Умидли хабар: БЦЖ Ўзбекистон халқини коронавирус хавфидан асрайдими? O'zbekiston koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони бир минг атрофида экан, кўпчилик бу 34 миллионли мамлакат учун катта эмас, дейишади.
Covid-19 касалидан ўлганлар ҳам ҳозирча расман тўрт киши.
Бу эса дунёдаги ўртача 1-2% ўлимдан ҳам анча паст, ҳатто 0.5% ҳам эмас. (13.04.2020 ҳолати).
Ўзбекистонда тиббий хизматнинг аянчли ва ёмон аҳволда эканлиги, миллионлаб фуқаро чет элларда ишлаётгани, жамиятда ҳам ўзини иҳоталаш одати азалдан бўлмагани ҳисобга олинса, рақамлар жуда баланд бўлиши ҳам мумкин эди.
Лекин Ўзбекистонда (ва аксар собиқ Совет давлатларида) чақалоқларга мажбурий БЦЖ вакцинаси қилинади.
Ҳозир олимлар айнан БЦЖ мажбурий бўлган мамлакатларда коронавирус юқиши ва ундан ўлиш ҳоллари нега анча кам, деган саволга жавоб излашмоқда.
Тасодиф ё асосли фараз?
Албатта, ҳозир дунё бўйлаб коронавирусдан қандай ҳимояланиш мумкин ёки уни қай тахлит даволаса бўлади, деган мазмунда асоссиз ва сохта хабарлар кўп тарқалмоқда.
Бундан бир аср олдин ихтиро қилинган силга қарши вакцина ёки БЦЖ ҳақидаги фикрлар ҳам шулардан бири бўлиши мумкинми?
Айрим мутахассисларга кўра, БЦЖ коронавирусдан ҳимоялайди, деган фикр - бўлмағўр гап.
Улар бу ўринда ҳеч қандай илмий асос йўқ, деб урғулайдилар.

Сурат манбаси, Getty?Universal History Archive
Илм-фан нима дейди?
Ўтган февраль ойининг ўртасигача номаълум касаллик асосан Хитойда ёйилди ва кўпроқ эркакларни нишонга олди.
Аммо коронавирус дунёнинг аксар бурчакларига етиб боргач, турли мамлакатларда турли хилда тарқала бошлади.
Дейлик, Италия ва АҚШда вирусни юқтирган ва ундан нобуд бўлганларнинг сони соат сайин шиддат билан орта бошлади.
Япония ва Таиландда эса вирус негадир жуда секин ёйилди.
(Дарвоқе, коронавирус бу икки давлатга жуда эрта кириб борган).
Албатта, бу ўринда мамлакат аҳолисининг ўртача сони, маданий урф-одатлар, тиббиёт тизими қандай ишлаши, юқумли касалликлар билан ишлаш тажрибаси, текшириш каби жиҳатларни ҳам назарда тутиш лозим.
Айни пайтда, айрим олимларга кўра, вируснинг тарқалиш сурати ва ўлим ҳоллари кўп ё камлиги яна бир воқеликка боғлиқ бўлиши мумкин:
Бу - қайси мамлакатда болаларга мажбурий БЦЖ қилиниш ё қилинмаслиги.
Тўғри, олимлар БЦЖ бу ҳали янги вирусдан ҳимоя, деган гап эмаслигини тан олишади.
Зотан оғир беморлар ва ҳато қурбонлар орасида ҳам БЦЖ олган инсонлар бор.
Аммо пандемия пайтида БЦЖ вакцинаси, ҳеч бўлмаганда, бир давлат миқёсида фойдали бўлиш эҳтимолларини назардан қочириб бўлмайди.
Илк тахминий рақамлар шунга ишора қилади.
Ҳали ўтган март ойида Нью-Йорк олимлари БЦЖ ва коронавирус борасида тадқиқот ўтказишган.
"БЦЖ ўлимни камайтиради"
"Биздаги маълумотларга асослансак, БЦЖ вакцинаси Covid-19 касалига боғлиқ ўлим ҳолларини сезиларли даражада камайтиради" - хулоса қилади Америкалик тадқиқотчилар.
"Биз яна шуни ҳам аниқладикки, қайси мамлакат БЦЖ қилишни қанчалик эрта бошлаган бўлса, ўша мамлакатда ўлим ҳоллари ҳам анча паст".
Техас университети олимлари эса 178 мамлакатни ўрганиб, янада катта миқёсда тадқиқот олиб бордилар.
Улар ҳам худди Нью-Йоркдаги ҳамкасблари хулосасини тасдиқлашди.
БЦЖ вирус юқиши ва ўлимни камайтирадими?
Техаслик олимларнинг ҳисоб-китобига биноан, БЦЖ мажбурий бўлган мамлакатларда коронавирусни юқтирганлар сони ҳам БЦЖ қилинмайдиган давлатларга нисбатан 10 баравар кам.
БЦЖ қилинадиган давлатларда вирусдан ўлаётган беморларнинг сони эса БЦЖ қилинмайдиган мамлакатларга нисбатан ҳатто 20 баравар кам бўлиб чиққан.
Яъни қайси давлатда БЦЖ мажбурий бўлса, у ерда вирус юқиши ҳам, ундан ўлиш ҳоллари ҳам кам.

Сурат манбаси, Peter Doherty Institute
БЦЖ нима?
БЦЖ 1921 йили Францияда ишлаб чиқилган. (Француз тилида Bacillus Calmette-Guérin ).
ЖССТ ҳозиргача БЦЖ зидди-заҳари ёки вакцинасини сил касалидан ҳимоя қиладиган энг самарали ва арзон профилактик чора сифатида тавсия қилиб келади.
БЦЖ ҳам бошқа вакциналар каби ишлайди:
Соғлом одам танасига кучсизлантирилган касаллик қўзғатувчиси киритилади.
Организм эҳтимолий касаллик хавфини илғаб, унга қарши махсус иммунитет ёки ҳимоя ишлаб чиқаради.
Махсус ҳимоя - бу фақат аниқ бир вирус ёки бактерияга қарши ҳимоя.
Шу боис ҳар бир касалликка қарши ишловчи алоҳида зидди-заҳар ёки вакцина бўлади.
БЦЖ ҳам аслида сизни фақат сил (туберкулёз) касалидан ҳимоялаши керак.
Яъни бошқа бирон касалликдан муҳофаза қилиши кўзда тутилмаган.
БЦЖ мўъжиза-вакцинами?
Гвинея-Бисауда ишлайдиган даниялик олимлар - Петер Ааби ва Кристина Стабелл зардоб ёки вакциналарнинг қўшимча таъсирини ҳам ўрганиб келишади.
Уларнинг таъкидлашича, БЦЖ амалда бошқа касалликлардан ҳам ҳимоя қилади ва инсон иммунитетини мустаҳкамлайди.
Бу олимларнинг тадқиқотларига ишонилса, БЦЖ олган одамлар илм-фанга маълум барча юқумли касалликларга анча кам чалинадилар.
Қандай вирус, бактерия ё замбуруғ бўлмасин, БЦЖ олган инсонларда уларни юқтириш эҳтимоли 30% кам бўлади.
Аммо бу икки олим олиб борган тадқиқотларни шу пайтгача дунё илмий доиралари назарга олишмади ва кўп танқидга тутдилар.
2014 йили эса ЖССТ кенг миқёсда тадқиқотлар олиб борди ва БЦЖ қандайдир устун жиҳатларга эга бўлса ҳам, барибир, ушбу хусусиятлари эътиборга лойиқ бўлмаган даражада илғанмас , дея хулоса қилди.
Шу билан БЦЖ атрофидаги гап-сўзларга нуқта қўйилгандек эди.
Аммо мана шу кунларда дунёни тутган коронавирус пандемияси манзарасида кутилмаган ва ғалати рақамлар ўртага чиқмоқда.
АҚШ, Италия... кейин ким?

Сурат манбаси, Reuters
Дунёда силга қарши эмлаш мажбурий бўлмаган давлатлар кўп эмас.
Булар - АҚШ, Италия, Бельгия, Канада, Ливан ва Нидерландия.
Ушбу давлатларда БЦЖ муайян қатламлар вакилларига қилиниши мумкин, холос. Шунда ҳам тавсия асосида.
АҚШ ва Италия коронавирус юқиши ва ўлим ҳоллари бўйича дунёдаги энг аянчли ўринларни эгаллашди.
БСЖ қилмайдиган яна учта мамлакат ҳам коронавирус тарқалиши бўйича илк 15 мамлакат рўйхатида кетма-кет турибдилар:
11-ўринда Бельгия, 12-ўринда Нидерландия ва 13-ўринда Канада.
Ушбу давлатлар коронавирус анча олдин кириб борган ва аҳолиси кўп Япония ҳамда Таиланддан анча олдинда кетишмоқда.
Тасаввур қилинг, 126 миллион аҳолиси бор ва кексалар сони катта Японияда коронавирусдан ўлганлар сони 100 нафарга ҳам етмайди.
Лекин 11 миллионли Бельгияда аллақачон 2 мингдан зиёд киши коронавирус қурбони бўлди.
Андрей Илларионов асос солган Иқтисодий Таҳлил Институти эса коронавирус масаласида 36 давлатни айнан вакцина сиёсати нуқтаи назаридан ўрганиб чиқди.
Институт хулосасига кўра, вакцина берилмаган олти давлатда коронавирус тарқалиши мажбурий БЦЖ қилинадиган давлатларга нисбатан анча тез.
Ҳам вирусни юқтирганлар, ҳам вафот этаётганлар бўйича.
Икки хил давлатлар

Сурат манбаси, EPA
Олдин барчага БЦЖ қилган ва кейин уни тўхтатган давлатлар ҳам бор.
Бу давлатларда ҳам коронавирус юқиш ҳоллари кўп.
Лекин уларда ўлим ҳоллари нисбатан кам.
Россия Фанлар Академияси Биология Институти олимлари ўз тадқиқотлари учун танланган давлатларни икки гуруҳга ажратишган:
1.Охирги 30 йил давомида мажбурий БЦЖ тўхтатилган давлатлар:
Бельгия, Германия, Испания Нидерландия, Швейцария.
2.Мажбурий БЦЖ қилиш ҳамон қўлланадиган давлатлар:
Қозоғистон, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Мексика, Филиппин, Индонезия, Болгария, Венгрия, Латвия, Польша, Гонконг, Руминия, Словакия.
(Бу олимлар эпидемия кечроқ бошланган Россия ва АҚШни тадқиқот гуруҳларига киритмаганлар).
Мажбурий БЦЖ қилинган 2-гуруҳ давлатларида коронавирус тарқалиши анча камлиги аниқланган.
Олимлар бу борада Lancet журналига мактуб юборишган ва унда "БЦЖ вакцинасининг Covid-19 касалидан ҳимоя қилиш хусусияти ҳақидаги фаразларини" ёзганлар.
Олимлар айни ўринда ўзлари ўрганган "икки гуруҳ мамлакатлари ўртасидаги фарқлар бошқа омилларга ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини ва БЦЖ вакцинаси билан алоқадорлик билвосита бўлиши эҳтимолини" ҳам қайд этганлар.
Рақамлар алдайдими?
Бир нечта тадқиқотларда тасдиқланган боғлиқлик БЦЖ эмас, балки бошқа сабабларга тақалиши мумкинми?
Шаксиз, статистикада бунга ўхшаш ҳолатлар оз эмас.
Аммо Россия ФА Биология Институти профессори Ирина Лядова БЦЖ ва коронавирус тарқалиши орасидаги боғлиқлик борасида муқобил изоҳларни келтиради.
Аввало, мажбурий БЦЖ сил касаллиги юқори мамлакатларда қўлланилади.
Уларнинг кўпчилиги камбағал давлатлар ва коронавирусни текширишни етарлича йўлга қўя олишмагани эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Бу воқелик эса ушбу давлатларда коронавирус ҳоллари кам, деган нотўғри тушунчага етаклаши мумкин.
Айни пайтда, эпидемия даражаси карантин чоралари қанчалик тез ва кескин қўлланилишига ҳам боғлиқ.
"Шу боис БЦЖ вакцинаси ҳимоясидан ташқари бошқа омиллар ҳам ўрин тутиши эҳтимолини истисно эта олмаймиз" - дейди профессор Лядова.
Ҳали ўрганиш керак

Сурат манбаси, Kun.uz/O'zbekiston SSV
БЦЖ сизни коронавирус, яъни SARS-CoV-2 вирусидан ҳимоя қилади, деган фикрни айтишдан олдин клиник тажрибалар ўтказиш зарур.
Фақат ўшанда боғлиқлик бор ё йўқлигини узил-кесил аниқлаш мумкин.
Қарийб 40 йилдан бери БЦЖ тўхтатилган Австралияда 4000 нафар тиббиёт ходимига БЦЖ қилишмоқчи.
Лекин мавжуд далилларга қараганда, болаликда қилинган БЦЖнинг фойдаси кўпроқ.
Натижаларни кутиб
Россиядаги Вакцина ва Зардоблар Илмий Тадқиқот Институти олимларига кўра, БЦЖ олган одамларнинг немикобактериал инфекциялар, аллергия ёки саратон хасталикларига чалиниш эҳтимоллари ростдан ҳам камайиши далиллари бор.
Эмлашдан кейин туғма иммунитет тўқималари узоқ вақт фаол бўлиб қолади: улар яллиғланишни тўхтатувчи модда ишлаб чиқарадилар ва вирус ё бактериялар юқишидан ҳимояни кучайтирадилар.
Вакциналар гетерологик иммунитетни ҳаракатга келтириши ва бошқа аксилгенларнинг Т-лимфоцитларини фаоллаштириб юбориши мумкин.
"Шу асно, БЦЖ вакцинаси коронавирусдан бевосита ҳимоя қилмаса-да, бироқ туғма иммунитет фаоллигини ошириш ёрдамида ҳимоя қобилиятини билвосита кучайтириши мумкин" - дейди Россия ФА мухбир-аъзоси Оксана Свитич.
Хуллас, БЦЖ сизни коронавирусдан асрайдими ёки йўқми, деган саволга фақат пандемия тугагандан кейинги тадқиқотлар асосида жавоб топиш мумкин.
Ҳозир олиб борилаётган клиник тадқиқотлар натижалари ҳам жорий йил охиригача аниқ бўлмаслиги мумкин.
Эслатма: Ушбу мақола фақат умумий маълумотларни ўзида жамлаган ва бирон шифокор ёки мутахассис тавсияси ўрнини боса олмайди. Би-би-си матнда ҳаволалар берилган бошқа вебсаҳифалардаги фикр ва хулосалар учун жавобгар эмас. Мазкур вебсаҳифалардаги эҳтимолий тижорий рекламаларни ҳам тавсия этмаймиз. Агар соғлиғингиздан хавотирлансангиз, шифокорга мурожаат этинг.
Николай Воронин мақоласи асосида тайёрланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












