Подкаст. Ўзбекистон ва Афғонистон: ИШИД энди Мирзиёев ва унинг ҳукуматига таҳдидми? Афғонистон ва Толибон O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади. Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган
Ўқилиш вақти: 12 дақ

ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган. Шавкат Мирзиёев ва Абдулазиз Комилов гуруҳ энг кўп тилга олаётган номлардан бирига айланган. Абдулазиз Комилов жорий пайтда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича вакили ҳисобланади. Бунгача ташқи ишлар вазири лавозимида экан, Ўзбекистон ҳукуматининг Толибон билан музокараларида фаол ва муҳим ўрин тутган намояндаси. Воқеаларнинг сўнгги ривожи ИШИД ўз тарихида илк бор Ўзбекистонни бевосита ракета ҳужумига тутишидан бир неча ой ўтиб кузатилган. ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади. Бу нима дегани?

Би-би-си Ўзбек хизматининг таҳлилий подкастида батафсил танишинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Қайта фаоллашаётган ИШИД ёки суҳбатга кириш сўз ўрнида

ИШИД

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган

ИШИД Хуросон қаноти ҳозир Афғонистонда энг фаол жангари гуруҳ бўлади.

Мазкур гуруҳнинг қайта фаоллашуви Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан кузатилган.

Афғонистонда ўтган бир йил ичида содир этилган энг қонли ҳужумларга масъулиятни ҳам айни шу жангари гуруҳ ўз зиммасига олиб чиққан.

ИШИД Хуросон қаноти худди шу вақт ичида ўзининг тарихида илк бор Афғонистонга чегарадош икки Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон ва Тожикистонни ҳам бевосита нишонга олишга муваффақ бўлган.

Термизга қаратилган ракета ҳужумининг Ўзбекистонга чегарадош Балх вилоятидан уюштирилгани эса, ИШИД Хуросон қанотининг бир йилдаёқ Афғонистон шимолида шу қадар фаоллаша олганига ҳам далолат қилмай қўймаган.

Афғонистоннинг айнан шимолий минтақалари Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош бўлади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Афғонистонда ортиқ бирор бир хорижий иттифоқ қўшини қолмаган ва бўлмаган бир пайтда бўй кўрсатган.

Устма-уст баландпарвоз баёнотларига қарамай, Толибон муваққат ҳукумати ўзининг ашаддий рақиби бўлган ИШИД Хуросон қанотини жиловлашга ҳалича муваффақ бўлмаган.

Сўнгги ойларда, аксинча, ИШИД Хуросон қаноти ўз пропагандаси майдонини ҳам Марказий ва Жанубий Осиё қадар кенгайтириш, айнан ўзбеклар ва тожикларни кўзда тутувчи платформалари, ахборотлари сонини ошириш, минтақадан ҳам янги аъзолар ёллаш ва молиявий манбалар топиш ҳаракатида эканига оид хабарлар сони ортган.

Мазкур гуруҳнинг Афғонистонда қисқа вақтнинг ичида қайта фаоллашишга муваффақ бўлаётганига оид сўнгги вазият халқаро экспертлар жамоасининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Халқаро экспертларга кўра, ИШИД Хуросон қаноти ўз ҳужумларига қайта зўр бериш билан халқаро ҳамжамиятнинг Толибонга шундоқ ҳам заиф бўлган ишончини буткул чиппакка чиқармоқчи, уларнинг мавқеъларини кучайтириш мумкин бўлган хорижий сармоялар ва лойиҳалар йўлини тўсмоқчи, Марказий Осиё давлатларини Афғонистондан четда тутмоқчи ва алал-оқибат у ерда ўзлари учун қулай бўлган бошбошдоқлик муҳитини юзага келтирмоқчи.

Ўзбекистон жорий пайтда Толибон муваққат ҳукумати билан энг фаол мулоқотда бўлган дунё ва минтақа давлатларидан бири экани кўрилади.

Афғонистон дунёнинг энг йирик ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган, жанг қилган ва ҳануз жон сақлаб келиши айтилувчи давлати бўлади.

Шу кунларда эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг номи яна халқаро минбарларда ҳам янграй бошлаган.

Шундай экан, ҳозир Ўзбекистон ва минтақага ИШИД таҳдиди қанчалик кучайди ва кучаймоқда.

Феруза Раҳмон худди ана шундай савол билан Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийга мурожаат қилди:

Dovud A'zamiy

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, "ИШИД каттароқ урушни хоҳлайди. Минтақа бўйлаб фаоллашишни истайди..."

Довуд Аъзамий: ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда яна фаоллашди. Гуруҳ аввалги тактикасини қайта қўлламоқда. Бундан ташқари, улар ҳозир бугунги реалликка ҳам мослашишаётир. Янги восита ва усуллардан фойдаланмоқда. Шу йилнинг апрель ва май ойларида гуруҳ Ўзбекистон ва Тожикистонга зарба беришнинг уддасидан чиқди. Уларни чегара минтақасидан туриб, ракетадан ҳужумга тутди. Аммо буни ИШИД нинг янгича тактикаси, деб бўлмайди. Улар худди шунга ўхшаш ҳужумларни пойтахт Кобулда ҳам уюштиришган. Ракетадан президент саройига зарба беришган. Бунинг учун машина ва унинг юкхонасидан фойдаланишган. Ракета жойланган машинани мўлжалга яқин олиб бориб, ўша ердан ҳужум қилишган. Ракеталар аниқ бир мўлжалга қаратилмаган бўлса-да, улар хавотир ва ваҳима уйғотиш учун кифоя қилади. ИШИДга мақтаниши учун асос беради. Бу гуруҳга пропагандаси учун яхши. Шуниси янги жиҳат. Менимча, ИШИД бу ишини яна давом эттиради. Чунки ИШИД каттароқ урушни хоҳлайди. Минтақа бўйлаб фаоллашишни истайди. Гуруҳ шу пайтгача ўзининг асосий диққат-эътиборини Афғонистонга қаратиб келган. Кейин гоҳ-гоҳида Покистонда ҳам ҳужум уюштириб турган. Аммо Марказий Осиё шу пайтгача деярли дахлсиз эди. Гуруҳ энди бу минтақа давлатлари қадар ҳам фаоллашмоқчи. Буни икки йўлда амалга ошириш ҳаракатида. Биринчидан, бунга ўхшаш ҳужумлари билан гуруҳ ўз тарафдорлари ва бўлажак аъзоларига Марказий Осиё давлатларини ҳам нишонга олишга қодир эканлигини кўрсатмоқда. Кейин шу йўл билан янги одамларни сафларига тортишга уринаётир. Қаранг, биз ҳануз шу ердамиз, мавҳ этилганимиз йўқ, бизни қўллашингиз ёки сафларимизга ёлланишингиз мумкин, дея, ўз ҳужумларидан янги жангариларни ёллаш ва пропаганда мақсадида фойдаланмоқда.

Савол: Аммо ИШИД Хуросон қаноти, айниқса, сўнгги йилларда афғон ҳукумати, халқаро коалиция кучлари ва ҳатто ашаддий рақиби саналган Толибоннинг ҳам шиддатли ҳужумлари остида эди. Орада гуруҳнинг жиддий зарба егани, қатор қудратли маҳаллий лидерларининг ўлдирилгани, омон қолган аъзоларининг асосан жон сақлаш мавқеида эканига оид баёнотлар ҳам янграганди. Шундай экан, Толибон қудратга қайтган бир йилнинг ўзидаёқ ИШИД Хуросон қаноти қандай қилиб бу даражага етган бўлиши мумкин?

