Афғонистон: Исломий Толибонни нега мусулмонлар ортга қайтара олмаяпти? Президент саройига ҳужум Video Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибоннинг амалдаги лидери

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS

Сурат тагсўзи, Толибон бу йилги Қурбон Ҳайитида муваққат сулҳга ҳам рози бўлмади, бундай таклиф билан ҳам чиқмади
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сўнгги ҳафталарда ҳужумларини шиддатлаштираётган Толибон бу йилги Қурбон Ҳайитида муваққат ҳатто сулҳга ҳам рози бўлмади. Уламолар, исломий ташкилотлар ва давлатлар - ҳеч кимнинг даъвати иш бермади. Ҳайит намози пайтида эса, президент саройи ҳужумга тутилди.

Бугунги ракета ҳужуми кимнинг иши экани ҳозирча маълум эмас.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Рейтер" ахборот агентлигининг ёзишича, Толибон ҳужумга масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилган.

Қурбон Ҳайити кунида ўзларининг "мудофаа мавқеъида" эканликларини айтган.

Бу оташкесинни англатадими, деган саволга эса, ҳозирча жавоб бермаган.

Афғонистон президенти эса, сўнгги ҳужум ортидан яна толибларни танқид қилиб чиқди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Ҳаракат Ҳайит арафасида афғон ҳукуматига шу пайтгача кузатилмаган уч ойлик сулҳ таклифи билан чиққанига оид хабарларни ҳам рад қилди.

Бунинг эски, "тўрт ойлик" гап эканини билдирди.

Афғон ҳукумати ҳам ҳаракатнинг бу баёнотини инкор қилмади, ўз томонидан улар ҳам буни тасдиқлади.

Бунинг ортидан шу кунларда Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган афғонлараро мулоқотларнинг навбатдаги босқичи ҳам муваққат бўладими ёки доимий, яна бирор бир сулҳ битимисиз якунланди.

Томонларнинг фақат олий даражадаги музокараларини давом этдиришга келишиб олишгани - Доҳада эришилган энг муҳим ютуқ сифатида эътироф этилди.

2001 йилнинг 31 октябри. Толиблар Қандаҳор-Ҳирот шоҳ йўлини назорат қилишмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Худди шу манзарада Афғонистон Уламолар Кенгаши яна бир бор Афғонистондаги урушаётган томонларга даъват билан чиқди.

Уларни зудлик билан Афғонистонда доимий оташкесин ўрнатишга чақирди.

Уламоларнинг навбатдаги даъватига бу гал кутилмаганда ва илк бор Афғонистондаги йигирмага яқин чет эл дипломатик ваколатхоналари ҳам қўшилишди.

Улар қўшма баёнот эълон қилиб, Толибонни ҳужумларига зудлик билан чек қўйишга чақиришди.

Ҳайит кунларида қуролларини қўлдан қўйиб, тинчлик жараёнларига содиқ эканликларини амалда кўрсатишларини сўрашди.

Ҳаракат ўз жавобини узоқ кутдирмади, уларнинг қўшма баёнотларини қоралади, "асоссиз" эканини айтиб, рад қилди.

Худди шу ой бошида ҳам Афғонистон Уламолар Кенгаши махсус резолюция қабул қилган, "ноқонуний" эканини айтиб, томонларни зудлик билан афғон урушига чек қўйишга чақирган.

Мусулмонларни ўлдириш ва давлат биноларини вайрон қилиш "инсониятга қарши жиноят"га тенг амал эканини айтиб, бунга зудлик билан чек қўйилишини талаб қилишгани хабар берилганди.

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, Reuters

Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик исломий жангари гуруҳ бўлади.

90-йиллар ўрталарида Афғонистонда ўзининг қатъий Шариатга асосланган Исломий Амирлигига ҳам асос олган.

Амирлиги 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар томонидан қулатилган.

Аммо ҳаракат ҳозир ҳам Афғонистонда ўз наздларидаги Шариатга асосланган давлат барпо этиш истагида эканини ҳатто олий даражадаги музокаралар чоғида ҳам расман ва ошкора баён этиб келади.

Бошқа томондан эса, бугунги Афғонистон минтақадаги давлатчилиги расман исломий, деб тан олинган саноқли давлатлардан бири бўлади.

Афғонистон ҳали очиқ матбуотда имконли бўлган рақамларнинг ўзига таянилганда ҳам, минтақанинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош энг йирик мусулмон мамлакати ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти бўладими ёки бошқа, дунёдаги энг йирик ташкилотлар ҳам Афғонистон можаросига ўз эътиборларини кучайтиришгани, худди шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқишаётгани кўрилади.

Дунёнинг айрим йирик мусулмон давлатлари ҳам Покистон ва Афғонистоннинг энг обрўли уламолари иштирокидаги афғон можаросига бағишланган махсус йиғинларга мезбонлик ва воситачилик қилишаётгани кузатилади.

Шунга ўхшаш йиғинлар орада Покистонда, бир неча бор Индонезия, энг сўнггиси эса, бор-йўғи ўтган ой Маккаи Мукарраманинг ўзида бўлиб ўтган.

Афғонистон ва Покистоннинг нуфузли уламолари Саудия Арабистони пойтахтида ҳатто Тинчлик декларациясига ҳам имзо чекишган.

Толиблар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этаркан, Толибон бутун мамлакат бўйлаб қайта фаоллашган

Барча кўринишдаги зўравонликлар қораланиб, музокараларни дастакловчи декларация узоқ йиллик афғон можароси ечимига йўл очишига умид қилинган.

