Толибон Ўзбекистон чегаралари дахлсизлигини таъминлайдими? Афғонистон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official/arxiv
Расмий Тошкент Афғонистонда Толибон Ўзбекистонга чегарадош шимолий Балх вилоятини эгаллаган ва Кобулга, қудратга қайтган сўнгги уч кун ичида устма-уст уч бор баёнот билан чиқди. Жорий пайтда Афғонистон билан чегараси ҳимоясини қандай таъминлаётгани тафсилотларини ҳам очиқлади.
Аммо бугун, 17 август куни эълон қилинган сўнггиси - Толибоннинг қудратга қайтиши ортидан Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласида қилган илк расмий баёноти бўлди.
Ўзбекистон Афғонистон билан шимолий Балх вилояти орқали чегарадош.
Ушбу вилоят маркази Мозори Шариф Афғонистон Толибон ҳаракати Маймана ва пойтахт Кобул билан бирга мамлакатнинг энг сўнггида қўлга киритган учта йирик ва стратегик жиҳатдан муҳим учта шаҳридан биттаси бўлади.
Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош шимолий ҳудудлари ҳам тўлиқ толиблар назорати остида.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида жойлашган, мамлакатдаги энг йирик ва халқаро аҳамиятга молик портлардан бири бўлган Ҳайратоннинг бугунги тақдири ҳозирча маълум эмас.
Аммо толиблар Мозори Шарифни қўлга олган 15 август куни ҳам унинг тўлиқ ишлаб тургани айтилган.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA/AFGHANISTAN
Ўзбекистон ва Афғонистонни Ҳайратон кўприги боғлаб туради.
Бу кўприк Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг таъминотида жуда муҳим ўрин тутган Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви вазифасини бажариб келган.
Толибон шаҳарга кириб келган 14 август куни ўнлаб афғон ҳарбийсининг худди шу кўприк орқали Ўзбекистонга ўтиш ҳаракатида бўлгани кўрилган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини бир томонлама ёпган бир манзарада кузатилган.
Аммо расмий Тошкент, шунда ҳам, саксондан ошиқ афғон ҳарбийси Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтганини расман маълум қилган.
Ташқи ишлар вазирлигининг бундан аввалги ҳар икки баёноти ҳам Мозори Шариф Толибон қўлига ўтиши ортидан ўзаро чегарада вужудга келган вазиятга қаратилганди.
Узоқ йиллар урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган ва жон сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Афғонистон масаласига бағишлаб яқинда бўлиб ўтган йиғинида толиблар Афғонистонда ёлғиз ҳаракат қилишмаётганига оид баёнотлар янграган.
Афғонистоннинг БМТ қошидаги элчиси Хавфсизлик Кенгашига мамлакатда 10 мингдан зиёд чет эллик жангари фаолият юритаётганини айтган.
Элчи Ғулом М.Исоқзой улар намоён этган 20 та жангари гуруҳ сирасида Ал-Қоида тармоғи ва ИШИДни ҳам тилга олиб ўтган.
У ўз чиқишида, "Туркистон Исломий ҳаракати ва ИШИДга байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибон назорати остида ўз оилалари билан бошпана топиб келаётган Фарёб, Жаузжон ва Бадахшонда толиблар сафида жанг қилишганининг далолати тобора ортиб бораётгани"ни айтган.
Аммо Ўзбекистон Исломий ҳаракати назарда тутилганда ҳам, уларнинг аниқ сонини очиқламаган, ўзи тилга олиб ўтган 10 мингдан зиёд чет эллик жангарининг қанчаси уларнинг ҳисобига тўғри келиши ноаён қолган.
Расмий хабарларда афғон элчиси бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги номидан баён қилгани айтилган.
Ғулом М.Исоқзой ўшанда, "Толибон ва бу трансмиллий террорчи гуруҳлар ўртасидаги алоқа ҳозир бу яқин йиллардагидан кўра кучлироқ" эканини таъкидлаганди.
Расмий баёнот

Ташқи ишлар вазирлигининг бугун, 17 август куни эълон қилинган расмий баёноти тафсилотларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда.
Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" Ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.
Вазирлик ўзининг сўнгги баёнотида ҳам Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилишини қатъий маълум қилган.
Толибоннинг сўнгги ҳужумлари манзарасида Ўзбекистон Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг давлат чегаралари энг кўп бузилган иккита давлатидан биттаси бўлади.
Расмий Тошкент сўнгги икки ой ичида жами 150 га яқин афғон ҳарбийси ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуроллини ортга, Афғонистонга қайтарган.
Худди шу манзарада ҳам Ўзбекистон Афғонистон томонини устма-уст расман кескин огоҳлантирган.
Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилишини айтганди.
Толибон бу галги илгарилишини айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидан бошлаган.
Ҳаракатнинг қудратга қайтиши АҚШ ва Нато бошчилиги остидаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни деярли буткул тарк этишига саноқли ҳафталар қолган бир пайтга тўғри келмоқда.
Улар Афғонистон Толибон ҳаракати расмий Вашингтон билан ўтган йил имзолаган "тарихий" битими шартлари асосида мамлакатдан чиқиб кетишаётир.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги 20 йиллик ҳозирлиги мамлакатдаги Толибон ва жангарилик муаммосига ҳарбий йўлда барҳам бера олмаган.
Томонлар битимга мувофиқ коалицион ҳукумат тузиш масаласида бир тўхтамга келмай туриб, Толибон қуролли йўл билан Афғонистонни эгаллаган.
Янги инклюзив ҳукумат

Сурат манбаси, AFP
Президент Муҳаммад Ашраф Ғани Толибоннинг Аргда ҳокимиятни тинч йўл билан топширишга қаратилган музокаралар кечаётганига оид таъкиди манзарасида Афғонистонни тарк этган.
Бу жараён ҳали амалга ошмай туриб, толиблар пойтахт Кобулга кириб келган, президент саройини эгаллаган.
Ҳаракат воизи бунинг ортидан "очиқ, инклюзив исломий ҳукумат" барпо этиш режасида эканликларини айтган.
Аммо бу борада ҳалича ўзининг аниқ режаси тафсилотларини ошкор қилмаган.
Худди шу манзарада Афғонистон собиқ президенти Толибонга ҳокимитяни тинч йўл билан ўтказиш мақсадида уч кишидан иборат махсус кенгаш тузилганини маълум қилган.
Ҳомид Карзай ўзи ҳам мазкур кенгашнинг аъзоси эканини айтган.
Кенгаш аъзолари орасида Афғонистон Миллий ярашув Олий кенгаши раиси доктор Абдулла Абдулланинг ҳам борлиги англашилган.
Ҳомид Карзай кенгаш Толибон раҳбарияти билан мулоқотда экани ва ўз ҳаракатларини улар билан мувофиқлаштираётганликларини билдирганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўзининг сўнгги баёнотида, "Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлашлари"ни баён қилган.
Доҳадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига умид билдирган.
"Мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади", деган умидда эканликларини билдирган.
Расмий Тошкент яна бир бор, "қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини қатъий билдирган".
Толибон эса, қудратга қайтишидан кун ўтиб, барча ҳукумат мулозимларини афв қилган.
Уларни "кўнгилларини тўқ қилиб", ишга қайтишга даъват этган.
Афғонистон ҳукумат мулозимларининг толибларнинг бу даъватига муносабати ҳозирча маълум эмас.
Бирор бир юқори мартабали расмийсининг ҳам бу хусусда баёнот билан чиққани ҳозирча кўрилмаган.
Президент Жо Байден ўзи ва маъмуриятига қарши кучайиб бораётган танқидлар манзарасида яна бир бор АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан буткул олиб чиқиб кетиш қарорини ҳимоя қилган.
Энди эътиборларини "нима қилиш мумкинлиги"га қаратишларини айтган.
Айни ўринда Афғонистонда бошбошдоқлик ва беқарорликка йўл қўймаслик учун минтақа давлатлари билан мулоқотга чиқиш режасига ҳам тўхталиб ўтган.
Жой Байден ўзининг маслаҳатига қулоқ тутмасдан, Толибон билан музокараларни бошламагани учун амалдаги афғон ҳукуматини айблашни ҳам унутмаган.
Ўзбекистон, Афғонистон ва Толибон

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Расмий Тошкент, айниқса, сўнгги йилларда ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб келади.
Афғонистон билан ўз алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳаракатида.
Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.
Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида ҳам Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.
АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирган.
Расмий Тошкент сўнгги тўрт йил ичида Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг амалий ташриф билан икки бор Ўзбекистонга келишига эришган.
Сўнгги, 2019 йилгиси қанчалик "илиқ" кечгани билан расмий Кобулнинг ошкора эътирозига ҳам сабаб бўлгани кўрилган.
Ўзбекистон "сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Афғонистон халқи етакчилигида олиб борилиши лозим", деган асосий тамойилларига содиқ қолишларини такрорлаб келади.
"Томонларнинг миллий ярашувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаши"ни айтади.
Афғонистон ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш - президент Шавкат Мирзиёев яхши қўшничилик сиёсати, янгича минтақавий дипломатиясининг диққат-марказида турган масалалардан бири бўлади.
Худди шу уринишлари янги Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам муҳим аҳамият касб этувчи фактор, воқеъликлардан бирига айлангани кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