Довуд Аъзамий: Қолган бир нечта саноқли зўравон жангари гуруҳлар каби ИШИД ҳам ўзининг яшовчанлигини кўрсата олган. Умуман олганда ИШИДнинг ўзи ҳам, Хуросон қаноти ҳам охирги йилларда жиддий кучсизлангани рост. Чунки асос солинган 2015 йилнинг январь ойида ИШИДнинг Хуросон қаноти каттаришга муваффақ бўлган. Асосан Афғонистон ва Покистондан минглаб одамни ўз сафларига жалб қилган. ИШИДга ёлланиб, Сурия ва Ироққа кетган айрим Марказий осиёлик жангарилар ҳам кейинчалик яна уларнинг назоратлари остидаги ҳудудларга қайтишган. Гуруҳ орада Афғонистонда каттагина ҳудудни назорат қилган. Асосан Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий минтақаларидан бош топиб келган. Аммо Марказий Осиёга яқин Афғонистон шимолида ҳам ўзининг уялари, назорат қилувчи минтақалари бўлган. Афғон ҳукумат кучлари, халқаро коалиция қўшинлари ва толиблар билан жангларда эса, эгаллаб турган жуда кўп ҳудуди, катта сондаги жангариларини бой берган. Кўринишича, гуруҳ яна кўп одам ёллаш, йўқотган жангариларининг ўрнини анча-мунча тўлдиришга муваффақ бўлмоқда. Толибон Афғонистонда қудратга қайтган ўтган йилнинг август ойида ИШИД Хуросон қанотининг юзлаб жангарилари қамоқхоналарда эди. Кўп ўтмай, улардан аксарияти ҳам озодликка чиққан ва яна тезда гуруҳ сафларига қайтган. Бунинг ортидан Толибон уларнинг ортидан тушгани, қанчасини ўлдириб, яна қанчасини қўлга олганига оид хабарлар ҳам олинган. Айрим Толибон мулозимлари гуруҳни йўқ қилдик, деган даъволаргача боришган. Аммо бу ИШИД тугади, дегани эмас. Чунки уларнинг ҳануз Афғонистоннинг турли қисмларида ухлаб ётган уялари, кичик, кичик гуруҳлари бор. Улар ўтган бир йил ичида пойтахт Кобул ва Афғонистоннинг яна қатор бошқа ҳудудларида уюштирган ҳалокатли худкушлик ҳужумлари бунинг исботи бўла олади. Толибоннинг бунча ИШИД жангарисини ушладик, мунчасини ўлдирдик, деган баёнотларининг ўзи ҳам гуруҳнинг ҳануз Афғонистонда ҳозир ва фаол эканига далолат қилади. Унинг бугунги қудратига берилаётган баҳолар эса, баҳсли. Чунки бу ҳақда ишончли маълумот йўқ. Чунки гуруҳ ҳозир бўлган минтақа давлатлари ҳукуматлари уларнинг бугунги салоҳияти, фаолияти, қандай қилиб янги жангариларни ёллаётгани, жангга қобил аниқ қанча жангариси ва тарафдори борлиги ҳақида муфассал маълумотга эга эмас. Чунки тарафдорлари ҳам вақти келиб гуруҳнинг фаол, жангари аъзоларига айланиши эҳтимоли йўқ эмас. Бунинг биринчи сабаби ИШИД анчайин яширин гуруҳ. Иккинчи омили шундаки, бу минтақа давлатларида мустаҳкам жосуслик маълумотларини айирбошлаш механизми йўқ. Ҳар бир ҳукумат эътиборини ўзининг давлатига қаратган. ИШИД эса, трансмиллий ва халқаро гуруҳ бўлади.

Савол: ИШИД Хуросон қанотини ҳозир ким молиялайди? Балким, гуруҳни молиялаш кучайгани боис ҳам у бугун қайта куч олиб бораётгандир, нима дейсиз?

Довуд Аъзамий: Бу икки томонлама ишлайди. Улар ҳужум уюштириш билан ўз тарафдорлари ва аъзоларига биз ҳануз фаолмиз, агар бизни қўлламоқчи бўлсангиз, биз шу ердамиз, деган муждани беришади. Шу тариқа ўзаро алоқа қуришади ва маблағли бўлишади. Гуруҳни, афтидан, асосан хусусий донорлар молиялашади. Улар ҳали ҳам биргина Афғонистон эмас, бутун минтақа ва Яқин Шарқдан маблағ олишмоқда. Ўз назоратлари остидаги ҳудудлари бўлган пайтда эса, Афғонистондаги конлар ва маъданлардан ҳам пул ишлашган. Одамларга солиқ ҳам солганлар. Бу ҳам улар учун бир даромад манбаи бўлган. Аммо ҳозир бу манбалари қирқилган. Чунки эгаллаб турган минтақаларини бой беришган. Шу боис ҳам, гуруҳ молиявий жиҳатдан нисбатан кучсизланган. Аммо гуруҳ қанча фаоллик кўрсатса, гуруҳга шунча кўп пул келади. Чунки бу ташкилот худди ана шундай ишлайди. Уларга келаётган пул оқимини назорат қилиш эса, минтақа давлатлари ўртасида рисоладагидек ҳамкорлик, пухта ишлаб чиқилган механизм ва жосуслик маълумотлари айирбошлашувини тақозо этади. Худди шу нарсанинг етишмаслиги ҳам гуруҳга қўл келаётир.

Савол: ИШИД Хуросон қаноти Термизни Афғонистоннинг шимолий Балх вилоятидан ракета ҳужумига тутган. Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ягона вилояти бўлади. Бу ҳужум гуруҳнинг Афғонистон шимолида бемалол, ҳатто чегарадан ташқарига, қўшни бир давлатга ҳужум уюштириш даражасида қайта фаоллашишга муваффақ бўлганини англатадими?

Довуд Аъзамий: Минтақада бўй кўрсатганидан буён ИШИД Хуросон қаноти асосан Афғонистоннинг шарқи ва шимолида фаол бўлган. Шарқ гуруҳнинг асосий истеҳкоми сифатида кўрилган. Сўнгги йилларда мавқеи анча заифлашганига қарамай, гуруҳ юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, Афғонистон шимолида ҳам доимо ҳозир бўлиб келган. Бу ерларда ўзининг яширин уяларига ҳам эга бўлган. Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда бўшлиқ юзага келди. Амалдаги ҳукумат қулатилди. Бошқасининг оёққа туриб олиши эса, осон кечмаётир. ИШИД Хуросон қаноти худди ана шу бўшлиқдан ҳам фойдаланмоқда. Чунки муваққат ҳукумат учун Афғонистоннинг ҳар бир қаричини назорат қилиш ўта қийин. Кучли ва пухта жосуслик амалиётлари бўлмаган бир шароитда эса, ИШИД Хуросон қанотига ўхшаш гуруҳлар Афғонистон ҳудудидан бунга ўхшаш ҳужумларни уюштира олишади. Чунки улар кўп ашё ва манба талаб қилмайди. Толибон орада ИШИД Хуросон қанотининг шунга ўхшаш бир қанча ҳужумларининг олдини олганликларини ҳам айтиб чиқди. Бундан кўринадики, бу ҳозир гуруҳ энг кўп қўллаётган тактикага айланган ва улар бундан кейин ҳам бу ишга қўл уришлари мумкин. Аммо Ўзбекистон ва қолган минтақа давлатлари, хусусан, Россия орада Толибонни огоҳлантиришган. Ҳаракатни бунга ўхшаш ҳужумларга чек қўйишга чақиришган. Чунки бу каби ҳужумлар нафақат минтақада ваҳима уйғотади, балки уларни назорат қила олмаганликда ҳукуматларни заиф қилиб ҳам кўрсатади. ИШИДга эса, улар юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, пропагандаси учун жуда қўл келади.

Савол: ИШИД Хуросон қаноти аъзоларининг ҳозирги сони ва уларнинг бугун қурол-яроғни қаердан олишаётгани борасида нималар маълум? Ҳозир уларнинг сафлари қайта кенгаймоқда, гуруҳ фаоллик билан янги аъзолар ёллаяпти, деб айта оламизми?

Довуд Аъзамий: ИШИД Хуросон қаноти жангариларининг бугунги сони борасида аниқ маълумотлар имконли эмас. Чунки уларнинг сони ўзгариб туради. Вақтида гуруҳнинг минглаб жангарилари бўлган. Орада уларнинг кўпи ўлдирилган, ҳибсга олинган, шунинг ҳисобига сони камайган. Аммо кейин яна одамларни ўз сафларига жалб қилиш, янги жангарилар ёллашга муваффақ бўлган. Ҳозир гуруҳ аъзолари сонини юзлаб дейиш мумкин. Улар бугун Афғонистоннинг турли ҳудудларида кичик, кичик гуруҳларга бўлиниб фаолият олиб боришади. Қурол-яроғ, портловчи ускуналар эса, минтақада имконли. Уларнинг ноқонуний савдоси минтақада бир неча ўн йилларки давом этиб келади. Айниқса, собиқ Шўролар Иттифоқининг босқини ортидан, амалдаги ҳукумат ва уларга қарши жанг қилган афғон мужоҳиддинлари учун Афғонистонга жуда кўп қурол-яроғ юборилган. Ўша қурол-яроғлар ҳануз Афғонистонда ва қўлда. Американинг 2001 йилги ишғолидан кейин ҳам Афғонистонга яна кўплаб қурол-яроғ келган. Ўтган йили Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати қуларкан, улардан анчаси ташмаланган. Сотувда. Ноқонуний қурол-яроғ савдоси билан шуғулланувчилар уларни бемалол бозорлардан сотиб олишлари ва ҳаққини берса, истаган кишига пуллашлари мумкин. Яъни, ИШИД ҳам бошқа ҳар қандай гуруҳ каби уларни харид қила олади. Гуруҳ ҳозир жон-жаҳди билан ўз сафларини янада кенгайтириш ҳаракатида. Чунки бу гуруҳ учун ҳаёт-мамот масаласи. Чунки ўзининг манфаатларини кўзда тутиб ҳам Толибон уларга қарши ўта кескин мавқеъда. Чунки ИШИД Афғонистон Толибон ҳаракатига қарши чиққан, улар билан урушиб келаётган гуруҳ бўлади. ИШИД толибларни "миллатчи", деб атайди. Чунки Толибон халқаро чегараларни тан олиши, мақсадлари фақат Афғонистоннинг ўзи билан чекланишини айтиб келади. ИШИД эса, бунинг тескариси. Бу гуруҳ ҳеч қандай чегараларни тан олмайди. Улар халифатга ишонишади. ИШИД Хуросон қаноти Толибонни яна минтақа ҳукуматлари билан алоқаси, муносабатлари учун ҳам танқид қилади. Гуруҳ Толибон ҳукуматининг, айниқса, Ўзбекистон билан муносабатларини хосан тилга олади. Чунки Ўзбекистон ва Толибон ҳозир ўзаро яқин. Икки томон вакилларининг бир-бирларига ташрифлари ҳам фаоллашган. ИШИД Хуросон қаноти ўзининг пропагандасида бу ташрифлар ва учрашувларга ҳам тўхталиб ўтади. Уларда Толибон баробарида Мирзиёев ҳукуматини ҳам, таъбир жоиз, нишонга олади. Шу жумладан, Толибон ҳукумати баробарида қолган аксарият Марказий Осиё давлатларини ҳам АҚШ ёки Россиянинг "қўғирчоқлари", деб атайди.

O'zbekistonlik jangarilar

Сурат манбаси, Video

Сурат тагсўзи, ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади

Савол: Шундай экан, ҳозир Ўзбекистонга ИШИД таҳдиди янада кучайган, деб хулоса чиқаришимиз қанчалик тўғри бўлади?

Довуд Аъзамий: Толибон қудратга қайтмасидан аввал ҳам Ўзбекистон ИШИДнинг нишонида бўлган. Чунки ўзбекистонлик жангарилар ҳам уларнинг асосий гуруҳи таркибида жанг қилишган. Кейинчалик улардан айримлари ИШИДнинг Хуросон қаноти сафларига ҳам қўшилган. Шунинг учун ҳам бу Толибон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг сўнгги пайтларда яхшиланиб бораётган алоқаларига тўғридан-тўғри боғлиқ эмас. Аммо, аҳамиятлиси шундаки, улар Ўзбекистонга қарши қаратилган танқидларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов номларини тез-тез тилга оладиган бўлишган. Улар Комиловни Толибон қудратга келмасидан аввал ҳам толиблар билан алоқаларни яхшилашга тарафдорлик қилган шахс сифатида кўришади. Шу боис ҳам, икковлоннинг номларини бошқалардан кўра кўпроқ тилга олишади. Улар бу ҳукуматлар ўз халқи хоҳиш-истагини намоён этмаётгани, чегараларга ишониши, АҚШ ва Россия каби глобал қудратларнинг "қўғирчоқлари" эканликларини иддао қилишади. Бу гуруҳ ўз пропагандасида урғу бераётган энг муҳим учта нуқта бўлади.

Савол: Толибон ўзи Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги бир йил ичида ИШИДни жиловлашга қодир эканликларини изчил равишда баён қилиб келади? Аммо бу иш уларнинг қўлидан келадими?

Довуд Аъзамий: Толибон ИШИДнинг Афғонистонда фаолият олиб боришига йўл қўймаслигини айтади. Муваққат ҳукуматининг айрим аъзолари эса, ҳатто гуруҳни буткул яксон этганликларини ҳам даъво қилиб чиқишди. Аммо, факт шундаки, ИШИД ҳануз Афғонистонда ҳозир. Ўз назорати остидаги ҳудудларини қўлдан бой берган бўлса-да, пойтахт Кобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида яширин уялари бор. Уларнинг сўнгги бир йил ичида Афғонистон пойтахти, шимоли ва ҳатто жанубида қатор қонли ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлгани бунинг бир исботидир. Гуруҳ асосий нишони сифатида кўриб келинган шиалар қолиб, ҳозир суннийларни ҳам нишонга олишга ўтган. ИШИД Хуросон қаноти, бундан ташқари, Кобул ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудларида бир қанча Толибон мулозимларига ҳам ҳужум қилган. Аммо, шунда ҳам, гуруҳ ҳозир эркин фаолият олиб бора олмайди. Чунки Толибон бунга изн бермайди. Мамлакатнинг турли минтақаларида гуруҳнинг юзлаб аъзолари ёки издошларини ўлдирган. Бир қанчасини ҳибсга олган. Истиҳборатининг асосий диққати ҳам ИШИД Хуросон қанотининг фаолиятига қаратилган. Толибон бир томондан, ўзига қарши даъват билан чиққани, бошқа тарафдан, халқаро ҳамжамиятга бу каби гуруҳларга тоқатсиз эканлигини, уларни ҳеч қандай ташқи таҳдид бўлмаслиги ва ўзлари билан алоқа ўрнатишлари мумкинлигига ишонтириш учун ИШИДга нисбатан жуда қаттиқ кетмоқда. Лекин Толибон гуруҳни буткул мавҳ этишга муваффақ бўлмаган. Унинг жанговар фаолияти ва салоҳиятини чеклай олган.

Савол: Аммо сўнгги бир йил ИШИД Хуросон қаноти ҳужумларининг анчайин изчил ва жиддий бир равишда ортиб, кучайиб бораётганига далолат қилмаяптими?

Довуд Аъзамий: ИШИД Хуросон қаноти ўз ҳужумларини яна давом эттириши мумкин. Чунки улар бу яқин орада даф бўлмайди. Толибон ва ИШИД ҳали яна анча бир-бирларини нишонга олишда давом этишади. ИШИДнинг тинч аҳоли, таъбир жоиз, "юмшоқ" мўлжалларга қарши ҳужум қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки гуруҳ наздида бу - Толибон ҳукумати заифлигининг намойиши бўлади. Толибон бошқалар кўз ўнгида мамлакатда хавфсизликни таъминлай олмаган бўлиб чиқади. Чунки Толибон қудратга қайтиш билан Афғонистонга тинчлик келтирганликларини иддао қилган. ИШИДнинг ҳужумлари натижасида Толибон бунга қодир эмасдек бўлиб чиқади.

ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, .

Савол: Агар буларнинг барчасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ИШИД Хуросон қаноти бу яқин келажакда Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига жиддий таҳдидга айланиши эҳтимоли қанчалик?

Довуд Аъзамий: Менимча, бундай бўлмайди. Чунки Толибон ҳануз жуда қудратли. Янги қурол-яроғлари, аввалгига қараганда янада кўпроқ ресурслари бор. Толибон ва ИШИД ўртасидаги адоват сақланиб қолаверар экан, мазкур гуруҳ бу яқин келажакда катта таҳдидга айланмайди. Бундан ташқари, бирор бир давлатнинг қўллови ва бошпанаси бўлмаса ҳам, ИШИД Хуросон қанотида бу каби имконият бўлмайди. Яна молия ва қурол-яроғ масаласи бор. Чунки ИШИДга ҳозир аъзолари ва амалиётларини молиялаш учун маблағ топиш у қадар ҳам осон эмас. Кейин гуруҳнинг минтақа бўйлаб эркин ҳаракатланиши қийин. Чунки улар минтақа давлатларининг диққат-эътиборида. Бу яна Толибон ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсати ва бошқарувидан одамларнинг қанчалик рози эканига ҳам боғлиқ. Агар Толибон халқнинг кўнглини ололса, бу ҳам кучайиши ва таҳдидга айланиши учун ИШИДга имкон қолдирмайди. Ҳатто бунинг акси бўлган тақдирда ҳам, Толибонга қарши босим ёки қандайдир норозилик ҳаракатлари кузатилиши мумкин. Лекин Толибон ҳукуматини четдан қўллов ва дастаксиз қулатиш осон иш эмас. Келажакда Афғонистон ёки минтақада яна ҳужумлар юз бериши мумкин. Аммо булар ҳам ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистонда катта ҳудудларни забт этишини англатмайди.

Савол: Аммо, бошқа томондан, халқаро ҳамжамият, бир йилдирки, Толибон муваққат ҳукуматини расман тан олмаган. Агар бу ҳолат яна узоққа чўзиладиган бўлса, бунга жавобан Толибон ИШИД билан иттифоқчиликка кириши, саъй-ҳаракатларини умумлаштириб, минтақа ва ташқи дунё учун янада катта таҳдидга айланиши мумкинми? Бу каби хавф қанчалик ҳақиқатга яқин?

Довуд Аъзамий: Толибон ва ИШИДнинг иттифоқчиларга айланиши қийин. Бунинг бир қанча сабаби бор. Биринчидан, ИШИД Толибонга ҳам ҳарбий ва ҳам ғоявий жиҳатдан даъват билан чиққан илк йирик жангари гуруҳ бўлади. Гуруҳ Толибонга қарши уруш очган ва уларни "муртад", деб атайди. Уларни ҳақиқий Исломни намоён этмаслик, чегараларни тан олиш, миллатчилик ва Афғонистонни ўзи билан ўралашиб қолганликда айблайди. Ғоявий жиҳатдан ҳам улар бир-биридан фарқли икки гуруҳ. Жангари гуруҳ сифатида кўзлаган мақсадлари ҳам ҳар хил. Толибон уруши фақат Афғонистоннинг ўзи билан чегаралангани, асосий диққат-эътиборлари Афғонистонга қаратилгани ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмасликларини баён қилиб келади. ИШИДники эса, глобал. Улар БМТ, чегаралар, бошқа ҳукумат ва давлатларни тан олмайди. Ягона халифат барпо этишни истайди. Бу икковлон ўртасидаги ҳарбий, сиёсий фарқ. Ғоявий нуқтаи назардан олганда эса, ИШИД мутаассиб ваҳобий-салафий ташкилот. Толибон эса, асосан ҳанафийлардан ташкил топган. Сунний Исломнинг "Ҳанафий" мазҳабига ишонади. Умуман олганда, сўфийликка ҳам эътиқоди бор. ИШИД наздида эса, сўфийлик ширк. Бу гуруҳ шиа мусулмонларини "кофир"лар, деб атайди. Уларни ҳужумга тутишга ўзларини ҳақли, деб ҳисоблайди. Толибон эса, умуман олганда, бунга зид мавқеъда. Худди шу боис ҳам, уларнинг ҳамкорликка боришларини тасаввур қилиш қийин. Бундан ташқари, Толибон гуруҳ сифатида ИШИДга яқинлашадиган бўлса, Афғонистондаги ҳукуматини халқаро ҳамжамиятга тан олдириш орзуси ҳам чиппакка чиқади. Бу Толибон учун жуда қалтис иш. Тўғри, айрим собиқ ИШИДчиларнинг Толибон сафларига қўшилиб, уларга байъат келтирганига оид айрим истисноли ҳолатлар ҳам бор. Аммо бу каби сиёсий ва ғоявий мақсадда бўлган ИШИД Толибонга қўшилмайди. Бу нарса амалга ошмайди.

