АҚШ Суриядаги ИШИД қароргоҳларига ҳужум қилди

Ҳаво ҳужуми акс этган видеодан кадр.

Сурат манбаси, АҚШ Қуролли кучлари

Сурат тагсўзи, АҚШ иттифоқчи кучлар билан ҳамкорликда Суриядаги Исломий Давлат (ИШИД) гуруҳи нишонларига кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширган.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (Cентcом) иттифоқчи кучлар билан ҳамкорликда Суриядаги Исломий Давлат (ИШИД) гуруҳи нишонларига кенг кўламли ҳужумлар уюштирганини эълон қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп шанба куни ИШИДнинг 13 декабрь куни Суриядаги АҚШ кучларига қарши ҳалокатли ҳужумига жавобан "Hawkeye Strike" амалиётини амалга оширишга буйруқ берди, деб ёзди Centcom Х саҳифасида.

Centcom маълумотларига кўра, ҳужумлар терроризмга қарши кураш ва минтақадаги АҚШ ва иттифоқчи кучларни ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилди.

"Бизнинг муждамиз аниқ: агар сиз бизнинг аскарларимизга зарар етказсангиз, адолатдан қочишга қанчалар ҳаракат қилманг биз сизни дунёнинг исталган жойида топамиз ва ўлдирамиз," дейилади Centcom баёнотида.

GETTY
Bu urushning boshlanishi emas, bu qasos amali"
Pit Hegset
AQSH Mudofaa Vaziri. BBC.NEWS/UZBEK

АҚШ расмийларидан бирининг матбуотга айтишича, ҳужумларда 20 дан ортиқ ҳарбий учоқ иштирок этган. 90 дан ортиқ нишонга аниқ тегувчи бомба билан 35 нуқта ҳужумга тутилган.

У Шунингдек, F-15E, А-10, AC-130J, МҚ-9 ва Иордания Ҳарбий Ҳаво кучларининг F-16 учоқлари ҳужумларда иштирок этганини илова қилди.

Ҳужумга тутилган нишонлар Суриянинг айнан қайси ҳудудида эканлиги ва қурбонлар борми-йўқлиги борасида ҳозирча маълумот йўқ.

АҚШ Мудофаа Вазири Пит Ҳегсет ўзининг Х саҳифасида шанба куни "Биз ҳеч қачон унутмаймиз ва ҳеч қачон таслим бўлмаймиз", деб ёзган.

Трамп маъмурияти биринчи марта "Hawkeye Strike" амалиёти ҳақида декабрь ойида Суриянинг марказида жойлашган Палмира шаҳрида икки америкалик аскар ва бир америкалик таржимонга пистирмадан туриб ҳужум қилинган вақти эълон қилган эди.

Ўшанда АҚШ Мудофаа Вазири "Бу урушнинг бошланиши эмас - бу қасос амалидир", дея изоҳ берганди.

Алоқадор мавзулар:

Centcom нинг шунингдек қўшимча қилишича, шанба, 10 январь куни амалга оширилган ҳужумлардан аввалроқ АҚШ кучлари 20 декабрдан 29 декабргача бўлган даврда "Hawkeye Strike" амалиёти доирасида ИШИДнинг 25 га яқин аъзосини ўлдирган ёки ҳибсга олган.

Бундан ташқари Centcom 19 декабрь куни амалиёт доирасидаги илк ҳаво ҳужумида АҚШ ва Иордания кучлари ИШИД гуруҳига қарши Сурия марказидаги 70 дан ортиқ нишонга "йирик зарба" берганларини хабар берганди.

Суриядаги вазият 2024 йил декабрь ойида Президент Башар ал-Ассад режими ағдарилганидан бери беқарор бўлиб келмоқда.

ИШИД Сурияда заифлашган, аммо ҳали ҳам фаол. Ўтган йили гуруҳ аксар ҳолларда мамлакат шимоли-шарқидаги курд кучларига қарши ҳужумлар уюштирган.