Афғонистон: Толибон яна Исломий Амирлик қуриш хаёлида, ҳаракат сафларида ўзбекистонликлар ҳам борми? Video O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Толибон

Сурат манбаси, AFP

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Афғонистон Ташқи ишлар вазири 80 дан ортиқ туман Толибон қўлига ўтганини тан олди. Ҳаниф Атмар буни расман ва ошкора эътироф этган илк юқори мартабали афғон мулозими бўлди. Аммо ўзи Толибон сафларида борлигини айтган хорижий жангарилар фуқаролигини очиқламади.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг қўшни ва минтақа давлатлари элчилари билан Кобулдаги учрашуви бутун мамлакат бўйлаб Толибон ҳужумлари кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Хабарларга кўра, Ҳаниф Атмар элчиларни Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи тафсилотларидан шахсан ўзи расман огоҳ этган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг айтишича, 80 дан ортиқ туман толиблар қўлига шиддатли ҳужумлар ортидан ўтмаган. Уларнинг аксариятини "режага мувофиқ" ўзлари ташлаб чиқишган.

Вазирнинг сўзларига кўра, афғон ҳукуматининг ўзи мамлакатнинг олис ва чекка ҳудудларидан қўшинларини чиқариб олмоқда.

Жорий пайтда асосий эътиборини аҳолиси зич шаҳарлар, бандаргоҳлар ва ҳаво қўналғалари ҳимоясига қаратмоқда.

Аммо Ҳаниф Атмар, ўз ўрнида, элчилар қошида Толибоннинг ҳужумлари икки баравар ортиб, мисли кўрилмаган даражага етганини ҳам эътироф этган.

Унинг айтишича, толиблар ҳозир кунига камида 70-100 тагача ҳужум уюштиришмоқда.

Кобулдаги учрашув

Сурат манбаси, official

Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, уруш ҳозирга келиб мамлакатнинг шимоли-шарқидан ғарбига кўчган.

Ҳаниф Атмар энди вилоят марказлари - шаҳарлар уларнинг ҳужумлари нишонига айланиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Афғонистоннинг ғарбий Бодғиз ва Ҳирот вилоятлари ҳам Туркманистонга қўшни, яъни Марказий Осиёга бевосита чегарадошдир.

Сўнгги кунларда толибларнинг бу икки вилоятда ҳам ўз ҳужумларини кучайтира бошлагани, айрим туманларини қўлга киритишга муваффақ бўлганига оид хабарлар ҳам олинган.

Тожикистонга қочиб ўтган қочқинлар

Сурат манбаси, official

Учрашув тафсилотларидан маълум бўлишича, Афғонистон Ташқи ишлар вазири Толибоннинг мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳужумлари сабаб, яқинда Ўзбекистон ва Тожикистонга қочиб ўтган фуқаролари сони ва уларнинг кейинги тақдирига ҳам ойдинлик киритган.

Вазир Тожикистонга ўтганлар сони 1500 дан ошиқ, Ўзбекистонга ўтганлариники эса, камида 60 нафар эканини айтган.

Уларни Афғонистон ҳарбийлари, кўнгиллилар ва хавфсизлик кучлари аъзоларига нисбат берган.

Ҳаниф Атмар қочқинларни ортга - Афғонистонга қайтариш жараёни ҳануз давом этаётганини ҳам билдирган.

Расмий Тошкент орада ўз чегараларини бузиб ўтган барча афғонларнинг лозим расмиятчиликлардан сўнг ортга қайтарилганини билдирган.

Худди шу манзарада "Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан ҳам огоҳлантирган.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг баён қилишича эса, хорижий иттифоқ қўшинларининг мамлакатни тарк этаётган Толибонга ўз ҳужумларини кучайтириши учун имкон берган.

Ҳаниф Атмарга кўра, толиблар яна ўзларининг Исломий Амирликларини барпо этиш хаёлига тушиб қолишган.

Афғонистон Ташқи ишлар вазири

Сурат манбаси, official

Афғонистон Ташқи ишлар вазири ҳозир Толибон аъзоларининг чорак фоизини "ал-Қоида" ва ИШИД аъзолари ҳам бўлган чет эллик жангарилар ташкил этишини айтган.

Аммо Ҳаниф Атмар уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритмаган.

Вазирнинг баён қилишича, Толибон хорижий жангарилар ва халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини узмаган.

Ҳаниф Атмар буни минтақавий хавфсизликка эҳтимолий таҳдид дейиш баробарида, террорчи гуруҳлар учун ўз асосларини яна мустаҳкамлаш учун бир имконият эканини ҳам айтган.

Унга кўра, худди шу каби таҳдид манзарасида террорчи гуруҳларга қарши биргаликда кураш ва давлатларнинг ўзаро амалий ҳамкорликлари муҳим аҳамият касб этган.

Ташқи ишлар вазири Толибон Доҳа тинчлик битими ва БМТ резолюциясига амал қилмаётганлигини айтиб, Афғонистоннинг минтақавий ҳамкорларини зўравонликларни бас қилиб, музокаралар столига ўтириши учун уларга босим ўтказишга ҳам чақирган.

Толибон Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда экан, илк бор байъат келтирган дунёдаги биринчи жангари гуруҳ бўлади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари

Сурат манбаси, Screenshot

Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида ўзбеклардан ташқари, айрим Марказий Осиё давлатлари фуқаролари, чеченлар ва уйғурлар ҳам жанг қилишгани айтилган.

Ҳаракат 2015 йил августида Толибондан юз ўгириб, тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.

Толибон билан 2019 йилги қақшатқич жанглар ортидан эса, ҳаракатнинг айнан Афғонистон шимолидаги фаолияти деярли барҳам топгани айтилган.

Орада ҳаракат парчаланиб, унинг сафларидан яна Толибонга мойил, ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.

Афғонистон шимолидаги маҳаллий қўмондонлардан бири эса, куни-кеча Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида толиблар сафида бошқа хорижий жангарилар қаторида ўзбекистонликлари ҳам борлигини иддао қилган.

Қўмондон бунга жангариларнинг ўзлари тутиб, тинглашга муваффақ бўлган рация орқали сўзлашувлари далолат қилишини айтган.

Сўнгги йилларда маҳаллий масъуллар Покистондан Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларига ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар оилаларининг келиб, ўрнашаётганликларидан хавотир билдириб келишгани ҳам кўрилган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчилари ва омон қолган аъзолари узоқ йиллар давомида айнан Покистондан бошпана топиб келишган.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг даъво қилишича, Толибон хорижий иттифоқ кучларига қарши жанг қилиш эмас, Кобулни ишғол қилиб, ўзининг Исломий Амирлигини қайта тиклашни мақсад қилган.

Унинг бу баёнотига Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати ҳалича маълум эмаc.

Афғонистондан олинаётган сўнгги хабарларга кўра, толиблар ўтган бир кеча-кундузнинг ўзида мамлакатда яна ўндан ортиқ туманни босиб олишган.

Ҳозирга келиб, Афғонистон туманларининг учдан бир қисми ўз назоратлари остида эканини иддао қилишган.

Сўнгги зўравонликлар манзарасида толибларнинг Бодғиз маркази Қалъаи Нав мисолида Афғонистондаги бир йирик шаҳар марказига кириб боришгани ҳам маълум бўлган.

Ўтган бир неча ҳафта ичида Толибон Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ҳам аксарият туманларни эгаллаб бўлган, қатор вилоятлар марказларига ҳужум қилиб кўрган, уларни қуршаб олган, аммо кириб боришга муваффақ бўлмаганди.

Ғарбий Бодғиз ҳам Афғонистоннинг Туркманистонга қўшни вилояти бўлади.

Афғонистон расмийлари эса, қайта ҳужум бошлашга ваъда беришган.

Йирик шаҳарларни ҳужумга тутишни бошларкан, ҳаракатнинг юқори мартабали ҳайъати Теҳронга сафар қилган, Афғонистоннинг яна бир минтақавий қўшниси эронлик расмийлар билан учрашган.

Эрон томонининг маълум қилишича, Теҳронда афғонлараро мулоқотлар бошланган, унда Афғонистон ҳукумати ва парламенти ҳайъати ҳам иштирок этмоқда.

Томонлар ўртасида Теҳронда кечаётгани айтилаётган мазкур мулоқот тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Аммо Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири ҳам Теҳронда экан, унинг Эронга сафари Афғонистондаги жорий инқирозни муҳокама этиб олиш экани айтилган.

Ҳиндистон Афғонистоннинг энг йирик ёрдамчи ва сармоячи давлатларидан бири саналади.

Бундан ташқари, Покистон, Эрон ва Хитой қаторида афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутувчи йирик минтақавий ўйинчилардан бири бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek