Тошкент, коронавирус: Ўзбекистон қачон вакцина сотиб олади? - O'zbekiston, koronavirus

Сурат манбаси, official
Тошкент, коронавирус: Ўзбекистон қачон вакцина сотиб олади? - Президент Мирзиёев Бош вазир ўринбосарига берган бир ҳафта муҳлат ўтди. Ўзбекистонлик масъул вазиятга ойдинлик киритди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон қачон ва кимдан вакцина харид қилиши саволига Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди.
15 август куни АОКА ҳузуридаги штабда Барно Абдусаматова иштирокида брифинг ўтказилди.
Россия яқинда расман маъқуллаган зиддиятли вакцина ҳозирча коронавирусга қарши дунёдаги биринчиси бўлиб турибди.
Британия, АҚШ ва Хитой яратаётган вакциналар эса, ҳалича учинчи босқич синовлари остида.
Шу кунларда минтақадан олинаётган хабарларга кўра, Қозоғистон ва Қирғизистон Россия вакцинасини сотиб олиш ҳақида ўйламоқда.
Тожикистон эса, аллақачон бу хусусда "Россия томони билан музокараларини ҳам бошлаб юборган".
Asia-Plus эса , ҳатто Тожикистонга қанча доза Россия вакцинаси кераклигини ҳисоблаб чиқиши учун мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус ишчи гуруҳи тузгани ҳақида ҳам ёзган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон нима қилмоқчи?
Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида пойтахт Тошкентда Ўзбекистон нима қилмоқчи, деган савол кун тартибига чиққан.
Ўзбекистон ҳам Россия билан бу хусусда иш олиб бораётгани ёки йўқлиги қизиқишга сабаб бўлган.
Барно Абдусаматованинг айтишича, президент Мирзиёев топшириғи асосида Ўзбекистонда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлардан иборат ишчи гуруҳи тузилган.
Айнан улар вакцинани харид қилиш ва мамлакат аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини ўрганиб чиқишади.
Масъулнинг расман билдиришича, COVID-19 вакцинаси клиник синовларининг барча босқичи якунланмагунича Ўзбекистон уни сотиб ололмайди.
"Вакцина синовларининг барча босқичлари ўтганидан кейингина халқаро сертификатлаштириш амалга оширилади. У қайси давлат ёки лаборатория бўлади, бу ҳозирча номаълум", - деб айтган Барно Абдусаматова.
Унинг расман маълум қилишича, коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналар ҳар томонлама ўрганилади.
Ўзбекистонда ишлатиш бўйича ишчи гуруҳ хулоса берса, вакцинани олиб келиш, ишлатиш тартиблари ва муддатлари белгиланади.
Барно Абдусаматова худди шу брифингнинг ўзида Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш мумкинми ёки йўқлиги саволига ҳам ойдинлик киритган.
Барно Абдусаматова ўз жавобини, "Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқиш масаласи нечоғлик аҳамиятли", - деган қарши савол билан бошлаган.
"Вақт кутиб турмаслиги, вакцинани ишлаб чиқариш, уни клиник синовлардан ўтказиш учун вақт талаб қилиниши"ни айтган.
Шу боис ҳам, "уни Ўзбекистонда ишлаб чиқаргандан кўра, тайёр вакцинани ишлатган маъқул"лигини таъкидлаган.
Россия вакцинаси фойдаланишга тайёр экани ва расман қайддан ўтказилганини 11 август куни шахсан Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи маълум қилган.
Путиннинг чиқишидан унинг ўз қизи ҳам Россия яратган вакцина билан эмлангани маълум бўлган.
Россия расман бундай даъво билан чиққан дунёдаги биринчи давлатга айланган.
Аммо Россия президентининг баёноти четда жиддий шубҳа билан қарши олинган.
Ўзбекистон ва вакцинаu

Сурат манбаси, official
Шу ой бошида Ўзбекистон ҳам коронавирусга қарши вакцина харид қилиш режасида экани маълум бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев 4 август куни бу ишни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга топширган, унга бир ҳафта муддат берган.
Ана шу муҳлат ичида етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакат аҳолиси вакцинациясини амалга оширишнинг пухта йўлларини ишлаб чиқишни буюрган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россиянинг вакцинаси билан боғлиқ янгилик аксарият ўзбекистонликларнинг диққат-эътиборидан четда қолмагани ҳам кўрилган.
Бунга, бир маънода, кибер фазодаги акс-садолар ҳам далолат қилган.
11 август куни ушбу янгиликка оид постлар энг кўп ўқилган, шарҳланган, муносабат билдирилган ва улашилгани бўлган.
Аммо Россия вакцинаси борасидаги фикрларнинг анчайин зиддиятли экани англашилган.
Бундан хурсанд бўлганлари қаторида, эҳтиёт бўлишга чорлаб қолган ўзбекистонликларнинг ҳам оз эмасликлари кузатилган.
Бугун, 13 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари расман 35 500 тадан ортган.
Аммо бу рақамлар ҳалича ҳатто мамлакат президентининг ўзи ҳам сўнгги ҳафталарда аҳоли орасида кенг тарқалиб бораётганини расман ва ошкора эътироф этган, баён қилган пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Аҳолисининг сони ҳозир расман 34 миллион кишидан ортади.
Ҳозир дунё бўйлаб 23 та вакцина синаб кўрилмоқда.
Юздан ортиғи устида дастлабки ишлар бормоқда.
Британиялик олимларга кўра, коронавирус бу яқин ўн йилликларда йўқолмайди.
Қайтаверади, эмлашлар эса, давом этаверади.
Аммо коронавирусга қарши самарали вакцина умуман топилмаслигига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















