Асадисиз Сурия яхшироқ, аммо энди янги муаммолар пайдо бўлди

Сурат манбаси, BBC via AFP
- Author, Жереми Боуэн
- Role, Халқаро муҳаррир
- Ўқилиш вақти: 11 дақ
Бир йил олдин, Президент Башар ал-Асад ғалаба қозонаётгандек эди. Уруш кутилмаганда кескин ўзгариб кетди.
Исёнчилар Суриянинг Туркия билан чегарадош Идлиб вилоятидан чиқиб, Дамашқ сари шиддат билан илгарилаб борарди. Уларга Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номли шахс ва унинг "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) жангари гуруҳи бошчилик қилаётган эди.
Жўлоний тахаллус бўлиб, бу унинг келиб чиқиши асли 1967 йилда Исроил босиб олган Суриянинг жанубий тепаликлари – Жўлондан эканлигини англатарди. Унинг асл исми Аҳмад аш-Шараа эди.
Бир йил ўтиб, у муваққат президентга айланди, Башар ал-Асад эса Россияда қочқинликда яшамоқда.
Сурия ҳануз вайрон аҳволда. Сўнгги ўн кун ичида мен борган ҳар бир шаҳар ва қишлоқда одамлар уруш туфайли хароб бўлган биноларда яшаётган эди. Шунга қарамай, янги Сурия Асадлар сулоласининг мустабид ва шафқатсиз юкидан ҳоли, анча енгил тортгандек.

Сурат манбаси, Getty Images
Шараага ўз юртидан кўра чет элларда муваффақиятга эришиш осонроқ туюлди чоғи. У Саудия Арабистони ва Ғарбни Суриянинг барқарор келажаги учун энг яхши имконият унинг ўзи эканига ишонтира олди.
Май ойида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Шараа билан АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида қисқа учрашув уюштирди. Шундан сўнг Трамп уни "ёш, жозибадор ва қатъиятли йигит" деб таърифлади.
Ватанида сурияликлар унинг заиф томонларини ва Сурия дуч келаётган муаммоларни чет элликларга қараганда яхшироқ билишади. Шараанинг ҳокимияти курдлар назоратидаги шимоли-шарқда ёки Исроил қўллаб-қувватлаётган жанубдаги сепаратистик ҳудудлардаги суриялик друзлар учун ўтмайди.
Асосан соҳил ҳудудларда яшовчи алавийлар эса (Асад оиласи мансуб мазҳаб) март ойидаги қирғинлар такрорланишидан хавотирда.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Бир йил олдин Дамашқнинг янги ҳукмдорлари, Суриядаги қуролли исёнчиларнинг аксарияти сингари, сунний исломчилар эди. Уларнинг етакчиси Шараа узоқ вақт Ироқда "Ал-Қоида" сафида курашган, у ерда америкаликлар томонидан қамоққа олинган, кейинчалик "Ислом давлати"га айланган гуруҳнинг юқори лавозимли қўмондони бўлган.
Сурияда ўрнашиб, ўз куч базасини қургач, у ИШИД ва "Ал-Қоида" билан алоқасини узиб, уларга қарши курашди.
Идлибда у билан кўришганлар унинг қарашлари диний мазҳаблар хилма-хил бўлган Сурияни бошқаришга кўпроқ мос келишини айтишган эди. Мамлакатда суннийлар кўпчиликни ташкил этади. Курдлар ва друзлар билан бир қаторда, насронийлар ҳам бор, уларнинг кўпчилиги Шараъанинг жиҳодий ўтмишини унутиши қийин.
Жиҳодий илдизлардан юксалган шахс қиёфаси
Ўтган йил декабр ойи биринчи ҳафтасида ҲТШ ҳужуми шунчалик тез суръат олдики, ишониш қийин эди. Суриянинг шимолий маркази Ҳалабни эгаллаш учун уларга атиги уч кун керак бўлди.
