Сурия сиёсий келажаги борасида хавотирлар уйғотган байроқ

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Амира Мадҳаби ва Ҳафизуллаҳ Маруф
- Role, BBC Жаҳон Хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Суриянинг янги муваққат бош вазири Муҳаммад ал-Башир 10 декабр куни Дамашқда ўзининг биринчи йиғилишини ўтказди.
Ал-Баширнинг орқасида икки байроқ турибди; марказида учта қизил юлдузи бўлган яшил, оқ ва қора ранглардан иборат Сурия "инқилоб байроғи" ва қора ранг билан шаҳодат калимаси ёзилган оқ байроқ.
Суриянинг айрим ҳудудларини назорат қилувчи исломий гуруҳ Ҳаят Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) томонидан расмий байроқ сифатида фойдаланиладиган иккинчи байроқ, 2021-йилда Афғонистон назоратини қўлга олган Толибон байроғига ўхшайди.
8 декабрда собиқ президент Башар ал-Ассад режими қулаганида, ҲТШ ва бошқа мухолиф қуролли гуруҳлар Сурияни бошқарувини қўлга олган эди. Гуруҳ ноябрь ойи охирида Сурия шимоли-ғарбида жойлашган Идлибдаги қўрғонидан жанубга қараб ҳаракатланган эди.
Ўшандан бери гуруҳ раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний (ҳозирда Аҳмад ал-Шара номи билан танилган) сурияликларни мамлакат озчилик бўлган барча мазҳабларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда ягона давлат тузилишига, ҳеч қандай гуруҳлар таъқибга учрамаслигини ишонтиришга уриниб келмоқда.
У, шунингдек, одамларни исломий бошқарув тизимидан қўрқиш керак эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ, бу оқ байроқнинг пайдо бўлиши сурияликлар орасида мамлакатнинг сиёсий келажаги учун нимани англатиши борасида баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ижтимоий тармоқларда ғазаб ва қўрқув
BBC Араб махсус мухбири Ферас Киланининг хабар беришича, "байроқ" масаласи кўпчиликни ҳайратда қолдирган.
"Бу, янги ҳукумат Толибон моделига эргашиши ва шариат қонунлари асосида бошқариладиган "Исломий давлат" яратиши мумкинлигини кўрсатади", — дейди Килани.
Баъзи одамлар ижтимоий тармоқларда бу ҳаракатдан ҳафсаласи пир бўлганлигини билдиришди.
Суриялик сиёсий фаол ва журналист Рами Жарраҳнинг гапига кўра, Ал-Башир сурияликларга мурожаат қилганида унинг орқасида исломий байроқ кўрсатилиши "ҳақорат"дир.
"Бу одам барча динларга мансуб сурияликларнинг вакили бўлиши керак, унинг бу ҳаракати барчамиз учун катта ҳақорат", деб ёзади у Х ижтимоий тармоғида.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 1
Бошқалар эса, ҳукумат муассасаларида инқилоб байроғидан бошқа ҳар қандай байроқ кўтарилишига қарши эканини билдирган.
"Биз Баас партиясидан безиб кеттик ва янги тартибсизликлар бошланишини истамаймиз", дейди журналист Недал Ал-Амари Х тармоғида.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 2
Аммо бошқа сурияликлар оқ байроқнинг кўтарилишининг ҳеч бир зарари йўқлигини, Толибон ҳукумати Сурияга намуна бўла олмаслигини айтишади. Айримлар эса, Сурияда бошқа сиёсий партияларга ҳам ўрин берилган ҳолда, оқ байроқни ўз партияларининг байроғи сифатида қўллашлари мумкин деб фикр билдиришади.
"Толибон байроғи" саволлар туғдиради

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистондаги Толибон экстримистик суннийлик ва жиҳодчи мафкурага амал қилади. Гуруҳ 1996-йилда Афғонистонда биринчи марта ҳокимият тепасига келганидан бери қора рангда исломий шаҳодат ёзилган оқ байроқдан фойдаланиб келади.
ҲТШ ҳам бир мунча вақтдан бери худди шу байроқдан фойдаланмоқда ва бу байроқ Идлибдаги маъмурий идоралардан ҳам жой олган.
ҲТШ ва Толибон байроғи бир-бирига ўхшаш бўлса-да, Толибон ҳукуматининг юқори мартабали расмийси Би-би-сига, бу икки гуруҳ бир-биридан кўчирмаганлигини айтади.
Афғонистондаги Толибон ҳукумати ҲТШнинг Суриядаги сиёсий ва ҳарбий ютуқларини қутлаб, "Исломий давлат" ўрнатилишига умид билдирди.
Толибон тарафдорлари ва уларнинг баъзи иттифоқчилари Асад ҳокимиятдан четлатилганини нишонлаб,кўп жойлардаги йиғилишларда ширинликлар тарқатган.

Сурат манбаси, AFP
Толибон ва ҲТШ ўртасидаги "мафкуравий ўхшашлик сабаблардан бири сифатида Суриядаги воқеаларни Афғонистондаги ҳукумат алмашинувига қиёслаш келтирилмоқда.
Президент девонида ишлайдиган юқори мартабали Толибон амалдори ўзининг Х ҳисобига "Кобул ва Дамашқ воқеаси бир хил, иккаласи ҳам якшанба куни таслим бўлди, иккаласи ҳам 11 кун ичида қўлга олинди ва икки давлат раҳбари ҳам қочиб кетди" деб ёзди.
Худди шу байроқ ўтган ҳафта CNN телеканалига берган интервюсида Ал-Жўлонининг орқасида "инқилоб байроғи" билан бирга кўриниб турган. Суҳбат чоғида у одамлар исломий бошқарув тизимидан қўрқмасликлари кераклигини айтиб, Сурия жамиятидаги барча мазҳаб вакиллари ҳукуматда тамсил этилишини таъминлашини айтди.
Kobul va Damashq voqeasi bir xil; ikkisi ham yakshanba kuni taslim bo‘ldi, 11 kun ichida qo‘lga olindi va ikki davlat rahbari ham qochib ketdi
Суриядаги исломий гуруҳлар, жумладан, "Исломий давлат" (ИД) деб аталувчи ташкилот бўйича эксперт Аймен ат-Тамимийнинг Би- би- сига айтишича, байроқдан фойдаланиш ҲТШ Сурияда "исломий бошқарув лойиҳаси"ни намойиш қилмоқчи эканлигини кўрсатади.
"Ушбу байроқ ҲТШнинг узоқ йиллик позициясига мос келади ва ўзини Сурия суннийларининг вакили сифатида кўрсатади", дея қўшимча қилади у.
Бироқ, ат-Тамимийнинг тушунтиришича, ҲТШ учун Толибон каби бошқарув моделини жорий этиш жуда қийин, чунки Сурия жамияти умуман қизларни олий маълумотдан маҳрум қилиш ёки сайловларни чекловчи авторитар ҳукумат ўрнатиш каби таъқиқларни қабул қилмайди.












