Россия: “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужумда тожикистонлик ҳар бир меҳнат муҳожири айбдорми? Rossiya Tojikiston Yangiliklar

Сурат манбаси, SHUTTERSTOCK
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Москва яқинидаги "Крокус Сити Ҳолл"га ҳужум содир этилганидан йигирма кун ўтди. Ана шу йигирма кун норасмий маълумотларга қараганда Россияда бўлган камида бир ярим миллион нафарлик тожикистонлик муҳожир учун таҳликада, уларнинг Ватандаги ота-онаси, қариндошлари учун эса, хавотирликда ўтди.
BBC ФаридунШамсиддин қишлоғига борди - видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Бугунги аҳвол

Сурат манбаси, Reuters
"Биз кўчага чиқа олмай қўйдик. Ҳар қадамда текшириш. Лекин барибир ейиш-ичиш керак. Магазинга харид қилиш учун чиққанимда, полиция ходимлари текширувига учрадим. Айрим ҳужжатларим уйда қолганди. Минг тушунтиришимга қарамай депортация қилиб юборишди", дейди Москвада ишлаб юрган Бобожон Ғафуров туманида яшовчи қирқ ёшлик Садриддин.
"Мен "Крокус"га ҳужумдан сўнг ишга чиққаним йўқ. Такси ҳайдайман. Лекин таваккал қилиб ишга чиққан танишларимдан бирининг айтишича, москвалик мижозлар унинг тожикистонлик эканлигини билишгач, машинадан тушиб кетишган. Тушиб кетишганда ҳам индамасдан эмас, ҳақорат қилиб, сенларни ҳаммангларни ҳайдаш керак, деб", дейди қачонгача уйда ўтиришига ҳайрон Азимжон.
"Крокус Сити Ҳолл" га ҳужумдан сўнг рейд ва текширувлар бир тараф, маҳаллий аҳолининг муносабати ёмонлашуви бир тараф, россиялик масъул шахслар тожикистонликларга нисбатан турли чораларни қўллаш таклифлари билан чиқа бошлашган. Россия Давлат думасининг вице-спикери, "Новые люди" партияси вакили Владислав Даванков ўзининг Телеграмм каналида муҳожирларни "кичик бир ҳуқуқбузарлик" учун депортация қилиш, улар устидан рақамли назорат ўрнатиш ғоясини илгари сурган.

Россия думасининг минтака сиёсати ва маҳаллий бошқарув қўмитаси раисининг муовини, коммунистлар партияси вакили Михаил Матвеев муҳожирлар сонини "реал назорат қиларли" даражада бўлиш таклифи билан чиққан.
Президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Кирил Кабанов Муҳожирлар фақат иш берувчининг иш борлиги ҳақидаги таклифига кўра Россияга келишлари зарурлигини билдирган. Унинг фикрича, муҳожирларнинг Россияда бўлишларини қатъий назорат этиш, шартнома шартлари ўзгарганда ёки тугаганда Россияни тарк этишлари зарур.

Сурат манбаси, TAQDIM
Айни бир пайтда фақат тожикистонлик эмас, балки бутун Марказий осиёлик муҳожирлар учун сиёсатни ўзгартиш фикрлари янграмоқда. Россия давлат думасидаги "Справедливая Россия- Ватанпарварлар - ҳақиқат учун" партия фракцияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиё давлатлари билан визасиз режимни бекор қилиш таклифини илгари сурган.
"Бизга шундоқ ҳам маҳаллий аҳоли ёмон кўз билан қарайдиган бўлиб қолди. Гўё ҳар бир тожикистонлик террорчи. Ахир агар ростдан ҳам террорчилик амалини тўрт нафар тожикистонлик қилган бўлса, бу Россияда ишлаётган бир ярим миллиондан ортиқ тожикистонликнинг ҳаммаси террорчи дегани эмас-ку! Тожикистон президенти таъкидлаганидай террорчининг миллати, дини, ирқи бўлмайди. Майли, бир-икки нафар оддий россиялик буни тушунмаса-тушунмас, лекин Россиянинг кўзга кўринган, таниқли шахслари турли хил бузғунчи фикрларни билдириб, маҳаллий аҳоли тегирмонига сув қуйишмоқда. Мен билан бирга ишлайдиган рус аёл очиқдан-очиқ юртингга жўнаб қол, дея дағдаға қилди. "Крокус" воқеасигача саломлашиб юрарди, сўнг тўнини бутунлай тескари кийиб олди", дейди Санкт-Петербург шаҳридаги ошхоналардан бирида ишлаётган собиқ ўқитувчи Муҳайё.
"Биз ишлаётган корхонага тўсатдан омончилар бостириб киришди. Аёллар қолди. Қолган барча тожикистонлик эркакларни олиб кетишди. Ҳужжатларимизни роса текширишди. Ҳеч бир камчилик топа олишмади. Сўнгра ҳаммамизни сартарошхонага олиб боришди. Соқолимизни қирдириб ташлашди", дейди Самара вилоятидаги корхоналардан бирида ишлаётган йигирма беш ёшли Ғайрат.
Хўжандлик Мансур Россия шаҳарларига қатнайдиган автобусга йўловчи йиғиш билан шуғулланади. Россияга автобусда бориш учоқда учишга қараганда анча арзонга тушади.
"Москвадаги воқеадан сўнг Россияга ишлаш учун борадиган кишилар келмай қолишди. Олдин бораман, деб ёздириб кетганлар ҳам ҳозирча сафарга чиқмаймиз, дейишяпти. Нима қилишга ҳайронмиз. Аслида айни баҳор кунларида Россияга ишга борувчилар кўпаярди", дейди Мансур.
Аслиддин Исфара шаҳрида яшайди. У Сургутга учиб бориш учун чипта олганди. Лекин айни аэропортга келиб, фикридан қайтди. Учишига икки соат қолганда Сургутдаги танишлари ҳозирча келмай туришини, текшир-текширлар авжида эканлигини айтишган.

Сурат манбаси, Reuters
"Мен «Крокус"га ҳужум қилишда айбланаётган кишиларнинг айтган сўзларига ишонмайман. Телевидение орқали ҳамма кўрди. Юзлари мўматалоқ, шишиб кетган. Ички аъзолари қандай бўлса? Қийноққа солинганликлари шундайгина кўриниб турибди. Айбсизлик презумпияси қаерда қолди. Қаттиқ қийноқлар остида исталганча гапиртириш мумкин. Гумондорлар қийноққа солган терговчилар истаган гапларни айтишга мажбур бўлганлар", дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.
Ҳужумда айбланиб, қийноққа солинганлардан бири Фаридун Шамсиддин Ҳисор туманидаги Лойоб қишлоғида яшаган. "Крокус"га ҳужум бўлгандан кейин унинг яқинлари Тожикистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш мақомотлари томонидан олиб кетилганди. Ҳозир уларнинг ҳаммасига жавоб берилган.

Сурат манбаси, BAHRULLO SHARIFOV/FACEBOOK
Фаридуннинг укаси акаси одамлар қонини тўкканига ишонмаслигини айтган. "Унинг ҳеч кимга зарари йўқ эди, ҳеч кимга овозини кўтариб гапирган эмас, ишга бориб, уйга қайтарди", деган у.
Фаридун опаси Маҳбуба Заргарованинг уйида қайддан ўтган эди. "Крокус"даги воқеадан сўнг Маҳбубани Россиядан депортация қилишган. Лекин шу пайтгача у Тожикистонга етиб келмаган.
Гарчи "Крокус"га ҳужумни ИШИД ўз бўйнига олган бўлса-да, Россия ҳукумати ҳамон Украина изини қидирмоқда.
Россия телевидениесининг Биринчи канали гумондорлар терговини эфирга узатган. Гумондорлар сўзларига қараганда уларни Сайфулло исмли шахс бошқариб турган. Улар ҳужумдан сўнг Украинада, Киевда ҳар бири 1 миллион рублдан олиши керак бўлган.
"Савол туғилади: агар буюртмачи Украинадан бўлса, нега ҳужум учун ҳақ рублда тўланади, нега Украина пулида эмас? Устига ҳужумдан сўнг телевидениеда кўрсатилган, ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода гумондорлардан бири титраб-қақшаган ҳолда ҳужум учун ярим миллион рубл ваъда қилинггани, пулнинг ярми аллақачон унинг картасига ўтказилганини айтди-ку! Бу саволларга жавоб қандай бўларкин?", дейди Аҳмад Бобожон.
Бу орада Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди. Унда Россия ва бошқа давлатларда тарқатилган Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушевнинг гўё Душанбедаги Украина элчихонаси Россияга қарши урушда қатнашувчиларни ёллаш билан шуғуллангани ҳақида гап боради.
"Россиялик расмий шахснинг бундай баёноти ҳеч бир асосга эмаслигини таъкидлаймиз. Тожикистоннинг салоҳиятлари мақомотлари республикада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус томонидан уларнинг мақомига тўғри келмайдиган ҳаракатларни амалга оширилмаслик учун барча зарур чораларни кўради. Жамоатчиликни чалғитадиган текширилмаган баёнот ва шарҳларни беришдан тийилишни зарур деб биламиз", дейилган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, "Крокус Сити Ҳолл"га 22 мартда ҳужум қилинган. Ниқобланган террорчилар "Крокус" га концертга келган одамларга қарата ўқ узишган. Дастлабки гумондорлар эртаси куни тонгда қўлга олинган. Гарчи ҳужумни ИШИД ўз зиммасига олаётганига қарамай, Россия расмийлари ҳамон ҳужумни ташкил этишда Украинани айблашда давом этишмоқда. Украина бу айбловларни инкор этмоқда.
"Крокус"га ҳужумда тожикистонликлар айбланиши туфайли Россия бўйлаб Тожикистонлик меҳнат муҳожирларига зуғумлар ортмоқда. Гарчи кейинги йилларда тожикистонликлар Буюк Британия, Швеция, Бирлашган Араб амирликлари каби давлатларда ишлаб, пул топаётган бўлишларига қарамай, барибир тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг энг катта қисми Россияда ишлаётир. Тожикистондаги юз минглаб оилаларнинг тирикчилиги Россиядан юбориладиган пулга боғлиқлигича қолмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













