Янгиликлар: Толибон яқин қўшниларини огоҳлантирди, ИШИД Марказий Осиё чегарасига яқинлашдими? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, President.uz
Толибон ИШИДнинг бугунги қудратига баҳо берди. Қўшниларига мурожаат билан чиқди.
Алоқадор мавзулар:
Афғонистоннинг расман тан олинмаган муваққат ҳукумати Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғининг сўзларини беэътибор қолдирмади.
Толибон муваққат Ташқи ишлар вазири дунё давлатлари, айниқса, қўшниларидан Афғонистонда "ИШИДнинг ҳозирлигига оид айбловлардан тийилишлари"ни сўради.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Россия шамсияси остидаги ташкилот саналади.
Бу ташкилотга Беларусь ва Арманистондан ташқари уч Марказий Осиё давлати - Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Ўзбекистон жорий пайтда бу ташкилот аъзоси саналмайди.
Анатолий Сидоров кечаётган ҳафтада берган матбуот анжумани чоғида "Афғонистонда ИШИД жангарилари сони 6500 нафарга етгани"ни қайд этган.
Бу жангарилардан "4 мингтаси ҳозир Тожикистон билан чегаралар яқинида жойлашганлиги"ни иддао қилган.
КХШТ бирлашган штаби бошлиғи, шундай деркан, "Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликка асосий таҳдид Афғонистонда илдиз отган турли экстремистик гуруҳлардан келиши"ни таъкидлаган.
"Энг катта хавфни эса, айнан ИШИД ва "ал-Қоида" туғдириши"ни даъво қилган.
Унга кўра, минтақадаги вазиятнинг беқарорлашига яна "толиблар раҳбариятининг миллий ва диний озчиликларни сиқиштириш сиёсати, бирдамликнинг йўқлиги, ички қарама-қаршиликнинг кучайиши, иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши ва ижтимоий муаммоларнинг кучайиши каби омиллар ҳам сабаб бўлаётир".
Акс-садолар

Сурат манбаси, Screenshot
Россиянинг ўзида ИШИД ва "ал-Қоида" "террорчи ташкилот" сирасига киритилган, фаолияти тақиқланган.
Тожикистон орадан кун ўтиб, Анатолий Сидоровнинг сўзларига ўзининг расмий муносабатини билдириб чиққан.
Мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ўзларининг "ҳар қандай таҳдидга тайёр эканликлари"ни баён қилган.
У, "керак бўлса, КХШТ кучлари ҳам ишга солиниши"ни илова қилган.
Минглаб ИШИД жангариларининг Марказий Осиё чегараларига яқинлашганига оид Анатолий Сидров сўзларига ҳозирча қолган минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати кўзга ташланмайди.
Афғонистон муваққат ҳукумати ҳам ўзининг жавобини узоқ куттирмаган.
Толибон муваққат Ташқи ишлар вазири Тожикистон томони билан бир кунда, собиқ Шўро қўшинлари Афғонистонни тарк этганининг 15 февраль кунги 34 йиллиги санаси тантаналари чоғида бунга ўз муносабатларини билдирган.
Амир Хон Муттақий ўз чиқишида, "Афғонистондан ҳеч кимга бирор бир хавф ёки таҳдид йўқлиги"ни таъкидлаган.
У, "агар, ИШИД жангариси Афғонистонда бошини кўтарса, яна янчилиши"ни айтган.
Қўшниларининг яқинда янграган хавотирларига тўхталаркан, истаган киши "Афғонистонга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриши мумкин"лигини ҳам қўшимча қилган.
Тантаналар Афғонистон Миллий радио ва телевидениеси орқали бутун мамлакатга олиб узатилган.
Хабарларга кўра, тадбирда Толибоннинг аксарият юқори мартабали мулозимлари иштирок этишган.
"Таҳдид" хавфи?..

