Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон – минтақада бунақаси бўлмаган, O‘zbekiston, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон - минтақада бунақаси бўлмаган. Кеча, 17 январь куни Қозоғистонда расман мингдан ошиқ коронавирус ҳолати қайд қилинган. Сўнгги янгилик коронавируснинг "британ" штамми Россияга ҳам кириб боргани расман тасдиқланишидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатмоқда.

Агар, қиёс тариқасида олинса, Ўзбекистонда худди шу куни коронавирусга чалинганлар сони бор-йўғи олтмишдан сал ортиқроқни ташкил этган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда Ковид статистикаси пневмония - зотилжам ҳолларини ўз ичига олмайди.

Минтақада илк бор коронавирус ўтган йилнинг 13 март куни айнан Қозоғистонда аниқланган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўзларида коронавирус борлигини расман эътироф этган қолган уч минтақа давлати бўлишган.

Маълум бўлишича, уларнинг ҳеч бири мисолида шу пайтгача бу қадар юқори кўрсаткич қайд этилмаган - минтақада биринчиси бўлган.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон коронавирус беморларининг деярли барчаси соғайиб бўлганини расман баён қилаётган, улар учун мўлжалланган Ковид марказларини аллақачон ёпишга киришган, Тожикистон эса, сўнгги кунларда ўзларида бирор бир янги коронавирус ҳолати қайд этилмаётганини маълум қилган бир манзарада бўй кўрсатган.

Кенг матбуотга имконли бўлган маълумотлар эса, ўтган бир ҳафта давомида Қозоғистонда коронавирус ҳоллари изчиллик билан ортиб бораётганига далолат қилган.

Қозоғистон ҳали-ҳануз минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлади.

Ҳозирга келиб, мамлакатда жами Ковид ҳоллари расман 169 мингдан ортади. Бу Ўзбекистоннинг кўрсаткичидан икки баробардан ошиқроққа кўп, деганидир.

Қозоғистоннинг аҳолиси эса, Ўзбекистонники ярмидан сал ошади.

Ковиддан энг кўп ўлим ҳолати ҳам минтақада айнан Қозоғистон ҳисобига тўғри келади.

Расмий статистикада бу рақамлар бугун 2300 дан ортади.

Qozog'iston

Сурат манбаси, Thinkstock

Хабарларга кўра, коронавирус қайта кучайиб бораётгани боис, Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва яна тўрт шимолий минтақаси аллақачон "қизил ҳудудлар" сирасига киритилган.

Қозоғистон шимоли Россияга бевосита чегарадош бўлади. Шу кунларда Россия ўзларига коронавируснинг ўта юқумли "британ" штамми кириб келганини расман тасдиқлаган.

Россиянинг ўзи эса, ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон тўртта давлатидан биттаси бўлади, мамлакатда жами коронавирус ҳолларининг расман 3500 миллиондан ортгани кўрилади.

Коронавируснинг янги штамми Британияда ўтган йилнинг сентябрь ойида аниқланган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинда бу штамм дунёнинг ўнлаб давлатига кириб борганини расман маълум қилган.

Аммо шу пайтгача Ўзбекистон илова қолган бирор бир Марказий Осиё давлати ўзларига бу штамм кириб келганини расман тасдиқлашмаган.

Россия ва "британ" штамми билан боғлиқ янгилик Ўзбекистон Россиядан ўз фуқароларини олиб қайтишда давом этаётган бир пайтга тўғри келган.

Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Расмий маълумотларда уларнинг сони бир миллиондан ортиши, норасмий ҳисоб-китобларда эса, бир неча миллионга етиши айтиб келинган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Аммо шу вақт оралиғида вируснинг янги штамми билан боғлиқ янгилик ўзбекистонлик масъулларнинг ҳам эътиборларидан четда қолмагани кўрилган.

Ўзбекистон ҳам 21 декабрдан бошлаб, Буюк Британия, Германия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка билан халқаро авиарейслар - кириш, чиқиш, транзит рейслари орқали мамлакатга киришни тўхтатган.

Республика махсус комиссияси 22 декабрь куни бу хусусда махсус баёнот билан чиққан.

Сўнгги 14 кун давомида бу давлатларда бўлган ҳолда учинчи мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келаётган ўз фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 14 кун давомида карантинга олинишини ҳам маълум қилган.

Жорий йилнинг 10 январига қадар амалда бўлиши айтилган чекловларнинг ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилишини айтилган.

11 январь куни эса, Ўзбекистон бу давлатлар билан авиақатновларга қўйилган тақиқ муддатини яна 1 февралгача узайтиришга қарор қилган.

Карантинга олиниши тартиби ҳам давом этдирилиши айтилган.

Республика махсус комиссиясининг янги қарорида ҳам яна бир бор жорий этилаётган бу чекловларнинг ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилиши айтилган.

Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, мамлакатда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб 78000 дан сал ортган.

Масъуллар яқинда беморларнинг 98 фоизи соғайганини баён қилишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Қозоғистондаги сўнгги вазият мамлакатда янги муваққат ҳукумат тайин этилган бир пайтга тўғри келган.

Аскар Маминов иккинчи бор Бош вазирлик курсисини сақлаб қолган.

У 10 кун ичида Вазирлар Маҳкамасининг янги аъзоларини тақдим этиши керак бўлади.

Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам пандемия боис жорий этган карантин чекловларини ўтган йил апрель ойидан бошлаб босқичма-босқич юмшатишга киришишган.

Аммо куни-кеча ўзбекистонлик айрим юқори мартабали масъулларнинг "ҳозирги барқарор вазият - алдамчи" эканига оид чиқишлари ҳам кузатилган.

Агар, орада бўй кўрсатган айрим хабарларга таянилса, Қозоғистон шу йил февраль ойидан бошлаб аҳолисини оммавий эмлашни бошламоқчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek