Янгиликлар: Толибон Афғонистоннинг тан олинган ҳукумати деб эълон қилинишига оз қолдими? Afg'oniston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов ва Толибон Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб

Сурат манбаси, twitter.com/tolonews

2021 йил 15 августида Афғонистон бўйлаб ҳокимиятни қўлга олган Толибонни шу кунгача дунёнинг бирорта ҳам мамлакати Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб расман тан олгани йўқ, аксинча, Россия, Канада, Янги Зеландия, Бирлашган Араб амирликлари, Қирғизистон ва Тожикистон террорчи ташкилот деган рўйхатга киритиб тақиқлаган.

Аммо бир ой олдин Қозоғистон Толибонни террорчи деб маън этилган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди, Хитой Президенти Ши Жинпинг 30 январ куни Толибоннинг Хитойдаги элчиси Билол Каримийдан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди.

Шу кунларда Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Кобулга борди, Толибоннинг муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашди.

Алоқадор мавзулар:

Расмий хабарларда айтилишича, томонлар "чегара масалаларини, икки томонлама ва иқтисодий муносабатларни, транзит соҳасида ҳамкорлик қилишни" муҳокама этганлар.

Афғонистон матбуоти муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқубдан иқтибос келтирмоқдалар:

"Биз охирги йилда мамлакатимиз чегараларини мустаҳкамладик ва бундан кейин ҳам мустаҳкамлаш қарорида қатъиймиз".

29 январь куни Толибон "Афғонистоннинг минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари" деб номланган анжуман ташкил этган, унда Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ҳиндистон элчи ва махсус элчилари иштирок этганлар.

Ушбу анжуман БМТнинг Афғонистонга бағишланган дипломатик йиғилиши олдидан ўтказилди.

18-19 феврал кунлари Қатар пойтахти Доҳада БМТ Афғонистон келажагини муҳокама этишни кўзлаган.

Кобулдаги Афғонистон ташаббуси анжумани иштирокчилари

Сурат манбаси, Radio Television of Afghanistan (RTA)

Сурат тагсўзи, Афғонистон теле-радио компанияси анжуман ҳақида лавҳа намойиш этди

Россия Толибонни ҳамон террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқармаган бўлса-да, узоқ йиллардан буён Афғонистондаги тинчлик музокараларига Толибон раҳбарларини таклиф этади, Толибон расмий мулозимлари Москвада кўп марта бўлганлар.

Ўзбекистон ҳам расман Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб тан олгани йўқ, бироқ ҳали Толибон 2021 йилда қудратни қўлига олишидан олдин ҳам Толибон вакиллари билан мулоқот ўрнатган.

2021 йил августидан кейин Афғонистонга халқаро кўмаклар тўхтатилди, Ўзбекистон эса Амударё устидаги Ҳайратон кўпригини очди.

Президент Мирзиёев Толибонни яккаламасликка чақирди.

Охирги вақтда Ўзбекистоннинг юқори лавозимдаги расмийлари тез-тез Афғонистонга сафар қилмоқдалар, иқтисодий масалаларни муҳокама этаяптилар.

Халқаро ҳамжамият Толибондан коалицион ҳукумат барпо этишни, бу ҳукуматга мамлакатда истиқомат қиладиган барча миллатлар ҳамда аёллар вакиллари киритилишини талаб қилмоқдалар.

Толибон эса ҳамма мамлакатлар билан дўстона муносабатда бўлмоқчи эканини, Европа давлатлари Кобулда элчиликларини очишини хоҳлашларини айтадилар.

Бироқ Кобулдаги сўнгги анжуманда "биз бошқа мамлакатларнинг ҳукумат шаклларини ҳурмат қиламиз, биз танлаган бошқарув шаклини сиз ҳам ҳурмат қилинг" деган мазмунда баёнот янгради.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002