлган одамлар бу - Марказий осиёликлар. Яъни, ҳозир Россияда бутун Россия бўйлаб ёки Украинага урушга борасан, биз тарафда урушасан, агар, тирик қолсанг, биз сенга фуқаролик берамиз, уй-жой берамиз, 10 минг доллар берамиз, яъни, Россия учун битта аскарга 10 минг доллар сарфлаш умуман ҳеч қандай қиймат турмайди. Нима учун, чунки Россия бугунги кунда санкцияларга қарамасдан, жуда катта миқдордаги нефть ва газ сотаяпти. Бир кунда миллиардлаб даромад олаяпти. Демак, бир миллиард долларга 100 мингта аскар ёллаш мумкин, 100 мингта. А Украина урушида 200-300 мингта, яъни 2-3 миллиард доллар бу Россия, Путин учун ҳеч қанақанги маблағ эмас. Яъни, уруш Путин учун иқтисодий нуқтаи назардан катта маблағ сўраётгани йўқ. Санкциялар ишламади. Ғарбнинг санкциялар механизми ишламади, чунки дунёда кўпқутблилик шакллана бошлаган. Айтайлик, ҳатто Ғарб билан яхши муносабатларда бўлган Ҳиндистон ҳам Россиядан яширинча, ошкора нефть, газ сотиб олишда давом этиб келди шу пайтга қадар. Хитойни ёки бошқа давлатларни айтмаса ҳам бўлади. Яъни, мигрантларга босимнинг мотивларидан биттаси геосиёсий - ҳукуматларга босим, иккинчиси Украина урушига, таъбир жоиз, жудаям қиймати паст бўлган Марказий осиёликларни босим орқали ёллаш. Бу эса, ўйлайманки, маълум бир миқдорда албатта иш бериб келган ва беради. Нима учун, чунки Россияда мигрантларга оммавий босим бўлганидан кейин, албатта, минглаб Марказий осиёликлар урушга боришга мажбур бўлади. Чунки давлатчилиги ҳуқуқий давлат эмас. Босимлар, шантажлар ёки қамалиб кетасан, қамоқда узоқ йиллар ўтирасан ёки урушга бориб, тирик қолсанг, мана бундай, агар ҳалок бўладиган бўлсанг, оилангга фуқаролик ва пул берамиз, деган босимлар, яъни Россиянинг сиртмоғидан, Россиянинг босимидан оддий мигрант бечора чиқиб кета олмайди. Чунки унда бундай имконият мавжуд эмас. А геосиёсий нуқтаи назардан босим ҳар доим ишлаган ва Россия агрессив давлат сифатида ўзини тақдим қилган, бу эса, Марказий Осиё ҳокимиятларини, давлатларини, ҳукуматларини доим қўрқитиб келган ва доим иш берган демоқчиман.

Saparboy Jubayev

Сапарбой Жубаев

Иқтисодий таҳлилчи, Қозоғистон

Иқтисодий босимми?

