Янгиликлар. Ўзбекистон: Россия қўрқитмоқчими? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

collage

Сурат манбаси, collage

Сурат тагсўзи, Россиянинг Марказий Осиёни Ғарб таҳдиди билан қанчалик тез-тез огоҳлантиришга ўтгани сўнгги ойларда эътиборга тушган воқеъликка айланди

Россия устма-уст огоҳлантирди. Нима бўлди?

Алоқадор мавзулар:

Марказий Осиё беқарорлашадими?

Минтақадаги вазият издан чиқадими?..

Устма-уст баёнот

Афғонистондаги ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўз вақтида ИШИД Хуросон қаноти жангариларининг сони минглаб экани айтилган

Россиянинг Марказий Осиёни Ғарб таҳдиди билан қанчалик тез-тез огоҳлантиришга ўтгани сўнгги ойларда эътиборга тушган воқеъликка айланди.

Расмий Кремлнинг минтақага қаратилган баёнотлари Украина уруши фонида кучайиб бораётгани билан ҳам хос аҳамият касб этди.

Россия томони яқинда Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борди.

Жумладан, Россия Мудофаа вазири Америка бунинг учун Афғонистондаги "ноқонуний қуролли гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланмоқчи" эканини даъво қилди.

Сергей Шойгунинг огоҳлантириши Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг шу йил май ойида Минскда бўлиб ўтган саммити чоғида янгради.

Россия Мудофаа вазирининг иддао қилишича, "шу мақсадда назорат остидаги бандит гуруҳлари жангарилари Яқин Шарқдан Афғонистонга ташланган".

"Келажакда улар қўшни давлатларга кириб бориши, хусусан, террорчилик ҳаракатлари содир этиши мумкин", - деди Сергей Шойгу.

Аммо имконли бўлган хабарларда, шундай деркан, Россия Мудофаа вазирининг ўз сўзларига бирор бир исбот-далил келтиргани-йўқлиги ноаён қолган.

Вазият

ИШИД

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган

Энди-энди узоқ йиллик урушлардан тин олаётган Афғонистон минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош давлати бўлади.

2019 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати расмий Вашингтон билан имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим ҳаракатнинг қудратга қайтишига йўл очган.

Толибон кўзда тутилган тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқариб, ҳокимиятни куч билан эгаллаган.

Аммо Толибон худди ўша битим шартлари асосида бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан учинчи бир давлатга ҳужум қилишига йўл қўймаслик масъулиятини ўз зиммасига олган.

Толибон бунга амал қилажагини такрорий равишда расман ва ошкора баён қилиб келади.

Ўзбекистон томони вакиллари билан ўзаро мулоқотлари чоғида ҳам бунга ваъда беради.

Афғонистон, қарийб икки йилдирки, Толибон ҳаракатининг қўлида, яна Исломий Амирлик саналади, муваққат ҳукумати эса, ҳозирга қадар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

Faktlar

Сурат манбаси, .

Худди шу манзарада Толибон ўз қуролли кучлари сонини минтақада энг йиригига ҳам айлантириш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам олинган.

Толибон ҳаракати Афғонистонда қудратга қайтгунга қадар ҳам минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида эътироф этилган.

Ушбу мамлакатда турли жангари гуруҳларнинг қанчалик фаоллиги яқин-яқингача жаҳон ҳамжамиятининг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келган ва келади.

Толибон қудратга қайтган қисқа вақтнинг ичида Афғонистонда ИШИД жангари гуруҳи Хуросон қанотининг қайта фаоллашгани ҳам кузатилади.

ИШИД 2019 йилда Яқин Шарқда коалиция кучлари томонидан мавҳ этилгунига қадар дунёдаги энг қудратли жанговар гуруҳ сифатида эътироф этилган.

Сўнгги икки йилча вақт оралиғида Афғонистонда амалга оширилган энг қонли ҳужумлар ҳам ИШИДнинг Хуросон қаноти ҳиссасига тўғри келади.

"Ҳаққоний" тармоғи орқали Толибоннинг билвосита иттифоқчиси, аммо "ашаддий рақиби".

Айнан ИШИД Хуросон қаноти жорий пайтда Афғонистонда энг фаол жангари гуруҳ бўлади.

ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган.

Толибонни "жиҳоддан юз ўгирган муртадлар", деб билади.

Шавкат Мирзиёев ва Абдулазиз Комилов гуруҳ энг кўп тилга олаётган номлардан бирига айланган.

Афғонистонда экан, илдизлари Фарғона водийсига бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган гуруҳ.

Mintaqa xaritasi

Сурат манбаси, .

ИШИД Хуросон қаноти айнан Толибон қудратга қайтиши ортидан ўзининг тарихида илк бор афғон тупроғидан туриб Афғонистонга чегарадош икки минтақа давлати - Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета ҳужумига ҳам тутишга муваффақ бўлган.

Ракета ҳужумига оид хабарлардан унча ўтмай, Россия томони Афғонистонда ўн минглаб ИШИД жангарилари борлиги, уларнинг катта қисми мамлакатнинг Марказий Осиё билан чегарадош шимолий ва яна шарқий вилоятларида тўпланганини иддао қилиб чиққан.

Ўзининг бу каби "хавотирлари" билан Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев "Газета" интернет нашрида чоп қилинган мақоласида бўлишган.

Яқинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити чоғида ҳам худди шундай хавотирлар янграган.

Толибон муваққат ҳукумати эса, айни мазмундаги баёнотларнинг "асоссиз" экани, улар бугунги Афғонистон обрўсини тўкиш мақсадини кўзда тутган пропагандадан ўзга нарса эмаслигини айтади.

Ўзларининг ИШИДни жиловлаш ва йўқ қилишга қодирликларини қайта-қайта таъкидлайди.

Даъволар

Afg'onistondagi AQSh qo'shinlari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан 2021 йил августида Афғонистондан чиқиб кетган. Афғон можароси ечими на-да дипломатик ва на-да ҳарбий йўл билан ўзининг якуний ечимини топган...

Ҳозир Афғонистонда НАТО ёки АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бирор бир ҳозирлиги йўқ, ўзининг 20 йиллик ҳарбий иштирокидан сўнг 2021 йилнинг августида мамлакатни буткул тарк этган.

Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан минтақанинг икки мустақил давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида илк бор жойлаштиришга муваффақ бўлган ҳарбий ҳаво базаларини улар ҳукуматларининг талаби остида бундан ҳам анча аввал ёпишга мажбур бўлган.

Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳарбий базаларини яна Марказий Осиёга қайтариш уринишлари ҳозирга қадар самара бермаган.

Шойгунинг таъкидлашича, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, НАТО турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринмоқда".

Россия Мудофаа вазири "буни ундаги ва умуман КХШТ маконида барқарорликка бевосита таҳдид", деб билишларини баён қилган.

Сергей Шойгу шу йил апрель ойида Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларидан ўзининг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни сўраганини айтиб чиққан.

Россия Мудофаа вазири ўшанда буни "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисоблашлари"ни баён қилган.

Унинг бу сўзлари ШХТ га аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг Ҳиндистон пойтахти Деҳлидаги саммити чоғида янграган.

Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган.

Россия Мудофаа вазири, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ҳам оширишлари"ни қўшимча қилган.

Аммо Сергей Шойгу, шундай деркан, бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотларини очиқламаганди.

Бунинг ортидан шу йил май ойида Кремлда янграган қўшма баёнотларидан эса, Путин ва Жапаровнинг Қирғизистон ҳудудидаги Россия ҳарбий объектларини ривожлантиришни муҳим, деб ҳисоблашлари маълум бўлган.

Аммо Россия Мудофаа вазирининг айни мазмундаги баёнот ва даъволарига аксарият минтақа пойтахтларининг муносабати ноаён қолган.

Россия томонининг минтақада ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга оид баёнотлари Украина уруши фонида янграгани билан кўпчилик диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.

Кучайиш истаги

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади. Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган

Ўзбекистон Қуролли кучлари, энг нуфузли халқаро рейтингларга мувофиқ, Марказий Осиёда энг йириги ва жанговари саналади.

Толибон қудратга қайтиши ортидан эса, Ўзбекистон президенти "минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарни диққат билан кузатиб бораётганликлари"ни таъкидлаб келади.

Шавкат Мирзиёевнинг баён қилишича, "ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш, зарба бериш учун етарлича куч ва салоҳиятга эгалар".

Ўзбекистон дунёнинг қудратга қайтмасидан аввал ҳам, кейин ҳам Толибон билан мулоқотда бўлган саноқли давлатларидан бири.

Россиянинг Қирғизистондаги Қант ҳарбий ҳаво базаси Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Тезкор кучлари таркибига киради.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади.

Ўзбекистон Афғонистонга чегарадош учта минтақа давлатидан биттаси бўлади, аммо ўзининг Тезкор мадад кучларига эга Россия шамсияси остида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирмайди.

Rossiyaning Tojikistondagi harbiy bazasi

Сурат манбаси, RUSSIAN MOD/TASS

Сурат тагсўзи, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам минтақада, айнан Афғонистонга чегарадош Тожикистонда жойлашган

Россия барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.

Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам минтақада, айнан Афғонистонга чегарадош Тожикистонда жойлашган.

Қирғизистон эса, Марказий Осиёда Россиянинг энг кўп сондаги ҳарбий объектларига эгалик қилади.

Россия минтақа давлатларини илк бор Афғонистон таҳдиди билан огоҳлантираётгани йўқ.

Аксарият таҳлилчилар буни, йилларки, Марказий Осиёни ўз таъсири остида сақлаб қолиш учун Кремль қўлидаги муҳим босим воситаларидан бири сифатида кўриб келишган.

Россия томонининг огоҳлантирувчи мазмундаги устма-уст баёнотларига Ғарбнинг бирор бир жиддий муносабат билан чиққани ҳалича кўрилмайди.

Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.

Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.

Ўзи Украинага очган уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши эса, Россияни айнан минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини янада кучайтириш, шу йўл билан ҳам жазо чоралари оқибатларини юмшатишга ундаган.

Расмий Кремлнинг бу ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги ва суверенитетига таҳдид солиши мумкинлигига оид хавотирлар ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Россиянинг минтақага огоҳлантирувчи мазмундаги баёнотлари эса, бошқа томондан, Украина уруши фонида Ғарб ҳам Марказий Осиёга ҳар томонлама яқинлашиш, минтақани ўзининг асосий ҳамкорига айлантириш ва уни Россия таҳдидидан ҳушёр бўлишга ундаш ҳаракатида бўлган бир пайтда кучайган.

Минтақага айни оҳангдаги огоҳлантиришларининг сўнггисида эса, Россия Ташқи ишлар вазири Ғарб давлатлари Марказий Осиёда ўз инсонпарварлик ва ҳарбий иштирокларини ўрнатишга ҳаракат қилишаётганини баён қилган.

Сергей Лавров шу йил июнь ойида буни минтақага кириш учун "мақсадли ва қатъий" уриниш, дея тилга олган.

Россия Ташқи ишлар вазири ҳарбий соҳадагисини ҳам назарда тутаркан, Марказий Осиё давлатларини "ғарбликлар томонидан тиқиштирилаётган ҳамкорлик схемаларига танқидий назар билан қараш"га чақирган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг бу сўзлари ўтган ой Тожикистон пойтахти Душанбеда янграган.

Сергей Лавров, шунингдек, Ғарбнинг тараққиётга кўмак дастурларига ҳам хосан тўхталиб ўтган.

Россия Ташқи ишлар вазири уларни Ғарб давлатларининг геосиёсий муҳандислари томонидан илгари сурилаётган дастурлар ўлароқ тилга олган.

Унинг фикрича, бу дастурлар "аслида Марказий Осиё минтақаси сиёсий ва иқтисодий ландшафтини ўзига мослаб ўзгартириш ва назорат қилиш учун бир воситадир".

Россия Ташқи ишлар вазири бу, шу жумладан, сувдан фойдаланиш каби муҳим соҳани ҳам кўзда тутишини айтган.

Бу эса, сув тақчил, тобора чўллашиб бораётган, сув тақсимоти ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи ҳассос бўлган минтақада уруш чиқишигача олиб келиши мумкин бўлган соҳа сифатида кўрилади.

Худди шу фонда муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Толибон ҳаракатининг трансчегаравий Амударёдан канал тортиш ҳаракатлари ҳам бугун минтақада алоҳида хавотирга молик масала бўлади.

Сўнгги хабарлар, бошқа томондан, Россия бўладими ёки унинг анъанавий иттифоқчиси Хитой - Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача кўрилмаган иқтисодий имтиёз ва лойиҳалар билан чиқаётганига оид хабарлар манзарасида олинган.

Мудофаа ҳам Хитойнинг минтақа давлатлари билан янги ва улкан ҳамкорлик режасида кўзда тутилган соҳалардан бири бўлади.

Шундай экан, нега айнан бугунга келиб Россия томонининг баёнотлари бунчалик кучаймоқда? Расмий Москванинг устма-уст огоҳлантиришлари Марказий Осиё учун амалда нимани англатиши мумкин? Худди шу манзарада ўзининг минтақадаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш нияти-чи? Жорий пайтда минтақага Афғонистондан таҳдид қанчалик реал?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан бир қатор етакчи минтақавий таҳлилчиларга мурожаат қилди:

Dovud A'zamiy

Сурат манбаси, .

Довуд Аъзамий: Россия АҚШ ва НАТОнинг Марказий Осиёдаги ҳар қандай ҳарбий иштирокига қарши.

Сергей Шойгунинг изоҳлари Россиянинг худди шу мавқеини яна бир бор такрорлайди.

Россия 2021 йил августида Афғонистондан чиқиб кетишидан олдин АҚШ ва НАТО ҳарбийларининг Афғонистонда бўлишига ҳам қарши эди.

Расмий Москва, бундан ташқари, АҚШ ва НАТО ҳарбий объектлари бирортасининг яна Афғонистон ва Марказий Осиёга қайтишини истамайди.

Россия буни ўзининг стратегик манфаатларига зид, деб ҳисоблайди.

Иккинчидан, Россия бу билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирувчи мамлакатлар, айниқса, Марказий Осиё давлатларига сигнал бераяпти.

Уларнинг Афғонистондан келувчи ҳар қандай таҳдидни бартараф этишда Россиянинг хавфсизлик шамсияси ва ҳимоясига муҳтож эканликларига ишора қилаяпти.

Савол: Аммо, бошқа томондан, қарийб икки йилдирки, Афғонистон Толибон ҳаракатининг қўлида. Исломий Амирлик. Ҳаракатнинг муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган. Бу орада мамлакатда, айниқса, Марказий Осиё билан чегарадош шимолида Толибоннинг ашаддий рақиби саналувчи ИШИД жангари гуруҳи қайта фаоллашган. ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади. Сафларида бугун ҳам Марказий осиёлик жангарилар жанг қилиши ишонилади. Шундай экан, Шойгунинг баёнотини буткул асоссиз дейиш ҳам қанчалик тўғри бўлади?

Довуд Аъзамий: Россия ИШИДнинг минтақадаги фаолиятидан чиндан хавотирда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Россиянинг Кобулдаги элчихонаси ҳужумга тутилган.

Ҳужумга масъулиятни айнан ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.

Расмий Москва орада АҚШ ва НАТО га такрорий айбловлар билан чиққан.

Уларни Марказий Осиё ва Россиядаги вазиятни беқарорлаштириш учун ИШИДни қўллаётганликда айблаган.

Аммо расмий Москванинг айни мазмундаги иддаолари АҚШ ва НАТО томонидан қатъий рад этилган.

Бошқа томондан, Толибон ҳам хориж ҳукуматларини ИШИДни жиловлагани ва гуруҳни Афғонистондан буткул йўқ қилишига ишонтирган.

Лекин кўплаб жангари гуруҳларнинг минтақа бўйлаб тармоқлари бор ва уларни бир давлатнинг ўзигина парчалаши ёки йўқ қилиши мумкин эмас.

Шундай экан, уларга қарши курашиш қўшма минтақавий механизм ва ҳамкорликни талаб қилади.

Савол: Россия томонининг минтақа давлатларига огоҳлантирувчи мазмундаги баёнотлари, бир томондан, Украина уруши, бошқа тарафдан, Кремлнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш истаги манзарасида янграмоқда. Шундай экан, биргина Сергей Шойгу баёнотининг ўзи назарда тутилса, бу минтақа учун амалда нимани англатади? Россиядан нималарни кутиш мумкин?

Довуд Аъзамий: Россия Мудофаа вазирининг изоҳлари кенгроқ, яъни АҚШ ва Россия ўртасидаги танглик ҳамда уларнинг минтақага таъсир учун бўлган рақобати контекстида кўрилиши керак.

Москва Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиё ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳар қандай ҳарбий ҳамкорлиги ва у ердаги ҳарбий ҳозирлигига қарши.

Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти билан хавфсизлик бўйича ва ҳарбий ҳамкорликни икки сабабга кўра чуқурлаштиришни хоҳлайди: Биринчи сабаби - ўзининг "томорқаси", деб кўрувчи ҳудудга АҚШ ва НАТОнинг киришига йўл қўймаслик.

Иккинчи омили эса, бу давлатларда ўзининг ҳарбий ҳозирлигини сақлаш қолиш ва янада кучайтириш.

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, .

Камолиддин Раббимов: Авваламбор Россия расмийларининг, олий тоифали мулозимларининг бундай баёнот бериши бу - янгилик эмас.

Буни Россия Федерациясида Марказий Осиёга нисбатан жуда ҳам кучли шаклланган, жуда ҳам мукаммал шаклланган сиёсий технологиянинг биринчи услуби дейишимиз мумкин.

Сабаби - ўтган йиллар давомида, бу кейинги бир, икки йилда эмас, беш-ўн йил давомида Россия Федерацияси Марказий Осиё устидан ўзининг геосиёсий, геостратегик назоратини кучайтириш ва мустаҳкамлаш учун ҳар доим асосан учта, тўртта омилдан фойдаланган.

Биринчи омил - жанубдан таҳдид, айнан Толибон ёки Афғонистондан таҳдид.

Ҳаттоки Толибон билан расмий Москванинг муносабатлари анча илиқ бўлганда ҳам, яъни тўғридан-тўғри муносабатлари, Марказий Осиё контекстида ҳар доим Толибонни таҳдид кучи сифатида талқин қилган. Бу қизиқ ҳолат.

Яъни, бир томондан, Толибон деструктив куч эмас ва у ердан Америка Қўшма Штатлари чиқиб кетиши керак дейилар эди олдинлари, 2020-2021 йилга қадар.

Лекин, Марказий Осиёга келганда, биз минтақанинг хавфсизлигини фақатгина ҳамкорликда таъминлашимиз мумкин, чунки, барибир, Афғонистон ва у ердаги вазияга ишониб бўлмайди, "у ердаги жангари гуруҳлар", деб, баъзан тўғридан-тўғри Толибонга ишора қилар эди, баъзан бошқа гуруҳларга ишора қилар эди.

Яъни, бу Россия риторикасида доимий иштирок этадиган, чуқур шаклланган бир омил. Бу - биринчиси.

Иккинчиси, Украина уруши бошланганидан кейин Россия Марказий Осиёда анчагина заифлашди.

Умуман, постсовет ҳудудида Россия ўзи учун қўшимча бир имкониятлар, қўшимча дастаклар излаяпти.

Яъни, Марказий Осиё постсовет ҳудудидаги Россия билан алоқалар у ёки бу кўринишда - ёки нейтрал, ёки ижобий сақланиб қолаётган ягона минтақа. Қисман зиддиятли, лекин, умуман олганда, бошқаларга нисбатан анча ижобий.

Россия Кавказда ўзининг мавқеини тўлиқ йўқотиб бўлди. Украина билан урушаяпти. Болтиқбўйидан чиқиб кетган.

Ва шунинг учун ҳам ўша "жанубдан таҳдид" формуласи орқали Россия ўзининг мавқеи, ўзининг позициясини мустаҳкамлашни ҳар доим кўзлаган, буни ҳеч қачон яширмаган.

Энди, мана, ҳозир Шойгунинг бундай урғу бериши, Марказий Осиё устидан Россиянинг баъзи бир лойиҳалари бор, ана шу лойиҳаларни кучайтириш эҳтиёжини тақозо қилаяпти.

Россия мана, шу пайтгача Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига даъват қилар экан, мақсади Ўзбекистон устидан ҳам иқтисодий назоратни қўлга киритиш эди.

Лекин зарурат даражаси ўзгарди.

Яъни, шу пайтгача бу иқтисодий империализм бўладиган бўлса, ана энди Россия ўзининг яшовчанлиги учун санкцияларни айланиб ўтиши керак.

Олдинги даврда Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига қўшиш - маълум бир "престиж", маълум бир манфаатлар масаласи бўладиган бўлса, энди анча ўткир бир зарурат.

Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кирадиган бўлса, Россиянинг санкцияларни айланиб ўтиш эътимоли, яъни, имконияти янада кенгаяди. Яъни, зарурат даражаси ошди.

Худди шундай Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотини ҳам Украина урушига жалб қилиш бўйича роса уринаяпти, лекин бунинг имкониятини топа олмаяпти.

Лекин қонунчилик, мана, май ойида ўзгарди. "Ведушие государства", деган тушунча киритилди. Яъни, КХШТдаги "раҳнамо давлат", деган тушунча киритилди ва бунда, албатта, Россия назарда тутилаяпти.

Россиянинг бу ердаги роли оширилганидан кейин қолган давлатлар унинг Армиясига, ўша тинчликпарвар операциялар ва бошқаларда қўшилишга мажбур бўлиш даражаси ошаяпти.

Лекин, яхши, Қозоғистон барибир Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан мандат олиб, кейингина ўша тинчликпарвар операцияларга кирамиз, деган бир шартни қўйди ва бунга эришди, муваффақ бўлди.

Энди, Шойгунинг айтганлари Марказий Осиё атрофидаги геосиёсий кураш, геосиёсий бир ўйиннинг, геосиёсий рақобатнинг бир ифодаси, холос. Айтганимдек, бу - доимий риторика.

O'zbekistonlik jangarilar

Сурат манбаси, Video

Сурат тагсўзи, ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади

Савол: Аммо, бошқа бир томондан, ИШИДнинг Хуросон қаноти Толибон қудратга қайтиши ортидан, Афғонистонда, айниқса, мамлакатнинг Марказий Осиёга чегарадош шимолий минтақаларида қайта фаоллашишга муваффақ бўлди. Ўтган йили ўзининг тарихида илк бор афғон тупроғидан туриб, икки минтақа давлати - Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета ҳужумига тутди. Яқинда Афғонистоннинг минтақага чегарадош икки вилояти - Балх ва Бадахшон вилояти ҳокимлари ўлимига масъулиятни ҳам ўз зиммасига олиб чиқди. Бераётган сўнгги баёнотларида ҳам Американинг Афғонистондаги "лойиҳаси" эканини айтиб, Толибонга қарши курашини сусайтирмасликни ваъда қилди. Шундай экан, минтақага Афғонистондан ноқонуний қуролли гуруҳлар таҳдиди назарда тутилганда, Россия Мудофаа вазирининг сўнгги баёнотларини қанчалик асоссиз, деб айтишимиз мумкин?

Камолиддин Раббимов: Энди, қаранг, Афғонистон ичкарисида ИШИД ташкилотининг шахслар учун, жамият учун таҳдид даражаси ҳақиқатан йўқолгани йўқ.

Лекин у ташқи дунёга, айтайлик, Амударёдан кечиб ўтиб, Ўзбекистон, ёки Туркманистон ва ёки Тожикистон учун жиддий таҳдид шакллантирувчи кучга, қудратга, омилга айлангани йўқ ва айлана олмайди. Бунга Толибон имконият бермайди. Яъни, бунинг таҳдид даражасига баҳо бериш керак.

Ҳақиқатда бу радикал гуруҳ, ҳақиқатда хавфли гуруҳ.

Лекин унинг нечта одами бор ва унга қайси давлатлар ёрдам бераяпти ва агар, айтайлик, жангарилик хуружи қиладиган бўлса, Марказий Осиё давлатларидаги вазиятни издан чиқаради, деган саволлар бор.

Ва, ўйлайманки, бунга экспертлар бир овоздан жавоб берадики, улар, биринчидан, қўшни давлатларга ҳужум қила олмайди ва мабодо ҳужум қилганда ҳам, қақшатқич зарбага учрайди.

Чунки ундай катта салоҳият, ундай катта куч мавжуд эмас.

Яъни, ИШИД омили бу кўпроқ ахборот майдонидаги, геомафкуравий майдондаги бир рамз.

Лекин у реал қудрат, реал куч эмас, менинг назаримда.

Чунки бундай бўлишига Толибоннинг ўзи ҳам имконият бермайди, албатта.

Савол: Шойгунинг баёноти, Лавровнинг Душанбеда айтган гаплари бу Россиянинг Қирғизистон билан Тожикистонда ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш ҳақидаги баёнотлари ортидан кузатилаяпти-да. Шу маънода биз минтақада Россия ҳарбий ҳозирлигининг янада кучайишини кутишимиз қанчалик тўғри бўлади? Ёки бу баёнотлар амалда нимани англатади? Ва, агар, ҳарбий ҳозирлиги кучаядиган бўлса, бу нималарда кўринади? Бир сўз билан айтганда, Россиядан нималарни кутиш мумкин бўлади?

Камолиддин Раббимов: Мана, кейинги даврда, умуман ҳозирги даврда Россияда қўшимча ресурс мавжуд эмаски, Қирғизистонда ёки Тожикистонда ўзининг ҳарбий контингенти, ҳарбий базасини, у ердаги ўша дивизиясини сифат ёки сон жиҳатдан кучайтира олса.

Ундай имкониятга эга эмас, чунки Украина уруши Россияни ҳам, Украинани ҳам кучли ҳолсизлантирди.

Энди, Сергей Шойгу минтақани маълум бир геосиёсий тонусда, геосиёсий назоратда ушлаб туриш учун мана шундай баёнотлар беради, бериб келган.

Ва, ўйлайманки, Россиянинг маълум бир лойиҳалари бўлиши мумкин.

Яъни, Россия, барибир, катта давлат. Айтайлик, Ўзбекистонга ёки Тожикистонга, демак, маълум бир босимлар қилиш учун у, бу гуруҳларни, у, бу омилларни ишлатиб, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига ёки Россиянинг ўша хавфсизлик лойиҳаларига тортиш мақсади бўлиши мумкин.

Россиядан бу нарсани ҳар доим кутиш мумкин.

Лекин, умуман олганда, Россия Украина уруши фонида жудаям жиддий ҳолсизланди.

Унга Қирғизистон ҳам, Тожикистон раҳбарияти ҳам бир неча марта бемалол "йўқ", деб жавоб бера олиш ҳолатига келди.

Шойгунинг баёноти энди мана шу Россиянинг минтақадаги иштирокини маънавий бир қўллаб-қувватлаш мақсадида ва маълум бир лойиҳаларни кўзлаб айтилган, холос.

Лекин у кучли бир геосиёсий ўзгаришларга сабаб бўлади, деб ўйламайман.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002