Афғонистон: Афғон қочқинларини қайси давлатлар олмоқчи? Ўзбекистон-чи? Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
Ўн минглаб афғон ҳануз Афғонистондан қочиш илинжида.
Афғонистонда куни-кеча Толибон қудратга қайтган.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси.
Толибон ўтган икки ой ичида Афғонистонда ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.
Энг аввало Афғонистоннинг айнан Марказий Осиёга чегарадош ҳудудларини босиб олган.
Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларида ўзининг назорат нуқталарини ўрнатган.
Пойтахт Кобул эса, ўтган якшанба куни қулаган.
Афғонистоннинг барча чегаралари толиблар қўлига ўтган.
Президент Ғани қочган, Толибон ўзининг ҳукуматини тузиш ҳаракатида.
Афғонистонни тарк этиш ҳаракатида бўлган одамларнинг кети эса, ҳануз узилмайди.
Айниқса, ўтган 20 йил давомида хорижликлар билан бирга ишлаган минглаб афғон ўз жони учун хавотирда.
Минглаб афғонистонлик қўшни давлатларга қочиб ўтишга ҳам уринишган.
Улардан юзлаби аллақачон ортга ҳам қайтарилган.
Уларни ким олади? Ўзбекистон нима қилмоқчи?
Ўзбекистон

Сурат манбаси, VERTEIDIGUNGSMINISTERIUM / TWITTER
Ўзбекистон сўнгги ҳафталарда юзлаб афғон қочқинлари давлат чегарасини кесиб ўтган давлатлардан биттаси бўлади.
Шу пайтга қадар 1500 га яқин қочқиннинг мамлакатга ўтгани ишонилади.
Хабарларга кўра, Толибон фақат визаси борларнинг чегарадан қонуний ўтишларига изн бермоқда.
Ўзбекистон орада ўз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган юзлаб афғонни ортга қайтган.
Уларнинг аксарияти афғон ҳарбийлари ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуроллилар экани хабар берилган.
Расмий Тошкент афғон томонини бундай қилмаслик билан устма-уст кескин огоҳлантирган.
Ўз чегарасини ноқонуний бузиб ўтишга бўлган ҳар қандай уриниш "қатъий бартараф" этилишини айтган.
Аммо сўнгги ҳафталарда ўз ҳаво ҳудуди ва аэропортларини дунёнинг қатор давлатлари учун очган.
Саноқли кунларнинг ўзида икки мингга яқин чет эл фуқаросини Афғонистондан эвакуация этилишида улар билан ҳамкорлик қилган.
Расмий Тошкент ўзининг бу каби қарори билан қатор етакчи Ғарб нашрларининг диққат-эътиборига тушган.
Германия канцлерининг шахсан ўзи бунинг учун Ўзбекистон томонига ошкора раҳмат айтгани кўрилган.
Тожикистон

Сурат манбаси, AFP/GETTYIMAGES/ILLYUSTRATIVTASVIR
Тожикистон ҳам минтақанинг Афғонистонга чегарадош давлати.
Аммо ўтган икки ой ичида афғон қочқинларини олиш истагини расман изҳор этган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Тожикистон Афғонистондан 100 мингтача қочқинни олишлари мумкинлигини айтган.
Аммо шу пайтгача қанча афғон қочқини Тожикистон чегарасини кесиб ўтгани маълум эмас.
Имконли бўлган хабарлардан уларнинг сони минглаб экани тахмин этилади.
Тожикистон, бундан ташқари, Марказий Осиёнинг ҳарбийлар, қуроллилардан ташқари, оддий афғонлар ҳам қочиб ўтган ягона давлати бўлади.
Расмий Душанбенинг Афғонистон билан чегараси яқинида қочқинлар учун махсус бошпана қуриш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам олинган.
Аммо орада ўзларига ўтган қочқинларнинг деярли барчасини ортга қайтаришга ҳам улгурган.
Эрон
Эрон Афғонистон билан чегарадош уч вилоятида афғон қочқинлари учун фавқулодда лагерлар тиклаган.
Аммо Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ҳам уларга огоҳлик билан чиққан.
Афғонистонда "вазият яхшиланиши билан, улар барчасининг ортга қайтарилиши"ни айтган.
Эронда шундоқ ҳам 3.5 миллионга яқин афғон қочқини бор.
Бунга БМТ ҳисоб-китоблари далолат қилади.
Покистон

Покистон Бош вазири ҳали июнь ойидаёқ хос баёнот билан чиққан.
Толибон қудратга келса, Афғонистон билан чегарасини ёпишини айтган.
Аммо, бунга қарамай, минглаб афғоннинг Покистонга қочиб ўтганига оид хабарлар бор.
Ҳозир икки давлат ўртасидаги камида бир чегара пункти очиқ.
Толибон фақат тужжорлар ва визалиларнинг ўтишига рухсат бераётгани айтилади.
Буюк Британия

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британия узоқ муддатга мўлжаллаб жами 20 минг нафар афғон қочқинини қабул қилмоқчи.
Британ ҳукуматининг махсус лойиҳасида бу йил улардан беш мингини ерлаштириш кўзда тутилган.
Британия томони энг аввало хотин-қизлар ва болаларга ёрдам қўлини чўзмоқчи.
Бундан ташқари, Толибоннинг жиддий таҳдиди остида бўлган диний ва миллий озчиликларга асосий эътиборини қаратмоқчи.
АҚШ
Президент Жо Байден "қочқинлар, можаро қурбонлари, махсус иммиграцион визага ҳақлилар илова Афғонистондаги вазият оқибатида ҳаёти жиддий таҳдид остида бўлганларнинг кутилмаган ва шошилинч эҳтиёжлари" учун $500 миллион доллар ажратишни маъқуллаган.
Аммо расмий Вашингтон шу пайтгача аниқ қанча афғон қочқинини олишларини очиқламаган.
Канада
Канада ҳам Афғонистондан 20 мингта қочқин олмоқчи.
Улар ҳам асосий эътиборини Толибон таҳдиди остида бўлганларга қаратмоқчи.
Канада олиш истагида бўлган қочқинлар орасида ҳукумат мулозимлари, аёл сиёсатчи ва фаолларнинг борликлари айтилади.
Австралия
Австралия 3 минг афғонга инсонпарварлик визаси бермоқчи.
Аммо бу виза аллақачон амалда бўлган дастур асосида берилади.
Шу боис ҳам, дастурда кўзда тутилганидан ошиқча қочқинларни кўзда тутмайди.
Европа Иттифоқи
Иттифоққа аъзо қатор давлатлар мулозимларининг айтишларича, 2015 йилги инқирознинг такорланишига йўл қўйишмайди.
Европа Иттифоқи ҳудудига катта сондаги қочқинларнинг киришига изн беришмайди.
Германия
Расмий Берлин ҳам ўзларининг афғон қочқинларини олишларини айтган.
Аммо аниқ сонини ҳалича очиқламаган.
Германия канцлери ўзининг 2015 йилги қарори учун кескин танқидлар қаршисида қолган.
Ангела Меркель ўша йили жуда катта сондаги қочқинларни мамлакатига олишга қарор қилган.
Германия ҳукумати бу гал асосий диққатини қочқинларнинг кўпроқ Афғонистонга қўшни давлатлардан хавфсиз бошпана топишларини таъминлашга қаратмоқда.
Франция
Президент Эммануэль Макроннинг айтишича, Франция "ҳаёти жиддий таҳдид остида бўлган афғонлар"нигина ҳимоя қилади.
Унга кўра, Европа ўзини "ноқонуний муҳожирларнинг улкан оқимидан ҳимоя қилиши шарт".
Франция президентининг баён қилишича, мавжуд вазиятнинг оқибатларига биргина Европанинг ўзи бас келолмайди.
Австрия
Австралия ҳам афғон қочқинларини олиш эҳтимолини назардан соқит этмаган.
Аммо мамлакат Ички ишлар вазири бошпанага оид аризалари қондирилмаган афғонларни ҳануз Афғонистонга қайтариш керак, деган мавқеъда.
Вазирнинг айтишича, қочқинларни тўғридан-тўғри Афғонистонга қайтариш имконсиз бўлса, унга қўшни давлатларда махсус "депортация марказлари" очилиши лозим.
Швейцария
Расмий Цюрихнинг баён қилишича, Афғонистондан катта сондаги қочқинларни қабул қилиш истаги ва режаси йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркия
Расмий Анқара Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам бермоқчи.
Туркияга янги қочқинлар оқимининг олдини олмоқчи.
Бу ҳақда президент Режеп Таййип Эрдўған маълум қилган.
У худди шу хусусда Афғонистоннинг қўшниси Покистон билан иш олиб боришларини айтган.
Туркия, бундан ташқари, Эрон билан чегарасида қочқинларга қарши махсус девор тиклаш ишларини кучайтирган.
Шимолий Македония, Албания ва Косово
Шимолий Македония ва Албания АҚШ сўровига мувофиқ иш тутишмоқчи.
Бирлари 450, иккинчилари эса, 300 нафар афғон қочқинига вақтинчалик бошпана беришмоқчи.
Косово ҳам худди шундай қилиш режасида.
Аммо уларнинг қанча қочқинни вақтинча сақлаб туриши ҳозирча маълум эмас.
Виза масаласи ҳал бўлгач, бу уч давлатдаги афғон қочқинларининг барчаси АҚШга кетишади.
Уганда
Уганда 2 минг нафар афғон қочқинини олишга рози бўлган.
Африка қитъасининг қолган бирор бир давлатида Угандадагичалик кўп қочқин йўқ.
Уганда дунёдаги энг кўп қочқинга бошпана берган учта давлатдан биттаси бўлади.
Ҳозирча дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.
Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