Сапарбой Жубаев: Мен Россиядаги мигрантларнинг вазияти бўйича икки томонлама қараш бор, деяпман. Чунки биринчиси Россия томонидан. Тўғри, Россия ўзининг хавфсизлигини сақлаш учун ўша "Крокус"даги бўлган ҳужумдан кейин сиёсатини ўзгартираяпти. Шунга бир қаттиқ тартиб ўрнатиш масаласини, терговга олиш, рўйхатга олиш масалаларини - ҳаммасини кўтараяпти. Лекин Россияда бугунги кунда ишчи кучи етишмаяпти, деган вазият бор. Армияга мобилизация қилиш деган масала бор. Шу боис ҳам, менимча, шу тартиб ўрнатиш, рўйхатга олишни қаттиқроқ қиладию, лекин ҳамма Марказий осиёликларни оммавий чиқариб юбориш фикри ҳозирча йўқ. Нега десангиз, бунинг ўз сабаблари бор. Масалан, қирғизистонликлар Ёқутистонда ишлайди. Менимча, у ерда уларга нисбатан муносабат ўзгармайди. Чунки бу икки халқ бир-бири билан жуда яқин, қариндош, деб айтсак ҳам бўлади. Кейин бизнинг Марказий осиёликлар нафақат Москва, Санкт-Петербург, Татаристонда, Бошқирдистонда, яна Россиянинг бошқа миллий республикалари бор-ку, шу ерларда ҳам ишлашяпти. Уларнинг чиқиб кетиши деган гап ҳозирча йўқ. Тўғри, Россиянинг федерал ҳукумати талаб қилиши мумкин. Кўпроқ одамларга рухсат бериш деган масалада чеклаб қўйиши, ҳозир имтиҳонлар олаяпти рус тили ва рус тарихини билсин деб, балки уларни ҳам жиддийроқ қилиши мумкиндир. Лекин Россияда ҳаммасини қувиб чиқариш, деган масала йўқроқ. Иккинчи масала - бунга Марказий Осиё давлатлари томонидан муносабат қандай бўлади? Албатта, Россия томонидан озгина жиддийлаштириб, шу тартибларни талаб қиладигандан кейин кўп одамларимиз кетиб қолиш имкониятини қараб кўради. Чунки ҳар куни қийнаб, уни тўлагин, буни тўлагин, у ерда рўйхатга тургин, бу ерда нимага ишлаб юрибсан, деб орқасидан қуваверишса, улар ҳам бор-эй, дейди, ортга қайтиш бошланади. Озгинаси қайтиши ҳам мумкин. Бунинг иккинчи бир сабаби бор, яъни Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам, Тожикистонда ҳам иқтисодиёт озгина бўлса ҳам ўсаяпти. Яъни, иш кучи, янги инвестициялар, янги қурилишлар келаяпти, қишлоқ хўжалигида ўзгаришлар бўлаяпти, Туркманистонда ҳам ўша озгина бўлса ҳам ўзгаришлар бор. Шу масалада ростдан ҳам Россиядан бироз одамларимиз қайтиши мумкин. 22 март, яъни Наврўз байрамида "Ипак йўли", дейди, Ғишткўприк, Тошкентнинг ёнидаги Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш чегара нуқтасига борган одамлар ҳайрон қолишган, бутун шу Қозоғистон томонидаги чегарагача бир икки километрча жой одамларга тўлиб кетган экан. Олдин бир-икки соатда ўтиб кетадиган жойимиздан саккиз соатда зўрға ўтдик, деган одамлар бўлди. Яъни, одамлар қайтаяпти. Аммо, яна бир бор таъкидлайман, оммавий қайтиш бўлмайди. Лекин қайтган куннинг ўзида ҳам, иқтисоди бардош бера оладию, энди озгина қийинчилик бўлади. Чунки ҳозирнинг ўзида иш топиш Ўзбекистонда, биламан, муаммо. Қозоғистонда, масалан, ярим миллион одам ишсиз юрган бўлса, икки миллиони ўзини ўзи иш билан таъминлайдиган одамлар. Яъни, Қозоғистонда икки ярим миллионга яқин одам шунақа муаммода. А Ўзбекистонда бу 5-6 миллион одам. Бу жуда катта ҳажм. Ҳозирнинг ўзида. Энди бунга яна бир 500 мингми, миллион одам келиб қўшилса, қайтмайди деяпману, лекин қайтган тақдирда, озгина муаммо бўлади. Ўзбекистон ўзининг фуқароларидан воз кечмайдию. Улар шу иш топишга ҳаракат қилади ё бошқа, балким Қозоғистонга чиқадигандир, балким Туркияга чиқадигандир, Жанубий Кореяга чиқадигандир, шунақа бир йўлларини қарайди. Албатта энди Ўзбекистон ўзининг ҳам салоҳияти катта.

Иқтисодиётга эҳтимолий таъсири...

