АҚШ га виза олиш осонлашадими, масжидлар очилади ва хавф чегарага яқинлашдими? - Ўзбекистон ва минтақа, O‘zbekiston, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar

Qirg'iziston

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

АҚШ га виза олиш осонлашадими, масжидлар очилади ва хавф чегарага яқинлашдими? - Қирғизистон Байденнинг буйруғини хуш қарши олди, Тожикистон нималарни режаламоқда ва Қозоғистонда вазият ёмонлашаяптими? Дайжест.

Саёҳат чеклови

Қирғизистон АҚШ янги президентининг аксарият аҳолиси мусулмонлари илова қатор давлатларга қўйилган саёҳат чекловини бекор қилиш қарорига расман ўз муносабатини билдирган биринчи Марказий Осиё давлати бўлди.

Тақиқ бундан тўрт йил бурун Американинг янги қудратга келган республикачи президенти Дональд Трамп томонидан киритилганди.

Демократчи Жо Байден эса, янги президент сифатида ўзининг илк иш кунини Трамп жорий этган қатор тақиқларни бекор қилишдан бошлади.

Сўнгги янгиликдан саноқли соатлар ўтиб, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди.

Жо Байденнинг Қирғизистон ҳам "зиён чеккан" саёҳат тақиқини бекор қилиш қарорини хуш қаршилади.

Расмий Бишкекнинг ишонишича, бу янги АҚШ маъмуриятининг "одамлар билан алоқа ва алмашинув масаласига конструктив ва очиқ ёндашувининг исботи"дир.

Баёнотда Қирғизистон томони энди икки мамлакат ўртасида виза тартибларини соддалаштиришга қаратилган кейинги қадамлардан ҳам умидвор экани айтилади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, АҚШ янги президентининг глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж шартномасига қайтиш қарорини ҳам олқишлаган.

Вакцинация

Vaksina

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг режалари маълум бўлиши ортидан, Қирғизистон ҳам ўз аҳолисини қачон эмлаш ниятида эканига ойдинлик киритган.

Қирғизистон Бош вазири муовинининг билдиришича, мамлакатда оммавий вакцинация июнь ойига қадар бошланмайди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон эса, куни-кеча бу ишга келаси ойдан бошлаб киришишлари мумкинлигини маълум қилишган.

Эльвира Сурабалдиеванинг айтишича, Covax ташаббуси доирасида ўзларига 30 минг доза Pfizer вакцинаси таклиф қилинган.

Аммо мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вакцинани (-70 градусда) сақлаш учун зарур бўлган музлатгичларни сотиб олиш "ўринли эмас", деб ҳисобламоқда.

Унга кўра, худди шу боис ҳам, мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш июнь ойига қадар бошланмайди.

Бундан аввал Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири бу каби музлатгичларни сотиб олиш ўзларига $2 миллион АҚШ долларига тушиши мумкинлигини айтганди.

Қирғизистон Бош вазири муовинининг илова қилишича, ҳозир яна етти хил вакцинага кўз тикиб ўтиришибди.

Масжидлар очилади

Tojikiston

Сурат манбаси, BBCUzbek

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан кейин Тожикистон коронавирус боис ёпган масжидларини қайта очишга қарор қилган сўнгги минтақа давлати бўлган.

Хабарларга кўра, шу йил 1 февралдан бошлаб намозхонлар масжидларга қайтишлари мумкин бўлади.

Тожикистонда масжидлар, қарийб бир йилдирки, ёпиқлигича қолмоқда.

Коронавирус расман қайд қилинган қолган уч минтақа давлати эса, ҳали ўтган йилнинг ўрталаридаёқ бу ишга киришишган.

Худди шу боис ҳам, масжидларнинг бунча узоқ ёпиқ қолаётгани Тожикистонда аҳолининг таажжуб, тушунмовчилик, эътироз ва норозиликларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Тожикистонлик масъулларга кўра, мамлакатда "эпидемиологик вазиятнинг босқичма-босқич ўнгланиб бораётгани"ни инобатга олиб, масжидларни қайта очишга қарор қилишган.

Аммо масъуллар намозхонлар шахсий ва оммавий гигиена тартиб-қоидаларига риоя этмаган масжидларнинг қайта ёпилиши билан огоҳлантиришга ҳам улгуришган.

Агар, расмий статистикага ишонилса, Тожикистонда 13 январдан бошлаб, бирорта ҳам коронавирус ҳолати аниқланмаган.

Собиқ пойтахтда хавотир

Qozog'iston

Сурат манбаси, Thinkstock

Шу кунларда минтақа мисолида илк антирекорд (бир кунда 1000 дан ошиқ ҳолат - таҳр.) қайд этилган Қозоғистонда янги хавотирлар бўй кўрсатган.

Хабарларга кўра, шу ойдан бошлаб, жанубий Олма ота шаҳрида оғир коронавирус ҳолатлари сони ортган.

Tengrinews интернет нашрининг шаҳар ҳокимидан иқтибосан ёзишича, 1 январь куни бу рақамлар 82 тани ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб, қарийб икки баробарига ортган.

Ҳокимга кўра, кундалик коронавирус кўрсаткичларида ҳам жиддий ўсиш кузатилган.

Дейлик, декабрь ойида кунига 80 кишида коронавирус аниқланган бўлса, ҳозир бу рақамлар 120 га чиққан.

Қозоғистон ҳали-ҳануз минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлади.

Ҳозирга келиб, мамлакатда жами Ковид ҳоллари расман 170 мингдан ортади.

Бу Ўзбекистоннинг кўрсаткичидан икки баробардан ошиқроққа кўп, деганидир.

Қозоғистоннинг аҳолиси эса, Ўзбекистонники ярмидан сал ошади.

Ковиддан энг кўп ўлим ҳолати ҳам минтақада айнан Қозоғистон ҳисобига тўғри келади.

Расмий статистикада бу рақамлар бугун 2300 дан ортади.

Хабарларга кўра, коронавирус қайта кучайиб бораётгани боис, куни-кеча Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва яна тўрт шимолий минтақаси аллақачон "қизил ҳудудлар" сирасига киритилган.

Қозоғистон шимоли Россияга бевосита чегарадош бўлади. Шу кунларда Россия ўзларига коронавируснинг ўта юқумли "британ" штамми кириб келганини расман тасдиқлаган.

Аммо шу пайтгача Ўзбекистон илова қолган бирор бир Марказий Осиё давлати ўзларига бу штамм кириб келганини расман тасдиқлашмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek