Коронавирус: Дунё пандемияни енгаяптими? - O'zbekiston, dunyo, koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жеймс Галлагер
- Role, Тиббиёт ва фан масалалари бўйича мухбир
Covid-19 дунёни аллақачон ўзгартириб бўлди - йил охирлашига унча кўп қолмади. Кимнинг қўли баланд келмоқда - коронавирусми ёки одамзоднинг?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги вирус тарқалишини глобал фавқулодда вазият деб эълон қилганига ҳам олти ойдан ошди.
Ўша куни, январ ойининг охирларида коронавирусга чалинганлар сони деярли 10 минг нафарга етган, 200 дан ортиқ одам вафот этган эди. Бу ўлим ҳолатларининг бари Хитойда эди.
Ўшандан буён дунё ҳам, ҳаётимиз ҳам тубдан ўзгарди. Коронавирус ва инсоният ўртасидаги курашда биз қанчалик илгариладик?
Агар бутун дунё миқёсида олиб кўрсак, манзара бир текис эмас.
Касалланганлар сони 19 миллиондан, вафот этганлар эса 700 000 нафардан ошди. Пандемиянинг аввалида касалланганлар сони 100 000га етиши учун ҳафта керак бўларди, ҳозир эса бу рақам соатлар ичида қайд этилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
"Биз ҳамон жадаллашаётган, тезкор ва ўта жиддий пандемиянинг ўртасида туриммиз, - дейди ЖССТдан доктор Маргарет Ҳаррис. - У дунёдаги ҳар бир жамиятга кириб борди."
Гарчи бу битта пандемия бўлса да, ягона воқеа эмас. Ковид -19 нинг таъсири ҳар ерда турлича, ўз яшаб турган мамлакатингдан ташқарида нима бўлаётганини сезмай қолиш жуда осон.
Аммо бир нарса барчани - Амазон ўрмонларида яшайдими, Сингапурдаги осмонўпар бинодами ёки Британиянинг кеч ёз кўчаларидами, ҳаммани бирлаштиради. Бу вирус яқин алоқада бўлганда бодраб тарқайди; қанчалик бир биримизга яқин келсак, шунчалик осон тарқайди. Бу ҳолат вирус Хитойда илк марта тарқалганида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай.
Ана шу хусусият дунёнинг қай бир пучмоғида бўлманг, келажак қандай бўлишини белгилаб беради.
Айни шу нарса Ҳиндистон ва ҳозирда пандемиянинг ўчоғи бўлиб қолган Лотин Америкасидаги юқори тарқалувчанлик сабабидир. Шу нарса не сабабдан Гонгконгда одамлар карантин марказларида сақланаётгани, Жанубий Корея ҳукумати одамларнинг банкдаги ҳисоблари ва телефонларини кузатаётганини изоҳлайди. Ва яна ана шу ҳолат Европа ва Австралия карантинни юмшатиш ва касаллик тарқалишини камайтиришни мувозанатга келтиролмай қийналаётгани сабабини кўрсатади. Пандемиянинг айнан шу хусусияти нега эскиси қолиб, "янгича меъёр" ахтараётганимизни тушунтириб беради.
"Бу бутун курраи замин бўйлаб ёйилаётган вирусдир. Бу бизнинг ҳар биримизга дахл қилади. У инсондан инсонга ўтади ва бизнинг қанчалар бир биримизга боғланиб қолганимизни кўрсатади, - дейди Лондон университетидан доктор Элизабетта Гропелли. - Бу боғлиқлик шунчаки саёҳат қилиш эмас, инсонларга хос хусусият - бирга вақт ўтказиш ҳамдир."
Ҳаттоки бирга қўшиқ куйлаш ҳам вирус тарқаши учун кифоя қилади.
Шунингдек, бу вирус ниҳоятда айёр, кетига тушиш мушкул, кўпчиликни енгил касал қилади ёки умуман ўзини билинтирмайди, қолганларни эса оғир аҳволга солиб, касалхоналарни тўлдиради.
"Бу бизнинг замонамиз учун мукаммал пандемик вирусдир. "Биз коронавирус даврини яшамоқдамиз," дейди доктор Ҳаррис.
Қаерда унга қарши курашда муваффақиятга эришилаётган бўлса, бари вируснинг кишидан кишига ўтиши олдини олиш орқали бўляпти. Янги Зеландия бу борада кўпчиликнинг эътиборида. Улар касаллик хали тарқалиб улгурмасидан отни қамчилашган - ҳаммаёқ ёпилган, чегаралар муҳрланган, ҳозир эса янги касалланганлар йўқ ҳисоби. Ҳаёт эса доимги ўзанида оқмоқда.
Оддий қоидаларни тўғри татбиқ қилиш камбағал давлатларга ҳам ёрдам берди. Монголия пандемиянинг манбаси бўлмиш Хитой билан энг узун умумий чегарага эга. Бу мамлакатнинг аҳволи танг бўлиши мумкин эди. Аммо июлгача бирорта ҳам жиддий касалга йўлиққан одам бўлмади у ерда. Ҳозиргача 293 та ҳолат қайт этилди. Бирорта ҳам ўлим бўлмади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Монголия чекланган ресурслар билан кўп нарсага эришди. Улар "оёқ изи эпидемиологияси" асосида ҳар бир контактни аниқладилар ва уларни изоляция қилдилар", дейди Гигиена ва тропик касалликлар Лондон мактабидан профессор Дэвид Ҳейманн.
Улар, шунингдек, ошиғич мактабларни ёпдилар, халқаро сафарларни чекладилар ва ҳаммадан бурун юзга ниқоб тақиш ва қўлни ювишни жорий қилдилар.
Бошқа томондан, профессор Ҳейманнинг айтишича, "етакчиликнинг етишмаслиги" айрим давлатларда "сиёсий етакчилар ва соғлиқни сақлаш бўйича масъуллар ўртасида ҳамжиҳатлик бўлишига ҳалал берди". Бундай муҳитда вирус гуркиради. АҚШ президенти Дональд Трамп ва мамлакатнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи пандемия вақтида турли саҳифаларга тушиб қолдилар, агар бошқа бошқа китобларга тушиб қолишмаган бўлса. Бразилия президенти Жаир Болсонару карантинга қарши кампанияга қўшилиб олди, вирусни эса "енгил грипп", пандемия эса март ойида тугайди деди.
Аммо ундай бўлмади. Бразилиянинг ўзида 2.8 миллион одам касалланди, 100 000 одам вафот этди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ оғриқли, жамияни емирадиган карантинлар орқали вирусга қарши қаттиқ курашаётган давлатлар ҳам назорат юмшатилса, касаллик авж олади, нормал ҳаёт эса узоқ келажакда энди, дея умидсизликка тушмоқда.
"Улар карантиндан чиқиш карантинни жорий қилишдан кўра қийинлигини тушунишмоқда, - дейди доктор Гропелли. - Улар вирус билан қандай ёнма ён яшаш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришмаган."
Австралия карантиндан чиқиш бўйича жадвалини ишлаб чиқишга уринаётган давлатлардан бири. Аммо Виктория штатида ҳозир таҳликали ҳолат. Мельбурн июль бошларида карантинни яна қайта жорий қилди, аммо касаллик юқиши давом этгач, янада кескин чоралар кўрди. Ҳозирда тунда комендантлик соати, кундузи эса аҳоли ўз уйидан 5 км.дан нарига бориши мумкин эмас.
Европа ҳам очилмоқчи, аммо Испания, Франция ва Грецияда охирги ҳафталарда касалланишлар сони яна чўққисига чиққан. Германияда уч ой ичида биринчи марта кунлик касалланиш мингтадан ошиб кетган.
Ниқоб тақиш қачонлардир ноодатий бўлган Европада бугун уни кўриш нормал бўлиб қолди. Айрим дам олиш соҳилларида уни тақиш мажбурий ҳам.
Ўтмишдаги муваффақият келажакнинг кафолати эмас. Ҳонгконг коронавируснинг илк тўлқинига яхши қаршилик қилгани учун мақталган эди, ҳозир барлар ва спорт заллари яна ёпилди, Диснейлэнд кўнгилочиш маскани эса дарвозаларини бир ой очиқ тута олди, холос.
"Карантиндан чиқиш, аввалги ҳаётга қайтиш дегани эмас. Ҳозирги ҳаётимиз, ана шу янги нормага айланди. Одамлар буни тушунмаяпти", дейди доктор Ҳаррис.
Африканинг коронавирусга қарши курашдаги ҳолати ҳамон очиқ савол бўлиб турибди. У ерда бир миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган. Жанубий Африка аввалига яхши кетаётганди, ҳозир энг кўп касалланиш ўша ерда. Тест қилишнинг етарли эмаслигини назарда тутсак, у ердаги манзарани тиниқ кўриш жуда мушкул.
Африкада ўлим ҳолатининг бошқа давлатлардагидан пастлиги эса яна бир жумбоқ. Турли фаразлар бор:
- Аҳоли анча ёш, Африкада аҳолининг ўртача ёши 19, Ковид эса кексалар учун қаттол касаллик ҳисобланади.
- Коронавируснинг бошқа тури нисбатан кўпроқ тарқалган ва бу бир қадар ҳимояни таъминламоқда.
- Бой давлатларда кенг тарқалган касалликлар - диабет 2 ва семизлик Африкада нисбатан озлиги ҳам Ковиднинг зарарини камайтирмоқда.
Давлатлар чора сифатида янгича йўлларни топмоқда. Руанда касалхоналарни таъминлаш ва коронавирус чекловлари ҳақида хабар бериш учун дронлардан фойдаланмоқда. Шунингдек, дронлар чекловларни писанд қилмай, қоида бузаётганларни топишга ҳам ёрдам бермоқда. Масалан, яқинда черковга кетаётган пастор қўлга тушди.
Аммо Ҳиндистоннинг айрим жойларида ва шарқий Осиёда тоза сув тақчиллиги боис, қўлни ювиш бўйича кўрсатмалар беҳуда кетмоқда.
"Қўлини ювишга суви бор ва суви йўқ одамлар бор, - дейди доктор Гропелли. - Ана шу катта фарқ асосида дунёни икки қисмга бўлиш мумкин. Вакцина бўлмаса, улар қандай қилиб бу вазиятдан чиқади? Ана шу муҳим савол.
Булар қачон тугайди?
Дори билан даволаш йўллари бор. Дексаметазон - арзон стероид - энг оғир беморлардан айримларини сақлаб қолди. Аммо бу Ковид -19 беморларининг ўлимини тўхтатиш ёки карантин чекловларини юмшатишга етарли эмас. Бор диққат Швецияга қаратилади. Бу давлат танлаган стратегия узоқ муддатда бирор арзирли самара берармикан? У ҳеч қандай карантин қилмади, кексалар ва ногиронлар уйларида одамларни сақлашга муваффақ бўлинмагани ортидан ўлим кўрсаткичи қўшни давлатлардагидан баланд бўлди.
Хуллас, дунёнинг нормал ҳаётга қайтиш борасидаги умиди вакцинага боғлиқ бўлиб қолди. Одамларда иммунитет ҳосил қилиш вируснинг йўлини кесади.
Ҳозирда олтита вакцина учинчи босқич синовдан ўтяпти. Бу босқич ҳаммасини ҳал қилади - вакцина ҳақиқатда ишлайдими ёки йўқ. Энг охирги савол шу - вакцинани "қачон" яратамиз эмас, ярата оламизми ўзи?
Доктор Маргарет Ҳаррис дейдики, "Одамларда вакцинага "ҳолливудча" ишонч бор. Яъни олимлар барибир ҳал қилади, деб ишонилади. Икки соатли фильмда якун тез келади. Аммо олимлар ўзига вакцинани иньекция қилиб, "бўлди биз омон қоламиз" дейдиган Брэд Питт эмас."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