Буни 2012 йилдан 2016 йилгача бўлган машаққатли йиллар билан таққосланг: ўшанда ҳукумат армияси ва исёнчи кучлар шаҳарни назорат қилиш учун курашган эди. Бу кураш Россиянинг ҳаво кучлари ва артиллерияси ёрдамга келгач, Асаднинг ғалабаси билан якунланган эди.
Ҳукумат назоратни қўлга олганидан бир неча ҳафта ўтгач, Ҳалаб шарқидаги собиқ исёнчилар ҳудудларига борганимда, катта майдонлар Россия бомбаларидан вайрон бўлганини кўрдим. Баъзи кўчалар биринчи қават айвонларигача кўтарилган вайроналар билан тўсилиб қолганди.
Бироқ 2024 йил охирига келиб бутун мамлакат бўйлаб ҳукумат қўшинлари тарқалиб кетди. Аскарлар ҳам, ҳукумат тарафдорлари ҳам энди коррупциялашган ва шафқатсиз режим учун курашиш ва ўлишни истамасди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Асад оиласи билан Россияга қочганидан бир неча кун ўтиб, президент саройида Суриянинг янги раҳбари билан суҳбатлашдим.
Сарой Дамашққа қараган баланд қоя устида жойлашган бўлиб, Асадларнинг ҳар нарсани кўриб турувчи қудратини шаҳар аҳолисига эслатиб турарди. Бу пайтга келиб Жўлоний ўзининг жанговар кийимлари билан бирга исмини ҳам ташлаган эди.
Шараа иситилмайдиган саройнинг совуқ залларида кўркам камзул, дазмолланган шим ва ялтироқ қора туфли кийиб ўтирарди. У менга мамлакат урушдан чарчагани, қўшниларига ёки Ғарбга таҳдид солмаслигини айтиб, барча сурияликларни аҳил бошқаражагини таъкидлади. Бу кўплаб сурияликлар ва чет эл ҳукуматлари эшитишни истаган пайғом эди.
Бироқ Исроил буни қабул қилмади. Жиҳодий муросасизлар эса Шараани хоин деб атаб, унинг динини ва ўз тарихини сотганликда айблашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мен уруш ҳақида хабар бериш учун шошилган эдим, тузумнинг бунчалик тез қулашини ҳеч кутмагандим. Расмий кийимларим Лондондаги уйимда қолган эди. Суҳбатдан сўнг унинг ёрдамчиларидан бири давлат раҳбари билан суҳбатлашиш учун костюм кийишингиз керак эди, деб норозилик билдирди.
Унинг эътирози шунчаки менинг кийиниш услубимдан эмас эди. Бу бир неча йил олдин Шараа Идлибда ўз ҳокимиятини ўрнатганида бошланган узоқ кампаниянинг давоми эди. Кампания уни бутун Суриянинг муносиб етакчиси бўлиш учун ўзининг жиҳодий илдизларидан узилган, жаҳон ҳамжамияти жиддий қабул қилиши ва ҳурмат қилиши керак бўлган раҳбар сифатида кўрсатишга қаратилган эди.
Сурияда заифлашган ИШИД
Шараа ҳокимиятни қўлга киритар экан, энди нима қилиши ҳам ва душманлари унга нима қилиши мумкинлиги ҳам ноаниқ эди. Улар орасида "Исломий давлат" жиҳодчи экстремистларининг уйқу ҳолатидаги ҳужайралари бор эди – уни ўлдиришга уринишларидан ёки Дамашқда ҳужумлар орқали тартибсизлик келтириб чиқаришлари мумкинлигидан қўрқувлар бор эди.
Жиҳодчилар ижтимоий тармоқларда Шараанинг ғарбдаги жозибадор ташвиқотидан ғазабда. У "Исломий давлат"га қарши АҚШ бошчилигидаги коалицияга қўшилишга рози бўлганидан сўнг, интернетдаги таниқли овозлар уни муртад деб атади. Экстремистлар буни қатл учун рухсат деб тушунишлари мумкин.
