ИШИД яна кучаймоқдами?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Катерин Хитвуд ва Фернандо Дуарте
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
- Author, BBC Monitoring
- Role, Жиҳодчи медиани кузатиш гуруҳи
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Австралия бош вазири Бонди пляжига уюштирилган даҳшатли ҳужумга "Ислом давлати мафкураси" туртки бўлган деб айтди. Унинг бу гапи яна бир бор дунё эътиборини "Ислом давлати" гуруҳига қаратди.
Австралия полициясига кўра, ҳужум жойида қолдирилган автомобилда қўлда ясалган ИШИД байроқлари ва қўлбола портлатиш ускуналари топилган.
Австралиядаги ҳалокатли ҳужумни 18 декабр куни ўзининг ҳафталик рўзномаси "Ал-Наба"да "Исломий Давлат" шарҳлади.
Ушбу шарҳда қўлланган тилдан шу нарса англашиладики, ташкилот ўзининг онлайн хабарлари зўравонликка руҳлантирган, тўғридан-тўғри ташкиллаштирган эмас.
Ота ва ўғил икки киши ҳужумни уюштирганликда гумон қилинаяпти.
Полиция отасини отиб ўлдирган, ўғил эса 15 қотилликда айбланмоқда.
Сиднейдаги ҳужум ИШИД Ғарбга дахлдор нишонларга қарши ҳужумлар уюштириш ёки бунга илҳомлантиришдан воз кечмаганини кўрсатади.
Бу 2017 йилдан бери, яъни Сурия ва Ироқдаги "халифалик" ҳудудларини йўқотганидан бери унинг таъсири кескин камайганига қарамай содир бўлмоқда.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
ИШИД, шунингдек, Бонди пляжидаги отишмалардан бир кун олдин икки америкалик ҳарбий хизматчи ва фуқаро ҳалок бўлган Суриядаги ҳужум ҳақида ҳам – тарафдорлари интернетда ўз қувончларини изҳор этганига қарамай – лом-мим дегани йўқ.
АҚШ Суриядаги қотилликларни ИШИД аъзоси амалга оширганини таъкидламоқда.
"Биз ҳали йўқ бўлмаган нарсанинг қайтиши ҳақида гапира олмаймиз," дейди BBC Monitoring'нинг жиҳодчилик бўйича мутахассиси Мина ал-Ламий.
У ҳужумларни шошилиб "Исломий давлат" операциялари деб номлашдан қайтаради, чунки бу гуруҳнинг ҳақиқий имкониятларини акс эттиришдан кўра, унинг тарғиботини кучайтириши мумкин.
"Исломий давлат" ҳали ҳам фаолми?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Ўз қудрати чўққисида ИШИД Сурия ва Ироқнинг кенг ҳудудларини назоратга олиб, солиқ, таълим, диний назорат ва соғлиқни сақлаш тизимлари орқали ўзини бинойидек давлат сифатида намоён этганди.
Аммо у 2019 йилда 70 дан ортиқ давлатдан иборат АҚШ бошчилигидаги коалиция томонидан мағлуб этилди, халифаликка барҳам берилди.
Ал-Ламийнинг айтишича, гуруҳнинг жозибадорлиги 2019 йилда АҚШ рейди пайтида ўзини портлатган раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ҳалокати билан янада заифлашди.
Ўшандан бери унинг бирорта ҳам раҳбари оммага кўринган ёки жамоатчиликка таниш шахс эмас.
БМТ Хавфсизлик кенгаши маълумотларига кўра, бугунги кунда Сурия ва Ироқда ИШИДнинг 3 мингтача жангчиси бор.
Ваҳоланки, 2014 йилда халифалик эълон қилинганидан сўнг гуруҳга қўшилиш учун ўн минглаб чет эллик жангарилар оқиб борган эди.

Ал-Ламийнинг фикрича, ИШИД заифлашаётганининг яна бир белгиси – унинг ҳужумлари кўламидир.
Гуруҳ 2010-йиллар ўрталарида Сурия, Ироқ ва Ғарбда бир қатор шов-шувли ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.
"Ҳозир гуруҳ асосан кичик, зарба бериб қочиб қолиш ҳужумларини уюштираяпти," дейди у.
Ғарбдаги камдан-кам ҳужумлар ИШИДдан илҳомланган.
Ўтган йили ИШИДнинг Афғонистондаги тармоғи – Хуросон Ислом давлати (ИДХ) январда Эронда 100 га яқин одам ҳалок бўлган, икки ойдан сўнг эса Россияда 150 га яқин киши қурбон бўлган ҳалокатли ҳужумларда айбланганидан сўнг жаҳон миқёсида матбуот бош сарлавҳаларига чиқди.
Шунингдек, у Европада ҳужумлар режалаштирганликда гумон қилинган ва уларнинг аксарияти олди олинган эди.
Бу йил эса ИДХ сезиларли заифлашган ва ҳатто Афғонистонда ҳам ҳужумлар уюштиришга қийналмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг номидан амалга оширилган ҳужумларнинг асосий қисми ҳозирда Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка давлатларида содир бўлаяпти.
Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан эълон қилинган 2025 йилги Глобал терроризм индекси ҳисоботига кўра, ИШИД ва унинг тармоқлари "2024 йилда 22 мамлакатда 1805 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ва энг хавфли террорчилик ташкилоти бўлиб қолмоқда."
Ал-Ламийнинг қўшимча қилишича, ИШИД ўз тарғибот кучининг катта қисмини йўқотган.
"Уларнинг илгари пухта ишланган тарғибот видеолари бор эди, ҳозир видеолар тайёрлашда жуда қийналаяптилар."
Аммо ИШИД ҳамон ўзининг онлайн тармоқлари орқали ҳужумларга қизиқтиришга ҳаракат қилаяпти.

Сурат манбаси, .
Ал-Ламийнинг айтишича, гуруҳнинг ўзига хослиги шундаки, у " ижтимоий тармоқларни яхши биладиган ва гуруҳнинг тарғиботидаги бўшлиқни тўлдиришга ёрдам бераётган онлайн ёш тарафдорларга эга."
Улар ёшларни жалб қилиш мақсадида "Facebook" ва "Instagram" каби ижтимоий тармоқларда фаол.
BBC Monitoring таҳлилчилари Интернет ижтимоий тармоқларида қуролдан фойдаланиш, отиш ва пичоқлаш бўйича батафсил кўрсатмаларга тез-тез дуч келадилар.
Ал-Ламий бу постларнинг айримлари тажрибали "медиа жиҳодчилар" томонидан тайёрланганини тахмин қилса-да, баъзилари "ИШИД тарғиботи таъсирига тушиб қолган ва гуруҳга ўз ғояларини тарқатишда ёрдам бераётган оддий ёшлар" эканини таъкидлайди.
Бонди соҳилидаги ҳужум борасида эълон қилган шарҳида ИШИД, "ҳозир жиҳод янада қийин ва мураккаб босқичга кирди", дейди.
Бу нарса унинг фаолияти тобора кўп онлайн маконга кўчаётганини англатади.
"Буйруқни рақамли дунё орқали олиш стратегияси... кўп ресурс талаб қилмайдиган ва кўплаб тўсиқларни ошиб ўтиш имкониятини берадиган стратегиядир", дейди ИШИД ўз баёнотида.
ИШИД Африка ва Осиёда кучайиб бормоқдами?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Яқин Шарқдаги анъанавий таянч ҳудудларда қўллаб-қувватлов камайгани ИШИД муқобил йўналишларни излаётганини англатади.
Жанубий Осиёда ИДХ энг тажовузкор бўлинмалардан бири ҳисобланади.
Афғонистон ва Покистон шимолида жойлашган бу гуруҳ БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2000 жангчига эга ва Тожикистон ҳамда Ўзбекистон каби бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан янги аъзолар жалб қилишни давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, Ислом давлати Шарқий Осиё вилояти (ИДШОВ) Жануби-Шарқий Осиёни қамраб олган ва асосан Филиппин жанубида ҳаракат қилади, илгари Филиппин ва Индонезиядаги бир қатор ҳалокатли ҳужумларни уюштирган.
Бироқ, бу бўлинма жорий йилда ҳеч қандай ҳужумни ўз зиммасига олгани йўқ.
Мутахассислар фикрича, ИШИДнинг асосий эътибори Африкага қаратилган.
Нидерландияда жойлашган Халқаро терроризмга қарши кураш марказининг хавфсизлик бўйича мутахассиси Адриан Штуни сўнгги бир неча йил ичида қитъада "ИШИД экспоненциал тарзда ўсди," дея огоҳлантирадии.
"Улар Саҳел (Шимолий Африка минтақаси) ва Ғарбий Африка каби заиф бошқарувли ҳудудлардаги хавфсизлик бўшлиқларидан фойдаланаяптилар, Ғарб ҳарбийларининг мажбурий ва ихтиёрий равишда чиқиб кетиши, минтақавий беқарорлик ва терроризмга қарши кураш учун маблағ камайгани манзарасида бунга эришмоқда."
БМТ маълумотларига кўра, Ислом давлати Ғарбий Африка вилояти (ИДҒАВ) 8 мингдан 12 минггача жангчига эга бўлиши мумкин. Ал-Ламийнинг айтишича, бу йил гуруҳ амалга оширган ўнта ҳужумдан тўққизтаси Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада содир бўлган.
Унинг сўзларига кўра, ИШИД Саҳел ва Сомалида фаол, у ерда "Ал-Қоида"нинг кучлироқ бўлимлари билан рақобати бор. Бироқ у Нигерия, Конго Демократик Республикаси (КДР) ва Мозамбикда энг кучли эканини таъкидлайди. Бу мамлакатларда жангарилар кўпинча христиан жамоалари билан бир қаторда ҳарбий кучларни ҳам нишонга олади. Унинг айтишича, КДРда ИШИД аъзолари мусулмон бўлмаганлардан солиқ ундириш тизимини жорий этишга уринишган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
"ИШИДнинг айтишича, КДРдаги насронийлар учун уч танлов бор: Исломни қабул қилиш, ИШИДга жизя деб аталган солиқни тўлаш ёки ўлдирилиш. Кўп ҳолларда жангарилар уларга танлов имконияти бермайди. Шунчаки уларнинг қишлоқларига бостириб кириб, ўлдиради," дея қўшимча қилади у.
Ал-Ламийнинг фикрича, глобал оммавий ахборот воситаларининг эътиборсизлиги туфайли Африкада ИШИД билганини қилмоқда – бу ҳақда гуруҳнинг ўзи ҳам норозилик билдирган.
"Ўтган йили ҳатто ИШИДнинг ўзи норози бўлди. Гуруҳ расмий хабар орқали шундай деди: «Биз Африкада шунча насронийларни ўлдиряпмиз, аммо Ғарб оммавий ахборот воситалари ирқчилик қилиб, эътибор бермаяпти".
Аммо ИШИД Африкада жуда фаол бўлса-да, ал-Ламийнинг айтишича, унинг бир пайтлар Сурия ва Ироқда эга бўлган кучига "тенг келмайди."
"ИШИД Африканинг ҳеч бир жойида Яқин Шарқда бўлгани каби ҳудудни назорат қилмайди. Бунинг ўрнига, у яшириниш жойлари ва тез ҳужум қилиб қочиш тактикасига таянади."
Буёғига нима бўлади?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Chatham House катта илмий ходими доктор Ренад Мансур ИШИДни аввалгига қараганда анча заиф, деб ҳисоблайди.
"ИШИД ҳокимияти остида яшаган кўплаб аҳоли азоб чекди," дейди у Би-би-си билан суҳбатда, ҳатто ҳукуматлардан норози бўлган жойларда ҳам "ИШИДга илгаригидек интилиш ёки қўшилиш истаги йўқ."
"Ўша илдизлар ҳозир йўқ, шунинг учун яқин келажакда халифаликнинг бундай кўтарилишини кўриш қийин," дея қўшимча қилади у.
Бироқ у ҳокимият учун бир нечта қуролли гуруҳлар курашаётган ҳудудларда ИШИД ривожланиш имкониятига эга эканлигидан огоҳлантиради.
Хавфсизлик бўйича мутахассис Адриан Штунининг фикрича, энг катта хавф халқаро ҳамжамиятнинг ИШИД таҳдидига муносабатида.
Унинг огоҳлантиришича, шов-шувли ҳужумлар ортидан "кескин чоралар" самарали эмас, турли мамлакатларнинг давомли босими зарур.
"Вақти-вақти билан эътибор қаратиш ИШИД ва унинг ўзгарувчан тактикаси каби мослашувчан рақибга қарши етарли эмас," дейди у ва "ИШИД эътиборсизликдан куч олишини" қўшимча қилади.