Сурат манбаси, Video
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғининг айтишича, Афғонистондан Тожикистонга хавф туғилишига йўл қўйишмайди.
"Хавф туғилган тақдирда эса, ташкилот кучлари 12 соат ичида жавоб қайтаришга қодир".
Анатолий Сидоров, айни ўринда, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубида вазият "мураккаб" эканлигини ҳам эътироф этган.
Аммо айнан Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
ИШИД Афғонистон Толибон ҳаракатининг "ашаддий рақиби" саналган.
Ҳаракатнинг Афғонистонда қудратга қайтиши икки рақиб гуруҳ ўртасидаги рақобатни янада кучайтириши кутилган.
Толибон муваққат ҳукумати орада ИШИДни жиловлашга қодир эканликларини бир эмас, бир неча бор баён қилган.
Гуруҳга қарши рейдлар ўтказиш, уларнинг кўплаб аъзоларини ўлдириш ва ҳибсга олишга ҳам муваффақ бўлган.
Аммо Афғонистон Толибон қудратга қайтиши ортидан саҳна бўлаётган энг қонли ҳужумларга масъулиятни айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.
Орада Ўзбекистон ҳам илк бор Афғонистон тупроғидан туриб тўғридан-тўғри ИШИДнинг ракета ҳужумига тутилган.
Гуруҳ бунинг ортидан Россиянинг Афғонистондаги элчихонасини худкушлик ҳужумига тутиш, яқинда эса, Кобулдаги хитойликлар тушган меҳмонхонага қуролли ҳужум уюштиришга ҳам муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, .
Ҳар бир шов-шувли ҳужум ортидан, Толибон жавобгарларни топиш ва жавобгарликка тортишларига оид баёнотлар берган.
Кечаётган ҳафтада ҳам Кобулдаги ИШИД жангарилари яширинган ҳудудга рейд уюштиришгани, амалиёт чоғида ораларида аёллари ҳам бўлган бир қанча чет элликни ҳибсга олганликларини маълум қилишган.
Аммо уларнинг ким эканликларини ҳалича очиқлашмаган.
Аксарият таҳлилчилар наздларида эса, худди шу йўл билан ИШИД Толибон ҳукуматини "обрўсизлантириш", уни ташқи дунёга "ишончсиз ва кучсиз қилиб кўрсатиш" ва толиблар яқинлашиш ҳаракатида бўлган давлатларни "Афғонистондан четда тутиш" ҳаракатида.
Айнан ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда туриб, сўнгги бор тўлиғича байъат келтирган гуруҳ бўлади.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғининг сўнгги огоҳлиги эса, бошқа томондан, Россия Украинада олиб бораётган уруш манзарасида янграган.
Бунгача ҳам Россия ва Россия шамсияси остидаги ташкилотларнинг Марказий Осиёга Афғонистон таҳдидига оид баёнотлари расмий Кремлнинг минтақа давлатларига босиб ўтказиш воситаси сифатида кўриб келинган.
Украинадаги уруш боис, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётган Россия эса, ҳозир Марказий Осиё давлатларига янада яқинлашиш, уларни янада кучлироқ ўзининг сиёсий, геосиёсий ва иқтисодий орбитасига тортиш ҳаракатидан эканидан жиддий хавотирлар бор.
ИШИД Хуросон қаноти

Сурат манбаси, Getty Images
ИШИДнинг Хуросон қанотига гуруҳ Ироқ ва Сурияда қудратининг чўққисида бўлган, исломий халифатини барпо этишга муваффақ бўлган 2015 йилда асос солинган.
Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Яқин Шарқда мавҳ этилган, халифати ҳам тугатилган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти эса, ўз сафларига ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондан жиҳодчиларни, айниқса, ўз ҳаракатининг фаолиятидан норози собиқ толибларни кўпроқ ёллаб келади.
Гуруҳ куч-қудратга тўлган пайтда аъзолари сони 3 мингтагача етган.
Аммо орада анча заифлашган.
АҚШ, афғон кучлари ва Толибон билан кечган қақшатқич жангларда жиддий йўқотишларга учраган.
ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги қайта фаоллашуви халқаро коалиция кучлари мазкур гуруҳнинг Яқин Шарқдаги асосини мавҳ этишганига оид баёнотларидан саноқли йиллар ўтиб кузатилмоқда.
ИШИД сафларида Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар эса, ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси, "Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган"ини даъво қилиб чиққан.
У, "бу жангариларнинг 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишгани, улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишгани"ини иддао қилган.
Аммо ўшанда Жумахон Ғиёсовнинг айни мазмундаги баёноти минтақавий экспертларнинг қарама-қарши акс-садоларига сабаб бўлган, бу Кремлнинг ўз геосиёсий мақсадлари йўлидаги навбатдаги "олабўжи" сиёсати сифатида ҳам талқин этилганди.
Яқин Шарқда "деярли тор-мор этилгуни"га қадар ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади.
Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган.
Аммо, худди шунинг баробарида, Толибон муваққат ҳукумати билан дипломатик жабҳада ҳам ўзининг саъй-ҳаракатларига зўр берган.
Толибон муваққат ҳукуматидан сўнгги сўровларидан бири эса, халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини батамом узиш бўлган.
ИШИД Хуросон қаноти "Ҳаққоний" тармоғи орқали Афғонистон Толибон ҳаракатининг билвосита иттифоқчиси сифатида ҳам кўриб келинган.
ИШИД ҳозир Толибоннинг янги ҳукумати учун жиддий бошоғриққа айланиши мумкин.
Бу масала Ғарб махсус хизматларини ҳам ташвишга солиб келади.
Афғонистон Толибон ҳаракати эса, яқин-яқингача минтақадаги энг йирик ва энг жанговар жангари гуруҳ сифатида эътироф этилган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














