Афғонистон ва Толибон: Исломий Амирлик қулатилгач, нима ўзгарди? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Reality Check
- Role, BBC News
Бу йил Афғонистонда Толибон тузуми қулатилганига роппа-роса 20 йил бўлади. Жорий йилда энди АҚШ ҳам Афғонистонни тарк этмоқчи. Ўтган вақт оралиғида Афғонистон яхшиландими? Хотиржам бўлишга қанчалик асос бор?
Афғонистон ишғол қилиниб, Толибон ҳукмронлигига барҳам берилганидан деярли йигирма йил ўтиб, АҚШ ўз кучларини 11 сентябрга қадар мамлакатдан олиб чиқиб кетишини билдирди.
Британиянинг Мудофа штаби бошлиғи генерал Ник Картер яқинда Би-би-сига Афғонистон ўтган давр мобайнида "катта ўзгаришларга учради", деган ва аёллар ҳуқуқлари, медиа ва талим соҳасини мисол келтирган эди.
Мавжуд маълумотларга таяниб, айрим соҳалардаги илгарилашларга назар ташладик.
Ҳозир Афғонистонда зўравонлик қай даражада?
Тинчлик битимига эришиш учун қўйилаётган қадамлар, хорижий кучларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш учун келишув бўлганига қарамай, охирги йилларда Афғонистон бўйлаб зўравонликлар давом этмоқда.
БМТ келтирган рақамларга кўра, шу йилнинг илк уч ойида ўлдирилган ёки жароҳатланган тинч аҳоли сони ўтган йилдаги шу вақтга нисбатан кўпроқ бўлган, улар орасида аёллар ва болалар сони ҳам ўсган.
Бу ҳодисаларнинг аксариси исёнчи гуруҳлар, жумладан, Толибон ҳиссасига тўғри келади.
2020 йилда 3 000дан ортиқ тинч фуқаро ўлган. Кетма-кет етти йилдирки, шу натижа такрорланади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган йили аниқ мўлжалга олинган қотилликлар серияси кузатилган. Уларда асосан фуқаролик жамияти, ОАВ, суд ва давлат маъмурияти вакиллари нишонга олинган.
2019 йилда Би-би-си август ойи давомида содир этилган зўравонликларни кузатди ва ҳар куни ўртача 74 нафар эркак, аёл ва болалар ўлдирилганини аниқлади.
Бир йил аввал уруш бошлангандан бери энг кўп тинч фуқаро ўлди - 3800 одам, 7180 нафари жароҳат олган.
Аёлларнинг аҳволи қандай?
1990-йилларда Толибон ҳокимияти остида аёлларга ишлашга рухсат берилмаган, улар мактабга боришдан қайтарилган.
Бу ҳолат 2001 йили ўзгарди. Мамлакат Статистика агентлиги маълумотига кўра, гарча ҳукумат идоралари ва жамоат ташкилотларида ҳамон эркаклар сони кўп бўлса ҳам, ўтган йигирма йилда аёллар улуши ўсган.
Рақамлар кўрсатадики, 2004 йилда бу секторларда 51 200 аёл ишлаган. 2018 йилга келиб эса уларнинг сони 87 000га ўсган.
Бу вақт давомида эркак ходимлар ҳам кўпайган, аммо фоизларда ҳисоблаганда аёлларники каттароқ (69 фоиз, эркакларда эса 41 фоиз).
Улар қайси даражаларда ишлашини, маошлари эркакларникига нисбатан қандайлигини билмаймиз. Ноҳукумат сектордаги ишчилар ҳақида ҳам маълумот йўқ кўринади.

Сурат манбаси, Getty Images
Гендер тенглик бўйича АҚШ расмий ҳисоботида айтилишича, ҳозирда давлат ишларида "мисли кўрилмаган" сонда аёллар бор, парламент, вилоят ва туман кенгашлари учун аёлларга минимал квота миқдори белгиланган.
Ҳисоботда полиция ходимлари орасида ҳам аёллар сони ўсгани қайд этилган - 2005 йилдаги 180 тадан, 2019 йилда 3 560 тагача. Шунингдек, аёл судьялар сони ҳам ортган - 2007 ва 2018 йилларда 5 фоиздан 13 фоизга.
Аёллар таълими бўйича нима дейиш мумкин?
"Human Rights Watch"нинг айтишича, мактаблардаги болалар сони 2001 йилдаги 0.9 миллиондан 2017 йилга келиб, 9.2 миллионга ўсган, уларнинг 39 фоизи қизлардир.
Бошланғич мактабларга эътибор берилса, БМТ маълумотларига кўра, 2012 йилгача қиз болалар сони 40 фоизга ошган, ўшандан кейин бу бироз пастлаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг 2019 йилги ҳисоботида айтишича, Афғонистонда қизларнинг барча ёшларда ўғил болаларга нисбатан мактабга бориши эҳтимоли пастроқ, жинслар ўртасидаги фарқ 10 ёшдан каттара бошлайди ва 14 ёшда чўққисига чиқади.
Таъкидланишича, мактабга бормайдиган 3.7 миллион боланинг 60 фоизи қиз болалардир.
ЮНИФЕСнинг яна айтишича, Афғонистоннинг катта қисмида, айниқса, Толибон ва бошқа исёнчи гуруҳлар назорат қиладиган ҳудудларда қизларнинг мактабга бориши жуда паст даражада.
Афғонистоннинг Миллий таълим стратегик дастури (2017-2021) тан олишича, таълим имкониятларида тенгликни таъминлаш учун қиз болалар таълимига кўпроқ инвестиция қилиш лозим.

Сурат манбаси, AFP
Таълим секторида ишловчи кўпроқ аёллар бор. 2018 йилгача Афғонистонда ўқитувчиларнинг учдан бир қисми аёллар эди, қизлар орасида саводхонлик даражаси ҳам ўсган.
Расмий маълумотларга кўра, 2002 йилдан 2018 йилгача давлат университетларида қиз талабалар сони етти марта ошган - ўша даврда эркак талабалар сони ўсишидан каттароқ.
Таъкидлаш лозимки, Афғонистонда қайта қуриш уринишларини кузатаётган АҚШ расмийлари талабалар сони бўйича расмий маълумотлар муайян сабабларга кўра оширилган бўлиши мумкин, дейди.
Қашшоқлик даражаси қандай?
Афғонистон дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири, аммо 2001 йили АҚШ ишғолидан сўнг мамлакатга оқиб келган хорижий ёрдам билан сезиларли иқтисодий ўсишга эришди.
Бу 2003 ва 2012 йил оралиғида ЯММ ўсиши ўртача 9.4 фоиз бўлгани ҳам буни тасдиқлайди.
Ёрдам оқими камайиши билан ўсиш суръати ҳам пастлади, хавфсизлик аҳволи ёмонлашди.
Боз устига, 2015 йилдан кейин хориждан қайтаётган афғонлар сони кўпайиши аҳоли сонини оширди.
2016-2017 йилларда яшаш шароити бўйича ҳукумат ўрганишларида аниқланишича, аҳолининг 54 фоиздан кўпроғи миллий қашшоқлик чегарасидан паст шароитда яшайди.
Бу кўрсаткич 2011 ва 2012 йиллардаги қашшоқлик даражаси - 38 фоиздан ортиб кетган.
2019 йил августида "Gallup" ўтказган охирги ўрганишларда охирги бир неча йилда кучли қурғоқчилик кузатилиши озиқ-овқат таъминотига путур етказган.
Унда айтилишича, ҳар 10 афғондан олтитаси ўтган йили овқат топиш учун қийналганини билдирган.
Афғонистоннинг нисбатан заиф соғлиқни сақлаш ва ижтимоий кўмак инфратузилмасини назарда тутсак, коронавирус пандемияси ҳам аҳволни оғирлаштирган бўлиши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















