Ўзбекистонда тарқалган касал коронавирус эмасми? O'zbekiston Koronavirus

Шавкат Мирзиёев ва Алишер Шодмонов

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонда ҳозир иккита касаллик ҳақида одамлар кўп гапиришмоқда ва ижтимоий тармоқларда ёзишмоқда.

Биринчиси - коронавирус келтириб чиқарадиган Ковид-19 касали.

Иккинчиси эса - худди коронавирус каби кечаётган, атрофдагиларга юқаётган, аммо тестда коронавирус чиқмаётган касаллик.

Ўзбекистонда қандай касал кезиб юрибди? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Давлат мулозимлари ҳозир мамлакатда коронавирус қаторида пневмония кўп тарқалганини ҳам айтишган.

Пневмония - ўпка яллиғланиши бўлиб, азалдан халқ тилида зотилжам, деб аталган.

Бироқ шуниси ҳам борки, коронавирус келтириб чиқарадиган оқибатлардан бири ҳам айнан пневмония ёки зотилжам касалидир.

Ўзбекистонликлар эса кўп ҳолларда пневмонияга чалинган одамда коронавирус топилмагани ҳақида ҳам ёзишмоқда.

Тестлар ишончсизми?

Айрим мамлакатлар пневмонияни коронавирусга нисбат бермай, алоҳида касаллик сифатида таснифлайди.

Бу ўринда, коронавирус тестлари манфий натижа бергани, яъни зотилжамга чалинган ҳамма одамда ҳам Ковид-19 топилмагани айтилади.

Лекин ЖССТ вакиллари коронавирус тестлари 100% аниқ чиқмаслигини ҳам урғулашган.

Жаҳондаги мавжуд илмий кузатувларга биноан, 20% коронавирус тестлари хато натижа беради.

Бу - ҳар бешинчи касалга нотўғри ташхис қўйилиши эҳтимоли бор деган гап.

Яъни одамда коронавирус бўлса-да, тест коронавирус йўқ деган хулоса чиқариши мумкин.

Нотўғри натижа кўп ҳолларда тест учун олинган намуна сифати, текширув вақти ва лабораториядаги муаммоларга ҳам боғлиқ бўлиши айтилади.

"Тест анжомлари ҳам хато натижа бериши мумкин" - дейди Канададан микробиолог Обид Мамадалиев.

Муниса Ризаева

Сурат манбаси, Instagram/MunisaRizaeva

Ўзбекистонлик хонанда Муниса Ризаева ҳам яқинда касалхонадан туриб, ижтимоий тармоққа чиқди ва шахсан ўзи бир неча бор тест топширганини маълум қилди.

Унинг айтишича, илк топширган тестларида коронавирус топилмаган.

Икки касал биттами?

Қирғизистон ҳам анча вақт пневмония ва Ковид-19 касалликларини алоҳида таснифлаб келди.

Лекин ЖССТ тавсияси ортидан Қирҳизистон касалхонадан ташқарида орттирилган пневмония ҳолларини ҳам коронавирус оқибати сифатида малакалай бошлади.

Мамлакатда коронавирус ҳоллари ва қурбонлар сонида кескин ошиш кузатилди.

Микробиолог Обид Мамадалиев эса ҳозир Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда кузатилаётган пневмония бевосита коронавирусга алоқадорликда кўрилиши керак, деган фикрда.

"Бу коронавируснинг ҳали ўрганилмаган бир кўриниши бўлиши мумкин" - дейди у.

Бухоролик шифокор Азизбек Болтаев эса бир неча кун олдин Facebook саҳифасида изоҳ ёзаркан, ўз ҳамкасби Ковид-19 аломати билан касалланиб оламдан ўтганини, уни Ковид-19 қурбони каби дафн этишганини билдиради.

Бироқ, унинг урғулашича, марҳумда расман коронавирус топилмаган.

Ўзбекистонлик шифокор ҳозир бутун дунёда мавжуд ҳолат - тест натижаларида хатоликлар бўлиши эҳтимоли ҳам ҳисобга олиниш-олинмаслиги борасида савол қўяди.

Ўзбекистон тиббиёт мулозимлари коронавирусга оид ҳолатларни асло атай камайтиришмаётгани ҳақида олдинроқ айтишганди.

Ўзбекистонда расман коронавирус қурбонлари сони дунёдаги ўртача кўрсаткичдан анча паст ва 1% ҳам эмас.

Аммо шу кунларда нафақат коронавирус, балки унга ўхшаш ҳолатда кечаётган пневмония ёки зотилжам ҳам хавотирли касалликлардан бирига айланди.

Кўпчилик бу борада қатор саволларга жавоб истайди:

Пневмония ҳам коронавирусга боғлиқми ё йўқми?

Ёки бу зотилжамнинг Ковид-19 касалига дахлдор ва дахлсиз турлари борми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek