Ўзбекистон: Оққўрғонда болалар оммавий заҳарландими ва ерости йўли шифти нега қулаб тушди? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Болалар боғчаси

Сурат манбаси, official/illyustrativtasvir

  • Оққўрғондаги болалар боғчасида оммавий заҳарланиш юз бергани айтилди;
  • Тошкентда ерости йўли шифти ўпирилиб тушди;
  • Коронавирусга қарши талабгир дорилар ноқонуний савдога чиқиб кетмоқда;
  • Зангиотада бир гуруҳ экстремистлар аниқлангани хабар қилинди;

Заҳарланган боғча болалари

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида оммавий заҳарланиш юз берган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган тасдиқланмаган хабарда 150 нафарга яқин бола овқатдан заҳарлангани таъкидланган.

Расмийлар эса 25 нафар тарбияланувчи заҳарланганини хабар қилишган.

Мактабгача таълим вазирлигининг баёнотидан ҳодиса август ойи бошида юз бергани англашилади.

"2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жоялаштирилди", дейилади МТВ хабарида.

Расмий изоҳда, 12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида, шундан бир нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолаётгани айтилади.

Қолган 19 тарбияланувчининг ҳолати ўртача оғир деб баҳолангани маълум қилинган.

МТВ тарбияланувчилар клиник кўринишларига кўра "Ботулизм-?" ташхисига гумон қилингани, якуний ташхис эпидемиологик суриштирув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосан қўйилишини билдирган.

Шунингдек, расмий хабарда 7 август куни тарбияланувчилардан бири вафот этгани, у бунга қадар "Шифохонадан ташқари икки томонлама ўчоқли пневмония. Асоратлари: Юрак қон-томир етишмовчилиги. Мия шиши." ташхиси асосида даволангани ҳақида сўз боради.

Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Ўпирилган шифт

Ўпирилган шифт

Сурат манбаси, official

12 август куни пойтахтдаги ерости ўтиш йўлларидан бирининг шифти ўпирилиб тушган.

ФВВ хабарига кўра, "Буюк ипак йўли" метро бекатига яқин бу йўлнинг композит панеллардан тайёрланган осма шифти ўпирилган.

Вазирлик ҳодисага ерости ўтиш йўлаги устида жойлашган чимни суғориш натижасида тўпланган сув сабаб бўлганини маълум қилган.

Хабарда ҳодиса туфайли жабрланишлар бўлмагани айтилади.

Пандемия ва дорилар савдоси

Дори-дармонларнинг ноқонуний савдоси

Сурат манбаси, official

Расмийлар пандемия даврида талаб юқори бўлган дори воситалари, ҳатто, вакциналарнинг ноқонуний савдога киритилаётгани ҳақида хабарлар бериб бормоқда.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бир шахс "Remdesivir Jubi-R" ва "Цереброкурин" дориларини жами $9,900 га сотаётган вақт қўлга олинганини маълум қилган.

Расмий хабарда ушбу шахс 20 дона "Remdesivir" дорисининг ҳар бирини 900 минг сўм, 20 қути "Цереброкурин"нинг ҳар қутисини эса $410 дан сотишга урингани айтилади.

Ўхшаш ҳолатда, 130 дона "Covifor" дорисининг ҳар донасини 650 минг сўмдан жами 84,5 миллион сўмга сотган бошқа бир шахс ҳам қўлга тушган.

Шу каби ҳолат Қаршида ҳам кузатилгани хабар қилинган.

Икки фуқаро 21 дона "Remdesivir for injection" дорисининг ҳар бир донасини 850 минг сўмдан жами 17,8 миллион сўмга сотган вақти ушланган.

Бундан аввал ИИВ 186 дона ўзбек-хитой вакцинасининг ҳар бир дозасини 150 минг сўмдан баҳолаб сотган шахс ва унинг ҳамшира шериги қўлга олинганини хабар қилган эди.

Зангиоталик "экстремистлар"

Ҳибсга олиш жараёни

Сурат манбаси, official

Зангиота туманида яширин равишда экстремистик фаолият билан шуғулланиб келаётган бир гуруҳ шахслар аниқланган.

Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар бермоқда.

Бироқ расмий хабарда аниқланган шахсларнинг сони, улар айнан қандай фаолият билан шуғулланганига ойдинлик киритилмаган.

Июль ойи давомида расмийлар Қўқонда Суриядаги террорчи ташкилотлар сафига қўшилиш ниятида бўлгани айтилган шахслар фаолиятига чек қўйилгани, Сирдарё ва Сурхондарёда эса террорчи ташкилот аъзолари ушланганини хабар қилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek