Коронавирус: Россия вакцинаси фойдаланишга тайёр, Путин қизи эмланди - Rossiya, O'zbekiston, koronavirus

Russian President Vladimir Putin

Сурат манбаси, Reuters

Коронавирус: Россия вакцинаси фойдаланишга тайёр, расман маъқулланди, Путин қизи эмланди - Россия бунга "муваффақ бўлган" дунёдаги биринчи давлатга айланди. Дунё экспертлари хавотирда.

Россия вакцинасининг инсонлардаги синови икки ойга ҳам етмаган.

Президент Путиннинг айтишича, вакцина барча текширувлардан ўтган.

Аллақачон ўзининг қизи ҳам эмланган.

A scientist prepares samples during the research and development of a vaccine against coronavirus in Saint Petersburg, Russia

Сурат манбаси, Reuters

Мулозимларга кўра, аҳолининг оммавий вакцинациясини октябрь ойига режалашган.

Экспертлар эса, Россия вакцинасининг бунчалик тез тайёр бўлганидан хавотирда.

Уларнинг айтишларича, бу ишнинг шоша-пиша қилинганига далолат қилиши мумкин.

Одамлар саломатлигини ўйлаб, яқинда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Россия вакцинаси хусусида ташвиш билан чиққан.

Ташкилот Россияни бунинг учун лозим бўлган барча халқаро талаб ва меъёрларга амал қилишга чақирганди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг рўйхатида ҳозир синови учинчи босқичгача етиб борган олтита вакцина бор.

Аммо уларнинг орасида Россияники йўқ.

Учинчи босқич синови вакцинанинг ўн минглаб одамда синаб кўрилишини англатади.

A news conference at the Science and Practice Center for Interventional Cardioangiology in Moscow, Russia, 15 July 2020

Сурат манбаси, EPA

Президент Путин Россияда яратилганини дунёдаги "биринчиси" эканини айтган.

Россия президентига кўра, у коронавирусга қарши лозим даражада қаршилик кўрсата олган.

Вакцина пойтахт Москвадаги Гамалея институтида яратилган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазири ҳам вакцина тажрибада ўзининг "жуда самарали ва хавфсиз экани"ни исботлаганини айтган.

Бу - инсониятнинг Covid - 19 устидан ғалабасида олдинга қўйилган "йирик қадам" эканини баён қилган.

Россия ҳукумати ўзининг оммавий вакцинация билан боғлиқ режасини ўтган ҳафта маълум қилган.

Вакцина барча синовлардан муваффақиятли ўтганини иддао қилган.

Ҳозир дунёда юздан ортиқ вакцина устида дастлабки ишлар олиб борилмоқда.

Фақат саноқли вакцинагина инсонларда синаб кўрилаётир.

Ишлар жадаллик билан бормоқда.

Аммо аксарият экспертлар шунда ҳам вакцина фақат келаси йил ўрталарига бориб тайёр бўлиши мумкин, деган ўйда.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳам коронавирусга қарши вакцина харид қилиш режасида экани маълум бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 август куни бу ишни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга топширди.

Унга бир ҳафта муддат ичида етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакат аҳолиси вакцинациясини амалга оширишнинг пухта йўлларини ишлаб чиқишни буюрди.

Ўзбекистон вакцинани кимдан харид қилиши масаласи ҳозирча маълум эмас.

Ҳозир Россияникидан ташқари, АҚШ, Британия ва Хитой яратаётган вакциналар синови учинчи босқичга кирган.

Ўзбекистон раҳбари ҳам ўз чиқишида айни шу давлатлардан ном тутган.

Уларнинг фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилинаётганини айтган.

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо дунёдаги деярли барча давлат аллақачон ташвишда.

Улар ҳам вакцина учун қандай навбатга туриш ҳақида ўйлашмоқда.

Вакцина қандай тарқатилиши, буни ким ҳал қилиши билан қизиқишмоқда.

Масала Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини ҳам ўйлантирмай қолмаган.

Ҳозир дунёнинг етакчи экспертлари, мутахассислари орасида ўтмиш тажрибасига таяниб, бунинг вакцина яратилаётган давлатга боғлиқ бўлиб қолишига оид жиддий хавотирлар бор.

Уларга кўра, бу каби давлатлар тайёр вакцина экспортига тақиқ қўйишлари, энг аввало ички бозорлари таъминоти ва ўз аҳолиларини эмлаш қайғусига тушиб кетишлари эҳтимоли катта.

Аммо пандемия шароитида "фақат ўзини ўйлаш" янглиш иш, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Орада Россия Бош вазири, президент Путин матбуот котиби коронавирусга чалинган.

Владимир Путин ўзининг ҳам мунтазам равишда коронавирусга тестдан ўтиб тургани айтилган.

Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Россияда жами коронавирус ҳоллари ҳозир расман жами 900 000 тага яқинлашган.

Россия дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek