Сурияда суннийлар қудратга келаркан, нега кўпчилик қўрқувга тушмоқда?

Сурат манбаси, EPA
- Author, Йогита Лимайе
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Дамашқнинг ғарбий қисмидаги асосан ишчилар яшовчи Меззеҳ 86 маҳалласига кираётганимизда, Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) жангчилари назорат қилаётган постдан ўтказишди.
Бинолар эскирган ва таъмирталаб аҳволда.
Бу ҳудудда Башар ал-Асаднинг алавий мазҳабига мансуб одамлар кўпчиликни ташкил этади. Алавийлар шиаликнинг бир тармоғи бўлиб, Суриядаги энг йирик диний озчиликлар қаторига киради.
Алавийлар Асад оиласи ҳукмронлигининг 50 йили давомида асосан сунний мусулмонлардан иборат мамлакатда ҳокимиятни назорат қилиб, ҳукумат, ҳарбий ва махфий хизматларнинг юқори лавозимларини эгаллаб келишган.
Ҳозирда, ушбу жамоанинг кўпчилиги бир пайтлар Сурияда "Ал-Қоида"га алоқадор бўлган сунний исломий гуруҳ ҲТШ бошчилигидаги исёнчилар Асад режимини ағдарганидан сўнг, ўч олишларидан хавотирда.
Биз телефон орқали боғланган ўнлаб алавийлар биз билан суҳбатлашишдан бош тортишди, кўпчилиги қўрққанини айтди.
Меззеҳ 86 да назорат пунктида ҲТШ жангчилари борлиги ташвишли бўлиб кўринмади.
Кўплаб алавийлар биз билан суҳбатлашгани келишди – улар Асад режимига алоқалари йўқлигини кўрсатишга интилишарди.
"Асад режими даврида алавийлар ҳақидаги нотўғри тасаввур шундай эдики, гўё улар барча иш имкониятларига эга ва бой-бадавлат. Аслида эса алавийларнинг аксарияти камбағал, минг кишидан биргинаси бой бўлиши мумкин эди," дейди 26 ёшли фармацевтика талабаси Муҳаммад Шоҳин.
"ҲТШ қирғоқ яқинидаги алавий қишлоқларига борганида ҳам, барча қишлоқлар камбағал эканини кўрди. Фақатгина Асад оиласи бойлик тўплаган," дея қўшимча қилади у, мамлакат ғарбидаги алавийлар яшайдиган ҳудудга ишора қилиб.

Сурат манбаси, Aamir Peerzada
Дўкондор Ҳасан Довуд суҳбатга қўшилди: "Биз унинг қуллари эдик – ҳайдовчилар, ошпазлар ва фаррошлар."
Бундан ташқари, хиёнат қилинганлик ҳақида ҳис ҳам бор.
"Башар сотқин эди. У қўрқоқларча қочди. Ҳеч бўлмаганда одамларга мурожаат қилиб, нима бўлаётганини тушунтириши керак эди. У бир оғиз сўз айтмай жўнаб қолди, бу эса вазиятни чигаллаштириб юборди," дейди Муҳаммад.
Аммо алавийлар жамоаси, шу жумладан, бу маҳалладан чиққан одамлар ҳам Асаднинг шафқатсиз хавфсизлик кучларида хизмат қилган. Улардан ўч олишларидан қўрқишмаяптими, деб сўрадик.
"Ҳарбий хизматда бўлиб, ёвуз ишлар қилганлар қочиб кетишган. Уларнинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Улар қасосдан қўрқишади," дейди қурилиш ишчиси Тайр Шаҳин.
"Лекин қўли қон бўлмаганлар қўрқишмаяпти, улар шу ерда қолган."
Мамлакатнинг баъзи қисмларида бир нечта қасос қотилликлари ҳақида хабарлар бор, аммо ҳозирча уларни ҲТШ амалга оширганини кўрсатувчи далиллар йўқ.
"Ҳозирча аҳволимиз яхши. Биз Ҳайъат Таҳрир аш-Шом билан мулоқот қиляпмиз, улар ҳурмат билан муносабатда бўлишяпти. Аммо ҲТШдан бўлмасада, ўзини ҲТШ аъзоси деб кўрсатиб, таҳдид қилаётганлар ҳам бор. Улар жамиятимиз барбод бўлишини исташади ва биз улардан қўрқамиз," деди Муҳаммад.
Дамашқни назоратга олганидан сўнг, ҲТШ ва унинг иттифоқчилари ағдарилган режимнинг қийноқлар ва қотилликларда иштирок этган аъзолари жавобгарликка тортилажакларини айтишди, аммо бу адолат қандай шаклда бўлиши ҳали номаълум.
ҲТШ, шунингдек, диний ва этник озчиликлар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини ваъда қилди.
Asad rejimi quladi, bundan juda xursandman. Bu xuddi roʻyobga chiqqan tushga oʻxshaydi. Ammo xavotir ham bor. Men voqelikka toʻgʻri baho berishim kerak.
Гуруҳ ўзининг жиҳодчилик ўтмишидан воз кечган. Бироқ унинг ҳозирги исломий йўналиши бор, кўпчилик бунинг Суриянинг кўп миллатли жамияти учун қандай оқибатларга олиб келишини сўрамоқда.
"Асад режими қулади, бундан жуда хурсандман. Бу худди рўёбга чиққан тушга ўхшайди. Ҳеч ким диктатура шароитида яшашни истамайди. Аммо хавотир ҳам бор. Мен воқеликка тўғри баҳо беришим керак," дейди насроний адвокат Юсуф Сабба.
"ҲТШ ҳозир шу ерда ва улар исломий қуролли гуруҳ. Улар айнан шундай. Мен улар замонавий исломий қуролли гуруҳ бўлишини истайман ва бунинг учун дуо қиламан."
"Мен фақат насроний сифатидагина эмас, балки кўплаб сурияликлар, мусулмонлар ва бошқалар номидан гапиряпман: биз Суриянинг бошқа Афғонистонга айланишини истамаймиз, янги Ливияга айланишни истамаймиз. Биз шундоғам кўп азоб чекканмиз."
Суриядаги насронийлар жамоаси дунёдаги энг қадимгиларидан бири ҳисобланади, мамлакатда баъзи машҳур муқаддас зиёратгоҳлар жойлашган.
2011 йилда Асадга қарши қўзғолон бошланганида, насронийлар дастлаб тараф олишдан ўзларини тийишган, аммо кейинчалик жамоа аъзолари можаронинг ҳар икки томонида ҳам жанг қилишган.
Ўтган ҳафта Хомс архиепископи Жак Мурод Би-би-сига ҲТШ билан аллақачон учта учрашув ўтказилганини ва улар ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда ташвишларини очиқ-ойдин ифода этганларини айтди.
Ҳозирча шу ҳол кўплаб насронийлар учун таскин бермоқда.
Эски Дамашқнинг насроний маҳалласи ва шаҳарнинг бошқа қисмларида спиртли ичимликлар сотувчи барлар ва ресторанлар очиқ. Кўплаб жойларда Исо мавлуди безаклари ҳам ўрнатилган.
Эски шаҳардаги бир ресторанда шиа-мусулмон адвокат Одай ал-Ҳаёт билан суҳбатлашдик.
"Шубҳасиз, кутиш ва хавотир бор. ҲТШ томонидан келаётган сигналлар яхши, аммо кутиб, кузатишимиз керак," дейди у.
"Барча шиаларнинг фикрини билиш имконсиз, лекин Ливия ёки Ироққа ўхшаш вазият юзага келишидан хавотир бор. Бироқ, мен Сурия фарқли деб ўйлайман. Сурия жамияти узоқ вақтдан бери хилма-хил бўлиб келган."
Agar ekstremistik qonunlarga ega ekstremistik rejim paydo boʻlsa, biz bu maydonda qolib, huquqlarimiz va tenglikni talab qilishga tayyormiz.
Биз Дамашқдан 110 километр жануби-шарқда, қора вулқон тепаликлари орқали Суриянинг аксарият друз аҳолиси истиқомат қиладиган Сувайда шаҳрига йўл олдик.
Друзлар эътиқоди шиа исломининг яна бир тармоғи ҳисобланади, аммо ўзига хос хусусиятлар ва эътиқодларга эга.
Кўплаб друзлар Асад режимига содиқ бўлиб, у озчиликни ҳимоя қилишига ишонишган.
Бироқ уруш даврида мухолифат барқарор ўсиб борди ва сўнгги йилларда тез-тез норозилик намойишлари бўлиб турди.
Охиргиси Сувайданинг марказий майдонида 2023 йил августида бошланиб, режим ағдарилгунга қадар давом этди.
Фаол Вожиҳа ал-Ҳажжарнинг фикрича, намойишлар Суриядаги бошқалар каби шафқатсизларча бостирилмаган, чунки Асад дунё ва хорижий иттифоқчиларига озчиликни ҳимоя қилаётганини кўрсатмоқчи бўлган.
"Улар бизнинг норозилигимизни бошқача усулда бостиришга уринишди – қурол ёки ўқ отиш орқали эмас, балки бизни паспортлар, фуқаролик ҳуқуқлари ва расмий ҳужжатлардан маҳрум қилиш орқали. Сувайдани тарк этиш қийинлашди ва қандайдир қамал ўрнатилди," деди у.
Ҳар куни юзлаб одамлар майдонда тўпланади. Ташриф буюрганимизда байрамона кайфият ҳукм сурарди. Карнайлардан қўшиқлар янграр, ёш қиз ва ўғил болалар гимнастика машқлари билан шуғулланар, уларнинг оила аъзолари қарсак чалиб, олқишлашарди.
"Биз режим қулаганини нишонлаяпмиз, лекин бу йиғилиш куч-қудрат намойиши ҳамдир. Агар экстремистик қонунларга эга экстремистик режим пайдо бўлса, биз бу майдонда қолиб, ҳуқуқларимизни ва тенгликни талаб қилишга тайёрмиз," деди Вожиҳа.
Сувайда Асад даврида квази-мустақил мақомга эга эди ва друзлар буни сақлаб қолишни исташади.
Бу Сурия жамиятининг хилма-хиллиги ва мураккаблигининг, шунингдек, мамлакатнинг янги ҳукумати олдида турган муаммоларнинг бир намунасидир.












