Трамп АҚШга виза беришни қисман чеклаганлар қаторида Марказий Осиё давлати ҳам бор

chegara

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Виктория Борн
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Доналд Трамп АҚШга виза олишни буткул ва қисман чекловчи фармонга имзо чекди. Туркманистон илк маротаба виза олиш қисман чекланган давлатлар қаторига кирди.

Оқ уй маълумотига кўра, Доналд Трамп миллий хавфсизлик таҳдид асосида 12 мамлакат фуқароларининг АҚШга киришини тақиқловчи ҳужжатни имзолади.

Бундан ташқари, яна 7 мамлакат фуқароларига нисбатан қисман чекловлари жорий этилади.

Алоқадор мавзулар:

АҚШ президенти таъкидлашича, агар "моддий яхшиланишлар" амалга оширилса, рўйхат ўзгартирилиши мумкин ва дунё бўйлаб янги таҳдидлар пайдо бўлса, яна мамлакатлар қўшилиши эҳтимоли бор.

Бу Трампнинг муайян мамлакатларга саёҳатни тақиқловчи иккинчи тақиқидир. У бунга ўхшаш фармонни 2017 йилда, президентликнинг илк муддатида ҳам имзолаган эди.

Қайси мамлакатлар таъсирланади?

Трампнинг АҚШга киришини тақиқловчи ҳужжатида 12 мамлакат фуқароларининг бор:

  • Афғонистон
  • Мянма
  • Чад
  • Конго-Браззавил
  • Экваториал Гвинея
  • Эритрея
  • Гаити
  • Эрон
  • Ливия
  • Сомали
  • Судан
  • Яман

Қуйидаги 7 мамлакат фуқаролари эса қисман саёҳат чекловларига дуч келади:

  • Бурунди
  • Куба
  • Лаос
  • Серра-Леоне
  • Того
  • Туркманистон
  • Венесуэла

Бу тақиқ дунё бўйлаб бутун АҚШ аэропортларида нотинчлик юзага келганига ўхшаш ҳолатнинг олдини олиш мақсадида душанба куни маҳаллий вақт билан соат 12:01 да кучга киради. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати қачон тугаши кўрсатилмаган. У доимий кўриб чиқиш асосида амал қилади.

Тақиқ Нима учун эълон қилинди?

Оқ уй буни "оқилона чекловлар" деб атаб, "АҚШ фуқароларини хавфли чет эллик шахслардан ҳимоя қилиш" мақсадида амалга оширилганини айтди.

Трамп ўзининг Truth Social сайтида жойлаштирган видеода Колорадо штатидаги Боулдер шаҳрида содир бўлган сўнгги террорчилик ҳужуми айбдорларни етарлича текширмаслик оқибатида келиб чиққанини таъкидлади.

Якшанба куни исроиллик асирлар тарафдорлари йиғилишида бир киши икки ёндиргич қурилма отган ва қўлбола олов пуркагич қуролидан фойдаланган. 12 киши жароҳат олганди.

Ҳужумда гумон қилинган шахс мисрлик фуқаро эканлиги айтилган, аммо Миср тақиқланган мамлакатлар рўйхатига киритилмаган.

Трампнинг Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан алоқалари қалин, ўтмишда АҚШ президенти уни ўзининг "севимли диктатори" деб атаганди.

Қандай истиснолар бор?

Тақиқ таъсир қиладиган мамлакатлар фуқароларининг айримлари қуйидаги ҳолатларда АҚШга кириши мумкин:

  • Жаҳон чемпионати ёки 2028 Олимпиадаси каби йирик спорт тадбирларида иштирок этадиган спортчилар
  • Эронда таъқиб қилинаётган этник ва диний озчиликларга берилган иммигрант визалари эгалари
  • Афғонистонлик махсус иммигрант визасига эга шахслар
  • АҚШнинг доимий қонуний резидентлари
  • Икки фуқароликка эга бўлган, лекин тақиққа кирмаган мамлакат фуқаролари

Бундан ташқари, АҚШ давлат котиби алоҳида шахсларга "миллий манфаатлар" асосида якка ҳолда истисно бериш ваколатига эга.

Тақиққа муносабат қандай бўлди?

Трампнинг навбатдаги фармонига ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро миқёсда тезда жавоб қайтарилди.

Сомали расмийлари АҚШ билан ҳар қандай хавфсизлик масалалари юзасидан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Сомалининг АҚШдаги элчиси Даҳир Ҳасан Абди баёнотида мамлакат "АҚШ билан узоқ муддатли муносабатларни қадрлашини" айтди.

Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабелло эса: "АҚШда бўлиш ҳар қандай одам учун катта хавф, фақат венесуэлаликлар учун эмас", деб огоҳлантирди.

Демократлар бу қарорни кескин танқид қилди.

Вашингтон штатидан демократ конгресс аъзоси Прамила Жаяпал: "Бу тақиқ, Трампнинг аввалги мусулмонларга қарши тақиқини янада кенгайтирган ҳолда, АҚШни жаҳон миқёсида янада яккалаб қўяди", деди.

Конгрессмен Дон Бейер эса Трампни "АҚШ асосчиларининг қадриятларига хиёнат қилди", деб айблади.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳам бу фармонни танқид қилди.

АҚШнинг Amnesty International ташкилоти буни "камситувчи, ирқчиликка асосланган ва ноҳақ" деб атади. Human Rights First эса буни "муҳожирларга қарши яна бир жазоловчи чора" сифатида баҳолади.

Олдингисидан нима фарқи бор?

Трамп илк бор 2017 йилда президентлик даврида саёҳат тақиқини жорий этган эди.

У вақтдаги фармонда ҳам Эрон, Ливия ва Сомали каби мамлакатлар киритилган.

Танқидчилар уни "мусулмонларга қарши тақиқ" деб атаган, чунки дастлаб рўйхатдаги етти давлат мусулмон кўпчиликка эга эди. Бу қарор АҚШ бўйлаб зудлик билан судларга тортилади.

Оқ уй сиёсатни қайта кўриб чиқиб, кейинчалик мусулмон кўпчиликка эга бўлмаган икки мамлакат – Шимолий Корея ва Венесуэлани рўйхатга қўшган.

Олий суд 2018 йилда бу тақиқни маъқуллаган эди.

Президент Жо Байден 2021 йилда бу тақиқни бекор қилган ва уни "миллат виждонидаги доғ" деб атаган эди.

Туркманистон қандай кириб қолди?

samolyot

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ёпиқ давлат бўлмиш Туркманистоннинг иккиламчи рўйхатга нима сабабдан кириб қолгани очиқланмаган.

АҚШ саёҳат департаменти маълумотларига кўра, Туркманистон фуқаролари учун сайёҳлик визаси рад этиш даражаси юқори.

2023 йил тахминан 60% туркманистонлик виза ололмаган бўлса, 2024 йилнинг дастлабки маълумотларига кўра бу кўрсатгич 58.80%ни ташкил қилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Бу дегани, ҳар 100 аризадан тахминан 59 таси рад этилмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам АҚШга визани рад қилиш даражаси 2023 йил билан солиштирганда ортган ва ҳужжат топширганларнинг 64.41 фоизи рад жавобини олган.

Трамп иккинчи бор Оқ уй бошқарувига келгач, Ўзбекистон ҳужжатларида муаммоси бор ва жиноятда айбланган шахсларни Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш борасида фаол ҳамкорлик қила бошлади.

АҚШ ҳукумати 2024 йилнинг илк 9 ойида 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанига депортация қилди. Бу 2023 йилнинг шу давридагидан 6,5 баробар кўп.