БМТ Бош котиби Гутерриш АҚШ ҳақида гапирди, Ғазо "Тинчлик кенгаши"га Ўзбекистон ҳам қўшилади, Трамп Нобел мукофоти ва Гренландия боғлиқлиги ҳақида ёзди

Сурат манбаси, UN Photo / Alba García Ruiz
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Би-би-си эфирида шундай деди: АҚШ ҳозир ўз кучини халқаро ҳуқуқдан муҳимроқ деб ҳисоблаяпти.
BBC Radio 4'нинг Today дастурига берган интервюсида Гутерришнинг айтишича, Вашингтон ҳозир, кўп томонлама муносабатлар ва биргаликда ечим қидириш муҳим эмас, натижани "Америка Қўшма Штатларининг кучи ва таъсирини қўллаш, баъзан эса — халқаро ҳуқуқ нормалари орқали" қўлга киритиш мумкин, деган ишонч билан иш тутмоқда.
Би-би-си БМТ Бош котиби Гутерриш билан АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олганидан икки ҳафта ўтиб ва АҚШ Президенти Доналд Трамп яна Гренландияни аннексия қилиш билан таҳдид қила бошлаган кунларда суҳбатлашди.
Гутерришнинг фикрича, бу вазиятда БМТнинг асосий тамойиллари — шу жумладан, ташкилотга аъзо давлатлар тенг деган тамойил хавф остида қолган.
Президент Трамп БМТни бир неча бор кескин танқид қилган.
Ўтган йил сентябрида Бош Ассамблея сессиясидаги нутқида Трамп, "ҳеч ким тугата олмаган етти урушни тугатганини", БМТ эса "уларнинг ҳеч бирида ёрдам беришга ҳам уринмаганини" айтганди.
"Кейин тушундимки, БМТ бизга ёрдам бермаяпти", — деди у.
Антониу Гутерриш бу айбловларга жавобан Би-би-сига шундай деди: БМТнинг ўз аъзоларини БМТ Низомида қайд этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишларига мажбурлаши жуда қийин.
Унинг сўзларига кўра, БМТ дунёдаги асосий низоларни ҳал этишда фаол иштирок этади, аммо ташкилотнинг таъсир ўтказиш имкониятлари йўқ — бундай имкониятлар етакчи давлатларда мавжуд.
Шу билан бирга, Гутерриш бу ричаглар ёрдамида ҳозир ҳақиқий, узоқ муддатли низоларни ҳал этишга эришилаётганига шубҳа билдиради; аксинча, тез, аммо мустаҳкам бўлмаган келишувлар амалга оширилаяпти, дейди.
"Бу икки нарса ўртасида катта фарқ бор", — дея таъкидлади БМТ бош котиби.
БМТ Бош котиби Гутерриш БМТга ислоҳотлар зарурлигини тан олади. Унинг фикрича, бир вақтлар бутун дунёда тинчликни таъминлаш воситаси сифатида тузилган Хавфсизлик Кенгаши эндиликда бутун дунё манфаатларини ифода этмайди ва самарасиз ҳолга келган. Бир неча кун олдин Бош Ассамблеядаги чиқишида Гутерриш шундай деган эди: 1945 йили муаммоларни ҳал қилиш учун қўлланган усуллар 2026 йил муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бермайди.
Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси — АҚШ, Франция, Буюк Британия, Хитой ва Россия — БМТ мажбурий қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга.
БМТ бош котибининг фикрича, Хавфсизлик Кенгашининг таркибини ўзгартириш лозим, шунда унинг қонунийлиги тикланади ва "бутун дунё учун овоз бериш ҳуқуқи таъминланади". Шу билан бирга, айрим аъзоларнинг вето ҳуқуқи чекланиши керак.
Трамп Ғазо "Тинчлик кенгаши"га Президент Мирзиёев ҳам қўшилади

Сурат манбаси, Getty Images
Оқ Уй Ғазо бўлгаси бўйича "Тинчлик кенгаши" аъзолари номларини эълон қилди.
Бу кенгаш раиси АҚШ Президенти Доналд Трамп бўлади.
Вашингтон режаси бўйича бу кенгаш Ғазо бўлгасини ривожлантириш бўйича стратегик назорат, халқаро ресурсларни сафарбар этиш ва халқаро мажбуриятлар ижро этилиши юзасидан назоратни амалга оширади.
Режа бўйича Ғазо "Тинчлик кенгаши"нинг таъсисчи ижроия кенгаши (founding executive board) ҳамда Ғазо ижроия кенгаши (Gaza executive board) ташкил этилиши керак.
Оқ Уй 17 январда "Тинчлик кенгаши"га таъсисчи давлат сифатида қўшилишга таклиф қилиб қатор мамлакатлар раҳбарларига мактуб йўллаган.
Улар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.
"Давлатимиз раҳбари америкалик ҳамкасбига жавоб мактубини йўллаб, унда Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирди.
Президентимиз ўз мактубида ушбу ташаббусга Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралаётганини таъкидлади", деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.
"Тинчлик кенгаши"га қўшилиш таклифи Россия Президенти Владимир Путинга ҳам йўлланган, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков таклиф ўрганилаётганини билдирди.
19 январ куни мамлакатлар матбуоти қуйидаги сиёсатчиларга таклиф юборганини хабар бердилар:
Венгрия Бош вазири Виктор;
Ветнам Компартияси Бош котиби То Лам;
Иордания Подшоси Абдуллоҳ II;
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ;
Австралия Бош вазири Энтони Албаниз;
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ;
Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис;
Кипр Президенти Никос Христодулидис;

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф;
Канада Бош вазири Марк Карни;
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев;
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған;
Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси;
Парагвай Президенти Сантяго Пеня;
Аргентина Президенти Хавер Милей ;
Албания Вазирлар Кенгаши раиси Эди Рама;
Бразилия Президенти Лула де Силва;
Италия Бош вазири Жоржа Мелони;
Янги Зеландия Бош вазири Кристофер Лаксон;
Беларус Президенти Александр Лукашенко.
"Тинчлик кенгаши"га Британия собиқ бош вазири Тони Блейр, Президент Трампнинг Украина ва Яқин Шарқ бўйича махсус элчиси Стив Уиткофф, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Доналд Трамп куёви Жаред Кушнер, Жаҳон Банкининг Президенти Ажай Банга ҳам кириши хабар қилинди.
Трамп Гренландияни қўлга киритиш истаги билан Нобел мукофоти боғлиқ экани ҳақида ёзди

Сурат манбаси, REUTERS/Kevin Lamarque
АҚШ Президенти Доналд Трамп тинчлик бўйича Нобел тинчлик мукофотини олмаганидан хафа ва энди "тинчлик ҳақида ўйлашим керак" деган мажбуриятни ҳис қилмайди.
Президент Трамп Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёрега мактуб йўллади ва Нобел мукофотини бермагани учун Норвегияни айблади.
Стёре Трампга жавоб ёзган, у мактубида Нобел мукофотини кимга бериш масаласини Норвегия ҳукумати эмас, балки мустақил қўмита ҳал қилишини, мустақил қўмита эса 2025 йил октябрида Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадога беришга қарор қилганини ёзди.
«Сизнинг мамлакатингиз менга саккизта урушни тўхтатганим учун Нобел тинчлик мукофотини бермасликка қарор қилганини ҳисобга олган ҳолда, мен энди фақат тинчлик ҳақида ўйлаш мажбуриятини ҳис қилмайман — гарчи тинчлик доимо устувор бўлади — аммо эндиликда АҚШ учун "яхши ва тўғри" бўлган нарсалар ҳақида ўйлашим мумкин", деб ёзган Трамп АҚШ матбуоти қўлга киритган Норвегия бош вазирига йўлланган хат матнида.
"Токи биз Гренландия устидан тўлиқ ва мутлақ назорат ўрнатмагунча, дунё хавфсиз эмас, ", деб ёзган Президент Трамп.
Стёренинг айтишича, улар Гренландия бўйича баҳс сабаб таклиф этилган тариф оширишга қарши эканини билдирган ва вазиятни юмшатиш зарурлигини таъкидлаб, ўша куннинг ўзида уч томонлама телефон мулоқотини таклиф қилган.
Трамп Нобел мукофотини олиш истагини ҳеч қачон яширмаган. У миллий хавфсизлик сабаблари боис АҚШ Гренландияни эгаллаб олиши керак, дейди.
Кам аҳоли яшайдиган, аммо бой ресурсларга эга бўлган Арктика ороли — Гренландия — ракеталар ҳужуми хавфи туғилганда ерости эрта огоҳлантириш тизимлари ва ҳудуддаги кемаларни кузатиш учун жуда қулай жойлашувга эга.
Трамп АҚШ Гренландияни сотиб олишни хоҳлаётганини бир неча бор айтган ва уни олиш учун ҳатто НАТОннинг бир аъзосига қарши ҳарбий куч ишлатиш эҳтимолини ҳам инкор этмаган.
Куни-кеча Трамп НАТОнинг саккиз мамлакати ўзининг Гренландияни эгаллаш режасини қўллаб-қувватламаса, феврал ойидан бу мамлакат товарларига 10% лик бож тўлови жорий қилишини айтди, июнга бориб бу тўловни 25% га кўтариш билан таҳдид қилди.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Гренландиянинг келажакдаги мақоми ҳақидаги ҳар қандай қарор «фақат Гренландия халқи ва Дания қироллиги ихтиёрида», ва иттифоқдошларга нисбатан бож тўловини ишлатиш «нотўғри».
Дания мудофаа вазири Троелс Лунд Поулсен ва Гренландия Ташқи ишлар вазири Вивиан Мотцфелдт душанба куни НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашиши хабар қилинди.
Ўтган ҳафта Дания ва Гренландия ҳукуматлари, НАТО иттифоқдошлари билан биргаликда, Арктика ва Шимолий Атлантикада ҳарбий мавжудлик ва машғулотларни кучайтиришга қарор қилдилар.
Бир неча Европа давлати Гренландияга "разведка миссияси" деб номланган ташриф доирасида оз сонли ҳарбий хизматчиларини юборди.
Трамп ўз мактубида ўтган йили президентлигининг иккинчи муддати бошланганидан бери саккизта урушни тугатганини даъво қилган.
Оқ Уй бу урушлар рўйхатини ҳам эълон қилди: Исроил ва Ҳамас, Исроил ва Эрон, Покистон ва Ҳиндистон, Руанда ва Конго Демократик Республикаси (КДР), Таиланд ва Камбоджа, Арманистон ва Озарбайжон, Миср ва Эфиопия, ҳамда Сербия ва Косово ўртасидаги тўқнашувлар.
BBC Verify Трампнинг даъвосини ўрганиб чиққан ва бу «урушлар»нинг баъзилари аслида бир неча кун давом этганини, аммо улар узоқ йиллик можаролар сабаби бўлганини, баъзи ҳолларда эса — масалан, Миср ва Эфиопия ўртасида — умуман жанг ҳам бўлмаганини аниқлади.
Шунингдек, Руанда ва КДР ўртасида тинчлик келишуви имзоланганига қарамай, тўқнашувлар давом этган.
2025 йилги Тинчлик мукофоти Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадога берилди.
Кейинчалик, АҚШ махсус кучлари Венесуэла президенти Николас Мадурони Каракасда ҳибсга олганидан кейин Трамп Мачадони мамлакатнинг кейинги раҳбари сифатида қўллаб-қувватламади ва ўрнига Мадуронинг вице-президентини вақтинчалик ҳукумат бошлиғи сифатида қўллаб-қувватлади.
Мачадо, Трампни мақтаганига қарамай, ўтган ҳафта Оқ Уйга борди ва ўзининг Нобел медалини Трампга топширди.
Нобел жамғармаси эса мукофотни "ҳатто рамзий маънода ҳам бошқа шахсга бериб ёки тарқатиб бўлмаслиги"ни айтди.












