Мирзиёев ва ДХХ раҳбари яна ИШИД таҳдидидан сўз очдилар

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айтишича, геосиёсий таранглик ортгани ва можаролар кенгайгани терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатаяпти. Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов сўзларига кўра, террорчилар давлатларга қарши бузғунчи режаларидан воз кечмаганлар ва бу вазиятни мураккаблаштираяпти.
Ушбу баёнотлар Тошкентдаги экстремизм ва терроризмга қарши курашга бағишланган халқаро анжуманда янгради.
4 сентябр куни Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТ) ва МДҲ аксилтеррор марказининг қўшма конференцияси иш бошлади.
Алоқадор мавзулар:
Халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатида Президент Мирзиёев айтишича, "геосиёсий кескинлик ва низоларнинг кучайиши, етакчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч тақчиллиги, глобал хавфсизлик институтлари ролининг пасайиши терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашишда очиқ ҳамда самарали халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда".
"Шу билан бирга, кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бунда ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилмоқда.
Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари "онлайн манқуртлаштириш" қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда", дейилади Президент Мирзиёев мурожаатида.
Конференцияда гапирган Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов айтишича, "вазият халқаро террорчилик ташкилотлари бошлиқларининг давлатларга қарши ўзларининг бузғунчи режаларидан воз кечмаганликлари билан янада мураккаблашмоқда".
Ўзбекистон ДХХ раҳбари ўзини "Исломий Давлат" (ИД, баъзида ИШИД - Ироқ ва Шом Исломий Давлати) деб эълон қилган гуруҳнинг Хуросон қаноти таҳдидига тўхталди.

Сурат манбаси, .
Маълумки, ўзини Ўзбекистон Исломий ҳаракати деб эълон қилган ва Афғонистон ҳудудидан паноҳ топган жиҳодчи гуруҳ якунида Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳига тўлиғича байъат келтирган.
Орада эса, ҳаракат сафлари парчалангани ва унинг бир неча бўлинмаларга бўлиниб кетганига оид хабарлар ҳам олинган.
ИШИД Хуросон қаноти сафларидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати собиқ аъзоларининг аксарияти ҳозир Афғонистоннинг Тожикистонга чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон вилоятининг олис водийларидан бошпана топганликлари ишонилади.
Ўзбекистон ДХХ раҳбари бугунги кундаги Афғонистонни бошқараётган Толибон ИШИД-Хуросонга қарши курашда "етакчилик қилаяпти ва муайян натижаларга эришаяпти" деди.
"Шу боис душманга қарши биргаликда курашишимиз керак", деди ДХХ раҳбари Абдусалом Азизов.
Ўзбекистон ДХХ раҳбари Афғонистонга "Хуросон вилояти"га қарши курашда ёрдам бериш муҳимлигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, twitter.com/tolonews
"Чунки қарши чораларнинг заифлашиши гуруҳнинг кучайишига олиб келади ва бу ўз навбатида бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солади", деди Абдусалом Азизов.
ИШИД таҳдиди шу йил март ойида Москва яқинидаги "Крокус Сити Ҳолл"га қуролли ҳужум ортидан Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари учун янада долзарблик касб этди.
22 март куни қуролланган шахслар савдо ва кўнгилочар марказига борган одамларга қарши ўт очди, портлашлар содир этди.
Россия расмийларига кўра, камида 145 инсон ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ одам яраланди.
Қонли ҳужум масъулиятни ИШИД-Хуросон ўз зиммасига олди.
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумчилар эканини айтган тўрт Тожикистон фуқаросини ҳибс қилди.
Россияда меҳнат муҳожири бўлган тожикистонликлар интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул учун ёлланганларига иқрор бўлганликлари хабарларини тарқатди Россия матбуоти.
Шундан кейин Россияда банд бўлган кўп сондаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.
Россия ҳуқуқ-тартибот органлари кўплаб мигрантларни ватанига депортация қилди.
Қирғизистон ва Тожикистондан борган мигрантларнинг Россия ҳудудига киришларида қийинчиликлар юзага келди.
Шундан сўнг Россия мигрантлар учун талабларни қаттиқлаштирди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

















