Суриялик мужоҳиддан исёнчи сиёсатчига қадар: Жўлоний ким?(Видео)

Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Башар ал-Асад ағдарилганидан кейин пойтахт Дамашқдаги Уммавийлар масжидида дастакловчилари қаршисида чиқиш қилди (8 December 2024)

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Башар ал-Асад ағдарилганидан кейин пойтахт Дамашқдаги Уммавийлар масжидида дастакловчилари қаршисида чиқиш қилди
    • Author, Мина ал-Ламий
    • Role, BBC Monitoring нинг жиҳодий медиа таҳлилчиси
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Сурия исёнчилари етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўлоний ўзининг жиҳодчилик ўтмиши билан боғлиқ тахаллусидан кечиб, президент Башар ал-Асад ҳукуматининг қулашидан олдин 5 декабр кунидан бошлаб расмий хабарномаларида ўз исмини Аҳмад аш-Шараа деб кўрсатмоқда.

Бу қадам Жўлонийнинг янги вазиятда ўз мавқеини мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Унинг Исломчи жангари гуруҳи "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) бошқа исёнчи гуруҳлар билан биргаликда Сурия пойтахти Дамашқни қўлга киритганини эълон қилиб, мамлакатнинг катта қисми устидан назорат ўрнатганини маълум қилмоқда.

Жўлонийнинг ўзгариши бирдан содир бўлгани йўқ, балки йиллар давомида эҳтиёткорлик билан шакллантирилди. Бу нафақат унинг оммавий баёнотлари ва халқаро оммавий ахборот воситаларига берган интервюларида, балки унинг ташқи кўринишининг ўзгаришида ҳам намоён бўлмоқда.

Бир пайтлар анъанавий жиҳодчи жангари қиёфасида юрган Жўлоний сўнгги йилларда кўпроқ ғарбча кийинишни афзал кўраяпти. Ҳозир у ҳужумга бошчилик қилар экан, ҳарбийча кийинган, бу эса унинг операциялар марказининг қўмондони сифатидаги ролини ифодалайди.

Аммо Жўлоний ёки Аҳмад аш-Шараа ким, у нима учун ва қандай ўзгарди?

ИШИД-Ироқ билан боғлиқлик

2021 йилда PBS телеканалида Жўлоний билан ўтказилган суҳбатда унинг 1982 йилда Саудия Арабистонида туғилганлиги, отаси 1989 йилгача у ерда нефть муҳандиси бўлиб ишлагани маълум бўлди.

Ўша йили Жўлоний оиласи Сурияга қайтиб келган ва Дамашқнинг Меззеҳ мавзесида ўсиб-улғайган.

Жўлонийнинг жиҳодчи сифатидаги йўли Ироқда, "Исломий давлат" (ИД) гуруҳининг ўтмишдоши – "Ал-Қоида"нинг Ироқдаги шўъбаси ва кейинчалик Ироқ Ислом Давлати (ИИД) орқали "Ал-Қоида" билан боғлиқ ҳолда бошланган.

2003 йилдаги АҚШ бошчилигидаги босқиндан сўнг у Ироқдаги бошқа чет эллик жангарилар сафига қўшилди ва 2005 йилда Камп Букка қамоқхонасига қамалган. У ерда жиҳодчилик алоқаларини кенгайтирди ва кейинчалик ИДга еткчилик қилган Абу Бакр ал-Бағдодий билан таништирилди.

2011 йилда Бағдодий Жўлонийни Ан-Нусра фронтини ташкил этиш учун маблағ билан Сурияга юборди. 2012 йилга келиб, Нусра ИД ва "Ал-Қоида" билан алоқаларини яширган ҳолда Суриянинг нуфузли жанговар кучига айланди.

Нусра жабҳаси жангарилари Суриянинг Идлиб вилоятида. 2014 йил 2 декабри

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Абу Бакр ал-Бағдодий Жўлонийни Сурияга "Нусра жабҳаси"ни тузиш учун юборган

2013 йилда Бағдодийнинг Ироқдаги гуруҳи бир томонлама икки гуруҳ (ИИД ва Нусра)нинг бирлашганини эълон қилиб, Ироқ ва Шом Ислом Давлати (ИШИД) тузилганини маълум қилди ва улар ўртасидаги алоқаларни биринчи марта ошкора эътироф этди. Шунда кескинлик юзага келди.

Жўлоний бунга қаршилик кўрсатди, чунки у ўз гуруҳини ИИДнинг шафқатсиз услубларидан узоқлаштирмоқчи эди. Ана шу бўлинишга олиб келди.

Бу мураккаб вазиятдан чиқиш учун Жўлоний "Ал-Қоида"га содиқлик ваъдасини берди ва "Нусра жабҳаси"ни "Ал-Қоида"нинг Суриядаги шўъбасига айлантирди.

Бошиданоқ у сурияликларнинг қўллаб-қувватлашини қозонишга, ИШИДнинг ваҳшийликларидан узоқлашишга ва жиҳодга нисбатан амалий ёндашувга урғу берди.

"Ал-Қоида"га қўшилиш

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

2013 йил апрель ойида "Ан-Нусра фронти" "Ал-Қоида"нинг Суриядаги тармоғига айланди ва бу уни ИШИД билан қарама-қарши қилиб қўйди.

Жўлонийнинг бу ҳаракати қисман маҳаллий қўллаб-қувватлашни сақлаб қолиш ва сурияликлар ҳамда исёнчи гуруҳларни бегоналаштирмаслик учун қилинган бўлса-да, "Ал-Қоида"га алоқадорлик охир-оқибат бу интилишларга ҳеч қандай фойда келтирмади.

Бу ҳолат 2015 йили "Нусра" ва бошқа гуруҳлар Идлиб вилоятини эгаллаб олгач, уларни унинг бошқарувида ҳамкорлик қилишга мажбур қилганда ўткир муаммога айланди.

2016 йили Жўлоний "Жабҳат Фатаҳ аш-Шом" рамзи остида баёнот эълон қилган видеодан скриншот

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жўлоний "Ан-Нусра жабҳаси"ни 2016 йили "Жабҳат Фатаҳ аш-Шом"га ўзгартирди. Кейинги йил гуруҳ "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом"га айланди

2016 йилда Жўлоний "Ал-Қоида" билан алоқаларини узди ва гуруҳни аввал Жабҳат Фатаҳ аш-Шом, кейинроқ 2017 йилда Ҳайъат Таҳрир ал-Шом (ҲТШ) деб қайта номлади.

Дастлаб юзаки кўринган бўлса-да, бу ажралиш чуқур келишмовчиликларни юзага чиқарди. "Ал-Қоида" Жўлонийни хоинликда айблади, бу эса сафдан чиқишларга ва Сурияда "Ал-Қоида"нинг янги тармоғи Ҳуррас ад-Диннинг шаклланишига олиб келди. ҲТШ 2020 йилда уни тор-мор қилишига қарамай, Ҳуррас ад-Дин аъзолари минтақада эҳтиёткорлик билан ҳаракатни давом эттирмоқда.

ҲТШ, шунингдек, Идлибдаги ИШИД аъзолари ва чет эллик жангариларни нишонга олди, уларнинг тармоқларини бузиб ташлади ва баъзиларини "дерадикализация" дастурларидан ўтишга мажбур қилди.

Жангари кучларни бирлаштириш ва ички тўқнашувларни камайтириш ҳаракатлари сифатида изоҳланаётган бу қадамлар Жўлонийнинг ҲТШни Сурияда ҳукмрон ва сиёсий жиҳатдан ҳаётий кучга айлантириш стратегиясидан далолат беради.

Жамоатчилик олдида "Ал-Қоида"дан ажралиб чиқиши ва ном ўзгаришларига қарамай, БМТ, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар ҲТШга террорчи ташкилот сифатида қарашда давом этди. АҚШ Жўлонийнинг қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар миқдоридаги мукофотни сақлаб қолди. Ғарб давлатлари бу ажралишни сохта деб ҳисоблади.

Идлибда "ҳукумат" тузиш

Жўлоний 2023 йил февралидаги вайронакор зилзиладан кейин матбуот анжумани ўтказди

Сурат манбаси, Сурия қутқариш ҳукумати

Сурат тагсўзи, Жўлоний 2023 йил февралидаги вайронакор зилзиладан кейин матбуот анжумани ўтказди

Жўлоний раҳбарлигида ҲТШ Суриянинг шимоли-ғарбидаги исёнчиларнинг энг йирик қалъаси ва тўрт миллионга яқин аҳоли, жумладан, Суриянинг бошқа ҳудудларидан кўчиб келганлар яшайдиган Идлибда ҳукмрон кучга айланди.