Аслида, Сурияда ИШИД заиф. Унинг бу йилги ҳужумлари асосан шимоли-шарқдаги курдлар бошчилигидаги кучларга қарши қаратилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу Асад режими қулашига бир йил тўлар экан, сўнгги бир неча ҳафта ичида ўзгарди.
Хавфсизлик кучлари ИШИД тўдаларига ҳужум қилар экан, жиҳодчилар ҳукумат назорати остидаги шаҳарларда учта аскар ва Асаднинг иккита собиқ оператив ходимини ўлдирди. Бу маълумотларни Сурия бўйича етакчи шарҳловчи Чарлз Листер тўплаган ва "Syria Weekly" нашрида эълон қилинган. ИШИД Би-би-си кузатаётган ижтимоий тармоқ саҳифаларида суриялик суннийларга Шараа уларга хиёнат қилганини айтишда давом этмоқда.
Улар ҳеч қандай далил келтирмасдан, унинг АҚШ ва Буюк Британия агенти бўлгани, жиҳодчиликка зарар етказиш учун ишлаганини даъво қилишмоқда.
Трамп ва Ғарбни ишонтириш
Шараанинг Ғарбга яқинлашуви муваффақиятли чиқди.
Сурияда ҳокимиятни қўлга олганидан икки ҳафта ўтиб, у юқори мартабали америкалик дипломатлар делегациясини қабул қилди. Шу заҳоти америкаликлар уни қўлга тушириш учун белгиланган 10 миллион долларлик мукофотни бекор қилди.
Ўшандан бери Асад Суриясига нисбатан жорий этилган санкциялар изчил камайтирилмоқда. Энг қаттиқ "Цезар қонуни" тўхтатилди ва янги йилда АҚШ Конгресси томонидан бекор қилиниши мумкин.
Ноябр ойида Шараъа Оқ уйга ташриф буюрган биринчи Сурия президенти бўлгани муҳим воқеа бўлди.

Сурат манбаси, AP
Трамп уни Овал кабинетда кутиб олди. У Шараага Трамп брендининг атирини сепди, сўнг унга хотинига уйга олиб кетиши учун совғалар берди ва ҳазиллашиб нечта хотини борлигини сўради. "Битта," дея жавоб берди Шараа, атир ҳидидан кўзларини пирпиратиб.
Саудия Арабистони ва Ғарб давлатлари Шараъани Яқин Шарқ марказида жойлашган мамлакатни барқарорлаштириш учун энг яхши – ягона имконият деб билмоқда.
Агар Сурия яна фуқаролар урушига кириб қолса, минтақадаги шафқатсиз тартибсизликларни камайтириш имконияти бўлмайди.
Ғарбнинг юқори мартабали дипломатларидан бири менга фуқаролар уруши эҳтимоли ҳали ҳам мавжудлигини айтди. Бунинг сабаби ярим асрлик диктатура ва 14 йиллик урушнинг узоқ муддатли асоратларидир. Бу уруш Асадларнинг зулмкор бошқарувига қарши исён сифатида бошланиб, мазҳаблараро курашга айланиб кетган эди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Шараа сунний мусулмон, Суриядаги энг йирик диний гуруҳ вакили. Унинг ҳукумати бутун мамлакатни назорат қилмайди. Сўнгги бир йил ичида у шимоли-шарқдаги курдларни ва жанубдаги друзларни Дамашқ ҳокимиятини тан олишга ишонтира олмади ёки мажбур қила олмади. Соҳилда алавийлар жамоаси асабий ва безовта.
Алавийлар шиа исломидан келиб чиққан мазҳаб бўлиб, уларнинг асосий ҳудудлари Суриянинг Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган. Асадлар ҳам алавийлардан.