Маккадаги йиғин ҳатто Ўзбекистон Мусулмонлар идораси эътиборидан ҳам четда қолмагани кўрилганди.

Афғонистонга бевосита чегарадош Ўзбекистон эса, минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Аммо бунинг ортидан кечган саноқли ҳафталарнинг ўзида Толибон Ўзбекистон, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадошлари дохил Афғонистоннинг катта қисмини босиб олганини иддао қилган.

Орада Теҳрон, Москва ва Ашхободга ўзининг сиёсий ҳайъатини юбориб, сулҳ эҳтимолини ҳам буткул назардан соқит этмаётгандек тасаввурни пайдо қилишга ҳам муваффақ бўлган.

Лекин Толибон ҳозирнинг ўзидаёқ Афғонистоннинг 85 фоиз ҳудудини назорат қилаётганини иддао қилади.

Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари эса, Афғонистондан 11 сентябргача чиқиб кетишмоқчи.

Улар 20 йиллик ҳарбий ҳозирликларига қарамай, Толибон ва Афғонистондаги бошқа жангари гуруҳларни буткул мавҳ эта олишмаган.

Расмий Вашингтон ўтган йил ҳаракат билан имзолаган "тарихий" битим эса, афғонлараро мулоқотлар ортидан мамлакатда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келишини кўзда тутади.

Афғонистонда доимий сулҳга худди шу орқали эришишга умид қилинади.

Аммо Толибоннинг сўнгги ютуқлари аллақачон олти ойнинг ўзидаёқ амалдаги қонуний ҳукуматнинг қулаши, Афғонистонда воқеалар даҳшатли тус олиши, мамлакатнинг фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид башорат ва жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Афғонистонлик айрим юқори мартабали масъулларнинг ошкора даъволарига таянилса эса, Толибон ўз сиёсий мақсадига эришмагунча ҳужумларини давом эттираверади.

Исломий Толибонни нега мусулмонлар ортга қайтара олмаяпти?

Довуд Аъзамий

Сурат манбаси, facebook

Довуд Аъзамий

Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири, Лондон

"Анъанавий афғон жамиятида диний уламолар катта таъсирга эга. Одамлар уларни ҳурмат қилишади. Турли масалалар юзасидан уларга мурожаат қилишади, фикрлари билан қизиқишади. Маслаҳатларини олишади.

Худди шу боис, ҳам Толибон ва ҳам афғон ҳукумати уларнинг қўлловини жуда муҳим, деб билишади.

Толибон ўзининг қуролли кураши Исломий Шариатга асосланганини даъво қилади.

Ўзларининг жиҳод ёки Исломий урушга бош қўшганликларига ишонади.

Толибон хатти-ҳаракатларига ўзларини қўлловчи диний уламолар чиқарган фатволар асосида қонуний тус бериб келади.

Афғон ҳукумати ва уларнинг халқаро дастакловчилари эса, йилларки, толибларнинг диний ҳаракат сифатида қонунийлигини савол остига олиш ва уларнинг Афғонистонда давом эттираётган урушларини Исломга зид, деб баҳолашга уринишади.

Расмий Кобул Афғонистонда амалда бўлган ҳукуматнинг сайлангани, президент ва бошқа расмийларнинг ҳам мусулмон эканликларини таъкидлаб, Толибоннинг жиҳодга ёки муқаддас урушга даъватини қоралаган ўзларига яқин диний уламоларнинг бир неча йиғилишларини ҳам ташкил қилди ва уларни қўллаб-қувватлади.

Толибонга қарши ижтимоий босимни янада кучайтириш ва урушининг қонунийлигини шубҳа остига қўйиш учун Афғонистон ҳукумати ва хорижий иттифоқчилари, асосан АҚШ, ўз таъсиридан фойдаланиб, толибларни жангариликдан воз кечиш ва тинчлик жараёнига бош қўшишга ундаш мақсадида четдаги исломий ташкилотлар ёки мусулмон шахсиятларининг ҳам фатво ёки баёнотлар билан чиқишларининг пайида бўлди.

Бироқ бу чақириқлар Афғонистондаги урушга катта ва сезиларли таъсир кўрсатганича йўқ.

Толибон ўзларига қарши уламоларни "хорижий ишғолни оқлаш ва мусулмонлар орасига нифоқ солиш" ва "одамларни йўлдан оздириш"да айблайди.

Уларнинг урушини қораловчи четдаги мусулмон уламолари ва исломий ташкилотлар эса, одатда, "Америка Қўшма Штатларининг дўсти бўлган ҳукуматларнинг пулига сотилганлик"да қораланади.

Ҳаракат афғон ҳукуматининг "ноқонуний", АҚШ ва Ғарбнинг "қўғирчоғи" эканини айтиб келади.

Ва, аксинча, ўзларини "Афғонистоннинг асл исломий қадриятлари"ни ҳимоя қилувчилар ва "хорижий ишғол"га чек қўйувчиларнинг олд сафида бўлганлар ўлароқ тасвирлайди.

Ҳар икки томон диний уламоларининг фатволари ва баёнотлари "нарративлар уруши" ёки "ахборт манёври"нинг бир қисмидир.

Икковлон ҳам бир-бирларини диний асосда обрўсизлантириш, исломий ва қонуний эканини айтиб, олиб бораётган урушларини оқлашга уринишади.

Афғонистондаги урушга чек қўйиш учун эса, фикрлаш, тафаккур тарзини ўзгартириш, исломий мулоқот ва муросага асосланиш тақозо этилади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek