Москвадаги қонли ҳужум ортидан: "Болам, ҳатто, хўроз сўя олмасди”– “Крокус” бош гумондори онаси нима дейди? Видео

tajik

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Би-би-си мухбири Суҳроб Зиё "Крокус Сити Ҳолл"хуружи асосий гумондорлари яшаган қишлоқларга бориб, уларнинг яқинлари билан гаплашишга қарор қилди.

Алоқадор мавзулар:

Москва ташқарисидаги концерт залига ҳужум тасвирлари бутун дунёни даҳшатга солган.

Аммо тожикистонликлар ҳаммадан кўра кўпроқ даҳшатга тушган.

Сабаби террор хуружини амалга оширишда гумонланаётган барча тўрт шахс Тожикистон ватандоши.

Ҳужумга алоқадорликда гумонланиб, жами ўн икки шахс ҳибсга олинган - ўн биттаси тожикистонлик.

Рус матбуоти 32 яшар Далержон Мирзоевни ҳужумчилар етакчиси, дея ёзган.

Аммо бу йигит асли қаердан, у ва бошқаларни Исломий Давлат томон нима етаклаган ўзи?

Саволларга жавоб топиш мақсадида Би-би-си мухбири Душанбе ташқариси томон йўлга отланди.

Видео: Тожикистон - Россия: "Крокус" бош гумондори онаси нима дейди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Ишона олмайман"

tajik

Сурат манбаси, Sohrab Zia

Биринчи манзил пойтахт Душанбе жанубий теграсидаги Галахона қишлоғи.

Мирзоев бу ерда 10 ёшидан бери яшаб келган.

Қишлоқ мамлакатга бошқа аҳоли манзилларидан деярли фарқ қилмайди.

Кўп қисмлари оҳори тўкила бошлаган уйда мухбирни Далержоннинг ота-онаси кутиб олди.

Уларнинг сўзларига кўра, йигит ўтган ўн йил умрини ҳар йили олти-етти ойдан Россияда меҳнат қилиб ўтказган.

2023 йилда эса Далержон Новосибирск шаҳрига кўчиб ўтиб, таксичилик қила бошлаган.

Тожикистонда ҳам у таксичилик билан шуғулланган.

Онаси Далержон 17 март куни қўнғироқ қилиб, 25 мартгача уйга қайтишини айтганини хотирлайди.

Iqtibos

Далержон ҳибсга олинганининг эртасига тожик хавфсизлик хизматлари унинг ота-онаси, турмуш ўртоғи, рафиқаси, қайнонаси ва акасини етти кун давомида сўроққа тутган.

Онаси Гулракат Мирзоева фарзанди 140 дан зиёд инсоннинг умрига завол бўлган ҳужумни амалга оширишда иштирок этганига ишона олмаслигини таъкидлайди.

"У, ҳатто, чумолига ҳам озор бермас эди. Ҳатто, хўроз сўйишга ҳам журъати етмасди", дейди Мирзоева.

Далержоннинг рафиқаси ва тўрт фарзанди эса Москвадаги террор хуружи оқибатлари тасвирланган фото-видеоларни кўрганда даҳшатга тушганини айтади.

"Сочини тараб қўярдим"

tajik

Сурат манбаси, Sohrab Zia

Кейинги манзил Саидакрам Ражабализода яшаган Ваҳдат шаҳри яқинидаги Чаманзор қишлоғи.

Душанбе шарқидан 25 чақирим нарида жойлашган бу қишлоқдаги Ражабализоданинг уйи ҳам ўз соҳибларининг молиявий аҳволидан яққол дарак беради.

Ҳужумдан сўнг Тожикистон расмийлари йигитнинг яқинларини тергов қилган.

Улар Би-би-си билан гаплашишдан бош тортди.

Фақатгина юраги касал экани айтилган Саидакрамнинг онаси ўғли ҳибсга олинганидан ҳали бехабар эканини билдириш билан чекландилар.