Башарнинг отаси, тузум асосчиси Ҳофиз Асад ўз ҳокимиятини аҳолининг тахминан 10 фоизини ташкил этувчи озчилик бўлган алавийлар устига қурган эди. Алавийча талаффузнинг ўзи, айниқса, ҳарбий кийимдаги одам ёки ундан ҳам ёмони, режим махфий хизмати ходимининг чарм куртка кийган агенти талаффузида бошқа сурияликларни ваҳимага соларди.
Мазҳабларараро ҳунрезлик давом этса, Сурия тикланмайди. Кейинги 12 ой ичида янада жиддийроқ зўравонлик ҳолатлари олдини олиш ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси.
Одил судлов сустлиги
Асад қулаганига бир йил тўлар экан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги одил судлов сустлигидан жиддий хавотир билдирди. "Муваққат ҳокимият ўтмишдаги қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича умидли қадамлар қўйган бўлса-да, бу қадамлар қилиниши керак бўлган ишларнинг бошланиши, холос," деди комиссарлик вакили.
Баъзи сурияликлар, баъзан ҳукумат кучлари билан биргаликда, ишни ўз қўлига олди. Комиссарлик таъкидлашича, сўнгги бир йил ичида юзлаб одамлар "хавфсизлик кучлари ва уларга алоқадор гуруҳлар, собиқ ҳукуматга алоқадор унсурлар, маҳаллий қуролли гуруҳлар ва номаълум қуролланган шахслар" томонидан ўлдирилган.
Вакилнинг қўшимча қилишича: "Бошқа хабар қилинган қонунбузарликлар ва суиистеъмолликлар жинсий зўравонлик, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, уйларни вайрон қилиш, мажбурий кўчириш, ифода эркинлиги ва тинч йиғилишларни чеклашни қамраб олади."
Комиссарлик маълумотларига кўра, зўравонликдан асосан алавийлар, друзлар, насронийлар ва бадавийлар жамоалари жабр кўрган. Бу зўравонлик онлайн ва офлайн кучайиб бораётган нафрат нутқлари туфайли авж олган.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
2026 йил учун катта хавф – алавийлар ҳудудларида ўтган март ойидаги мазҳабларараро зўравонлик такрорланганидир.
Асад режими қулаганидан сўнг юзага келган хавфсизлик бўшлиғида янги ҳукумат бир қатор қамоққа олишлар орқали Сурия қирғоқларида ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уринди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарлиги томонидан ўтказилган суриштирув аниқлашича, "собиқ ҳукумат тарафдорлари юзлаб муваққат ҳукумат кучларини асирга олиш, ўлдириш ва жароҳатлаш билан жавоб берган".
Дамашқ қаттиқ чора кўрди, аммо алавийларга тизимли равишда ҳалокатли ҳужумлар уюштирган жангари қуролли гуруҳларни назорат қила олмади.
БМТ маълумотларига кўра, кейинги қирғинларда 1400 га яқин одам, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти вояга етган эркаклар эди, аммо қурбонлар орасида 100 га яқин аёл, кексалар ва ногиронлар, болалар ҳам бор эди.
Шараа ҳукумати БМТ суриштирувига кўмаклашди. Унинг баъзи кучлари алавийларга ёрдам берди ва айрим қирғин ташкилотчиларини судга топширди.

Сурат манбаси, Reuters
БМТнинг Сурия бўйича тергов комиссияси ҳукумат расмийларининг ҳужумларга буйруқ бергани ҳақида далил топилмаганини тасдиқлади. Бироқ ўшанда ва кейин Дамашқ ҳукумати ўз хавфсизлик кучларига қўшилган қуролли сунний гуруҳларни назорат қила олмаганидан ҳавотирда эди.
Июл ойида жанубий Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар жамоалари ўртасидаги жиддий тўқнашувлар Шараъа маъмуриятини ларзага келтирди. Друзлар дини тахминан минг йил олдин исломдан келиб чиққан ва баъзи мусулмонлар адашган деб ҳисоблайди. Улар Сурия аҳолисининг тахминан 3 фоизини ташкил этади.