Ҳудудни жангари гуруҳ бошқараётгани ҳақидаги хавотирларни бартараф этиш мақсадида ҲТШ 2017 йилда ўзининг сиёсий ва маъмурий қаноти сифатида "Сурия қутқариш ҳукумати" (СҚ) деб номланган фуқаролик тузилмасини ташкил этди.

СҚ давлат каби фаолият юритиб, бош вазир, вазирликлар ва маҳаллий идоралар таълим, соғлиқни сақлаш ва қайта қуриш каби соҳаларни назорат қилган, шу билан бирга шариат ёки ислом ҳуқуқига асосланган диний кенгашни ҳам бошқарган.

2022 йили Идлибда ташкил қилинган китоб, санъат ва маданият кўргазмасида Жўлоний Дамашқдаги Уммавийлар масжиди расмини томоша қилаяпти

Сурат манбаси, Сурия қутқариш ҳукумати

Сурат тагсўзи, 2022 йили Идлибда ташкил қилинган китоб, санъат ва маданият кўргазмасида Жўлоний Дамашқдаги Уммавийлар масжиди расмини томоша қилаяпти

Ўз қиёфасини ўзгартириш учун Жўлоний аҳоли билан фаол мулоқот олиб борди, кўчирилганлар лагерларига борди, тадбирларда қатнашди ва ёрдам ҳаракатларини назорат қилди, айниқса, 2023-йилги зилзилалар каби инқирозлар пайтида.

ҲТШ ўз бошқарувини қонунийлаштириш ва барқарорлик ҳамда хизматларни таъминлаш қобилиятини намойиш этиш учун бошқарув ва инфратузилма соҳасидаги ютуқларни алоҳида таъкидлади.

У аввалроқ 2021 йилда ҳокимиятга қайтган Толибонни мақтаган, уларни жиҳодий саъй-ҳаракатларни сиёсий интилишлар билан самарали мувозанатлаштириш, шу жумладан, ўз мақсадларига эришиш учун тактик келишувлар қилишда илҳом манбаи ва намуна сифатида эътироф этган эди.

Жўлонийнинг Идлибдаги ҳаракатлари унинг ҲТШнинг нафақат жиҳод қилиш, балки самарали бошқариш қобилиятини намойиш этиш бўйича кенгроқ стратегиясини акс эттирарди.

Барқарорлик, давлат хизматлари ва қайта қуришга устуворлик бериш орқали у Идлибни ҲТШ бошқаруви остидаги муваффақият намунаси сифатида кўрсатишни, шу билан ўз гуруҳининг қонунийлигини ва ўзининг сиёсий интилишларини қувватлашни кўзлаган эди.

Аммо унинг раҳбарлиги остида ҲТШ ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва саҳнада ҳукмронлик қилиш учун бошқа жангари гуруҳларни, ҳам жиҳодчиларни, ҳам исёнчиларни мағлуб этди ва четлатди.

ҲТШга қарши норозилик намойишлари

27 ноябрдаги ҲТШ бошчилигидаги исёнчилар ҳужумига қадар бир йилдан ортиқ вақт давомида Жўлоний Идлибда муросасиз исломчилар ва суриялик фаолларнинг норозилик намойишларига дуч келди.

Танқидчилар унинг бошқарувини Асадники билан таққослаб, ҲТШни авторитаризмда, норозиликни бостиришда ва мухолифлар овозини ўчиришда айбладилар. Намойишчилар ҲТШ хавфсизлик кучларини "Шаббиҳа" деб аташди, бу атама Асаднинг содиқ мухлисларини тасвирлаш учун ишлатилади.

Улар, шунингдек, ҲТШни халқаро кучларни тинчлантириш учун ҳукумат кучларига қарши жиддий жангларга киришмасликда ва Идлибдаги жиҳодчилар ҳамда хорижий жангариларни четлаштиришда айбладилар.

Ҳатто сўнгги ҳужум пайтида ҳам фаоллар ҲТШдан Идлибда норозилик билдирган деб қамоққа олинган шахсларни озод қилишни қатъий талаб қилишди.

Бу танқидларга жавобан, ҲТШ ўтган йил давомида бир қатор ислоҳотларни бошлади. У инсон ҳуқуқларини бузганликда айбланган хавфсизлик кучларини тарқатиб юборди ёки қайта номлади ва фуқароларга гуруҳга қарши шикоят қилиш имконини бериш учун "Шикоятлар бўлими"ни ташкил этди. Унинг танқидчилари бу чоралар фақат норозиликни жиловлаш мақсадидаги кўзбўямачилик деб айтишди.