Шунингдек, амакисининг айтишича, ички тартибни бузгани ортидан 2018 йилда Саидакрамнинг Россияга киришига беш йиллик тақиқ қўйилган.

У шу йилнинг бошида яна Россияга қайтиб кетган.

Унга қадар Саидакрам бир неча йил уйи яқинидаги қурилиш моллари бозорида ишлаб, икки боласини боқиб келган.

Ҳамқишлоқлари Саидакрамнинг қарашлари экстремистча бўлмагани, у масжидга ҳам қатнамаганини айтади.

Уни болалигидан мактабда ўқитган Гулбарг Тоҳирова Саидакрамга ўзгача меҳр қўйгани ҳақида сўзлайди.

"Илк ўқитган йилларимда унинг кийимини тўғрилаб, сочини тараб қўярдим. Шу сабаб бу хабарни бошқача қабул қилдим. Қишлоғимизда у ҳақда ҳеч ким ҳеч қачон ёмон гапирмаган эди", хўрсинади ўқитувчи.

tajik

Сурат манбаси, Sohrab Zia

Муҳаммадсобир Файзов Москва ҳужумидаги энг ёш гумонланувчи - у келаси ой 20 га тўлади.

Муҳаммадсобир яшаган мамлакат шарқидаги Муҳаммад Шоҳпоён қишлоғига борганда, Би-би-си мухбири унинг уйи дарвозаси қулф эканини кўрди.

Акаси ва онаси эса матбуот билан гаплашишни рад этди.

Улар фақат Муҳаммадсобир оилада кенжа ўғил экани, икки йил аввал Россияга кетганини айтиш билан чекланди.

Муҳаммадсобирнинг ота-онаси бир вақтлар қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилган, йигитнинг ўзи ҳам шу ерда таҳсил олган.

Би-би-си билан гаплашган мактаб ўқитувчиларининг бари собиқ ўқувчининг юздан зиёд бегуноҳ инсонни ҳаётдан олиб кетган ҳужумда иштирок этганига ишонмаслигини таъкидлайди.

"Мактабни битиргандан сўнг ўзгарган билса билмадим, лекин ўқиган пайтлари бошқалардан ҳеч фарқ қилмас, оддий бола эди", эслайди мактаб директори ўринбосари.

Қишлоқ масжиди имомининг сўзлашича эса, Муҳаммадсобир отаси ва акалари каби тақводор бўлмаган.

"Отаси масжидга доимий қатнаган. Вақти-вақти билан акаларидан бири ҳам жума кунлари масжидимизга келиб, тасбеҳ ва мушк-анбар сотар эди. Баъзи пайтлар Муҳаммадсобир акасига ёрдамлашгани келарди", дейди имом Саидраҳмон Ҳабибов.

Охирги - тўртинчи гумондор 25 яшар Фаридун Шамсуддин.

Фаридун икки йил аввал турмуш қурган, саккиз ойлик фарзанди бор.

У ҳам кичик қишлоқда туғилган ва иш топиш мақсадида Россияга кетган.

Бу Фаридуннинг Россияга тўртинчи бор бориши эди.

Расмийлар томонидан сўроқ қилинган унинг қариндошлари ҳозир журналистлар билан мутлақо гаплашмаяпти.

Бундан аввал Фаридун Тожикистонда "жинсий тажовуз"айби билан олти йиллик қамоқ жазосини ўтаган.

Оиласи унга қўйилган айблов асоссиз бўлганини даъво қилади.

Тўрт йил аввал озодликка чиққан Фаридун қишлоғи яқинидаги Ҳисор шаҳрида нонвойлик билан тирикчилик қилиб келган.

Яшаган жойларини кўргач, яқинлари билан суҳбатлашгач бир фикр ҳаёлга келади: йигитларни боғлаб турувчи умумийлик - бу бирор мафкура ё ақидага содиқлик эмас, балки қашшоқлик.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002