Ҳукумат кучлари Сувайдага тартиб ўрнатиш учун кирганида, улар друз жангарилари билан тўқнашишга мажбур бўлди. Ўз ҳудудида яҳудий давлатига содиқ друз жамоаси яшайдиган Исроил аралашди. Унинг ҳаво ҳужумлари Дамашқдаги мудофаа вазирлиги биносини деярли вайрон қилди.
Вазиятнинг янада ёмонлашуви олдини олиш учун АҚШ зудлик билан аралашди ва ўт очиш тўхтатилди. Ўн минглаб одамлар ўз уйларидан қочишга мажбур бўлди ва ҳамон кўчманчи ҳаёт кечирмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил масаласи
Шараа ва унинг муваққат ҳукумати яна бир жиддий инқироздан омон қолиш учун етарлича кучлими? Номаълум. Исроил сурияликлар учун таҳдидли ва хавфли қўшни бўлиб қолмоқда.
Асад қулаганидан сўнг исроилликлар эски режимнинг қолган ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш учун бир қатор йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Исроил мудофаа кучлари босиб олинган Жўлон тепаликларидан чиқиб, Суриянинг кўпроқ ҳудудини назорат остига олди ва ҳали ҳам ушлаб турибди.
Исроилликлар Суриядаги тартибсизликдан фойдаланиб, душман деб билган мамлакатни заифлаштирмоқда, ўзларига қарши ишлатилиши мумкин бўлган қуролларни йўқ қилмоқда.
Сурия 1974 йилда АҚШ давлат котиби Ҳенри Киссинжер бошлаган музокараларга қайтишни истайди. Нетаняҳу эса Исроил босиб олган ҳудудда қолишини ва Суриядан Дамашқ жанубидаги катта ҳудудни қуролсизлантиришни талаб қилмоқда.
Сўнгги бир ой ичида Исроил Сурияга қуруқликдан бостириб киришни кучайтирди. Зўравонлик бўйича маълумотларни тўплайдиган "Syria Weekly" нашри ҳисоб-китобига кўра, йил давомидаги ўртача ойлик кўрсаткичдан икки баравар кўп босқин бўлган.
Биз 28 ноябр куни Исроил мудофаа кучлари томонидан босқин қилинган чегарадаги Байт Жинн қишлоғида бўлдик. Исроил мудофаа кучлари ҳужум режалаштираётган сунний жангариларни ҳибсга олаётганини айтди.
Маҳаллий эркаклар қаршилик кўрсатиб, олти нафар исроилликни ярадор қилди, чунки босқинчи гуруҳ шошилинч чекинишга мажбур бўлди ва кейинчалик ҳаво ҳужуми билан йўқ қилинган ҳарбий машинани ташлаб кетди. Исроилликлар камида 13 нафар маҳаллий аҳолини ўлдириб, ўнлаб кишини яралади, деб хабар қилди давлат оммавий ахборот воситалари.
Бу Сурия ва Исроил ўртасида хавфсизлик келишувини тузиш қанчалик қийин бўлиши белгиси эди. Дамашқ ҳукумати буни ҳарбий жиноят деб атади. Қасос олишга чақириқлар кучайди.
Вашингтонда Трамп рейддан хавотирда эди. У ўзининг "Truth Social" платформасида Шараанинг Сурияни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларидан "жуда мамнун" эканлигини айтди.

Сурат манбаси, Dia Images via Getty Images
У "Исроил Сурия билан кучли ва самимий мулоқотни сақлаб қолиши жуда муҳим ва Суриянинг фаровон давлатга айланишига тўсқинлик қилмаслиги керак" деб огоҳлантирди.
Байт Жиннда Халил Абу Даҳрни ўқ жароҳати сабабли жарроҳлик амалиётидан сўнг қўли гипсланган ҳолда касалхонадан қайтаётганида учратдим. У мени исроилликлар қишлоқ эркаклари билан отишган жой яқинидаги уйига таклиф қилди.
Халил менга исроилликлар қишлоққа соат 03:30 да кирганида оиласи билан шу ерда бўлганини айтди. Улар хавфсиз жой қидиришган.
"Мен болаларим билан уйимда эдим. Биз бир хонадан иккинчисига ўтдик. Икки қизимга қарата ўқ узишди. Бирининг танасига ўқ тегди, иккинчиси эса дарҳол жон берди. Уни қўлимга олганимда, қўлимга ўқ тегди."
Ҳалок бўлган қиз 17 ёшли Ҳиба Абу Даҳр бўлиб, унинг қорнига ўқ теккан эди. Халилнинг айтишича, улар икки соат давомида Ҳибанинг жасади ёнида яширинган, кейин қутқариб олиниб, касалхонага олиб кетилган.
Мен борганимда Халилнинг тўққиз яшар қизи диванда кўрпача устида ётганди, бўксасидан ўқ олиб ташланганидан сўнг энди ўзига келаётганди.

Қизларнинг онаси Умму Муҳаммад оиладаги аёллар билан ўтирибди, келажакдан қаттиқ хавотирда.
"Биз хотиржамлик истаймиз, – дейди у менга. – Ўз уйимизда яшашни, клиника ва тиббий ходимлар бўлишини хоҳлаймиз, буларнинг бирортаси ҳам бизда йўқ.
Байт Жинда шифокор ҳам, дорихона ҳам йўқ. Шунинг учун бизга шифокор ҳам керак. Хавфсизлик истаймиз."
"Қўрқиб ухлаймиз, қўрқиб уйғонамиз"
Асад ҳукмронлиги тугаганидан бир йил ўтиб, Суриянинг янги ҳукмдорлари муҳим ютуқларга эришди.
Улар ҳали ҳам ҳокимиятда, Дамашқни эгаллаганларида бунга ҳам кафолат йўқ эди. Президент Трамп Шараанинг энг муҳим ҳомийсига айланди. Санкциялар бекор қилинмоқда. Иқтисодиётда жонланиш кузатилмоқда, нефт ва газ иншоотларини модернизация қилиш, Дамашқ ва Ҳалаб аэропортларини хусусийлаштиришга оид битимлар тузилмоқда.
Бироқ, режалаштирилаётган битимлар ҳали кўп сурияликлар ҳаётини ўзгартирганича йўқ. Ҳукуматнинг қайта қуриш фонди йўқ. Реконструкция алоҳида шахсларга боғлиқ. Мазҳабий зиддиятлар ҳал этилмаган ва яна алангаланиши мумкин. Исроил билан АҚШ воситачилигидаги музокаралар тўхтаб қолди.

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images
Бинямин Нетаняҳу эса Дамашқ Сурия жанубидаги катта ҳудудни қуролсизлантиришини истайди ва Исроил мудофаа кучларига чекиниш буйруғини берадиганга ўхшамаяпти. Иккала ҳолат ҳам Сурия суверенитети жиддий бузилишига олиб келади. Байт Жинн босқини Дамашқнинг ён беришини янада қийинлаштиради.
Дамашқдаги ҳукумат ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний ва бир нечта ишончли ҳамкорлари ёрдамида Шараъага қарайди. Ҳукуматнинг ҳисобдор тузилмасини яратишга жиддий уриниш кўринмаяпти.
Асадлар оиласидан қутилган Сурия яхшироқ жой. Аммо Умму Муҳаммад кўплаб сурияликларнинг ҳис-туйғуларини умумлаштириб гапирди.
"Келажак оғир. Бизда ҳеч нарса йўқ, ҳатто мактаблар ҳам. Болаларимиз бу ерда дўзахда яшамоқда. Улар хавфсиз эмас. Қандай яшаймиз?
Биз хавфсизлик истаймиз. Қўрқиб ухлаймиз, қурқиб уйғонамиз."













