Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун “ўлишга тайёр” эканини ҳам айтди O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти кутилмаган баёнот билан чиқди. Нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди. Қудратларнинг жавоби бунга ҳозирча номаълум.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё
- Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?

Сурат манбаси, Getty Images
Шавкат Мирзиёев бугун "Ўзбекистон ким томон?", деган "оғир савол"га ўзи жавоб берди.
Бу дунёнинг глобал геосиёсий ва геоиқтисодий қудратлари рақобати янада кучайган минтақада бугун халқаро эътиборда бўлган савол ҳам бўлади.
Ўзбекистон президентининг маълум қилишича, "замон жуда мураккаб" ва ҳозир"катта, катта давлатлар" томонидан худди шу каби савол қаршисида қолишган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ўз томонларига ўтишга "қаттиқ, қаттиқ даъват қилаётган" мамлакатлар номига тўхталмаган.
Аммо Ўзбекистон президентининг сўнгги баёноти минтақада геосиёсий тангликни янада кучайтирган Россия Украинага очган уруш манзарасида янграган.
Россия, Ғарб, Европа вакилларининг Ўзбекистон, Марказий Осиёга ташрифлари ўта фаоллашган, ҳар икки томоннинг ҳам минтақа давлатларига янада яқинлашиш ва улар билан алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш илинжи, ҳаракатида бўлган, минтақани ўзларининг муҳим ҳамкорлари, дея атаётган бир пайтга тўғри келган.
Путин Ўзбекистонни ҳам қолган Марказий Осиё давлатлари каби Россиянинг сиёсий орбитасига тортмоқчи, деган жиддий хавотирлар бўй кўрсатиб турган бир фонда кузатилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг худди шу каби ташрифлар манзарасида расман аксар ноаён қолаётган мавқеига шахсан ўзи ва қатъий аниқлик киритган.
Ўзбекистон президенти бу саволга жавоб фақат "битта" эканини таъкидлаган.
"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бериши"ни баён қилди.
Минтақавий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон президенти ўзининг айни мазмундаги жавоби билан "тараф талашаётган" қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини таъкидлаган.
Ўзбекистон: Путин қўнғироғи, Лавров баёноти - Россия Марказий Осиёни 'чангали'да ушламоқчими?:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон ҳам Россиянинг Украинага босқини масаласида қолган минтақа давлатлари каби нейтрал мавқеъдалигича қолмоқда.
Россиянинг айни саъй-ҳаракатини на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.
Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкциялари масаласида ҳам бунга ошкора эътироз билдириб чиққани кўрилмаган.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинага оид халқаро резолюцияларида ҳам бетарафлигича қолаётир.
Расмий Тошкентнинг бу каби нейтрал мавқеига Россия билан анъанавий иттифоқчилиги ҳам ўз таъсирини ўтказа олмаган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, агар, расмий статистикага таянилса, бугун мамлакат аҳолисининг сони 36 миллион кишидан кўпроқни ташкил этади.
Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг энг йирик иккита давлатидан биттаси бўлади.
Россия қолган минтақа давлатлари каби Ўзбекистоннинг ҳам асосий стратегик шериги, яқин иттифоқчиси, энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади.
Айнан Россия, йилларки, Ўзбекистоннинг энг кўп - миллионлаб сондаги аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Аммо айнан мустақил Ўзбекистон минтақанинг кўпқутбли ташқи сиёсат юритиш ҳаракатида бўлган давлати бўлади.
Ҳали-ҳануз Россия шамсияси остида бўлган ва расмий Кремлнинг геосиёсий, геоиқтисодий лойиҳалари саналувчи аксарият ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ташкилот ва иттифоқларга тўлақонли аъзо бўлиб кирмаган.

Сурат манбаси, .
Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 13 март куни Сурхондарё вилоятида берган баёнотида айтишича эса, ҳозир ўзлари ортиқ "нейтрал бўлмаслик", аниқ "у ёки бу томонга ўтиш"га "қаттиқ" даъват этилишмоқда.
Муҳим транзит йўли саналувчи Афғонистонга чегарадош ва табиий энергия заҳираларига бой Марказий Осиё шундоқ ҳам дунёнинг ядровий глобал қудратлари - Россия, АҚШ ва Хитой геосиёсий рақобатда бўлган минтақаларидан бири саналади.
Украина уруши эса, минтақадаги геосиёсий рақобатни янада кучайтириши, рақобатга энди Хитой ва Туркия каби янги ўйинчиларнинг янада кучлироқ қўшилишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
АҚШ Давлат котиби эса, куни-кеча Марказий Осиёга қилган илк ташрифи чоғида минтақа давлатларини Россия тажовузидан огоҳлантирган.
Энтони Блинкен, "ўз қўшнилари чегараларини куч билан йўқ қилишга уринаётган қудратли давлатнинг" кейинги қадамини ҳам бемалол қўйиши мумкинлиги хавфига хосан тўхталиб ўтган.
У Россия ишғолига қарши Украинани ҳар томонлама дастаклаш мавқеъида қатъий собит АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг Марказий Осиёга сафар қилган илк юқори мартабали мулозими бўлган.
Энтони Блинкен, бундан ташқари, мамлакати Марказий Осиё давлатлари барчасининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини ҳам таъкидлаган.
Аммо АҚШ Давлат котибининг Остона ва Тошкентда янграган хавотиру огоҳлантиришларига расмий Кремлнинг муносабати ноаёнлигича қолганди.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади.
Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятида янграган сўнгги баёнотига ҳам ҳозирча у назарда тутган қудратлар муносабати маълум эмас.
Ўзбекистоннинг жанубий Сурхондарё вилоятига чегарадош, яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган ва жорий пайтда Толибоннинг халқаро миқёсда тан олинмаган муваққат ҳукумати бошқараётган Афғонистон таҳдиди эса, аксарият минтақавий таҳлилчилар талқинида Кремлнинг Марказий Осиёга ўз босимини ўтказишнинг яна бир воситаси ўлароқ кўрилади.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони ҳам бўлган Шавкат Мирзиёев вилоятда экан, "Термиз" дала ўқув майдонида қўшинларнинг ўқувини ҳам шахсан кузатган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













