Суриядан қайтганларга кўмак кенгаши - Президент Мирзиёев ташаббуси

Боласини кўтариб турган жиҳодчи аёли

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон қуролли можаролар ҳудудидан 530 дан ортиқ бола ва аёлни ватанига қайтарган
Ўқилиш вақти: 2 дақ

БМТнинг қуролли можаролар маконларидан қайтган инсонларга ёрдам кенгаши муҳокамасида АҚШ ҳукумати бу борада Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам беришга тайёрлиги айтилди.

БМТ идорасида қуролли можаролар зоналаридан қайтган инсонларни реабилитация ва репатриация қилиш минтақавий экспертлар кенгаши фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Минтақавий экспертлар кенгаши шу йил БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси шафеълигида тузилди.

Бундай кенгашни ташкил этиш ғоясини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган.

"Бу бежиз эмас, чунки мамлакатимиз биринчилардан бўлиб жанглар бораётган ҳудудлардан ўз фуқароларини чиқариб олиб келган дастлабки мамлакатлардан бўлганди", деб ёзди Ўзбекистондаги podrobno.uz веб нашри.

"2019 йилдан буён Ўзбекистон ватанга 530 ортиқ фуқарони, асосан аёллар ва болаларни қайтарди. Уларга тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Профессионал тайёрлаш, ишга жойлаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилган", деб ёзади Подробно. уз.

"Мен БМТда ушбу мураккаб масалага эътиборни қаратиш борасида Ўзбекистон ўзига етакчилик ролини олганидан жуда хурсандман. Мамлакатда ушбу муаммони ҳал этиш бўйича катта тажриба тўпланган, маҳаллий ҳокимият органларининг иши жуда яхши йўлга қўйилган, инсонларни нормал ҳаётга қайтишда психологик шикастларни енгиб ўтишда оила имкониятларини ишга солиш тажрибаси яхши йўлга қўйилган", деди БМТ Бош котибининг Терроризмга қарши кураш бўйича ўринбосари Владимир Воронков.

Суриядаги бугунги Ўзбеклар масаласи

2014 йил ўзини Исломий Давлат деб атаган жиҳодчи гуруҳ пайдо бўлгани ортидан кўплаб ўзбекистонликлар ҳам бу гуруҳга бориб қўшилдилар, буни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлатнинг йўл қўйган хатоси деб тан олган.

Аммо шу кунларда ҳам Ўзбекистонда хориждаги жиҳодчи гуруҳга қўшилмоқчи бўлган шахслар қўлга олингани хабарлари тарқаб турипти.

Ироқ ва Сурия ҳудудида кечган ИШИД ҳаракатини йўқ қилиш мақсадидаги халқаро коалиция ҳужумларида кўп сондаги ўзбекистонлик эркаклар ҳалок бўлди, уларнинг оила аъзолари жамлоқларда сақланди.

Сўнгги йилларда Сурия шимолида назоратни қўлида ушлаб келган "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳининг қуролли иттифоқчилари сафида Ўзбеклар ҳам бор деб кўрилади.

Аммо Би-би-сининг Жиҳодий медиани кузатиш бўйича таҳлилчиси Мина ал-Ламий айтишича, Ўзбек жангариларининг аниқ сони айтилмайди, боиси улар ўзларининг ахборот тарқатиш фаоллигини кескин қисқартирганлар.

Айни пайтда ўзини Аҳмад аш-Шараа деб танишларини истаётган "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний ўзининг гуруҳини дунёда исломий жиҳодчи гуруҳ эмас, миллатчи, мўътадил сиёсатчи сифатида кўришларини истаяпти.

Шунинг учун ҳам бугун асосий хабарларда "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" ва иттифоқчилари дейилади, аммо бу иттифоқчилар қандай гуруҳлар, бу гуруҳ таркибида кимлар борлигига кўп ҳам эътибор қаратмаслик афзал кўрилаяпти.

Чунки шундоқ ҳам ҲТШ бунгача ўзининг шафқатсизлиги, мутаассиб ғояларга эътиқод қилиши билан танилган исломий гуруҳлардан узоқлашган, улар билан жанг қилган ёки ўзининг иродаси остида қолишга кўндирган.

Шу сабабдан аксар кузатувчилар ўзини жиҳодга бағишлаган қуролли шахслар ҲТШ қўли остидаги Сурияда ўзларини кўп ҳам эркин ҳис қилмасликлари мумкинлигини айтишади.