Сапарбой Жубаев: Бу Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиётига маълум даражада таъсир кўрсатади. Пул ўтказмайди - бир, иккинчиси, уёқда қолганлари ҳам олдингидек жуда катта маблағ юбориш имкониятидан маҳрум бўлади. Чунки, биринчидан, Россиянинг бир АҚШ долларига нисбатан қиймати (бугун - 17 апрель кунги қиймат - таҳр.) 60 рублдан 94 га чиқди. Мигрантлар пулни Тошкент, Душанбе ёки Бишкекка рублда эмас, долларда ўтказишади. Доллар камаяди. Бунинг бир 30-40 фоиз камайганини биз 2021, 2022 ва 2023 йилларда сездик. Энди, 2024 йилда одамлар ҳам озайса, шу пул тушиши камаяди. Бу албатта Ўзбекистоннинг ҳам, Тожикистоннинг ҳам, Қирғизистоннинг ҳам тўлов баланси дейилади, яъни чет эллардан келиб тушадиган пулларни ҳисоблайдиган жорий ҳисоб дейилувчи ҳисоби бор, шу ерда пуллар миллиардлаб долларга камаяди. Бу эса, минг афсуски, миллий валюталаримизнинг долларга нисбатан айирбошлаш курсининг пасайишига олиб келади. Пасайиши дегани, масалан, бугун 1 АҚШ доллари 12645 сўм бўлса, эртага у 700-800 сўмга қараб тушиб кетаверади. Яъни, доллар ўсади, бизнинг тангамиз пасаяди, деган нарса бор. Энди, бизда айтадию сўм ўсиб кетаяпти, дейди, лекин доллар ўсаяпти. Шунақа нарса бўлиши мумкин. Энди бу иқтисоднинг қонуни. Буни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Қачон экспортимиз кўпайиб, импортимиз камайганда, бизнинг миллий валютамиз барқарор бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам унинг барқарорлигига таъсир кўрсатади. Бу эса, одамларнинг озиқ-овқат, энг керакли нарсаларни сотиб олиш қобилиятини пасайтиради. Яъни, аҳолининг ижтимоий, иқтисодий вазиятини пасайтиради.

Минтақа бу каби эҳтимолга тайёрми?

Савол: Ҳали Москвадаги ҳужумдан саноқли кунлаб ўтибоқ Ўзбекистонда президент даражасида шу каби бир хавфнинг оқибатларини аритиш борасида махсус йиғинлар ўтказилди. Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги икки-уч ҳафтанинг ўзида бу масалага устма-уст тўхталди. Янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш, ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди. Бу хусусда янги таклифлар илгари сурилгани, янги чора-тадбирлар қабул қилинганига оид хабарлар олинди. Биргина Ўзбекистон мисолида айтсак, расмий Тошкент бу каби хавфнинг олдини ололадими? Бу нимага боғлиқ сизнинг назарингизда? Нима қилса бунинг оқибатларини юмшата олади?

Сапарбой Жубаев: Юқорида ҳам айтганимдек, Ўзбекистонга жуда катта сондаги меҳнат муҳожирларининг қайтиши кутилмайди, албатта, озроғи қайтиб келса ҳам. Лекин Шавкат Мирзиёев ўзининг таклифларида бу умумий иқтисодиётни кўтариш, янгидан президент бўлиб сайланганидан кейин ўзининг берган ваъдаларини, Ўзбекистоннинг иқтисодида ўзгаришлар бўлиши тўғрисида гапираяпти. Лекин мен бир нарсага аҳамият бераяпман. Бугунги кунда Ўзбекистон, яъни 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб либерал пул-кредит сиёсатини юрита бошлади, олдингидек эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон суверен кредитларини халқаро рейтинг компанияларидан, Fitch дан, бошқа, бошқа команиялардан ола бошлади. Яъни, облигацияларини Лондон "листинг"ида ёки бошқа жойларда сотишига имконият бўлди. Яъни, бу қарз олиш дегани. Олдин тўғридан-тўғри қарз олган бўлса, энди облигациялари, акцияларини сотиб қарз олаяпти-да. Мирзиёевнинг айтган гапини, мен охирги шу учта катта йиғилишларидан тушунганим, шуларнинг натижасини бугун кўришимиз керак, нимага жойларда ҳамма қурилишлар бўлаяпти, заводлар бўлаяпти, бизнинг экспорт ҳажмимиз кўпаймаяпти, одамлар учун иш ўринларининг кўпайишида натижа сустроқ дейилаяпти. Буни иқтисодий жиҳатдан тушунса бўлади, чунки кўп инвестиция келганидан кейин, "мультипликационний эффект" дейилади, фойда икки-уч йилдан кейин бўлади. Сармоя киритган давлатнинг аввалига харажати кўпроқ бўлади. Чунки уни бошлаш керак, яна қурган заводлари бор, унга кетган пуллар бор, уларни қайтариши, кейин чет элга олган қарзларини қайтариши бор, буларнинг ҳаммаси бир ўрнига келгунча, икки-уч йил ўтади-да. Шунинг учун ҳам Шавкат Мирзиёев ҳозир самарадорлигини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш масаласида ҳалигача жойлардаги раҳбарларнинг суст ишлаётгани, экспорт ҳажмининг кўпаймаётганини алоҳида айтиб, шунга бутун вазирликлар, ҳокимларни кўпроқ аҳамият беришга чақираяпти. Жуда катта инвестициялар натижасини аста-секин кўтаришимиз мумкин.

Iqtibos

Ботиржон Шермуҳаммад

Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари

Оммавий депортация ёки ялпи қайтиш?

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий Осиё фуқароларининг ортга оммавий депортацияси ёки ялпи қайтиши эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин?

Ботиржон Шермуҳаммад: Менинг фикримча, Россия Марказий Осиё давлатлари фуқароларини оммавий равишда депортация қилолмайди. Биринчидан, буни амалга ошириш унчалик осон эмас. Бу ерда жуда катта ҳам ҳуқуқий ва ҳам ташкилий муаммолар бор. Чунки меҳнат муҳожирлари жуда ҳам кўп. Бир неча миллион одамни ташкилий, ҳуқуқий жиҳатдан депортация қилиш, бу хусусдаги қарорларни қабул қилишнинг ўзига ҳам анча-мунча вақт ва маблағ керак бўлади. Бундан Россиянинг иқтисоди ҳам манфаатдор эмас. Бу, одатдагидек, ўша ҳар сафар фожеавий бир вақтларда бўлгандагидек маълум бир ойлар, яъни бир неча ой каттароқ текширувлар, депортация қилинганлар, жарима солинганлар бўлади. Лекин оммавий равишда, яъни бир неча ўн минглаб ёки юз минглаб одамнинг депортация қилинишини кутиш қийин. Чунки Россияда бунақа нарса биринчи марта бўлмаяпти. Энди, иккинчи масалага келадиган бўлсак, муҳожирларнинг ўзлари оммавий қайтишадими - менинг фикримча, у даражада қайтмайди. Тўғри, қайсидир қисм муҳожирларимиз қайтишлари мумкин. Лекин иқтисодий муаммолардан. Яъни, биз кўрдикки, тарихда, мана, пандемия пайтида ҳам кўрдик, ундан кейин, мана, уруш бошланган пайтдаям кўрдик, муҳожирлар учун энг асосий, муҳим бўлган нарса бу - иқтисодий даромад олиш. Агар даромад олиш манбаи камайса, кўпроқ одам қайтиши мумкин. Агар даромад камаймаса, демак, ҳеч қанақанги теракт ҳам, бошқаям уларни қайтаришга мажбур қила олмас экан. Чунки қайтишса, уларда катта бир, бунинг ўрнини боса оладиган муқобил вариантлар йўқ. Одамлар ҳаммаси бола-чақасини боқиши керак, тирикчилигини ўтказиши керак, шунинг учун ҳам, биринчи навбатда даромадга қараб ҳаракат қилишади.

Савол: Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларининг оммавий ортга қайтиши эҳтимолига қанчалик тайёр? Ва улар томонидан бу каби ҳолатнинг салбий оқибатлари олдини олиш, юмшатиш, аритиш учун айнан нималар қилиниши керак ва қила олишади? Ҳозир, жорий пайтда уларнинг ихтиёрларида қандай имкониятлар бор?

