Ўзбекистон: Россия 10 минг ўзбек мигрантини олиб кетмоқчи ва “ўлимдан хабарим бор, лекин мандат қачон чиқишини билмайман” – янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўзбекистон президентлигига номзод Мақсуда Ворисова

Сурат манбаси, XDP

  • Президентликка номзод ДТМ фаолиятини танқидга тутди;
  • Россия чартер поездлари орқали Ўзбекистондан ишчилар олиб кетмоқчи;
  • Яккабоғлик оила исм қўйиш учун президентдан рухсат сўради;
  • Германиядан коронавирус штаммларига чидамли ягона препарат келтирилди;

Юрагини ҳовучлаган абитуриентлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова олий ўқув юртларига кириш учун тестларнинг якуний натижаси - мандат кечикаётгани борасида фикр билдирган.

ХДПдан президент сайловида номзоди илгари сурилган Ворисованинг ишонишича, натижалар, аслида, тест тугаган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда чиқиши шарт.

"Шу кунларда Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини катта тантаналар билан нишонлаяпмиз. Кўпчилик байрам кайфиятида. Аммо абитуриентлар эмас. Улар мандат қачон чиқаркан, ўқишга кирдимми ёки йўқ, деган ўйда юрагини ҳовучлаб юрибди. Кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди", ёзган депутат.

У Давлат тест маркази мутасаддилари "ҳамма соҳа рақамлаштирилган даврда баҳона изламасдан" халқ олдида ҳисобдорлигини англаши ва ўз ҳаракатларига вақтида изоҳ бериши кераклигини таъкидлаган.

"Аҳоли, айниқса умидвор ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак", билдирган у.

Ворисова, шунингдек, олий таълим тизимида тоифаларга қараб имтиёзлар бериш анъанасини ҳам танқидга тутган.

"Имтиёзлар фақат республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун (махсус шартлар асосида, ўз йўналишлари бўйича) қолдирилса, мантиқан тўғри бўлади. Қолган барча абитуриентлар соғлом рақобат муҳитида, адолат мезони бўйича сараланиши даркор", ёзган депутат.

Президентликка номзоднинг фикрича, тўлов-контракт миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадларини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда август ойи бошида олий ўқув юртларига кириш имтиҳонидан ўтган ёшлар натижалар чиқишини сабрсизлик билан кутаётганига оид хабарлар кўпайган.

Хусусан, таълим соҳасига доир янгиликлар ва шарҳларни эълон қилиб борувчи таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиев бу борада ёшлардан кўплаб саволлар келиб тушаётгани, аммо масъуллардан зарур жавобларнинг олишнинг имкони бўлмаётгани ҳақида ёзган.

"Ўлимдан хабарим бор, лекин мандат қачон чиқишидан хабарим йўқ", ёзган блогер 2 сентябрь куни ўзининг Telegram каналида.

3 сентябрь куни тушдан сўнг эса Давлат тест маркази тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинганини хабар қилган.

Президент оиласидан розилик

Эгизаклар

Сурат манбаси, Nasafnews

Яккабоғлик оила уч нафар эгизак чақалоқларига президент оиласи аъзолари исмларини қўйиш учун улардан рухсат сўраган.

Бу ҳақда Қашқадарё вилоятининг етакчи нашрларидан бири Nasafnews хабар берган.

Нашрнинг ёзишича, эгизаклар 31 август куни Тошкент шаҳрида дунёга келган.

Уч нафар қизалоққа президент оиласининг аъзолари - Зироатхон, Шаҳнозахон ва Саидахон исми қўйилган.

Эгизакларнинг бобоси нашрга бу борада президентга хат ёзиб, уларнинг розилиги олинганини маълум қилган.

Мигрантлар тақчиллиги

Москва вокзалига етиб борган ўзбекистонлик мигрантлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Россия чартер поездлари орқали Ўзбекистондан ўн минг нафар меҳнат мигрантини олиб келишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда мамлакат қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин РБК телеканали билан суҳбатда маълум қилган.

Стасишиннинг сўзларига кўра, Россия компаниялари мамлакатга чартер поездлари орқали меҳнат муҳожирларини олиб келишга мўлжалланган лойиҳада иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Россия ҳукумати вакили, асосан, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи ушбу компаниялар орасида "Яндекс", "Велесстрой" каби таниқли номлар борлигини билдирган.

Стасишин мазкур лойиҳани ишлаб чиқишга эҳтиёж Россияда "ишчи кучи билан юзага келган тақчиллик" ортидан юзага келганига ишора қилган.

У лойиҳанинг дастлабки босқичида Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари олиб келиниши ҳақида сўз юритиб, бу борада келишувларга эришиш мақсадида келаси ҳафта Россия делегацияси Ўзбекистонга келишини маълум қилган.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, "ишчиларни саралаш билан ўзбек томони шуғулланади, меҳнат мигрантларининг иши, яшаши, маошига эса ишчи кучини олиб келишга буюртма берган Россия компаниялари масъул бўлади".

РБК'нинг Россия Қурилиш вазирлиги маълумотларига таяниб ёзишича, август ойи бошидаги ҳолатга кўра, мамлакат қурилиш соҳасидаги ишчи кучи тақчиллиги 3 миллион кишини ташкил этган.

Ягона препарат

Германия Ўзбекистонга коронавируснинг янги штаммларига чидамли препаратни инсонпарварлик тариқасида юборди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 сентябрь куни 10 минг доза Casirivimab/Imdevimab комбинацияланган препарати Тошкент Халқаро аэропортида қабул қилиб олинганини хабар қилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу дори воситаси COVID-19'га қарши сунъий "антитаначалар коктейл"и бўлиб, у, ҳозирда, вируснинг янги штаммларига қарши чидамли ягона препарат ҳисобланади.

"Тадқиқот натижаларига кўра, препарат касалхонага ётқизиш ва коронавирусдан ўлим даражасини 70 фоизга камайтиргани ва касаллик аломатларининг давомийлигини 14 кундан 10 кунгача қисқартиргани айтилмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek