Пойтахт Тошкентдан уй, қимматбаҳо машина ва пул – Ўзбекистон яна биринчи бўлди Video O‘zbekiston Qozog‘iston Tokio dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Токио Олимпиадаси совриндорлари Тошкентга қайтган куннинг ўзидаёқ тақдирланди. Уларга президент Шавкат Мирзиёевнинг махсус совғаси топширилди. Қолган минтақа давлатларидан ҳозирча бунга ўхшаш хабар олинмаган.
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бу йилги Ўйинларни Марказий Осиёда энг пешқадам мавқеъда якунлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жамоа Токио Олимпидасининг 3 та олтин, 2 та бронза - жами 5 та медалини қўлга киритган.
Икки бор Ўйинларнинг рекордини ҳам янгилаган.
Бу Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинлари тарихида қайд этган иккита энг яхши натижадан биттаси бўлган.
Токио Олимпиадасининг иккинчи олтин медали ва рекордига оид хабарга шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратган.

Сурат манбаси, official
Ўшанда пойтахт Тошкентда жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлил қилинаётган видеоселектор йиғилишини бўлиб бўлса-да, куттирмаган, хушхабарни олган онининг ўзидаёқ уни ҳаммага ўқиб эшиттирган.
Бунақаси мамлакат тарихида бўлмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Ўзбекистон президенти ўзининг Япониядан худди шундай хабар кутганлигини айтган.
Янгиликни ўрнидан туриб, қарсак чалиб олқишлаган, хурсандчилигини видеоселектор йиғилишидагилар билан бирга ошкора баҳам кўрган.
Барчани Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Токиода эришган ютуқ билан шахсан табриклаган.
Бунинг ўзлари учун "жуда катта куч-қудрат, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги, янги Ўзбекистонга жуда катта нарса экани"ни таъкидлаган.
Олимпия терма жамоасининг Токиодаги ютуғига Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва ўринбосари Саида Мирзиёеваларнинг ҳам алоҳида эътибор қаратганликлари кўрилган.
Токио-Тошкент

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Токиодан кеча, 9 август куни қайтган.
Жамоани Ўзбекистон Бош вазири, Сенат раиси, президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов ва бошқа мутасаддилар кутиб олишган.
Уларнинг орасида Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков ва Ёдгор Саъдиев каби таниқли санъаткорларнинг ҳам борликлари кўзга ташланган.
Тантанали қутлаш маросими Тошкент халқаро аэропортининг ўзида ўтказилган.
Ўзбекистон Бош вазирининг ўз чиқиши чоғида, айниқса, бокс мусобақаларини кўзда тутиб, ҳакамликнинг қанчалик адолатли бўлгани масаласига алоҳида ва қайта-қайта тўхталиб ўтгани кўрилган.
Абдулла Арипов, "шу ёшга кириб, ҳеч қачон бунақа адолатсиз ҳакамларни кўрмаганлиги"ни айтган.
Боксчилари Токио Олимпиадасида Ўзбекистонни энг катта сонда(11) намоён этган спортчиларидан бири бўлишган.
Аммо айрим номдор, совриндор боксчилари иштирокидаги жангларда қилинган ҳакамлик Ўзбекистоннинг расман эътирозларига ҳам сабаб бўлган.
Рио Олимпиадасида эса, Ўзбекистонга олтини дохил энг кўп медалларни келтирган спортчилари эса, айнан боксчилари бўлишганди.

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi
Маълум бўлишича, Ўзбекистон президентининг махсус совғаси ҳам маҳаллий вақт билан кечки соатлар эканига қарамай, совриндорларга худди ўша куннинг ўзида топширилган.
Худди шу мақсадда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида махсус тадбир бўлиб ўтган.
Токио Олимпиадасида олтин медаль олган уч спортчига:
- Тошкент шаҳридан 4 сотиҳли, 3 хонали коттедж ва Tahoe автомобили;
Икки нафар бронза медали соҳибига эса:
- 2 хонали уй ва Trailblazer автомобиллари;
топширилган.

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi

Сурат манбаси, O'zbekiston MMMQQR jamoat fondi
Ўзбекистон президентининг 25 июнь кунги қарори билан Токио Олимпия ва Паралимпия Ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларининг:
- олтин медаль учун - 200 000 АҚШ доллари;
- кумуш медаль учун - 100 000 АҚШ доллари;
- бронза медаль учун - 50 000 АҚШ доллари;
миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши ҳам кўзда тутилган.
Харажатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши айтилган.
Бу мустақил Ўзбекистон тарихида совриндор олимпиячиларга ваъда қилинган энг кўп пул мукофотларидан бири бўлади.
Давлатлар ўз совриндорларини қандай тақдирлаш режасида эканликлари эса, ҳар бир Олимпиада Ўйинлари арафасида ҳатто дунёнинг энг йирик оммавий ахборот воситаларини ҳам хосан қизиқтириб келувчи мавзулардан бири бўлади.
Ўзбекистон ва Токио Олимпиадаси

Сурат манбаси, official
Бу жамоа Ўйинлар тарихида кўрсатган иккита энг яхши натижадан биттаси бўлди.
Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон совриндор 86 жамоа ичидан 32-ўринни эгаллади.
Қолган бирор бир минтақа давлати Токио Олимпиадасининг олтин медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлмади.
Қирғизистон Олимпиадани иккита кумуш, битта бронза ва Туркманистон ягона кумуш медали билан якунлади.
Қозоғистон бор-йўғи саккизта бронза медали олди.
Минтақа матбуотида ҳали бунинг сабаблари яхшилаб ўрганилишига оид хабарларга ҳам йўл очди.
Қозоғистондан олинаётган сўнгги хабарларга кўра, президент Қасим-Жомарт Тоқаев жамоанинг Токио Олимпиадасидаги иштирокини танқид қилган, унинг спортга киритган сармояларига яраша бўлмаганини айтган.
Қозоғистон президенти Ўйинлар натижаси спортни ривожлантириш учун тезкор ва самарали ислоҳатларга эҳтиёж борлигини кўрсатганлигини таъкидлаган.
Тожикистон эса, Ўйинларни бирор бир медалсиз якунлаган ягона Марказий Осиё давлати бўлган.
Медаллар жадвали

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистоннинг Токио Олимпиадасидаги иштироки Ўйинлар якуний кунининг ўзидаёқ мамлакат ичкарисида яхшигина таҳлилларга сабаб бўлмай қолмади.
Эришган натижаси қолган Марказий Осиё, Осиё, туркий, исломий ва дунёвий давлатларники билан қиёсланди.
Ҳисобидаги медалларининг сифати бўйича Марказий Осиё ва туркий мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллагани алоҳида қайд этилди.
Энг яхши натижа кўрсатган иккита МДҲ ва аксарият аҳолиси мусулмон иккита давлатдан бири бўлгани таъкидланди.
Осиёда бешинчи бўлгани, умумжамоа ҳисобида эса, дунёда 32-ўринни эгаллашга муваффақ бўлгани ҳам эътибордан четда қолмади.
Худди шу каби қиёсий таҳлил кеча, Токио Олимпиадасининг якуний кунида Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрларининг бош мавзуларидан бирига айланди, кибер фазода кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортган постлардан бирига айланди.
МДҲ давлатлари орасидан энг яхши натижани Россия Олимпия қўмитаси кўрсатди.
Улар Буюк Британия билан бирга медаллар жадвалида АҚШ, Хитой ва Япониядан кейин юқори тўртликка киришди.
Ўйинларни 20 та олтин, 28 та кумуш, 23 та бронза - жами 71 та медаль билан якунлашди.

Сурат манбаси, official
Токио Олимпиадасида Ўзбекистонни жами 71 спортчиси намоён этди.
Улар 17 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














