Ўзбекистон фуқаролари АҚШ-Мексика чегарасида: Америка орзуси илинжидаги ўта хатарли йўл - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Халқаро миграция ташкилотига кўра, АҚШ-Мексика чегараси - Ер юзидаги энг хавфли чегара. Бу йилнинг ўзида уни кесиб ўтишга уринган 650 одам ҳалок бўлган. Бу - Халқаро миграция ташкилоти талафотларни санай бошлаганидан бери энг юқори кўрсаткич.

Алоқадор мавзулар:

Ташкилотга кўра, чегарага етиб олиш учун босиб ўтиладиган машаққатли йўлда ҳам кўплар нобуд бўлади, аммо бу талафотларни ҳужжатлаштириш қийин. Америка орзусида чегарага йўл олган муҳожирлар катта хавфга юз тутишади - улар ўғрилик, жинсий зўравонлик, қотиллик ва гиёҳванд моддалар картелларининг қурбонларига айланишлари мумкин.

Аммо, бу хавф-хатарга қарамай, Мексикадан АҚШга ўтиш илинжида чегарага йўл олаётганлар сони 2021 йилда мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. Улар энди нафақат қашшоқ Марказий Америка ва Кариб ороллари давлатлари фуқаролари, балки бутун дунёдан келган муҳожирлардир.

Ва улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Канкун

Мексика матбуотига кўра, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россиядан Мексика шарқидаги Канкун курортига келган бешта оила 40 кундан ошиқ вақт давомида миграция зобитлари томонидан қамаб қўйилган. 25 кишидан ташкил топган бу гуруҳ аъзолари Миллий миграция институти (INM) зобитлари улардан пул талаб қилгани ва таҳқирлаганини айтишган.

25 киши томонидан ёлланган мексикалик ҳимоячи Хосе Луис Гонзалес Наварронинг айтишича, гуруҳ таркибидаги 14 киши наркодиспансерга жойлаштирилган. «Улар мижозларимизни аэропортдаги яширин турмага қайтариш учун микроавтобусларга итариб тиқишган, Мексика турмасида биз қанча хоҳласак, шунча қоласизлар, деб қўрқитишган», - дейди адвокат.

АҚШ чегарачилари тўрт ўзбекистонлик қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди

Сурат манбаси, Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi

Сурат тагсўзи, АҚШ чегарачилари тўрт ўзбекистонлик қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди

REFORMA гуруҳи бу одамлар Канкун аэропортида ҳаво алмашмайдиган ва эшиксиз ҳожатхонали хонада, озиқ-овқатсиз ушлаб турилганликларини билдирган.

Миграция агентлиги баёнотига кўра, бу фуқаролар Канкун аэропортига келиб қўнганларида, уларга Мексика киришларига рухсат берилмаган ва суд ҳукми чиққунча ушлаб турилганлар.

Мексика кўрфазидаги жаннатмакон Канкун курорт шаҳри МДҲ давлатларидан АҚШга ўтиш ниятида келган кўплаб муҳожирлар учун ўтиш нуқтасига айланган. Ўзбекистонлик бир манбанинг Би-би-сига билдиришича, ўзбекистонликлар одатда Эрон ёки Туркиядаги Мексика консулликларидан турист визасини олиб, Канкунга учадилар. Виза олиш учун Ўзбекистон фуқаролари 12та ҳужжат, хусусан, Мексикадаги меҳмонхона тафсилотлари тақдим этишлари зарур.

Одатда бу ҳужжатларни тайёрлаш бир неча минг доллар, воситачилар орқали қилинганда эса, бир неча ўн минглаб долларга тушади.

Канкунга келиб тушгач ва аэропорт чегарачилари текширувидан муваффақиятли ўтиб олгач, «сайёҳлар» 1-2 кун ичида ички ҳаво йўллар орқали пойтахт Мехико ёки бошқа катта шаҳар орқали АҚШ чегарасидаги Тихуана шаҳрига учиб боришга уринадилар. Тихуанада эса кўплар автомобиль сотиб олиб ёки чангалзорлар ва далалар ичра пиёда чегарага йўл оладилар.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шу кунларда Мексикадан АҚШнинг Аризона штатига пиёда ўтаётган тўрт нафар Ўзбекистони фуқароси қўлга олинганини хабар қилди.

«Юртдошларимиз Туркиядан Мексикага ва ушбу давлатдан АҚШнинг Нью-Йорк ва Филадельфия шаҳарларига бориш мақсадида бўлган», дейилади хабарда.

