Афғон ҳукумати олти ойда қулайдими? Ўзбекистонга таҳдид қанчалик муқаррар? Афғонистон ва Толибон O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хорижий қўшинлар Афғонистонни буткул тарк этгач, нима бўлади? Устма-уст янграётган огоҳликлар эса, жуда хавотирли. Кеча Мирзиёев ҳам таҳдид ва хатарлар кучаяётгани билан огоҳлантирди. Ўзбекистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Бугун, 2 июль куни АҚШ ва Нато кучлари Афғонистондаги сўнгги 20 йиллик урушнинг маркази бўлган Багром ҳаво базасидан ҳам чиқиб кетишган.
Бу эса, хорижий иттифоқ қўшинлари жорий йилда Афғонистонни буткул тарк этишлари муқаррар эканига энг қаттиқ ишора экани айтилмоқда.
АҚШ ва Нато ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб кетишни бошлаган сўнгги икки ойнинг ўзида эса, Толибон мамлакатнинг, айниқса, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ўз ҳужумларини кучайтирган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзида бу ерда 30 дан ортиқ туман назоратини ва халқаро аҳамиятга молик айрим йирик бандаргоҳларни ҳам босиб олган.
Куни-кеча Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги энг йирик, шундоққина Термез яқинида жойлашган Ҳайратон бандаргоҳига ҳам ҳужум қилган.
Орада кечган вақт давомида эса, бутун Афғонистон бўйлаб юзга яқин туман назоратини ўз қўлига олганини иддао қилган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи эса, аллақачон халқаро миқёсда жиддий хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.
Ўтган ҳафта АҚШ Жосуслик ҳамжамияти жиддий огоҳлик билан чиққан.
Хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни буткул тарк этса, бор-йўғи олти ойнинг ўзида афғон ҳукумати қулаши мумкинлигини айтган.
Бунинг ортидан Афғонистондаги кескинлашаётган вазият юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус вакили Хавфсизлик Кенгашига ҳисоб берган.
Толибон аллақачон ўнлаб туманларни босиб олганини айтиб, кенгашни "даҳшатли эҳтимоллар" билан қатъий огоҳлантирган.

Ўзининг бу борадаги жиддий хавотирлари билан бўлишган шахс эса, айнан АҚШ ва Нато кучларининг Афғонистондаги Бош қўмондони бўлган.
Генерал Скотт Миллер ўзлари чиқиб кетгач, Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши эҳтимолини назардан соқит этмаган.
Кеча, пайшанба куни Ўзбекистон президентининг ҳам Афғонистондаги мавжуд вазиятга эътибор қаратгани кўрилган.
Шавкат Мирзиёев Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросим чоғида миллий хавфсизлик, тинч ва осойишта ҳаётга нисбатан таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётгани ҳақида сўз юритган.
"... ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб беришга тайёр бўлиб яшаш - ҳаётнинг ўткир заруратига айланаётгани"ни айтган.
Худди шу куннинг ўзида Афғонистон президентининг Ўзбекистонга келиши ҳақидаги хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Маълум бўлишича, Муҳаммад Ашраф Ғани Тошкент мезбонлик қилаётган ва Афғонистон масаласи ҳам муҳокама этилажак халқаро анжуманда шахсан иштирок этмоқчи.
Шу йилнинг 15-16 июль кунлари бўлиб ўтиши кутилаётган юқори даражадаги конференция ҳам Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақавий боғлиқлик, таҳдидлар ва имкониятлар мавзусига бағишланган.
Бунгача Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистондаги сўнгги вазиятни Тожикистон ва Туркманистон президентлари билан муҳокама этиб олгани расман хабар берилган.
Тожикистон президенти эса, кеча, 1 июль куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Парламент Ассамблеяси Кенгаши Душанбе йиғини иштирокчиларини шахсан қабул қилган.
Улар билан ҳам Афғонистондаги оғир вазиятни гаплашиб олган.

Сурат манбаси, official
Уларга Тожикистон Афғон масъуллари ва халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш ва миллий келишувга эришиш саъй-ҳаракатларини бундан буёғига ҳам давом этдиришини айтган.
Бир куннинг ўзида Эмомали Раҳмон мазкур ташкилот Бош котибини ҳам қабул қилган.
Расмий хабарларга кўра, Тожикистон президентининг Станислав Зась билан учрашуви чоғида ҳам Афғонистон масаласига эътибор қаратилган.
Маълум бўлишича, томонлар Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳимоясини кучайтириш лозим, деган тўхтамга келишган.
Ўзбекистон кирмайдиган Россия шамсияси остидаги ушбу ташкилот жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тезкор кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.
Бунинг ортидан президент Раҳмоннинг яна Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар билан ҳам кўришгани маълум бўлган.
Расман билдирилишича, бу музокаралар чоғида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш минтақа давлатларининг манфаатида бўлиши ҳақида сўз борган.
Ўзбекистон эса, Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазият кескинлашиб бораётган манзарада Ташқи ишлар вазирлиги устма-уст огоҳлантирувчи баёнот билан чиққан ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Сурат манбаси, official
Расман режага мувофиқ қилинаётгани айтилган эса-да, Мудофаа вазирлиги аллақачон қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини синовдан ўтказишга киришган биринчи минтақа мамлакати экани кўрилади.
Марказий Осиёда Қуролли кучлари энг жанговари, деб эътироф этилган Ўзбекистон, бошқа томондан, Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва фаол тўғридан-тўғри мулоқотда бўлган саноқли давлатлардан бири саналади.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан биридир.
Аммо ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.
АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирганди.
Бу битимни жанубий қўшнисидаги тинчлик жараёнига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон ҳам расман олқишлаб чиққан.
Bloomberg нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича эса, Жо Байден маъмурияти уч Марказий Осиё давлатига мурожаат қилган.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистондан Афғонистондаги Нато қўшинлари чиқиб кетгунга қадар, 9 мингга яқин Афғонистон фуқаросини вақтинча қабул қилиб туришларини сўраган.
Уларнинг Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларига ёрдам берган афғонлар экани ва энди толибларнинг "ўч олиши"дан қўрқишаётгани айтилган.
Айни мазмундаги хабарларга ҳозирча Ўзбекистон томонининг расмий муносабати кўзга ташланмаган.
Чиқиб кетгач, Афғонистондаги амалиётларини четдан туриб давом этдириши учун АҚШнинг қўшни минтақа давлатларида ўз ҳарбий базасига эга бўлиш эҳтиёжи бор.
Орада айрим Ғарб нашрлари номзод давлат сифатида Ўзбекистоннинг номини ҳам тилга олишган.
Аммо бунинг ортидан доктринаси изн бермаслигини айтиб, Ўзбекистон бундай эҳтимолни назардан соқит этганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Хавотирлар қанчалик асосли?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
Савол: Бу каби устма-уст огоҳликнинг айнан бугун янграётгани нимани англатади? Бундан қандай мақсад бўлиши мумкин? Чунки хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этай деб бўлишаяпти-ку?
Камолиддин Раббимов: АҚШ Жосуслик ҳамжамиятининг таҳлилий докладларининг биринчи устувор вазифаси - вазиятни имкон қадар холис таҳлил қилиш, келажакда кутиладиган рискларни объектив тасвирлаб бериш ҳисобланади.
Яъни, вазиятни моделлаштиришда, сиёсий мақсадларни кўзлаб эмас, реал ҳаётда бўлиши мумкин бўлган энг аниқ вазиятни тасвирлаб бериш талаб қилинади. Шу сабаб, АҚШ сиёсий элитасида Жосуслик ҳамжамиятининг фикрларига, таҳлилларига алоҳида эътибор берилади.
Жосуслик ҳамжамияти ўн еттита жуда қудратли давлат органларини қамраб олади. Жумладан, унинг таркибига АҚШ Мудофа Департаменти, Марказий Разведка Бошқармаси, Миллий Хавфсизлик Агентлиги ва бошқа давлат органлари киради.
БМТнинг Афғонистон бўйича вакили ҳамда АҚШнинг Афғонистондаги Бош қўмондони - бевосита ушбу давлатдаги вазиятни доимий ва профессионал кузатиб келаётган юқори лавозимли мулозимлар ҳисобланишади. Улар Афғонистонда кейинги вақтларда шаклланаётган вазиятни кузатиб, ўз хавотирларини, огоҳлантиришларини изҳор қилишган.
АҚШ Жосуслик ҳамжамиятининг Афғонистондаги вазият таҳлилидан кўзлаган асосий вазифаси - АҚШ қўшинлари тўлиқ чиқиб кетгандан кейинги сиёсий вазиятни тасвирлаш ҳисобланади. Яъни, расмий Вашингтонда, "биз чиқиб кетганимиздан кейинги вазият қандай бўлиши мумкин?" деган саволга, ушбу ҳамжамият, аниқ тасаввур таклиф қилиши юклатилган эди.
Жосуслик ҳамжамиятининг Афғонистондаги АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан кейинги вазиятни моделлаштиришига кўра, Ироқдаги каби ҳокимият ваакуми пайдо бўлади, фуқаролар уруши янгиланади ва толиблар яна 90чи йиллардаги каби куч билан ҳокимиятни олиш кампаниясини жадаллаштириб юборади.
Бу сценарий АҚШ қўшинлари 2015 йил Ироқдан чиқиб кетишини қисман бўлсада эслатади. Натижада Ироқда ИШИД бош кўтарган эди, фуқаролик уруши ашаддий тус олганди, мазҳаблараро, этник, ҳудудий тўқнашувлар бу давлатдаги вазиятни янада оғирлаштирган эди.

Савол: У ҳолда нима учун хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишаяпти? Бу каби эҳтимолга йўл қўймаслик учун АҚШ, Нато, халқаро ҳамжамият бундан буёғига нима қила олишлари мумкин ва қилишади? Уларнинг ихтиёрида қандай имкониятлар ва танлов бўлиши мумкин? Акс-ҳолда Афғонистон ҳукуматининг якка ўзи нима қила олади?
Камолиддин Раббимов: Кейинги йилларда расмий Вашингтон олдида ўта оғир танлов турган эди. Ёки яна минглаб инсоний қурбонлар бериш, миллиардлаб ва триллионлаб доллар харажат қилиш ҳисобига Афғонистонда номаълум муддат қолиш. Ёки Афғонистондан тезда чиқиб кетиш орқали, АҚШ тарихидаги энг узоқ муддатли ҳарбий-сиёсий операцияни тугатиш эди.
АҚШнинг Афғонистондаги энг асосий миссияси - лаёқатли, мудофаа қобилияти шаклланган ҳокимият тизими, ҳукуматни шакллантириш эди. Лекин Афғонистонда кейинги икки асрда миллий давлатчилик бўлмагани, бутун давлат бўйлаб марказий ҳокимиятга бўйсуниш сиёсий маданияти мавжуд эмаслиги инобатга олинса, бу давлатда лаёқатли сиёсий тизим тўлиқ шакллангунига қадар, АҚШ яна камида бир неча ўн йиллар бу давлатда қолиши назарда тутилар эди.
АҚШ қўшинлари бу давлатдан тўлиқ чиқиб кетиши ортидан, Афғонистондаги вазият кучли зўриқишга учрашини, толиблар жиддий бир шаклда бош кўтаришини расмий Вашингтон яхши тасаввур қилар эди.
Айни пайтда, ўтган йигирма йил ичида Вашингтон тушундики, толибларни ҳарбий йўл билан йўқотиб бўлмайди. Натижада, бугун Вашингтон онгли бир равишда, толиблар учун Афғонистон ҳокимиятига йўл очишдан бошқа чораси йўқ эканлигини тан олмоқда ва бу давлатдан чиқиб кетмоқда.
Шундай бўлса-да, Афғонистондаги вазиятга қараб, АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари ўз қарашларини ҳар қандай пайт чекланган миқдорда ёки тўлиқ бир шаклда қайта кўриб чиқиш эҳтимоли сақланиб қолаверади.
Агар Афғонистондаги вазият 90чи йилларнинг иккинчи ярмидаги каби этник ва ҳудудий тўқнашувларга юз тутадиган бўлса, ташқи дунёнинг, жумладан, АҚШ ва НАТОнинг стратегияси ўзгариши табиий. Айни пайтда, толиблар ҳам, ўзларининг олдларига анча мураккаб вазифа қўйишган: Афғонистон ҳокимиятини қўлга киритиш жараёнида АҚШ ва НАТО кучларининг бу давлатга қайтиши учун маънавий асос яратмаслик.
Яъни, бир томондан, Афғонистон ҳокимиятига бўлган толибларнинг даъволари ва интилишлари кучаяди. Лекин Афғонистон ҳокимиятини қўлга киритишда, афғон жамиятини кучли қўрқитмаслик, имкон қадар яхшироқ образ яратиш йўлидаги заруратни англаш ҳисси ҳам сақланиб қолаверади.

Сурат манбаси, Getty Images
Савол: Юқорида тилга олинган ҳар уч сценарий (афғон ҳукумати қулаши, воқеаларнинг "даҳшатли тус олиши" ва фуқаролар уруши)нинг бугун, ҳозир ҳақиқатга айланиш эҳтимоли қанчалик катта ва агар шундай бўлса, бу аксарияти Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?
Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда, расмий Вашингтон Афғонистонда кейинги йилларда кучлар нисбати толиблар фойдасига ўзгаришини олдиндан яхши тасаввур қилган ва бунга руҳан тайёр турибди.
Афғонистондан чиқиб кетишга шошилаётган Вашингтоннинг ёндашуви - толибларни ҳокимиятга келишига қаршилик қилмаслик ва шу йўл орқали уларни ушбу давлатдаги расмий сиёсий актёрлардан бирига, балки, асосий иштирокчига айлантириш стратегиясидир.
Демак, Вашингтон ва НАТО кучлари Афғонистондаги зўриқишлар бугунгидан ҳам ортиқ ошиб боришига руҳан тайёр. Чунки Афғонистонда кучлар нисбатининг ўзгариши афғон жамияти, у ердаги этник озчиликлар ва расмий Кобул учун жуда оғриқли кечиши аниқ.
Толибларнинг фаоллашуви, табиийки, қўшни давлатларни, жумладан, Ўзбекистонни ҳам жиддий бир шаклда хавотирга солади. Лекин бугунги кундаги хавотирнинг табиатини аниқлаш лозим бўлади.
Толиблар, қолаверса, Афғонистондаги ҳар қандай жангари гуруҳлар ҳар доим Афғонистон ҳудуди ичидаги партизанлик урушида кучли бўлишган. Ўз қабиласи, тоғлари, маҳалласи ва яхши таниш минтақаларда уруш қилиш ва нотаниш бўлган ташқи дунёга бостириб бориш ўртасида жуда катта фарқ бор. Қолаверса, ўтган йигирма йил ичида толибларнинг ички ва ташқи сиёсат борасидаги тафаккури жиддий ўзгарди дейишга асос бор.
Бугун толибларнинг пировард мақсади - Афғонистон давлати ва унинг ҳокимиятини қўлга киритиш ҳисобланади. Афғонистон ҳокимиятини қўлга киритиши ортидан, одатда, ҳар қандай сиёсий куч йиллар давомида барқарорлашиб боришга маҳкум. Чунки жамиятнинг эҳтиёжларини қондириш, вазиятни ушлаб туриш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга интилиш - қўшни давлатлар билан ҳамкорликни, яхши муносабатларни назарда тутади.
Ўзбекистон ва қолган минтақа давлатларининг Афғонистон борасидаги асосий хавотири, булар - зўриқишлар натижасида кўп сонли қочқинлар оқими пайдо бўлиш эҳтимоли; Афғонистон билан йўлга қўйилган кўплаб лойиҳалар тақдири; Афғонистон ичкарисидаги этник тўқнашувлар эҳтимоли соясида, Ўзбекистон ёки Тожикистон давлатларидаги ижтимоий кайфиятга ва барқарорликка бевосита салбий таъсир қилиш эҳтимоли ва бошқа рисклар киради.
Демак, кейинги ойлар ва йилларда Афғонистон - дунё сиёсатида энг долзарб ва муаммоли мавзулардан бири бўлиб қолади. Бу давлатда кечаётган жараёнлар дунё геосиёсати, қудратли давлатлар ўртасидаги кучлар нисбати борасидаги глобал тасаввурларга бевосита таъсир қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