Ботиржон Шермуҳаммад: Энди, эҳтимол, катта миқдордаги меҳнат муҳожирлари қайтган тақдирда ҳам, тушунишим бўйича, ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатларида ҳеч қанақанги аниқ бир инструментлар йўқ. Фақатгина шу одамларнинг ўзлари бир йўлини қилиб, иш топиб, ҳаракат қилиши мумкин. Масалан, Россиядан қайтса, Қозоғистонга, Қирғизистонга ёки бошқа бир альтернатив жойларга боришга ҳаракат қилиши мумкин. Энди, давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, мана шу турфалаштириш, янги-янги меҳнат бозорларини очиш, уларга ҳар хил енгилликлар, имтиёзлар бериш булар жуда ҳам секинлик билан, секин-аста, оз-оздан қўшилиб борадиган имкониятлар, холос. Яъни, катта миқдордаги муҳожирларга мўлжалланган эмас. Уларнинг ҳаммасини қамраб ололмайди. Ва ҳозирнинг ўзида мана катта миқдордаги муҳожирларни бирданига иш билан таъминлайдиган альтернатив меҳнат бозори ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам, бу ерда, тушунишим бўйича, Марказий Осиё давлатларининг раҳбариятида ҳеч қанақанги аниқ бир самарали инструментнинг ўзи йўқ. Улар фақатгина ўша секин-аста турфалаштириш билан ёки ўша ўзларидаги тадбиркорларга енгилликлар бериб, иш ўринларини кўпайтириш билан шунақанги ҳаракатларни қилишлари мумкин, холос. Бошқа бир уларда танлаб оладиган вариантлар йўқ ҳозирги кунда. Яъни, айтмоқчиманки, айни ўринда тезкор бир нарса қилиш қийин. Бу жудаям катта ҳажмдаги масалага айланиб бўлган ва бунинг ечими битта қарор билан ҳал бўлмайди. Яъни, жудаям комплекс ечимлар керак. Ҳар томонлама ҳаракат қилиниши керак. Ҳам иш ўринларини кўпайтириш керак, ҳам одамларни ўқитиш керак, уларга таълим-тарбия бериш керак, янги бозорларга тайёрлаш керак, яна қўшимча ишчи бозорларни очиш керак, яъни тез ечимли нарса эмас, агар қанақадир бир комплекс стратегия қилиб, бозор ўрганилиб, таҳлил қилиниб, қанақадир бир стратегия қабул қилинса ва ишлар амалга ошириб борилса ҳам, бир неча йиллар, керак бўлса, ўн йилларда секин-аста ҳал бўладиган муаммо. Яъни бу масаланинг осон ечими йўқ.

Савол: Россиянинг Москвасидаги ҳужум Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини бу масалага энди ҳар доимгидан ҳам жиддийроқ қараш, унга янада тезкорроқ ва ҳар томонлама ёндашишга ундаши мумкинми? Айниқса, мамлакатларининг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий барқарорлиги нуқтаи назаридан ташқи меҳнат миграцияси масаласининг улар учун қанчалик муҳим аҳамият касб этиши назарда тутилса? Яъники, Россиядаги аҳволдан қанчалик жиддий сабоқ чиқарилиши керак?

Ботиржон Шермуҳаммад: Сабоқлар анча олдин чиқарилиши керак эди. Охирги 5-7 йил ичида кўп нарсалар бўлди. Яъни, фақатгина "Крокус" эмас, мана, пандемия пайти ҳам жудаям катта сабоқ бўлиши керак эди, яъни, бозорлар ёпилиб қолса, нима бўлади, деб, яна уруш бошланган пайтда, 2022 йилда кўп одамлар қайтиб келади, деб ўйлаб қолгандик. Яъни, бу сабоқлар аллақачон чиқарилиши керак эди. Ҳозирги кунда ҳам мана, жиддий қаралгандек бўлаяпти, лекин тушуниш керак, давлат машинаси шунақаки, бугун жиддий қаралади, маълум бир вақт, ўша бир ойми, икки ойми, бунга жиддий қаралади-да, лекин ундан кейин ишлар тизимли равишда амалга оширилмаяпти. Яъни, бу нарсада тизим йўқ. Ўша Россияда ҳам худди шундай. Бу нарсага бир ой, икки ой жиддий қаралади, қаттиқ қаралади. Лекин маълум бир вақт ўтганидан кейин бошқа муаммолар ҳам етарли, яна уларга фокус қаратилади-да, бунга оддий ҳол сифатида қараш бошланади.

Савол: Сизнингча, нега бундай бўлаяпти? Сиз яхши биласизки, биргина Россия миллионлаб сондаги фуқароларини иш билан таъминлаяпти, улар ортга миллиардлаб доллар маблағ бу давлатлар Ялпи Ички Маҳсулотининг салмоқли ҳажмини ташкил этаяпти, улар иқтисодини юргизиш, тутиб туришда салмоқли ўрин тутаяпти, муҳим аҳамият касб этиб келаяпти. Ижтимоий тангликни юмшатиб, йилларки, ҳар қандай ижтимоий танглик хавфини юмшатиб келаяпти...

Ботиржон Шермуҳаммад: Эътибор бўлгани билан, ишлаш тартибида тизим йўқ, тизимли ишлаш йўқ. Яъни, мана, ўша охирги фармонни кўрадиган бўлсак ҳам, кўп нарсалар, уни ишлаб чиқишда ҳам жамоатчилик вакиллари билан, бошқалар билан маслаҳат қилинмаган. Мана, фармоннинг ўзида жамоатчилик кенгашларини тузиш, бошқа дейилган. Яъни, муаммонинг кўлами катталиги учун бу муаммони фақатгина амалдорларнинг кабинетларида ўтириб ўйлаб топилган қарорлар, фармонлар билан ечиб бўлмайди. Албатта, бу ўринда жойларга чиқиш керак, муҳожирларнинг ўзларидан сўралиши керак, муаммолар ўрганилиши керак, жамоатчилик вакилларидан, экспертлардан, миграция бўйича доимий ишлайдиган инсонлардан, умуман, жамоатчилик билан ишлаш керак, яъни, ишлаб, таҳлил қилиниб, ана ундан кейин қанақадир ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилиши керак ва бу бўйича стратегияни ишлаб чиқиш фақатгина хўжакўрсинга эмас, унга жиддий қаралиб, доимий қаттиқ ишлаш керак. Афсуски, ҳозирги кундаги ҳар қандай йўналишда давлат ташкилотлари нималари кўпроқ тепага бир ахборот бериш учун, расмиятчилик учун, қанақадир бир хўжакўрсинга ишлаб турганини кўраяпмиз, шунинг учун ҳам тизимли иш бўлмаганидан кейин бу нарсалар ўша йиллар давомида жиддий натижа бермасдан келаяпти.

Савол: Шу соҳада узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган мутахассис сифатида ва ташқи меҳнат миграциясининг минтақа давлатлари ҳукуматлари ва аҳолиси учун аҳамияти ҳам назарга тутиладиган бўлса, бу масалага эътибор ўзи қандай бўлиши керак?

Ботиржон Шермуҳаммад: Бу муаммонинг кўлами катталиги тан олиниб, буни ечиш бўйича мана шу барча жамоатчилик вакиллари, барча томонлар жалб қилиниши керак. Муаммо шундаки, бу соҳада ҳали ҳеч қанақанги илмий изланишлар, таҳлиллар амалга оширилмаган. Ҳозир мисол учун Ўзбекистонда миграция соҳасида бирор бир илмий иш қилинганини биз билмаймиз. Яъни, ҳамма қилинаётган ҳаракатлар, қарорлар, фармонлар ҳеч қандай илмий изланишларсиз, катта таҳлилларсиз, узоқ йиллик бир фикр ўрганишларисиз бўлаяпти. Албатта, бунақанги ҳолатда катта бир самарали нарсага эришиш қийин бўлади. Шунинг учун ҳам, бунга жуда қаттиқ эътибор бериш керак. Айтиб ўтганимдек, тизимли ишлаш керак ва биринчи навбатда эътибор бериш керак бўлган нарса - таълим. Чунки, биз тушунишимиз керакки, миллионлаб муҳожирнинг ҳар биттасини қўлидан еталаб, ёрдам бера олмаймиз, бунинг имконияти йўқ. Шунинг учун ҳам асосий вазифа - ҳар бир фуқаро, асосан меҳнат муҳожирини ўзининг муаммоларини ўзи еча оладиган даражада тайёрлашимиз керак. Ана ўшанда улар Ўзбекистонда ҳам, четга чиққанда ҳам, ўзининг ишини, йўлини топиб кетадиган, муаммога тушмайдиган, ҳар хил йўлларга кириб қолмайдиган ҳолда келади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002