Савол: Шундай экан, бу каби мақсадда бўлган гуруҳга қарши Толибоннинг якка ўзи бас кела олармикан? Ёки толибларга бунинг учун барибир четдан кўмак, халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами зарур бўладими? Ёки халқаро ҳамжамиятнинг ўзи қанчалик Толибонга ёрдам беришга мажбур бўлади?

Довуд Аъзамий: ИШИД минтақавий ва халқаро гуруҳ. Бутун минтақа бўйлаб фаолият юритади, алоқалари бор. Шу боис ҳам, бир ҳукуматнинг ўзи уларни яксон этолмайди. Чунки улар бошқа бир давлатдан бошпана, пул топишлари, янги аъзолар ёллашлари мумкин. Улар фақат ИШИДни заифлаштиришлари, ҳудуддан маҳрум этишлари, аъзоларини ўлдиришлари, ҳибсга олишлари мумкин. Аммо гуруҳ шунда ҳам яшириниш, бошқача йўллар билан ўз фаолиятини давом эттиришга муваффақ бўла олади. Бунинг учун минтақа давлатлари бирлашиб, ўзаро ҳамкорликда жосуслик маълумотларини айирбошлаш, гуруҳни молиявий манбаларидан маҳрум қилиш ва янги жангариларни ёллашишга тўсқинлик қилувчи механизмни ишлаб чиқишлари керак бўлади.

Афғонистондаги ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўз вақтида ИШИД Хуросон қаноти жангариларининг сони минглаб экани айтилган

Қисқача маълумот ўрнида: ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги қайта фаоллашуви халқаро коалиция кучлари мазкур гуруҳнинг Яқин Шарқдаги асосини мавҳ этишганига оид баёнотларидан саноқли йиллар ўтиб кузатилмоқда.

ИШИД сафларида Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар эса, ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси, "Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган"ини даъво қилиб чиққан.

У, "бу жангариларнинг 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишгани, улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишгани"ини иддао қилган.

Аммо ўшанда Жумахон Ғиёсовнинг айни мазмундаги баёноти минтақавий экспертларнинг қарама-қарши акс-садоларига сабаб бўлган, бу Кремлнинг ўз геосиёсий мақсадлари йўлидаги навбатдаги "олабўжи" сиёсати сифатида ҳам талқин этилганди.

Яқин Шарқда "деярли тор-мор этилгуни"га қадар ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.

Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади.

Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган.

Аммо, худди шунинг баробарида, Толибон муваққат ҳукумати билан дипломатик жабҳада ҳам ўзининг саъй-ҳаракатларига зўр берган.

Толибон муваққат ҳукуматидан сўнгги сўровларидан бири эса, халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини батамом узиш бўлган.

ИШИД Хуросон қаноти "Ҳаққоний" тармоғи орқали Афғонистон Толибон ҳаракатининг билвосита иттифоқчиси сифатида ҳам кўриб келинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek