Трамп муҳожирлик визаларини тўхтатди: Ўзбекистон рўйхатда борми?

Америка президенти Доналд Трамп учоқдан тушмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШда муҳожирлик сиёсати қайта кўриб чиқилмоқда
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Трамп маъмурияти 75 та давлат фуқаролари учун муҳожирлик визаларини кўриб чиқиш жараёнини номаълум муддатга тўхтатди.

Бу қарор АҚШга киришнинг қонуний йўлларини янада чекламоқда.

Чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти Трамп маъмурияти Американинг ижтимоий ёрдам тизими суистеъмол қилинишига ортиқ тоқат қилмаслигини таъкидлади.

Президент Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан бери АҚШга ҳам ноқонуний, ҳам қонуний киришни чеклашга интилмоқда. Шу кунга қадар маъмурият Бразилия, Эрон, Россия ва Сомалия фуқаролари учун муҳожирлик визаларини кўриб чиқишни тўхтатган эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Янги тартиб 21 январдан кучга кириши айтилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари вазифасини бажарувчи Томми Пигготтнинг айтишича, давлат котиби Марко Рубио раҳбарлигида тизим қайта баҳоланмоқда. Шу жараёнда "ижтимоий нафақа ва давлат ёрдамига муҳтож бўлиши мумкин бўлган хорижий фуқароларнинг кириб келишини олдини олиш" мақсадида визаларни кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилган.

Associated Press нинг хабар беришича, Давлат департаменти консуллик хизматларига мазкур давлатлардан муҳожирлик визаси учун аризаларни қабул қилишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. Бу чеклов турист ёки бизнес визаларига тааллуқли эмас.

Сўнгги ойларда Давлат департаменти Трамп томонидан миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳоланган, жумладан Россия, Эрон, Афғонистон ва қатор Африка мамлакатларидан муҳожирларни қабул қилишни чеклаган эди.

Ноябр ойида Вашингтон шаҳрида икки нафар миллий гвардиячига ўқ узганликда айбланган афғон муҳожири билан боғлиқ ҳодисадан сўнг маъмурият 19 та давлат фуқаролари учун киришга тақиқ ва чекловлар жорий қилганди.

Декабрга келиб бу рўйхатга яна бешта давлат қўшилди. Шунингдек, Фаластин маъмурияти томонидан берилган ҳужжатлар билан саёҳат қилувчилар ҳам тақиқ доирасига киритилди.

Бундан ташқари, дастлабки 19 та тақиқланган давлат фуқаролари учун бошпана сўраб берилган аризалар, фуқароликка қабул қилиш ва "грин карта" аризаларини кўриб чиқиш ҳам вақтинча тўхтатилган.

Январ ойи бошида Давлат департаменти АҚШга кириш визаси учун ариза топширишда 15 минг долларгача гаров тўлаш талаб қилинадиган мамлакатлар рўйхатини кенгайтирган эди.

Марказий Осиёдан бу рўйхатга Қирғизистон ва Тожикистон киритилган, Туркманистон эса аввалроқ қўшилган.

Ўзбекистон: АҚШ визаларида ўзгариш йўқ

Муҳожир чегара деворидан ошиб ўтишга уринаётган лаҳза.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Йўллар ҳар доим ҳам силлиқ эмас...

Аввалроқ АҚШ 75 та давлат фуқаролари учун муҳожирлик визаларини кўриб чиқишни тўхтатгани, ушбу рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этди. Вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Бурҳоновнинг ЎзАга маълум қилишича, айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визалари одатдаги тартибда кўриб чиқилмоқда ва ҳеч қандай чеклов жорий этилмаган.

Шунингдек, тарқалган хабарларда гап асосан муҳожирлик визалари ҳақида кетгани, туристик ёки бизнес визаларига нисбатан чекловлар жорий этилмагани айтилмоқда.

Айрим очиқ манбаларга кўра, сўнгги йилларда ўзбекистонликлар грин-карта орқали АҚШ визасини қўлга киритиш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни эгаллаб келади.