2024 йил 8 мартида Идлиб вилоятидаги Бинниш шаҳрида бўлиб ўтган протест

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Шу йил бошида Идлибда ташкил қилинган норозилик намойиши қатнашчилари маҳбусларни қамоқхоналардан озод қилиш ва ҲТШ бошқарувини тугатиш талабларини илгари сурдилар

ҲТШ Идлибда ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва жангари гуруҳлар ўртасидаги хилма-хилликни йўқотишни оқлаш учун тараққиёт ва охир-оқибат Сурия ҳукуматини ағдариш учун ягона раҳбарлик остида бирлашиш зарурлигини таъкидлади.

ҲТШ ва унинг фуқаролик қаноти СҚ маҳаллий аҳоли ва халқаро ҳамжамиятни ўзига жалб қилиш учун замонавий, мўътадил қиёфа яратишга интилиб, исёнчилар назорати остидаги ҳудудлардаги ва ҲТШнинг ўз сафларидаги муросасизроқларни қониқтириш учун бир вақтнинг ўзида ўзларининг исломий ўзига хослигини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар.

Масалан, 2023 йил декабр ойида ҲТШ ва СҚ замонавий янги савдо марказида ўтказилган "фестивал"ни муросасиз тарафдорлар "ахлоқсиз" деб танқид қилганидан сўнг норозиликка дуч келди.

Бу йил август ойида Паралимпия ўйинларидан илҳомланган маросим муросасиз тарафдорлар томонидан кескин танқидга учради ва СҚни бундай тадбирларни ташкил этишни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Бу воқеалар ҲТШ ўз исломий тарафдорларининг кутилмаларини Асад даврида кўп йиллик авторитар бошқарувдан сўнг озодликни ва аҳил яшашни истаётган Сурия аҳолисининг кенгроқ талаблари билан мувофиқлаштиришда қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатади.

Янги йўл бошида?

Сўнгги ҳужум давом этар экан, жаҳон оммавий ахборот воситалари Жўлонийнинг жиҳодчи ўтмишига эътибор қаратдилар.

Гарчи у аввалроқ ўз гуруҳини тарқатиб юбориб, ўзи четга чиқишга тайёрлигини билдирган бўлса-да, унинг сўнгги ҳаракатлари ва оммавий чиқишлари бошқача манзарани кўрсатмоқда.

ҲТШнинг исёнчиларни бирлаштириш ва икки ҳафтадан камроқ вақт ичида деярли бутун мамлакатни эгаллашдаги муваффақияти муросасизлик ва оппортунизм айбловларини тинчлантирди ва Жўлонийнинг мавқеини мустаҳкамлади.

Исёнчи жангарилар 2024 йил 30 ноябр куни Идлиб вилоятидаги Маарет ал-Нўъмонни қўлга киритганини нишонламоқдалар

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, ҲТШ гуруҳи ва иттифоқчилари ноябр ойида Асад режимини ағдариш мақсадидаги жангларини бошладилар

Шундан сўнг Жўлоний ва СҚ маҳаллий ва халқаро жамоатчиликни ишонтиришга ҳаракат қилди.

Улар сурияликларга, жумладан, озчиликларга хавфсизликни ваъда қилишди; қўшни давлатлар ва Россия каби қудратли давлатларга эса тинч муносабатларни ваъда қилишди. Жўлоний ҳатто агар ҳужумлар тўхтатилса, Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаларига зарар етказилмаслигига кафолат берди.

Бу ўзгариш ҲТШнинг 2017 йилдан бери қўллаётган "мўътадил жиҳод" стратегиясини акс эттиради, бунда қаттиқ мафкурадан кўра амалиётга кўпроқ эътибор қаратилади.

Жўлонийнинг ёндашуви ИШИД ва "Ал-Қоида" каби глобал жиҳод ҳаракатлари инқирозини кўрсатиши мумкин, чунки уларнинг муросасизлиги тобора самарасиз бўлиб кўринмоқда.

Унинг ҳаракатлари бошқа гуруҳларни ҳам ўзгаришга илҳомлантириши мумкин, бу эса маҳаллий, сиёсий мослашувчан "жиҳодчилик"нинг янги даврини ёки сиёсий ва ҳудудий ютуқлар учун анъанавий йўлдан вақтинчалик четга чиқишни англатиши мумкин.