Тихуана АҚШнинг Калифорния штати билан чегарадош

Сурат манбаси, Google maps

Сурат тагсўзи, Тихуана АҚШнинг Калифорния штати билан чегарадош

Би-би-сига маълум бўлган яна бир ҳолатда Тожикистон фуқароси ўтган ҳафта бир нечта уринишлардан сўнг чегарадан югуриб ўтишга муваффақ бўлган. Ҳозирда АҚШнинг Сан-Диего штатида сиёсий бошпана аризаси жавобини кутаётган шахс чегарачилар унинг гуруҳига огоҳлантириш тарзида ўт очганини даъво қилди.

«У ерда тимсоҳлар кўп экан»

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳикояларда бир неча ўзбекистонликлар уларнинг Мексига орқали АҚШга ўтиш уринишлари ҳалокат билан якун топганини сўзлайдилар.

«Акам билан участкамизни сотдик, машинамизни сотдик. Россия орқали Мексикага бордик. Мексикада кузатувчига киши бошига 5 минг доллардан пул бердик. Бир ой чангалзорлар, ботқоқликлардан, сувдан кемада ўтдик. Шундай қийинчиликларни кўрдик. У ерда нафақат ўзбекистонликлар, Қирғизистон, тожикистонликлар ҳам бор. Ёш боласи билан, оилаликлар ҳам боряпти. Болаликлар қийналиб, кемалар тешилиб, ҳайвонлар ҳужум қилиб… Америка чегарасига етдик деганда, ўрмондан чиқаётганда, акамни заҳарли илон чақди. Қўлимизда на дори-дармон бор, ёнимизда на духтирлар бор. Илоннинг заҳри акамнинг қонига тарқалиб кетди, шу билан акамни бой бердик», - дея ҳикоя қилади бир йигит.

Яна бир аёл эса унинг учун Америка орзуси ўз оиласини йўқотиш билан якун топганини сўзлайди.

«Турмушимиз яхши эди, магазинимиз бор эди, (Самарқанддаги) Сиёб бозорида савдо қилардик. Турмуш ўртоғим такси ҳайдардилар. Дўконимизни сотдик, машинани сотдик. Ҳамма нарсамизни сотиб, қизимни олиб йўлга тушдик. Мексикага турист бўлиб бордик. Кейин у ерда йўл-йўриқни кўрсатадиган одамлар билан учрашиб, «қайиқда ўтамиз, ўрмон оралаб ўтамиз» дейишди. Шунда қайиққа миндик… Йигирматача одам бор эди қайиқда. Сузар-сузмас, қайиғимиз ағдарилиб кетди. Мени қутқариб олишди. Қизим билан ҳўжайинимни топишолмади… Айтишларича, у ерда тимсоҳлар кўп экан. Нима қилишимни билмай, қайтдим», - дея йиғлайди у.

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Би-би-си Мексика орқали АҚШга ўтишга уриниб қўлга олинган ўзбекистонликлар сони ҳақида билиш учун Мексика Ички ишлар вазирлиги ва Миллий миграция институтига боғланди, аммо бу борада статистик маълумотларни ола олмади.

Ижтимоий тармоқлар

Би-би-си Телеграм тармоғида кузатган махсус каналларда канал аъзолари Мексикадаги саргузаштлари ва АҚШдаги шароитлари билан ўртоқлашадилар. Аъзолари сони қарийб 35 минг бўлган шундай бир каналда асосан Россия фуқаролари ўзларига шерик излайди ёки чегарадан қачон ўтиш бўйича маълумот сўрайди. Аммо, уларнинг орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Беларусь ва Украина фуқароларини ҳам учратиш мумкин.

Бу канал АҚШга ноқонуний миграция қилишни қўллаб-қувватламаслигини айтади, аммо унда айнан ноқонуний миграциянинг деярли барча жиҳатлари ҳақида маълумот топиш мумкин.

Ҳозирда Калифорния штатида сиёсий бошпана аризасининг жавобини кутаётган россиялик йигитнинг ҳикоя қилишича, у рафиқаси ва тўрт яшар қизи билан чегарага етиб олгунча Мексикада бир неча марта тўхтатиб текширилган ва бир марта ҳибсга олинган. Турмада абгор шароитларда оиласи билан ушлаб турилгач, у соқчилар талаб қилган миқдорда пули бўлмагани ва бир неча кундан сўнг қўйиб юборилгани, қизчасининг соғлиги ёмонлашиб касалхонада ётиб чиққанларини айтади.

Телеграмдаги мигрантлар чатрумларидан ёзишмалар

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Телеграмдаги мигрантлар чатрумларидан ёзишмалар

«Тихуанадаги меҳмонхонадан такси чақиртирдим. Тўрттаси рози бўлмади, лекин бешинчиси 300 долларга бизни чегарага олиб бориб ташлашга кўнди. Аммо, бу нарх унга ёқмади. Тунда бизни олиб, соатига 200 км тезликда ҳайдади. Хотиним «ҳозир ўламиз, секинлатсин» деб жуда қўрқди. У нимадир чекаётганди ва ичаётганди. Бизни бир дала бўйига олиб бориб ташлади. Атроф зимистон эди. Ана у тараф, деди-да, кетиб қолди. Пиёдалаб дала оралаб юравердик. Оёқларимиз тагидаги нарсалар картошкага ўхшади. Сал нарироқда шарпаларни кўриб уларга яқинлашсак, лотин америкаликлар экан, бизни сўкиб қувишди, лекин биз кетмай, эргашиб олдик. Далада юриб кетавердик, ҳар-ҳар замонда кимдир йиқиларди, ҳаммамизни чангга беландик. Бирдан машина чироқлари кўринди, ҳамма атрофга қочди. Биз ҳам қочдик. Google maps харитасини очиб қарасам, биз АҚШ ҳудудида эканмиз», дея эслайди у.

АҚШ расмий маълумотига кўра, Тихуана жаҳондаги энг зўравон шаҳар ҳисобланади. Жамоатчилик хавфсизлиги ва адлия масалалари учун фуқаролар кенгаши билдиришича, Тихуанада ҳар 100 минг кишига 138 қотиллик тўғри келади ва кунига қарийб етти киши ўлдирилади.

Бизнес ва зўравонлик

Мексика Миллий миграция институти хабарига кўра, мамлакат бўйлаб муҳожирларни АҚШ чегарасига етказиш бутун бошли саноатга айланган ва у уюшган жиноий гуруҳлар қўлига ўтган.

Институт раҳбари Франциско Гардунйонинг айтишича, бу саноат жиноятчи гуруҳларга йилига 10 миллиард песо соф фойда келтирмоқда.

«Бир йилда 100 минг мигрант ўтса ва улар ҳар биридан 5 минг доллардан олса, 500 миллион даромад тайёр. Бу Мексика песосида 10 миллиард дегани. Июль ойининг ўзида 222 минг мигрант ўтган», - дейди у.

Мексиканинг Алтар шаҳрига борган мигрантлар у ерда ҳудудий автобуслар энди тўхтамаётгани, такси ҳайдовчилари эса АҚШнинг Аризона штати чегарасига бўлган 95 чақиримлик йўлга чиқишдан бош тортишлари ҳақида хабар қилишган. Такси ҳайдовчилари чегара ҳудудларини жиноий гуруҳлар назорат қилиши ва уларнинг машиналарига ўт қўйишларини сўзлаб берганлар.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Алтар шаҳридан чегарага етиб олишнинг ўзигина мигрантга 4 минг доллардан 8 минг долларгача тушиши мумкин. Бундай пули йўқларга эса «рюкзак олиш», яъни ортга осилган сумкада наркотикларни чегарадан олиб ўтиш таклиф қилинади. Аммо, бу «хизмат» ҳам бепул эмас - наркотикларни олиб ўтиш учун имконияти учун мигрант 100 доллар бериши керак бўлади.

Ҳар тўрт мигрантдан бири Мексикада жисмоний зўравонликка учраганини айтган. The Conversation нашрининг ёзишича, аёлларнинг жинсий зўравонликка учраш ҳолатлари жуда кўп. Кўп мигрант аёллар жинсий зўрланишларини билиб, аввалдан контрацептив дориларни қабул қиладилар ва ҳужумчиларни бездириш илинжида ҳайз кўрганларидан сўнг ювинмайдилар.

Байден сиёсати

Жо Байден АҚШ президенти этиб сайланиши ортидан собиқ президент Доналд Трампнинг миграция соҳасидаги бир қатор қарорларини «ноинсоний» дея бекор қилди. Хусусан, 2021 йил январида Байден «Мексикада қолинг» дастуридан воз кечди.

Трампнинг бу дастурига биноан, бошпана изловчилар АҚШ ҳудудига ўтмасдан ёки ортга қайтарилиб, Мексика ҳудудида ўз аризалари жавобини кутишлари назарда тутилган эди.

Байденнинг бу дастурдан воз кечиши ортидан АҚШга йўл олган муҳожирлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди.

Аммо, йил охирига келиб, суд Байденнинг қарорини ноқонуний дея топиб, Трампнинг «Мексикада қолинг» дастурини қайта тиклади.

Дастур 6 декабрда қайта ишга тушганидан бери, Халқаро миграция ташкилотига кўра, 86 мигрант Мексикага қайтарилган.

Аммо, ижтимоий тармоқлар ва чатларда МДҲ давлатлари фуқаролари шашти тушган кўринмайди. Улар бугун ҳам чегарани кесиб ўтишлари ҳақида ёзишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek