Курд кучлари чекингач, Сурия армияси Ҳалаб шарқига йўл олди

Сурия қўшинлари Дейр Ҳаферга кириб борган

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Сурия қўшинлари Дейр Ҳаферга кириб борган
    • Author, Тиншуи Йенг
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Курд кучлари ҳудуддан чиқиб кетишни бошлаганидан кейин, Сурия армияси Ҳалаб шаҳрининг шарқидаги ҳудудларга кириб бормоқда.

Сурия ҳарбийлари Ҳалабдан тахминан 50 км узоқликда жойлашган Дейр Ҳафер шаҳрига киргани кузатилган.

Жума куни курдлар етакчилигидаги Сурия Демократик Кучлари (SDF) Фирот дарёсининг шарқига қайта жойлашишини маълум қилди. Бу қарор АҚШ расмийлари билан олиб борилган музокаралардан сўнг қабул қилинган. Шунингдек, Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа курд тилини миллий тил сифатида тан олишга ваъда берган.

Ўтган ҳафтада юз берган қонли тўқнашувлардан кейин АҚШ ҳар икки томонни кескинликдан қочишга чақирган эди. Президент аш-Шараа курдларнинг ҳарбий ва фуқаролик тузилмаларини Сурия миллий институтларига интеграция қилишга интилмоқда.

Давлат ахборот агентлиги SANA га берган баёнотида Сурия армияси ўз қўшинлари "Фиротнинг ғарбий ҳудудига киришни бошлагани"ни билдириб, Дейр Ҳафер устидан "тўлиқ ҳарбий назорат" ўрнатилганини эълон қилди.

Ҳарбийлар тинч аҳолини ҳудуд тўлиқ хавфсизлантирилиб, миналар ва уруш қолдиқларидан тозаланмагунча амалиётлар олиб борилаётган жойларга кирмасликка чақирди.

Тасвирларда Сурия қўшинларининг танклар ёрдамида ҳудуд томон илгарилаб бораётгани акс этган.

Бу ҳаракат курдлар етакчиси Мазлум Абдий АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган SDF кучларини "Фиротнинг шарқий ҳудудларига қайта жойлаштириш"га рози бўлганидан кейин амалга оширилди. У бу қарор "дўстона давлатлар ва воситачилар чақириқлари"га жавоб эканини айтган.

АҚШнинг махсус элчиси Том Баррак ва Мазлум Абдий шанба куни Ироқ Курдистони пойтахти Ирбил шаҳрида учрашиши кутилмоқда.

Сўнгги кунларда Сурия армияси Дейр Ҳафер атрофидаги тинч аҳолини ҳудудни тарк этишга чақирган. Сурия расмийларига кўра, камида 4 минг киши бу ҳудуддан чиқиб кетган.

Шарқий Ҳалабдан кетаётган сурияликлар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Шарқий Ҳалабдан кетаётган сурияликлар

Курд кучлари чекинишидан олдин президент аш-Шараа курд тилини миллий тил сифатида тан олишини ва курдларнинг янги йили - Наврўни расмий байрам деб эълон қилишини айтган эди.

Жума куни эълон қилинган фармон Сурия 1946 йилда мустақилликка эришганидан бери курдларнинг миллий ҳуқуқларини илк бор расман тан олиш ҳисобланади. Унда курдлар Суриянинг "ажралмас ва муҳим қисми" экани, улар аввалги ҳокимиятлар даврида ўнлаб йиллар давомида зулмга учрагани қайд этилган.

Кескинлик юмшагандек туюлса-да, келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Фармонга жавобан Суриянинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларидаги курд маъмурияти буни "биринчи қадам" деб баҳолади, аммо "вақтинчалик фармонлар" ўрнига "халқ иродасини ифодаловчи доимий конституция" қабул қилишга чақирди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Шу билан бирга, Сурия қўшинлари Ҳалабнинг шарқий ҳудудларига кирганидан сўнг, курд томони Дамашқни келишувни "бузиш"да — келишилган муддатдан олдин ҳаракатга ўтганликда айблади.

Сурия армияси эса SDFни келишувни бузганликда айблаб, қўшинлар ҳудудга кириб келаётган пайтда курд кучлари томонидан икки аскари ўлдирилганини билдирди.

Курд кучлари сўнгги ўн йил давомидаги фуқаролик уруши ва "Исломий давлат" гуруҳига қарши кураш жараёнида Суриянинг нефтга бой шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларининг катта қисмини назорат қилиб келган.

2024 йил охирида узоқ йиллик раҳбар Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин президент аш-Шараа курд тузилмаларини Сурия давлат институтларига қўшишга уриниб келмоқда.

2025 йил март ойида SDF ҳукумат билан шу мазмунда келишув имзолаган. Аммо деярли бир йил ўтса-да, келишув амалга ошмаган, томонлар бу борада бир-бирини айблаб келмоқда.