Бортников: Ўзбекистон ДХХ ИШИД Хуросон жангариларини тутишга ёрдам берди

ISHID Jangarilari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон Афғонистонда паноҳ топган деб кўрилади
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников хабар қилишича, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматининг кўмаги билан шу йил июл ойида Россияда ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган жангари гуруҳнинг "Хуросон вилояти" 10 жангариси аниқланган.

Бортников Қозоғистон пойтахти Остонада, Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг хавфсизлик ва махсус хизматлари раҳбарлари учрашувида гапирган.

Алоқадор мавзулар:

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Бортников шундай деди:

"Июлда Ўзбекистон Республикасининг ДХХ ахбороти асосида Россия ФХХ томонидан "Вилоят Хуросон" халқаро террорчилик ташкилоти минтақалараро ячейкасининг 10 жангаридан иборат фаолияти тўхтатилди".

Бортников сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳамкасблари ёрдами билан Россия ҳудудида янги жангариларни ёллаш ва терроризмни молиялаш билан шуғулланган ИШИД ва "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" деб номланган гуруҳнинг беш аъзоси қўлга олинганлар.

Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси кўмаги билан Россия ҳудудида экстремистик фаолияти учун халқаро қидирув эълон қилинган тўрт шахс қўлга олинди, деди Россия ФХХ раиси.

Шу йил март ойида Москва шаҳри яқинидаги Crocus City Hall савдо марказига қуролли ҳужум уюштирилган, ҳужум учун масъулиятни ИШИД-Хуросон гуруҳи зиммасига олган эди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Ҳужумда 145 инсон ҳалок бўлгани, 551 киши жароҳатлангани хабар қилинди, Россия расмийлари 95 инсон бедарак кетгани ҳақида айтдилар.

Дастлаб Россия расмийлари ушбу ҳалокатли ҳужумда Украинани айблади.

Май ойида Россия Федарал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников Crocus City Hall ҳужуми Афғон-Покистон ҳудудидан "Хуросон вилояти" томонидан мувофиқлаштирилган деб баёнот берди.

4 октябр куни Афғонистон Толибони Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ИШИД-Хуросон гуруҳининг маркази Афғонистонда жойлашмаган деган баёнот эълон қилди.

Толибон Ташқи ишлар вазири шундай деди:

"Исломий Давлат" террорчи гуруҳига келадиган бўлсак - Афғонистон ҳудудида бу гуруҳнинг бирор бир таянч нуқтаси йўқ. ИД ўзининг хорижий марказлари ва таянч нуқталаридан фойдаланиб мамлакат ҳудудига четдан киради".

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Crocus City Hall ҳужумчилари деб тўрт Тожикистон фуқаросини ҳибс қилди.

Россияда меҳнат муҳожири бўлган тожикистонликлар интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул учун ёлланганларига иқрор бўлганликлари хабарларини тарқатди Россия матбуоти.

Шундан кейин Россияда банд бўлган кўп сондаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари кўплаб мигрантларни ватанига депортация қилди.

Қирғизистон ва Тожикистондан борган мигрантларнинг Россия ҳудудига киришларида қийинчиликлар юзага келди.

Шундан сўнг Россия мигрантлар учун талабларни қаттиқлаштирди, шулардан энг сўнггиси Россия парламенти муҳокамасига киритилган беш янги қонун.

Бу қонунларнинг ҳаммаси мигрантларга қарши кайфиятдаги қонунлар деб талқин этилмоқда.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002