Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон O'zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

Россия ва Хитой ҳарбийларининг қўшма ўқув машғулотлари

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон

Россия энди Хитой билан йирик ҳарбий қўшма ўқув машқларини бошлади. Машғулотларга 10 мингдан ортиқ ҳарбий ташланган. Хитой минтақанинг Афғонистонга чегарадош яна бир давлати бўлади. Толибон сўнгги икки ой ичида Хитойга туташ Бадахшонни ҳам босиб олган.

Бу сўнгги ўн кун ичида Россия Афғонистонга бевосита чегарадош учинчи минтақа давлати билан ҳамкорликда ўтказаётган кенг кўламли ҳарбий машғулотлар бўлади.

Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи Кремль баробарида расмий Пекинни ҳам жиддий хавотирга солмай қўймаган.

Икки иттифоқчи ўртасидаги йирик ҳарбий машғулотлар Толибон сўнгги беш кун ичида Афғонистоннинг саккиз шимолий, шимолий-шарқий ва шимолий-ғарбий вилояти марказига кириб борган бир пайтга тўғри келган.

Мазкур хабар, бошқа томондан, Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг Хитойда қанчалик "илиқ" кечгани билан етакчи Ғарб давлатлари раҳбарлари ва нашрларининг эътиборига тушган сўнгги музокараларидан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.

Хитой ҳукуматининг таклифи билан ўтган ой охирида амалга ошган ташриф чоғида расмий Пекин Толибонни яна бир бор "дўстимиз", деркан, Афғонистондаги "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб атаган.

Хитойга бормасидан сал аввал эса, толиблар пойтахт Москвада Россия томонини ҳам Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтиришгани маълум бўлганди.

Толибон сўнгги Ғарб қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган сўнгги икки ой ичида мамлакатнинг қолган бирор бир минтақасида бунча ҳудудни қўлга киритмаган.

Ҳаракатнинг Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбидаги сўнгги ютуқлари мамлакат жанубидаги стратегик жиҳатдан муҳим яна қатор шаҳарлар назорати учун қақшатқич жанг олиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Хитой Афғонистонга ўзининг беқарор ва сўнгги йилларда мусулмон озчиликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари боис халқаро диққат-эътиборда турган шимолий-ғарбий Шинжон мухтор бўлгаси орқали чегарадош.

Расмий Пекинни худди шу минтақада асос солинган, аммо сўнгги йилларда яна Афғонистонда фаоаллашишга муваффақ бўлгани кўрилган Туркистон Исломий партияси ҳам жиддий ташвишга солиб келади.

Шу ой бошида Хитой Шинжон Уйғуристонида энди янги ерости майдони қуриб, ядровий каллакларини сақламоқчи ва баллистик ракеталарини учирмоқчи экани ҳам маълум бўлган.

Шимол ва шимолий-шарқ

Толиблар

Сурат манбаси, Reuters

Шимол ва шимолий-шарқ Афғонистоннинг Хитойдан ташқари Ўзбекистон дохил аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош минтақалари бўлади.

Бу ердаги туманларнинг деярли барчаси ва аксарият йирик шаҳарлар жорий пайтда Толибон назорати остида.

Ҳозир Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида улар кириб бормаган бор-йўғи икки вилоят маркази - Маймана ва Мозори Шариф шаҳри қолган, холос.

Аммо уларнинг ҳам толиблар қуршовида экани айтилади.

Шу соатларда Афғонистондан олинаётган хабарларга кўра, Толибон ўтган бир кеча-кундузда шимолий-шарқий Бағлон вилояти маркази ортидан Файзободга ҳам кириб борган.

Мамлакатнинг Хитой ва Тожикистонга чегарадош бу вилояти марказини ҳам эгаллаган.

Худди шу манзарада Майманага ҳам яна ҳужум қилган.

Аммо, хабарларга кўра, афғон хавфсизлик кучлари ва маҳаллий кўнгиллилар бу гал ҳам уларнинг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишган.

Маймана ва Мозори Шариф яқинида Афғонистоннинг стратегик жиҳатдан ўта муҳим ва халқаро аҳамиятга молик икки йирик порти - Оқина ва Ҳайратон ҳам жойлашган.

Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистон билан ўртасида жойлашган йирик портлар, асосий назорат-ўтиш нуқталари, савдо, транзит йўллари эса, аллақачон толиблар қўлига ўтган.

Маймана Афғонистоннинг Марказий Осиёга, яъни Туркманистонга чегарадош ва ўзбеклар энг зич яшовчи шимолий вилоятларидан бири бўлган Фарёбнинг маркази.

Тўрт кунлик йирик ҳарбий ўқув машғулотлари кеча, 10 август куни Нинся минтақасида бошланган, у Хитой ва Россия ўртасидаги кенгайиб бораётган ҳарбий ҳамкорликнинг далолати сифатида ҳам кўрилмоқда.

Хитой, бундан ташқари, яна Россиянинг энг йирик савдо шериги ҳам бўлади.

Минтақадаги йирик геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлардан бирлари сифатида эътироф этилувчи икковлон ҳам, бошқа томондан, Украина, Қрим, АҚШ сайловлари, уйғурлар ва яна бошқа қатор масалалар боис Ғарб билан ҳозир кескин зиддиятда.

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият айнан 20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан Ғарб қўшинлари мамлакатни буткул тарк этаётган бир манзарада жадаллик билан издан чиқиб бормоқда.

Афғон можароси ҳарбий йўлда бўладими ёки дипломатик, ҳали-ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.

Қатарда эса, худди шу куни Афғонистон масаласини муҳокама этиб олиш учун кенгайтирилган учлик - Россия, Хитой ва АҚШнинг қўшма йиғини бошланган.

Аммо Доҳадаги уч кунлик музокараларнинг ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтиши айтилган.

Айнан Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг идораси ҳам жойлашган.

Иттифоқчилар

Хитой ва Россия президентлари

Сурат манбаси, EPA

Россия ва Хитой 2005 йилдан бери ҳамкорликда қўшма ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказиб келишади.

Аммо, Коммерсантъ нашрининг ёзишича, Россия ҳарбийлари айнан бу галгисида илк бор Хитойнинг қуролларини қўллаб кўришади.

Россиянинг ўзи эса, Хитойдаги аксилтеррор машқларига Су-30СМ русумидаги қирувчи самолётлари, ўқчи бўлинмалари ва ҳаводан мудофаа тизимларини юборганлиги айтилади.

Россия сўнгги ўн кун ичида Афғонистонга чегарадош Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам йирик қўшма ҳарбий ўқув машғулотларига бош қўшган.

Икки ва уч томонлама ҳарбий машқлар Афғонистон билан чегара яқинида уюштирилган, ҳар иккиси ҳам бир ҳафтача давом этган.

Ҳар икки қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ҳам бу яқин йиллар ичида Афғонистон чегараси яқинида ўтказилган энг йириги экани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортганди.

Хабарларга кўра, Тожикистонда бўлиб ўтган ва кеча, 10 август куни расман поёнига етган уч томонламасида Россия ўзининг янги қурол-яроғларини ҳам кўз-кўз қолган.

Ўзбекистондаги қўшма ҳарбий машқлар

Сурат манбаси, official

Ҳам Ўзбекистон ва ҳам Тожикистонда бўлиб ўтган қўшма ҳарбий ўқув машғулотларига ҳар икки ва уч томондан юзлаб аскар, ҳарбий техника ва ўнлаб қирувчи самолётлар ташлангани маълум бўлганди.

Хабарларга кўра, Россия томони янги қурол-аслаҳаларининг барчаси қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ортидан Тожикистондаги базаларида қолишини билдирган.

Уларнинг сирасида зенит-ракета қурилмаларининг ҳам борлиги айтилади.

Айнан Тожикистонда жойлашгани Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси бўлади.

Тожикистон Мудофаа вазири сўнгги қўшма ҳарбий ўқув машғулотларининг Афғонистондаги вазиятни ўйлаб ўтказилганини айтган.

"Афғонистондаги вазиятни олдиндан башорат қилиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи эса, мавжуд вазият ўзларидан "ҳушёрлик ва жанговар шайликни тақозо этиши"ни айтган.

Унинг бу сўзларидан иқтибоснинг ўзининг хабарида Британиянинг Рейтер ахборот агентлиги келтириб ўтган.

Сўнгги вазият

Мозори Шарифдаги вазият

Сурат манбаси, official

Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги Шибирғон, Талақон, Қундуз, Сарипул, Ойбек ва Пули-Хумри ортидан энди Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳрига кўз тиккан.

Шу ҳафта душанба куни шаҳарга қарши ўзининг ҳужумларини эълон қилган.

Афғонистоннинг ўзларига чегарадош минтақаларидаги воқеаларнинг сўнгги ривожига ҳозирча бу Марказий Осиё давлатларининг муносабати номаълум.

Россия орада Тожикистондаги ҳарбий базасини янада кучайтириш, у ерга қўшимча ҳарбий техника ташлаш ниятини ҳам изҳор этган.

Агар Афғонистондаги вазият тақозо этса, ўз базасининг имкониятларини ҳам ишга солишини айтган.

Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашда аллақачон Тожикистонга кўмаклашишга киришган.

Бунинг ортидан, Россия томони, агар сўраса, бу масалада Тошкентга ҳам ёрдам беришларини айтиб чиққан.

Россия вакили бу билан айнан нимани кўзда тутгани ноаён қолган, аммо унинг айни мазмундаги баёнотига расмий Тошкентнинг бирор бир мазмундаги муносабати ҳалича кўзга ташланмаган.

Энг нуфузли халқаро рейтингларда ҳам Ўзбекистон Қуролли кучлари минтақада "энг жанговари" сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан энг фаол ва муваффақиятли музокаралар олиб бораётган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek